06.01.2021

НОДАВЛАТ АРХИВЛАРИГА ҚЎЙИЛГАН “ТЎСИҚ” ҚОНУН БИЛАН ОЛИБ ТАШЛАНДИ

Архив иши ва иш юритиш соҳасини ислоҳ қилиш даврида яқин ўтган йилларда соҳанинг ҳуқуқий асослари тўлиқ “инвентаризация” қилинди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та Фармони, 1 та Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилинди. Энг муҳими, қонунчилик тўлиқ таҳлил қилиниб, амалиёт ва хорижий тажриба билан солиштирилди. Йиғилиб қолган муаммолар ўрганилди. Натижада 46 247 тадан ортиқ ҳолатда тугатилган ташкилотлар (юридик шахс­лар) архив ҳужжатларини архивларга топширмаслик ҳолатлари аниқланди. Тугатилган ташкилотларнинг йўқолган ҳужжатлари, 35 та ҳолатда архив ҳужжатларининг қаровсиз ташлаб кетилиши, шунингдек, архивларга фуқаролар томонидан берилган жами келиб тушган сўровларнинг 0,5% дан ортиқ сўровлари қониқтирилмаганлиги каби салбий ҳолатлар аниқланди. Тўғри, бу муаммоларнинг объектив ёки субъектив томонлари бор, бугун фикримиз у ҳақда эмас, муаммоларни ҳуқуқий жиҳатдан бартараф этиш масаласига қаратмоқчимиз.

“Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунига мувофиқ тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини давлат архивига топширилиши белгиланган. Вақт ўтиши билан қонуннинг айрим моддаларига эътибор қилинса, иш ҳажми ортганлиги, амалиёт билан қонунчиликнинг бир сафда эмаслиги кўзга ташланади. Бу эса, давлат архивларида Миллий архив фонди, яъни доимий сақланадиган ҳужжатларнинг сифатли сақланишига, сақловхоналарда жой танқислиги муаммосини юзага келтириш билан бир қаторда нодав­лат архивларини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган эди. Бугунги кунда респуб­лика бўйича бор-йўғи 7 тагина нодавлат архивлари ташкил этилган бўлса, уларни ташкил этишда асосий тўсқинлик қонунчиликда, деб ўйлаймиз. Чунки, “Архив иши тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида айнан тугатилган ташкилотларнинг ҳужжатлари давлат архивига топширилишига устуворлик берилган эди. Бу ҳуқуқий муаммо нодавлат архивларининг ривожланишига “тўсиқ” бўлиши табиий. Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Респуб­ликасининг 2020 йил 3 декабрда ЎРҚ-653 сон Қонуни билан архив соҳаси қонунчилигига ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда қонуннинг 5-моддасига мувофиқ тугатилаётган ташкилотларнинг ҳужжатлари тегишли тартибда давлат ёки нодавлат архивларига топширилиши шартлиги белгиланди.

 Юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлашни яхшилаш мақсадида ижтимоий ҳуқуқларга дахлдор архив ҳужжатларини сақлаб қолиш ҳамда бу борада нодавлат архивлари хизматларидан ҳам фойдаланиш мақсадида тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини архивларга топширилиши нормасини белгилашга доир ўзгартиш­лар киритилишида нодавлат архивларини ривожлантириш билан бир қаторда ҳужжатлар йўқолишининг олдини олиш ва фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришилади.

Шунингдек, давлат архивлари ўзларининг асосий вазифалари, яъни Миллий архив фонди ҳужжатларини сифатли жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва фойдаланишга эришилади.

