06.01.2021

БОШЛАНҒИЧ СИНФДА НУТҚ МАДАНИЯТИ

Кўп йиллардан буён жажжи кичкинтойларга сабоқ бераман, ҳар бир дарсимда мавзуни чуқур ўргатишга, таълим-тарбия узвийлигини таъминлашга ҳаракат қиламан, айниқса, уларнинг нутқи устида эринмай ишлайман. Чунки мактаб остонасига қадам қўйган ҳамма бола ҳам бирдек равон гапиравермайди. Мактабларда эса логопед хизмати йўқ.

Тилида нуқсони бўлган бола билан ишлаш ҳам ўз-ўзидан биз, бошланғич синф ўқитувчиларининг зиммасига тушади. Бундай болаларнинг нутқи устида ишлаш учун тинмай изланаман: логопед ва психолог маслаҳатини оламан ва ота-оналар билан ҳамкорликда, Оллоҳга шукурки, кўплаб болажонларнинг тилларини бурро қилишга эришганмиз.

Бошланғич синфларда ўқитиш дас­тури оғзаки нутқнинг, яъни бола луғат бойлигининг ошиб боришини, товушлар талаффузининг ҳар томонлама ривож­ланишини назарда тутади. Тилнинг луғат таркиби тилда ишлатиладиган барча сўзлар йиғиндисидир.

Ҳар қандай сўз товушлардан ҳосил бўлади. 1-синф ўқувчиларининг саводини чиқаришда уларни тўғри гапиришга, ҳар бир товушни тўғри талаффуз қилишга ўргатиш жуда муҳим. 1-синфга келган ўқувчилар ўртасида айрим товушларни тўлиқ айта олмайдиган болалар учрайди. Улар ўз нутқидаги камчиликлардан хижолат бўладилар, камгап бўлиб қоладилар. Болалар, айниқса, “р”, “ш”, “к” товушларини талаффуз қилишда қийналадилар. Кўпинча бу ҳақда ошкора айтиб, “Мен бу ҳарфларни айтолмайман”, дейишади. Шунда мен болани меҳр билан бағримга босиб: “Йўқ, болам, ундай деманг, сиз бу товушларни албатта айта оласиз, озроқ шуғуллансак бўлди, сиз ҳам ўртоқларингиздай равон гапирасиз, байрамда шеърингизни чиройли айтиб берасиз, бу қўлингиздан келади, мен ўзим сизга ёрдам бераман”, дейман. Боланинг онаси, логопед ва психолог билан биргаликда болани буни уддалашига ишонтирамиз. Бола ҳар бир топшириқни иштиёқ билан бажаради ва натижада саводхонлик байрамигача ҳар бир товушни тўла-тўкис айта оладиган бўлади.

Ҳаётда яқин қариндошим ва ўқувчиларим нутқидаги камчиликлар устида ишлашга тўғри келган. Ҳамон эсимда: бир жияним 1-синфда ўқирди, Алифбе байрами яқин, унга “ш” ҳарфи билан боғлиқ шеър берилган:

Шоира шеър тўқийди,

Шуҳрат эса ўқийди.

Буни қарангки, бола “р” товушини айтолмайди. Мен бола ўртоқлари ичида кулги бўлмаслиги учун ҳарфни алмаштиришни таклиф қилдим. Холам раҳматли эса: ”Қўй, боланинг сазаси ўлмасин, ўрганади шу баҳонада”, дея у билан шуғулланишни бошлаб юборишди. “Буррхон, Буррхон, трактор, тарр-тарр” дегин”, дея таъкидларди холам. Мактабдан уйга келди дегунча ҳар куни эринмай бола билан шуғулланган холам Алифбе байрамидан: “Айтди, Расулхон “р” ни тўлиқ айтди” дея кўзларида севинч ёшлари билан кириб келган эди.

Балки, ўша воқеа туртки бўлгандир, болалар билан ишлаганда муваффақиятга эришишимга тўлиқ ишонаман, болани ҳам бунга ишонтира оламан, бу эса ишимизда жудаям муҳим. Фақат бунинг учун қунт билан ишлаш, дастлабки муваффақиятсизликдан сўнг руҳан тушкунликка тушмаслик керак.

Болаларда нутқни ўстириш иши чамбарчас боғланган бўлиши керак, бунда бирор кун ҳам “дам олиш”га ҳаққимиз йўқ. Суръатни тушириш, танаффус қилиш боладаги қизиқишни сусайтириб қўйиши мумкин. Албатта, бу иш бошқа ўқувчилар билан ишлашга халақит бермаслиги керак. Бунда бола билан дарсдан ташқари пайтда, махсус жадвал асосида индивидуал шуғулланилади, болани зериктириб қўйиш ҳам ярамайди, бу ҳақда бошқа синфдошларининг билиши ҳам шарт эмас, яъни болага қўшимча топшириқни ҳамманинг олдида бермаслик керак, фақат бироз фидойилик билан меҳнат қилишга тўғри келади.

Алифбода мавжуд барча товушларни тўғри талаффуз қилишга ўргатиш ишида, аввало, оналар, сўнг мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш жудаям муҳим. Баъзан болангиз-ўқувчингиз билан логопед ёки психолог машғулотида тўлиқ ўтиришга, кузатишга тўғри келади.

Нутқ кишиларнинг туғма қобилияти эмас, нутқ болаларда аста-секинлик билан шаклланади. Болалар ўсиб, ривожланган сари нутқи ҳам ривожланиб боради. Боланинг нутқи нормал бўлиши учун бош мия пўстидаги нутқ марказлари тўлиқ ривожланган бўлиши, боланинг сезги аъзолари – эшитиш, кўриш, таъм билиш, ҳид билиш, тери сезгиси ҳам етарли ривожланган бўлиши керак.

Агар бола янги, аниқ таассуротлар олиб турмаса, унинг ҳаракатлари ва нутқининг ривожланиши учун зарур шароит яратиб берилмаса, боладаги жисмоний ва психологик ривожланиш тўхтаб қолар экан. Биз бу ҳақда ота-оналарга, керак бўлса, боғча опаларга тез-тез эслатиб туришимиз керак. Боланинг дикцияси ва интонацияси устида ишлаш ҳам жуда муҳим. Товушларни талаффуз этиш ва нутқ мазмундорлигини шакллантириш, нутқ эшитиш қобилиятини ривожлантириш нафас олиш ва нафас чиқариш, артикуляция аппарати аъзоларининг биргаликдаги иши, овоздан фойдалана олиш қобилияти билан узвий боғлиқдир.

Товушларни тўғри талаффуз этишни шакллантириш бир неча босқичлардан иборат. Товушни тўғри талаффуз этиш малакаларини шакллантириш болалар томонидан нафас олиш аппарати, товуш пайчалари, танглай пардачалари, тил, пастки жағ, лабларнинг турли хил ҳаракат комплекслари эшитиш таассуротлари, тасаввур орқали бошқариб борилади. Товушни тўғри талаффуз этишда мураккаб физиологик жараёнларни шакллантириш учун нафас олиш, овоз ва нутқни эшитиш органларини ривожлантириш бўйича махсус машқлар ўтказилади. Бунда товушларнинг ўзаро бир-бирига боғлиқлигидан фойдаланиш муҳим. Ўзаро алоқадорликни с, ш, з, ж товушлари мисолида кўриш мумкин. Чунки бу товушлар бола нутқида кўпинча бузиб талаффуз этилади. Бу товушларни тўғри талаффуз этиш учун давомли, бир мақсадга қаратилган ҳаво оқими ҳосил қилдирилган бўлиши керак.

Тил ўртасидан келаётган ҳаво оқими тил курагининг олдинги қисми билан алвеола ўртасидаги тирқишдан ўтиши керак. Бу товушларни болалар дарров талаффуз эта олмайдилар. Бу борадаги муайян малакалар болаларда “ф” ва “в” товушини талаффуз этганда ҳосил қилдирилади. Бу товушларни талаффуз этганда пастки лаб билан юқориги тиш қирралари ўртасида тирқиш ҳосил бўлиб, ҳаво оқими эркин ўтади. Бу товушлар енгил талаффуз қилинади, булар бўйича камчилик нутқда камдан-кам учрайди.

Бола с, ш, з, ж товушларини айтишда қийналса, тўғри талаффуз этиш учун давомли, бир мақсадга қаратилган ҳаво оқими ҳосил қилдиришга, сўзларда ва нутқда тўғри талаффузга эришишга қаратилган машқлар ўтказилади. Артикуляция малакалари ривожлантирилади. Болаларни маълум товушни тўғри талаффуз қилишга ўргатишда иш энг оддий ва артикуляцияси жиҳатдан енгил талаффуз этиладиган товушларни талаффуз этишдан бошланади. Секин-­аста артикуляция аппарати ҳаракатларини барча тил олди товушларини тўғри талаффуз этишга тайёрлаб борамиз.

 Бундай машғулотлар болада сўз ичидан алоҳида товушларни ажрата олиш қобилиятини шакллантиради, товушларни эшитиш ва сўздаги товуш таркибини таҳлил қила олиш малакасини оширади. Аралашиб кетадиган товушларни дифференциация қилиш бўйича тизимли ва изчиллик билан олиб бориладиган машғулотлар орқали бир вақтнинг ўзида ҳам болалар саводга ўргатилади, ҳам тилнинг товуш томонига уларнинг диққати йўналтирилади, фонематик идрок қилиш фаоллиги тарбияланади. Шунингдек, машғулотлар болаларга товушларнинг тўғри артикуляциясини яхши эгаллаб олишга ёрдам беради, кинестетик сезиш қобилиятларини ўстиради.

Демак, боланинг тўғри талаффузи устида олиб бориладиган ишлар ўқувчиларда нутқ маданиятини ривожлантириш учун олиб борадиган ишларимиз йўлида бир поғона вазифасини ўтайди. Боланинг чиройли гапиришида ёрдам беришдек эзгу ишда барча ҳамкасбларимга сабр-тоқат, ирода ва муваффақиятлар тилаб қоламан.

 

Зуҳрахон ҲОШИМОВА,

Қўқон шаҳридаги Аниқ ва гуманитар

фанларга ихтисослаштирилган

40-сонли давлат умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: