30.12.2020

СИЁСИЙ МАЙДОНДА

ёш раҳбар аёллар қаторидан ўрин олишга аҳд қилдим

— Аҳолининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Ҳар қандай соҳада жонажон Ўзбекистонимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган.

Кечагина Ҳумо аренада катта байрамга айланиб кетган «Ўзбекистон ёшлар форуми — 2020»да давлатимиз раҳбарининг иштирок этиши, ҳақиқатдан ҳам бизни руҳлантириб юборди. У ерда айтилган таклифлар, мулоҳазалар биз ёшлар учун имконият эшиклари кенг очиб берилаётганидан далолатдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ОАВ ва инновация масалалари қўмитаси раиси сифатида яна бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Президентимиз ўз нутқида айнан шу масалага ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, “Ёшлар” каналида вазирлар, ҳокимлар ва мансабдор шахслар ҳамда ёшлар иштирокида очиқ мулоқот, ток-шоулар ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. Бунинг учун шароит яратиб беришни, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказларини ташкил қилиш лозимлигини билдирди. Ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилишини, яқин икки йилда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 300 минг нафар йигит-қиз компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилиши айтилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилди. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади. Яъни, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади. Унга 100 миллион доллар маблағ ажратилиб, жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштирилади. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади. Буларнинг барчаси ёш тадбиркорларни ўз ишларига муҳаббат билан, меҳр билан ёндашишга ундайди.

Президентимизнинг биз ёшлардан умиди катта. Бўлиб ўтган учрашувда ҳам ёшлардан лидерлар бўлишини такрор-такрор айтиб ўтди. Шу жиҳатдан, мана шундай лидер ёшлар қатлами вакиласи сифатида мен ҳам ҳозирдан, ўз кучим, билимим, тафаккурим билан сиёсий майдонда ёш раҳбар аёллар қаторидан ўрин олишга аҳд қилдим. Учрашув давомида ичимда ёнган олов эса, токи кўзлаган мақсадларимга эришмагунимча ҳар сонияда ловуллаб туради.

Мафтуна ЖЎРАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг

ОАВ ва инновация масалалари

қўмитаси раиси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: