06.01.2021

ЁШЛАР УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРИНИ ЯРАТАДИ

2020 йилнинг ёшлар учун энг эсда қоладиган воқеаларидан бири – декабрь ойининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2020” бўлди. Бу ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эди.

Дастлаб Тошкент шаҳрида бошланган форум тадбирлари мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди. Ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда вазирлар, ҳукумат раҳбарлари, халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган тармоқ раҳбарлари билан очиқдан-очиқ мулоқотда бўлдилар. Тадбирларда ёшларнинг таклиф ва истаклари ўрганилди, муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлаш, ёшларни маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари тўгараклари ҳамда спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги масалаларга жавоб изланди.

Форум доирасида “Tashkent City”нинг Конгресс холл мажмуасида 2021 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар йўналишида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар, “Ёшлар ва гендер тенглиги” мавзусида ёш киноижодкорларнинг тақдимоти ўтказилди. “Глобаллашув даврида ёшлар миграцияси”, “Ижтимоий соҳа – 2030: таълим ва соғлиқни сақлаш тизими истиқболлари”, “Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси — 2030”, “Рақамли Тошкент — 2030” каби мавзуларда очиқ мулоқот ташкил этилди.

25 декабрь куни Президентимизнинг пойтахтдаги муҳташам “Ҳумо” муз саройи аренасида Ўзбекистон ёшлари форуми якунига бағишланган анжуманда иштирок этиши ва ёшлар билан 4-5 соат давомида мулоқот қилиши учрашувга кўтаринки руҳ бағишлади.. Ушбу анжуманда 3,5 минг нафарга яқин, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафардан зиёд йигит-қиз қатнашди.

Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёевни “Ҳумо” аренасига йиғилган йигит-қизлар ўринларидан туриб, гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Давлатимиз раҳбари ёшларни мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилаётган анжуман билан табриклаб, Тошкент шаҳрида бошланган бу форум мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёзиб, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари ўтказилгани, уларда ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини бевосита ўрганиш йўлга қўйилганини таъкидлади. Президентимиз ёшларнинг долзарб масалаларни дадил кўтариб чиқишидан, куюнчаклигидан, дунёқараши кенг, жонкуяр, илғор фикрли йигит-қизларнинг кўплигидан жуда қувонганини билдирди.

Ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш вазифаси мутасадди ташкилотларга юкланган эди. Лекин ўтган давр ёшлар муаммосини фақат мутасадди ташкилотлар зиммасига юклаб қўйиш билан иш битмаслигини намоён қилди. Эндиликда бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўяди. Ҳокимлар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлайди. Шу масала бўйича ҳар олти ойда маҳаллий кенгашларга ҳисобот беради ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олади. Ишсиз ва уюшмаган ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади. “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ёшларни иш билан таъминлаш ташаббуси барча тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу эзгу ҳаракатни давлатимиз раҳбари маъқуллади.

Бугун ўқишни тамомлаган ёшлар бандлиги жуда жиддий муаммолардан бири бўлиб турибди. Кўплаб мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзи бир олий маълумотли йигит-қизлар ҳам иш топишда қийинчиликка учрамоқда. Ҳозир Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида 7-11-синф ўқувчиларига таълим бериш билан бирга уларни энг камида битта касбга ўргатиш амалиёти жорий этилган. Ўқувчи 11-синфга ўтдими, у туман ёки шаҳар ҳокимлигининг бевосита эътиборида бўлиши белгиланган. Бундан буён ташкилотлар ёш мутахассисни ишга олишдан манфаатдор бўлади. Ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этилади.

Ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанаси кучайтирилади, бу ишга жалб этиладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади. Форумда навқирон авлод вакилларида бизнес кўникмаларини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Бугун жуда кўп ёшларимиз жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаяпти, ўз меҳнатлари билан тенгдошларига ибрат бўлаяпти. Лекин, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, адашган, кўмакка муҳтожлари ҳам бор. Уларга ёрдам бериш, тўғри йўлга бошқариш, моддий ва молиявий кўмак бериш жуда муҳим, шарт ва зарур масала. Шунинг учун ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси яратилади.

Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровлар аксарият ёшларимизда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатди. Уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш мақсадида касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади.

Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши форумда қайд этилди. Шунингдек, эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилади. Бу саноат зоналарига ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилиб, уларни молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади. Унга 100 миллион доллар маблағ ажратилиб, лойиҳалар қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштирилади. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида қуриладиган ишлаб чиқариш бинолари ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.

Форумда давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этиб ўтилди. Ўтган уч йил мобайнида мамлакатимиз бўйича 5 минг 100 тадан ортиқ ёш оилага намунали арзон уй-жойлар қурилиб, қарийб 200 миллиард сўм миқдорида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди. 2021-2023 йилларда ёшлар уйларини қуриш дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси белгиланди.

Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаб келади. Оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Хонадонларимиздаги тинчлик-тотувлик оиладаги соғлом муҳитга бевосита боғлиқ. Лекин жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ёш оилалар ўртасида 25 мингга яқин ажралиш бўлгани жуда ачинарли ҳол эканлиги афсус билан қайд этилди. Бу оғриқли масалани ижобий томонга ҳал этишда, оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида кенг жамоатчиликка, кўпни кўрган мўътабар нуронийлар, оқила ва меҳрибон онахонларга, ёшларга бевосита мурожаат қилинди.

– Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман, – деди Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига.

Мамлакатимизда оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим ҳамда илмий-маданий даргоҳларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса бўлғуси учинчи Ренессанснинг пойдевори ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари жамиятни ривожлантиришда, юртимизда ислоҳотларни амалга оширишда, улкан марраларга эришишга муносиб ҳисса қўшишда ёшларга, уларнинг куч-ғайратига, азму шижоатига ишонч билдирди. Мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда фидойи ва ватанпарвар ёшларни фаол иштирок этишга чақириб, бу эзгу мақсадларни амалга оширишда уларга муваффақиятлар тилади. Шавкат Мирзиёев форум давомида анжуман иштирокчилари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги студияларда қатнашган йигит-қизлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг саволларига жавоб қайтарди ҳамда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди..

Форумда ёшларнинг давлатимиз раҳбари билан очиқчасига эмин-эркин мулоқоти, улар илгари сурган таклиф ва ташаббуслар самимий олқишлар билан қўллаб-қувватланди. Янгича шаклда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар форуми уларнинг ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

Шуҳрат ИСЛОМОВ,

журналистлар, “Ўзбекистон ёшлар

форуми – 2020” иштирокчилари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: