Маржона ЖЎРАҚУЛОВА, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Камалак” болалар ташкилоти сардори:
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва халққа мурожаатномасига бағишланган йиғилишда иштирок этдим. Бир олам таассуротларга эга бўлдим. Айниқса, 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилиниши, тўғриси, мени тўлқинлантириб юборди. Чунки, Президентимизнинг Қашқадарёда ёшлар билан учрашувида биз Ёшлар йили бўйича ўз таклифимизни берган эдик. Ана шу таклифларимиз эътиборга олинганидан жуда хурсандмиз.
“Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, – деди Президентимиз. Шу мақсадда боғча, мактаб ва олийгоҳларда сифатли таълим-тарбия бериш йўлга қўйилади, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилади. Ёшлар замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган эзгу фазилатлар эгаси бўлиши керак. Уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, йигит-қизларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш борасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади.
Жорий йилда мактабгача таълим соҳаси ривожлантирилади, яъни, боғча ёшидаги ҳамма болани ушбу соҳага қамраб олиш, мактаб таълими сифатини ошириш, муаллимларга яхши шароитлар яратиш чора-тадбирлари амалга оширилади. Демак, яқин 10-15 йил ичида ҳар томонлама яхши таълим-тарбия олган ёшлар Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга олиб чиқишига пойдевор яратади. Яна Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани бизлардан бу тарихий тадбирларга пухта тайёргарлик кўришни талаб қилади ва биз бунга тайёрмиз.
Президентимизнинг бизга шунчалик ишонч билдириши, албатта, зиммамизга катта масъулият юклайди. Жорий 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Бу тарихий сана “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида нишонланиши Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилди. Бу ният замирида ҳам катта маъно-мақсад мужассам. Янги Ўзбекистон, эркин ва фаровон ҳаёт учун астойидил меҳнат қилиш, курашиш керак бўлади.