 Шунингдек, илгари қонунчиликда архивларнинг фақат турлари кўрсатилиб, тоифалари кўрсатилмас эди. Бу эса давлат архивларини қайси тоифага бўлиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида муаммо келтириб чиқарар эди. “Архив иши тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига киритилган қўшимчалар эндиликда нафақат давлат архивларининг турлари, балки мақоми ва тоифасини ҳам белгилаб беради. Ачинарлиси, узоқ йиллар давомида айрим вазирлик­лар, идораларда шаклланган миллий архив фонди тоифаланмаган, идоравий архивларда сақланган бўлиб, қонуннинг айрим моддаларига зид эди. Қонунчиликдаги муҳим янгиликлардан бири Тармоқ давлат архивларини ташкил этиш мумкинлиги қонун билан мустаҳкамланди. Бу қандай архив? Тармоқ давлат архиви — бу маълум ташкилотнинг фаолияти давомида ва фақат шу ташкилот фаолияти билан боғлиқ бўлган доимий сақланаётган ҳужжатларни сақлаш архиви. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги низомга мувофиқ 17 та вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларга Миллий архив фонди ҳужжатларини ўзида сақлаш ҳуқуқи берилган. Бугунги кунда уларнинг тасарруфида 2,5 млн сақлов бирлигидан ортиқ Миллий архив фонди ҳужжатлари сақланмоқда. Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, энди шу вазирлик ва идоралар Тармоқ давлат архивини ташкил этиб, доимий сақланаётган ҳужжатларни қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган ҳолатда сақлаши мумкин. Бунда, вазирлик қошида юридик шахс ташкил этган ҳолда, давлат архивларига қўйилган талаблар асосида иш юритилади.

Шу билан бирга, уларда архив ҳужжатлари доимий сақланишини инобатга олиб, архив иши давлат архивлари билан бир хил тарзда олиб борилиши зарур бўлади, уларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланганидан кейин эса, архивчи штат бирликларини киритиш механизмлари ҳам назарда тутилади. Агар ҳолатни чуқурроқ, қиёсий жиҳатдан таққослаб кўрсак, масалан, Ички ишлар вазирлигида 500 000 дан ортиқ архив ҳужжатлари сақланса-да, бугунги кунда 5 та штат бирлигида ходимлар фаолият юритади, худди шунча архив ҳужжатлари сонига эга давлат архивларида техник ходимлардан ташқари – 35 та штат бирлиги назарда тутилган. Агар Адлия вазирлигида рўйхатга олинган 2003 йилдаги 1288-сон ҳужжат асосида идоравий архив сифатида олинса, бу ерда 83 та штат бўлиши лозим. Юқоридаги ҳолат фақат солиштиришга олинди, холос, мазкур ҳолат Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқаларда ҳам мавжуд. Агар уларга Тармоқ давлат архивлари мақоми берилса, тегишли механизмлар ишлаб чиқилса, иш ўринлари янада кўпаяди.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири, идоравий архивларда сақланаётган миллий архив фондига тегишли қисм ҳужжатларнинг муддати тугагач, давлат архивларига топширишда улар белгиланган тартибда давлат архивларига электрон кўчирма нусхалари билан бирга, алоҳида қимматга эга ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар учун суғурта нусхалари билан бирга топшириши белгилаб қўйилди. Демак, қонунга мувофиқ корхона ва ташкилотларнинг ҳужжатлари сараланаётганда идоравий архивнинг роли кучайтирилади, идоравий архивларда эндиликда ҳужжатларнинг электрон нусхалари ҳам сақланиши йўлга қўйилади.

Янгиликлардан яна бир муҳими, архив биноларини бегоналаштириш, улардан оқилона фойдаланмаслик, бош­қа мақсадларда фойдаланиш учун қаратилган ҳаракатларнинг олдини олиш билан боғлиқ. Нега дейсизми?

Таъкидлаш жоизки, архивларнинг моддий-техник таъминотини яхшилашга қаратилган давлат дастурлари асосида бир қатор архив бинолари реконструкция қилинди, кейинги ўтган йиллар давомида 25 тадан ортиқ янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, давлат архивларининг биноларини мулк тасарруфидан чиқариш, уларни талабга жавоб бермайдиган бошқа биноларга кўчириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Бухоро вилояти Когон шаҳар давлат архиви, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Қора­ўзак тумани давлат архиви биноларини ўзга мақсадларда ишлатиш ҳолатлари кузатилган. Бу эса, ўз навбатида, Миллий архив фонди ҳужжатлари сақловига жиддий зиён етказиш билан бирга ҳужжатларни у ёки бу жойга кўчиришда салбий таъсир кўрсатади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Архив иши тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига қўшимчалар киритилиб, давлат архивларининг бинолари мазкур архивларни архив ҳужжатларини сақлашни ва улардан фойдаланишни ташкил этиш талабларига жавоб берадиган бинолар билан таъминламасдан туриб бошқа шахсга ўтказилмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилди.

Шуҳрат Мир Райим,

 “Ўзархив” агентлиги

директори маслаҳатчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: