30.12.2020

МЕН ЭНДИ ОДДИЙ ЎҚУВЧИ ЭМАСМАН

Биз каби ҳаётда эндигина ўз йўлини излаётган, ҳар имкониятга умид билан қараётган ёшлар учун Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши жуда катта мотивация бўлди.

Шахсан менинг ҳаётимда кечаги кун бир умр унутилмас воқеага айланди, десам, муболаға бўлмайди. Президентимиз Қорақалпоғистонга, шу жумладан, Бозатов туманига бўлган меҳрини бошқача деб биламан. Табиати ажойиб, мусаффо осмони ёруғ бу ўлка жаннатмакон юртнинг бир гўшаси сифатида ўзида кўп мўъжизани жамлаган. Бизлар ушбу табиат қўйнидан куч, илҳом олиб вояга етмоқдамиз.  

Президентимиз мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган «Ўзбекистон ёшлари форуми»да барча ёшларни табриклаб, Янги Ўзбекистон ёшларига қарата айтган самимий гаплари, мен ўйлайманки, юрагида ўти бор барча ёшларни руҳлантирди.

Онлайн видеомулоқот вақтида қорақалпоғистонлик ёшлар номидан сўзга чиқиш бахти менга насиб қилди. Мен ўз нутқимда спортга қизиқишимни, келажакда спортнинг шотакан каратэдо тури бўйича жаҳон чемпиони бўлиш ниятим борлигини, шунингдек, гўзал табиатимиздан илҳом олиб, шеър ёзишимни, Зулфияхоним издоши бўлишдек катта мақсад ва орзуларим бор эканлигини сўзлаб бердим. Ўз навбатида Президентимиз қорақалпоқ ёшларига катта ишонч билан қарашини ва мени Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича фармон қабул қилиб, келаси йил Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида шахсан ўзи мукофотни топширишини айтганида ўз қулоқларимга ишонмадим.

Албатта, бундай мукофотга лойиқ, деб топилишимда энг аввало ота-онам, устозларим ва мени қўллаб-қувватлаган Қорақалпоқ халқидан чексиз миннатдорман. Президентимизнинг ишончини оқлаш учун ўзимнинг бор қобилиятимни ишга солишга ваъда бераман.

2020 йил менинг ҳаётимда омадли йил бўлди. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган спортнинг каратэ-до тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасида биринчи ўринни олишга муяссар бўлдим. Шунингдек, Қорақалпоғистонда ўтказилган «Хошамет-2020» маросимида «Йилнинг энг фаоли» номинацияси билан тақдирландим. Бўш вақтларимда қўшиқ ёзишни яхши кўраман. «Онажон», «Президент бобом», «Бозатовим», «Ўзбекистон», «Оролим», «Беш ташаббус» сингари қўшиқларим кўпчиликка мамнун бўлган.

Янги йилда зиммамда катта масъулият турганини ҳис этаяпман. Мен энди оддий ўқувчи эмасман. Президентимиз ишончига сазовор бўлган ўқувчиман. Президентимиз ишончи, эътибори менга катта куч беради. Янги йилда ютуқларим янада кўп бўлишига ишонаман.

 

Гулсанем Ўразбаева,

Бозатов туманидаги 1-умуий ўрта таълим мактабнинг 8-синф ўқувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: