13.01.2021

ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ ВА ВАТАН ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДАГИ УЛУҒ МАҚСАДЛАР

Гавҳар АЛИМОВА, Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор:

— Гавҳар Зокировна, Сиз Президентимиз Мурожаатномаси қабул қилинган тантанали маросимда бевосита иштирок этдингиз. Аввало, Мурожаатномани тинглаётиб, хаёлингиздан нималар ўтгани, бугун қандай хулосаларга келаётганингиз ҳақида тўхталсангиз?

— Бу Мурожаатномани ҳаммамиз ҳаёжон билан кутган эдик. Бутун дунё учун, жумладан мамлакатимиз учун оғир келган 2020 йил якуни чуқур таҳлил этилиб, навбатдаги устувор вазифалар белгилаб берилишини билдирди. Аммо тўғриси, таҳлил бу қадар чуқур ва аниқ-равшан бўлишини кутмаган эдик. 2021 йилга қандай ном берилишини ҳам билмасдик ва бу масала ҳаммани қизиқтиргани табиий.

Мурожаатномадаги ҳар бир масалани диққат ва ҳаяжон билан тингладик. Тўғриси, вақт қандай ўтганини сезмай ҳам қолдик. Чунки, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз ҳаёт даражасини янги босқичга олиб чиқадиган асосий вазифалар белгилаб берилди. Шу билан биргаликда бу вазифалар ижросини таъминлаш механизмлари, сарфланадиган маблағларгача очиқ айтилди.

Тўғриси, Мурожаатномани эшитиб, 2021 йилда заммамизда турган вазифалар кўлами қанчалик кенгайгани ҳис этдик. Президентимиз халқимиз ҳаётини фаровон қилиш учун қайғуриб айтаётган гаплар юрак-юрагимиздан ўтди. Юртимиз янада обод бўлиши, халқимиз фаровон яшашини ўйлаб, улкан вазифалар белгиланаётганидан, бу тарихий ўзгаришлар иштирокчиси бўлаётганимиздан ғурурландик.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, қизлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим ва мактаб муаммолари, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби бири-биридан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Биз сенаторлар, депутатлар, ҳокимлар аввало, бу вазифалардан кўзланган мақсадни халқимиз ўртасида тарғиб қилишимиз керак.

Иккинчидан, улар ижроси таъминланишида фаол иштирок этишимиз талаб этилади.

— Сиз республикамиздаги олти нафар аёл ҳокимдан бирисиз. Бу бир томондан катта шараф, иккинчи томондан катта масъулият албатта. Бунинг устига Каттақўрғон шаҳри аҳолиси сони, салоҳияти, имкониятлари жиҳатидан вилоятда Самарқанд шаҳридан кейинги ўринда туради. Сизни ҳокимликка тавсия этишганда кўнглингиздан нималар ўтган эди?

— Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш масаласига тўхталиб, «Ижро органларида, вазирлик ва идораларда гендер тенгликни таъминлаш, муҳтарама опа-сингилларимизга масъул лавозимларни ишониб топшириш бўйича кўп иш қилишимиз керак», деган эдилар.

Мен ишга тайинланганимда уларнинг аёлларга имконият бериш керак, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи ва ролини кучайтиришимиз лозим деганлари жуда катта далда бўлган.

Буни менга нисбатан билдирилган катта ишонч, катта масъулият, ҳатто чақириқ, дейиш мумкин. Охирги йилларда мамлакатимизда ҳар бир соҳада жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу ислоҳотларни аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Президентимиз томонидан аёлларга кўрсатилаётган эътибор – уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини фаоллаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар мамлакатимизда, биз, аёлларга бўлган ишончнинг янада ортиб бораётганини кўрсатади.

Глобаллашув жараёнлари бутун дунёда қийин муаммоларни келтириб чиқараётган, айниқса, ижтимоий муносабатларда турли қийинчиликлар рўй бераётган бир пайтда, бизнинг мамлакатимизда аёлларга нисбатан бундай эътибор катта демократик ўзгаришлар бўлаётганидан далолатдир.

Албатта иш фаолиятим давомида бошқа хотин-қизлар сингари менга билдирилган ишончдан янада куч олиб, муаммоларни чуқурроқ билиб, фидойилик, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлик билан барчага ўрнак бўлишга ҳаракат қилишим лозим.

— Ҳоким сифатида ишни нимадан бошладингиз ва қандай муаммоларга дуч келдингиз?

— Аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши унинг иқтисодий аҳволи қай даражадалиги билан кўпроқ боғлиқ. Ишсизлик бу борадаги муаммолардан асосийси ҳисобланади. Шу боис, шаҳарда аҳолининг барча қатлами, айниқса, хотин-қизлар, ёшларни иш билан бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни долзарб вазифа сифатида алоҳида назоратга олдик.

Бугунги кунда Каттақўрғон шаҳрида 90 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб, улардан, меҳнатга яроқлилари сони 50088 нафар, шундан 26045 киши хотин-қизлардир.

Секторлар кесимида маҳаллалар ҳудудида ўтказиладиган қабуллар давомида аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини ҳам айнан иш масаласидаги муаммолар ташкил қилади. Уларнинг хоҳиш-­­истакларидан келиб чиқиб ишга жойлаштириш, ўзини-ўзи банд қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга кредитлар бериш ва бошқа бир қатор тадбирлар орқали аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини ҳал қилиш чораларини кўряпмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қарорига кўра ҳам жорий йилда жуда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, улар орқали шаҳар аҳолиси учун жуда кўплаб иш ўринлари яратилади.

— Маълумки, эркаклар аёлларга нисбатан қаттиққўлроқ бўлишади. Бунинг устига дўқ-пўписа ҳам қилиб туришади. Раҳбар, айниқса ҳоким юмшоқроқ бўлса, гапини ўтказиши қийин бўлади дейишади. Бу масалада қандай фикрдасиз? Аёл ҳокимдан қандай фазилатлар талаб этилади?

— Агар инсон ўз касбини севса, қилаётган ишларидан қувонса, одамларга нафи тегса, уни оилада оила аъзолари қўллаб-қувватласа, ҳар қандай қийинчиликни енгса бўлади. Гарчи қисқа вақт ўтган бўлган бўлса ҳам бошлаган ишларимиз натижа бера бошлади, энг муҳими, каттақўрғонликлар мени қўллаб-қувватламоқдалар. Шаҳар аҳолисини турмуш шароитини яхшилаш йўлида олиб борилаётган лойиҳаларга, ислоҳотларга шаҳар аҳолиси ҳам ишонч билдириб, камарбаста бўлмоқдалар. Бундан хурсандман албатта.

Қолаверса, ишни бошлаган дастлабки кунларимданоқ барча иш жамоаларида фақат интизом, софлик ва адолат бўлишига эътибор қаратганман.

Албатта ўз принципим бор, аммо жамоада, эшитиб ишлашни маъқул кўраман. Жамоада авторитар эмас, демократик тизим асосда иш олиб борамиз. Устозлар билан отам ёки онамдек, ҳамкасбларга дўстдек муомала қиламан.

 Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган ишонч, кўрсатилаётган эътибор барча аёллар сингари менда ҳам янада куч-ғайрат билан ишлашга, олдимга қўйган мақсадни амалга оширишда жуда катта бир куч ва шижоат бағишлайди.

— Бугун мамлакатимизда одамларни иш билан таъминлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, бу масала ҳамон долзарб бўлиб турибди. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида ишсизликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи қандай?

— Каттақўрғон шаҳрида 36 та маҳалла мавжуд. Маҳаллалар кесимида хонадонма-хонадон юриб, хатлов қилиш жараёнида шаҳарда 16 минг 345 нафар 30 ёшдан юқори бўлган аёллар борлиги аниқланди. Улардан 13551 нафари электрон базага киритилди.

Сўровнома тўлдириш жараёнида:

12 минг 887 нафар (95,1 фоиз) хотин-қиз ўз уйида, 279 нафари ижарада, 377 нафари (2,8 фоиз) қариндошлари билан, 8 нафари нотурар жойда яшаб келаётганлиги аниқланди.

Шаҳардаги хотин-қизларнинг оилавий ва ижтимоий ҳолати таҳлил қилинганда маълум бўлишича, 10379 нафари оилали аёллардан 829 нафари “Темир дафтарга” киритилган, 309 нафари оила қурмаган, 1801 нафари бева аёллар, 238 нафари боқувчисини йўқотган аёллар, 203 нафари ёлғиз оналар, 9426 нафари «Ҳимоя ордери» бор. 77 нафари 1-гуруҳ ногирони, 287 нафари 2-гуруҳ ногирони, 74 нафари 3-гуруҳ ногирони экан.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 811 нафар иш сўраб мурожаат қилган хотин-қизларнинг 178 нафари доимий иш билан таъминланди. 34 нафар хотин-қизга давлат субсидияси орқали иссиқхоналар қуриб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 566-сонли қарорига асосан, шаҳардаги ўзини-ўзи банд қилган 190 нафар хотин-қизга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси берилган.

Каттақўрғон шаҳрида ташкил этилган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги ўқув марказида 3 ойлик қисқа муддатли тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, компьютер ва бошқа соҳаларда бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқиш даврида стипендия таъминоти билан 78 нафар ишсиз хотин-қиз касбга қайта ўқитиш курсларига йўналтирилиши режалаштирилди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳаётда ўз ўрниларини топиб кетишларига кўмаклашиш ишлари ҳам диққатимиз марказида.

Чет элдан қайтган 243 нафар хотин-қиз тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Шулардан ишлаш истагида бўлган 17 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 25 нафар пробация гуруҳи рўйхатида турган, ишлаш истагини билдирган хотин-қизлардан 12 нафари доимий иш ва ҳақ тўланадиган жамоат ишлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, шаҳардаги мавжуд 36 та маҳаллада оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосарлари томонидан хотин-қизлар муаммолари яна бир бор ўрганиб чиқилди ва олиб борилган таҳлиллар натижасида қўшимча 136 нафар ишлаш истагини билдирган хотин-қиз рўйхати тузилди.

Ўрганиш натижасида, хотин-қизларнинг 23 нафари тиббиёт коллежи, 16 нафари педагогика коллежи, 26 нафари иқтисод коллежи, 13 нафари қурилиш ва саноат миллий ҳунармандчилик коллежлари битирувчилари бўлиб, ўз мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлашни, 32 нафар хотин-қиз ҳеч қандай ҳунарга эга бўлмаганликлари сабабли бирор-бир ҳунарни эгаллашда, 26 нафари имтиёзли кредит олиш орқали бандлигини таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Мазкур муаммоларни ҳал этиш учун шаҳар бандликка кўмаклашувчи маркази билан ҳамкорликда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш хотин-қизлар бўлими томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Шаҳарда истиқомат килиб келаётган меҳнатга лаёқатли 26045 нафар хотин-қизнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳаётда ўз ўринларини топиш, айниқса, оғир вазиятдаги, боқувчисини йўқотган, кўп болали, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларда камчиликлар бор. Жумладан, хотин-қизлар ўртасида ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида имтиёзли кредитлар олиш истагида бўлган хотин-қизлардан 26 нафаригина кредит олишга муваффақ бўлган, холос.

— Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича Президентимиз томонидан белгилаб берилган аниқ вазифалар ижроси қандай таъминланмоқда, бу масалада шахсан қандай таклифларигиз бор?

— Каттақўрғон шаҳрида камбағаллликни қисқартириш бўйича муайян чора-тадбирлар белгилаб олганмиз. «Темир дафтар»га киритилган 1148 та оилада 5078 фуқаро бор. Камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 2 млрд 804 млн.сўм моддий ёрдам кўрсатилган.

Жами шу кунга қадар “Темир дафтар”га киритилган оилалардан Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг тегишли қарорига асосан 486 та оиладаги 680 фуқаро иш билан таъминланиб, даромад манбаига эга бўлганлиги учун камбағалликдан чиқарилган.

 “Ёшлар дафтари” бўйича аҳолининг 15447 нафари(17,5 фоиз) 18-30 ёшдаги ёшлардир. Бугунги кунда шаҳардаги 471 нафар ёш (4,2 фоиз) «Темир дафтар»да рўйхатга олинган. Ёшлар билан бўлаётган учрашувлар давомида уларнинг фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб ишга жойлаштириш, шунингдек, тадбиркорлик истагидаги ёшларга кредитлар олишда кўмаклашиш ва бошқа амалий ишлар орқали ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Қолаверса, жорий йил Президентимиз таклифига кўра “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Албатта, белгиланган дастурлар орқали шаҳримизда бу борада ҳам манзилли ишларни амалга оширамиз.

Яна шуни айтишим жоизки бугун хотин-қизларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида бу масалага алоҳида эътибор қаратганмиз. Уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб лойиҳаларни йўлга қўй­япмиз.

Шаҳардаги “Ғарб мачит” маҳалласи биноси жуда эскириб, кўримсиз бир бинога айланиб қолган эди. Шу бино шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан қисқа вақт ичида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ҳамда ҳомийлар ҳисобидан таъмирланиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи марказ сифатида фаолиятини бошлади.

