30.12.2020

ОДАМЛАР ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛИШ

биз учун энг олий қадрият ҳисобланади

Ўтган йиллар мобайнида жуда кўп муаммолар йиғилиб қолгани, давлат органлари билан халқ ўртасида бўшлиқ юзага келгани ҳеч кимга сир эмас. Бу бўшлиқни тўлдириш, амалий ишлар билан бартараф этиш, жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида 2016 йилнинг 28 декабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги, 2017 йил 12 декабрда “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.

Шулар асосида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда давлат хизматлари марказлари тармоғи вужудга келди. Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур қарор ва фармонлар асосида Президентнинг Халқ қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар фаолияти, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш натижалари оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб бориладиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси масъул ходимлари томонидан 2020 йил мобайнида пойтахт туманларида жуда кўплаб сайёр қабуллар ташкил этилди. Унда ҳар бир туман кесимида аҳоли томонидан тушган мурожаатлар тингланди, муаммолар ҳал этилди. Шаҳар ва республика миқёсида ҳал қилиниши талаб этиладиган масалалар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, муаамоларга ечим топилди. Аҳолининг кўп йиллик муаммолари, талаб ва эҳтиёжлари яқиндан ўрганилди, ижтимоий адолатни таъминлаш юзасидан қатъиятли қадамлар қўйилди. Бунинг натижасида аҳолининг сарсон-саргардонлиги, турли хил ҳужжатлар олиш учун идораларда соатлаб навбат кутишлари ўз-ўзидан қисқарди.

Аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳар жиҳатдан қулай, тезкор ва сифатли бўлиши учун Халқ қабулхоналари ва давлат хизматлари марказларига барча шароитларга эга бинолар ажратилди. Чилонзор туманида янгидан замонавий бино қурилди, Шайхонтоҳур ва Сергели туманларида давлат хизматлари маркази учун тегишли бинолар танланиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бошқа туманларда ҳам намунавий лойиҳалар асосида замонавий бинолар қуриш режалаштирилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилиши керак”, деган ғоя бугун ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Ана шу асосда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар халқимизнинг ҳаёти фаровон бўлишини таъминлашга, эртанги куни бугунгидан ҳам яхшироқ бўлишига қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходимлари йил давомида пойтахт туманларини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича жойларда мавжуд бўлган муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишини назорат қилиб борди. Аниқланган камчиликларнинг тезкор бартараф этилишини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳлар томонидан хонадонлар ва кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар ўрганилди. Аниқланган муаммолар бартараф этилди. Узоқ муддат талаб этадиган ва маблағ билан боғлиқ бўлган муаммолар ижроси назоратга олинди.

Ўрганишлар давомида аҳолини қийнаб келаётган энг кўп муаммолар ободонлаштириш, электр энергияси таъминоти, тунги ёритиш чироқлари, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти билан боғлиқлиги аён бўлди ва бундай камчиликлар жойида ҳал этилди. Уй-жойи таъмирга муҳтож, ўта оғир шароитда яшаётган фуқароларнинг турар жойлари таъмирланди, тадбиркорларга банк кредитлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Пойтахт туманлари кесимида муаммо ва камчиликларнинг тезкор бартараф этилишини таъминлаш мақсадида соҳавий идора ва ташкилотлардан масъуллар белгиланиб, назорат қилиб борилди. Шаҳарда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида республика даражасидаги вазирлик ва идоралар билан боғлиқ бўлган йирик муаммоли масалалар ҳамкорликда кўриб чиқилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходимлари томонидан 2020 йил давомида ўтказилган оммавий қабуллар одамларнинг сиёсий ва ижтимоий қарашларини ўзгартирмоқда, уларнинг ҳукуматга, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Халқ қабулхоналари фаолиятини такомиллаштириш ҳозирги замон талабидан келиб чиққан ҳолда рақамлаштирилган технологияларидан фойдаланишни тақозо этади. Бунда ижтимоий муҳитни очиқлик, шаффофлик ва холислик асосида ҳар томонлама тўлиқ ўрганиш имконияти туғилади. Бу эса Халқ қабулхоналарининг халқчиллигини янада оширади. Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари нималардан иборатлиги ҳақида аҳолига доимий равишда тушунчалар бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда собитқадамлик билан бормоқда, тегишли шароитлар яратиб бермоқда.

Бугун халқ билан мулоқот, одамлар кўтараётган муаммоларнинг ечимини топиб, улар дардига дармон бўлиш биз учун энг олий қадрият ҳисобланади. Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходимлари янги – 2021 йилни кўтаринки руҳда, янги-янги эзгу мақсадларни режалаштирган ҳолда кутиб олмоқда. Илоҳим, йилимиз баракали келсин, бало-қазолар юртимизга соя солмасин. Халқимиз тинч, соғ-саломат, ҳаёти бунданда фаровон бўлсин!

Зиаутдин БОБОНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Президентининг Тошкент

шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: