09.01.2018

СИЁСИЙ ПАРТИЯНИНГ КУЧИ

бошланғич ташкилотлар фаолиятига боғлиқ

Сиёсий партия жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, нуфузи мустаҳкамланиши кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотларга боғлиқ. Қуйи ташкилотлар иши тўғри йўлга қўйилса, партия сиёсий куч сифатида ўзини тўлиқ намоён эта олади. Шунинг учун уларнинг ишини доимий равишда такомиллаштириб бориш талаб этилади.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Олимжон Зарипов билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланди.

— Қайси партиянинг қуйи бўғини фаол бўлса, унинг обрўси ошади, тарафдорлари кўпаяди, — дейди у. — 450 минг нафардан ортиқ партиямиз аъзолари 9900 дан зиёд бошланғич ташкилотга бирлашган. Уларнинг сиё­сий салоҳиятини янада ошириш мақсадида тизимли равишда семинар-тренинг ва давра суҳбатлари ўтказиб боришни йўлга қўйганмиз. Натижада қуйи бўғинларда жонланиш сезилмоқда.

Айтиш мумкинки, бошланғич ташкилотлар партия ва электоратни бирлаштириб турувчи кўприк вазифасини ўтайди. Шунинг учун бошланғич ташкилотлар электорат вакилларини қандай масалалар ўйлантираётганидан яхши хабардор бўлиши талаб этилади. Сиёсий партияга аъзо бўлган шахс, аввало, бошланғич ташкилот фаолиятида иштирок этади. Унинг партия ҳа­қидаги илк тасаввури, қарашлари айнан шу ерда шаклланади. Аъзоларнинг фаоллиги, пар­тия ғояларини яхши англаши ҳам мазкур бўғинга боғлиқ.

Айни пайтда кўпчиликка намуна кўрсатиб ишлаётган бошланғич ташкилотларимиз оз эмас. Мисол учун, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази, Тошкент вилоя­ти «Олмалиқшаҳаргаз» филиали, Қашқадарё вилоя­тидаги «Шўртаннефтгаз» МЧЖ, «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» МЧЖ қошидаги бошлан­ғич ташкилотлар ва уларнинг аъзоларини намуна қилиб кўрсатишимиз мумкин. Аммо афсуски, зиммасидаги масъулият, билдирилган ишончни яхши ҳис қилмайдиган, электорат ҳаёти, уларни ўйлантираётган масалалардан йироқ ташкилотларимиз ҳам йўқ эмас. Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, 100 дан ортиқ бошланғич ташкилот фао­лиятини қониқарли, деб бўлмайди. Улар партия ташкилотлари билан мус­таҳкам алоқа ўрнатмаган. Бунга асосий сабаб етакчининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашгани, деб ўйлайман. Иккинчидан, тегишли туман (шаҳар) кенгашлари раислари томонидан ҳам қуйи бўғин фаолияти мунтазам таҳлил қилиниб, зарур ёрдам берилмаган.

Шундан келиб чиқиб, БПТларга муносиб номзодларни танлаб, қуйи бўғиннинг мавқеини тиклаш, партия дастурий мақсадларини амалга оширишдаги иштирокини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Намунали бошланғич ташкилотлар иш тажрибасини оммалаштириш учун туман, шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари, етакчиларнинг амалий семинарлари йўлга қўйилди. Тажриба алмашиш жараёни вилоятлар ўртасида ҳам жорий этилгани ўзгариш­ларга асос бўлмоқда.

Масалан, бу борада Андижон вилоят кенгаши раиси Қашқадарё вилоятида бўлди. Сафар давомида ташкилотлар фаолияти, етакчиларнинг иши, ҳужжатлар юритилиши билан яқиндан танишилди. Бундай ташаббуслар кўпайса, бошланғич ташкилотлар масъулиятини ошириш бўйича мунтазам иш олиб борилса, камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилади.

Туман ёки шаҳар кенгашларининг долзарб мавзуларга бағишланган тадбирларини кўпроқ бошланғич ташкилотларда уюштириш яхши самара беради, деб ўйлайман. Уларнинг савиясини ошириш масаласи ҳам устувор аҳамиятга эга. Одатий йиғилишлар, зерикарли, узундан-узоқ маърузалар билан тадбир ўтказишга барҳам бериш лозим. Тадбирга келган одам ўзини қизиқтирган саволга жавоб топса, дардини тинг­лайдиган одам билан учрашса, сарфланган вақтига ачинмайди.

— Демак, бошланғич ташкилот фаолияти самарадорлиги, аъзоларнинг партия ғоя ва мақсадларини қай даражада тарғиб қилиши етакчилар салоҳиятига боғлиқ. Фаол, ташаббускор етакчилар сафини кенгайтириш учун нималарга аҳамият бериляпти?

— Ҳақиқатан ҳам, етакчиси ташаббускор бошланғич ташкилотнинг аъзолари ҳам интилувчан, фаол бўлади. Бундай аъзолари бор партия жамиятда муносиб ўрин эгаллайди.

 Партиямиз ғояларини аҳоли орасида тарғиб қилиш учун, аввало, етакчининг ўзида бу ҳақда етарли билим ва тушунча бўлиши зарур. Партияга янги аъзоларни қабул қилиш жараёнида уларнинг ичида шу соҳага қизиққан, интилиши юқори бўлган юртдошларимиз, хусусан, ёшлар кўпайиб бораётганини кўришимиз мумкин. Агар партия етакчиси жамиятдаги ўзгаришлар, ривожланишлар ҳақида чуқур билимга эга, мулоқотда моҳир, адолат тамойилларига суянадиган, халқ манфаатини ўйлайдиган бўлса, унинг атрофида кўплаб хайрихоҳлар жамланади.

Очиғини айтиш керак, айрим БПТ етакчиларида бундай хислатлар етишмайди. Йил давомида бирор марта аниқ ташаббус ёки таклиф билан чиқмаган қуйи бўғинларимиз ҳам бор. Партиямиз нуфузига путур етказмаслик учун мазкур масалага қарши курашиш, зарур чоралар қўллаш талаб этилади. Бошланғич ташкилотларнинг туман ва шаҳар партия кенгашлари билан доимий алоқасини таъминласак, улар фаолиятини мунтазам таҳлил қилиб, ёрдам бериб борсак, бундан партия ҳам, электорат ҳам манфаатдор бўлади.

—      2017 йилги фаолиятингиздаги ўзгаришлар ҳамда 2018 йил учун кўзда тутилаётган режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

—      Ётган йили партия тизимида «ЎзХДПнинг энг намунали бош­ланғич ташкилоти» кўрик-танлови жорий қилинди. У илк марта эксперимент тариқасида Андижон вилоятида бошланди. Танлов низомига кўра, иштирокчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими билан бирга, нотиқлик санъати, одамлар орасида ўзини тута билиши синовдан ўтказилади. Шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳаёт, ислоҳотлар ҳақидаги тасаввури, хабардорлиги ҳам инобатга олинади. Бу танлов қуйи бўғин фаолиятини кучайтиришда яхши самара беришига ишонаман. Зеро, танловга тайёргарлик мобайнида улар изланишади, аҳоли орасига чуқурроқ кириб боришади, натижада фаолиятида ижобий ўзгариш юз беради.

Бу йил мазкур тажрибани оммалаштириб, танловни республика миқёсида ўтказишни режалаштиряпмиз. Агар лойиҳа кутилган натижани берса, бошланғич ташкилотлар минтақалар­аро ҳам беллашади. Кўзланган мақсад БТПлар ўртасида ўзаро таж­риба алмашишни йўлга қўйиш, ишни жонлантириш бўйича янги таклифларни шакллантириш ҳамда етакчилар салоҳиятини оширишдан иборат.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.