Бу ерда қандолат маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бош кийимлари тикув цехи ҳамда ижтимоий ҳаётга мослашув маркази барпо этилди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳа асосида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 100 миллион сўм миқдорда фоизсиз кредит асосида ташкил этилган биргина қандолат маҳсулотлари цехининг ишга тушиши орқали 10 нафар хотин-қизнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Шунингдек, ушбу марказдаги тикув цехида турли кийим-кечакларни тикиш билан бирга сумкаларни тикиш ҳам йўлга қўйилади. Яқин кунларда Каттақўрғон шаҳрида атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган шундай елим пакетлардан буткул воз кечилади ва унинг ўрнига турли матолардан ёки қоғоздан тайёрланган сумкалардан фойдаланиш йўлга қўйилади.

— Инсон руҳан хотиржам яшаши, ўзини бошқалардан кам ҳис этмаслиги учун аввало уй-жойга эга бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами, хусусан, ногиронлар учун арзон уй-жойлар қурилиши кенг тус олмоқда. Бу борада Каттақўрғон шаҳрида нима ишлар қилинмоқда?

— Албатта жамиятда ижтимоий ҳимояга муҳтож, соғлигида камчилиги бўлган инсонлар ҳам бор. Бугун уларга давлатимиз томонидан жуда катта кўмак берилмоқда. Зеро, улар ҳам бошқа инсонлар сингари жамиятнинг тўлақонли аъзолари ҳисобланади.

Каттақўрғон шаҳрида 160 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро истиқомат қилади. Уларни ҳар томонлама-қўллаб-қувватлаш, ўзларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида ҳис қилишлари учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир маҳалла кесимида рўйхатлари шаклланган ногиронлиги бўлган фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилиб, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Бош қомусимиз ҳисобланган Конституция байрами арафасида шаҳримиздаги мавжуд, кўримсиз ҳолда бўлган кўзи ожизлар жамиятининг эски биноси ўрнида замонавий кутубхона барпо этилди ва фойдаланишга топширилди. Кутубхонадан жамият аъзолари учун махсус брайл ёзувидаги китоблар ҳамда турли бадиий адабиётлар жой олган.

Ногиронлиги бўлган фуқароларни арзон уй-жойларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш масаласи ҳам эътиборга олинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Уй жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги 2020 йил 25-мартдаги 182-сон қарорига асосан 1 та 12 қаватли (108 хонадонли) кўп қаватли уй қурилмоқда. Шундан 95 та хонадон тегишли тартибда ҳудудий комиссия хулосаларига асосан субсидия асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга ипотека кредити асосида берилади.

Шунингдек, секторлар кесимида ўтказилган ўрганишлар натижасида ногиронлиги бўлган фуқароларга эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари ва бошқа мосламалар, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари бериб келинмоқда.

— Жуда оғир синовли йил бўлган 2020 йил поёнига етди. Сарҳисоб тўғрисида нима деса бўлади?

— Ҳақиқатан ҳам ўтган йилда халқимиз жуда катта синовларни бошидан ўтказди. Бу даврда мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилган узоқни кўзланган ислоҳотлар туфайли аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича жуда кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида, айниқса, пандемия боис аҳолининг ижтимоий-ҳимояга муҳтож қатламига катта кўламдаги моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Шаҳар ҳокимлиги, ҳомий ташкилотлар ҳамда саховатпеша тадбиркорлар томонидан муҳтож оилаларга пул маблағлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари етказиб берилди.

Шунингдек, ўтган даврда пандемияга қарамай олиб борилган саъй-ҳаракатлар боис Каттақўрғон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларининг ўсиш суръатлари сезиларли натижаларни кўрсатди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йилда 288,8 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунида ушбу кўрсаткич 311,0 млрд.сўмга етди. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари 2019 йил якуни билан 2284,9 минг. сўм бўлса, 2020 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 2906,2 минг сўмни ташкил қилди.

Хизматлар ҳажми 2019 йил якунлари билан 223,0 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 255,5 млрд.сўм бўлди. Саноат маҳсулотлари 2019 йил якуни билан 2548,8 минг. сўм бўлса, 2020 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 2785,4 минг сўмни ташкил этган.

Шунингдек, ҳудуддаги тижорат банклари томонидан жорий йилнинг ўтган январь-декабрь ойларида жами 908 та лойиҳага
24 033 млн.сўм маблағ ажратилди.

Шундан, “Ҳар бир оила–тадбиркор” дастури асосида 792 та лойиҳага 19117 млн.сўм,

— Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 5 та лойиҳага 210 млн.сўм,

— Ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича 63 та лойиҳага 1948 млн.сўм,

— Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 20 та лойиҳага 548 млн.сўм,

— “Yoshlar-kelajagimiz” дастури асосида 9 та лойиҳага 1807 млн.сўм маблағ ажратилган.

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги 3607-сонли қарори асосида бўш турган объектлар негизида Каттақўрғон шаҳрида иккита "Каттақўрғон Агросервис МТП" ва "Ингичка кони" АЖ ташкил этилган.

Мазкур кичик саноат зоналарида умумий қиймати 41,0 млрд. сўм бўлган 11 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган бўлиб, шундан умумий қиймати 16,0 млрд.сўм бўлган 6 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Бунинг натижасида 80 нафарга яқин янги иш ўрни яратилди.

Каттақўрғон шаҳрида 2020 йилда 1,0 млн. АҚШ долларидан ортиқ хорижий кредит маблағлари жалб қилинган ҳолда “KATTAKURGAN OIL" МЧЖ, “Марқанд голд ойл экстракция” МЧЖ, “Муҳаммадали сифатли ёғлари” МЧЖлар томонидан ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Бунинг натижасида мазкур корхоналар томонидан қисқа вақт мобайнида 1,3 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар қўшни Тожикистон ва Афғонистон давлатларига экспорт қилинди. Бугунги кунда 9 та давлатга 26 хилдаги маҳсулот экспорт қилинмоқда.

Жумладан, Туркия давлатига “Металл солушн технологиес” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан сантехника фитинглари, “Каттақўрғон чарм” МЧЖ томонидан Хитой давлатига тери хом ашёси, Бирлашган Араб Амирликларига “Дав Локал” МЧЖ томонидан қуритилган мевалар экспорти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, келгусида ҳудудий экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт ражасини бажариш мақсадида янги саноат корхоналарини экспортга жалб қилиш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

— 2021 йилда нималарни орзу қиляпсиз, қандай лойиҳаларни амалга оширмоқчисиз?

— Янги йилда Каттақўрғон шаҳрини энг обод ва кўркам шаҳарга айлантириш асосий истагим. Бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз. Бунда албатта каттақўрғонликларнинг қўллаб-қувватлашилари ва ёрдамларига таянаман. Юқорида айтганимдек, 2020-2022 йилларда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, жуда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳалар барча соҳаларни ўз ичига қамраб олган. Таълим, соғлиқни сақлаш, саноат, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда амалга ошириладиган ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши каттақўрғонликларнинг муносиб турмуш кечиришлари, шаҳарни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда ушбу лойиҳалар асосида шаҳарда биринчи қадамлар қўйилмоқда.

Халқ таълим бўлими ва Мактабгача таълим бинолари яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли 4 млрд.сўмлик лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, янги бинолар қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Дастур доирасида 8-сонли умумтаълим мактабида реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Дастур доирасида 2 та (11 ва 13-сонли) мактабгача таълим биноси реконструкция қилиниб, атрофида ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Каттақўрғон шаҳар мудофаа ишлари бўлимининг маъмурий биносини бузиб, ўрнида янги бино қуриш бошлаб юборилди. Зомин кўчасида жойлашган Маҳалла маркази биноси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бизни янги марраларни эгаллашга руҳлантирмоқда.

Шу ўринда бир масалани айтиб ўтай. Шаҳримизда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 81 фоизни ташкил этади. Бу борадаги ишлар давом этади. Уй боғчалари ва хусусий боғчаларни кўпайтирамиз. Ўтган йили таълим рейтинги бўйича вилоятда биринчи ўринни олдик. Мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириши бўйича 3 натижани кўрсатдик. Шаҳримизда химия-биология ва математикага ихтисослашган иккита мактаб фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим тизимидан бошланади, Учинчи Ренессанс пойдеворининг асосий устунларидан бири мактаб, деб таъкидлаши зиммамизга юксак масъулиятни юклайди.

Ўйлайманки, йигирма биринчи асрнинг йигирма биринчи йили ҳар биримиз учун катта яратувчилик йилига айланади.

Сафар ОСТОНОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: