23.12.2020

«ДАВОЛАНИШГА ПУЛИНГИЗ БЎЛМАСА, САЛОМАТ БЎЛИНГ!»

Яқинда бир китобни варақлаб ўтириб, юқоридаги ҳазил иборани ўқиб қолдим.Кулимсираб қўйдим-у яна ўйга толдим. Ҳазилда жон бор эди-да. Дарҳақиқат, касал бўлгач, дўхтирларга, шофохоналарга қатнаб, овораи сарсон бўлиб, қимматбаҳо дориларни харид қилиб, бола-чақалар, яқинларнинг ҳам ҳаловатини бузиб, азоб чекиб юргандан кўра касал бўлмай, соппа – соғ юрган минг карра афзал эмасми? Бу гап айтишга осон, албатта. Шу ўринда “ Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ” десак, янги гап айтган бўлмаймиз. Аммо кўҳна ҳақиқатларни эслатиб туриш фойдадан ҳоли эмас.

Мавзуга дахлдор бир ривоят эсга тушиб қолди. Подшоҳнинг саройида иккита олим хизмат қиларкан. Улардан бири жуда донишманд бўлиб, довруғи олисларга кетган, шу боис иккинчиси унга ҳасад қиларкан. Ҳасадгўй донишмандни шарманда қилиш учун бир ҳийла ўйлабди. У подшоҳга бориб, дебди:

– Ҳамманинг кўз олдида суюкли алломангизни бир имтиҳон қилиб кўринг.

– Қандай қилиб имтиҳон қилай? У барибир ҳамма нарсани билади-ку!

– Мен ҳозир айтадиган саволни берсангиз, у жавоб беролмайди.

– Айт, у қандай савол экан?

– Ҳовучингизга капалакни қамаб, бу нима деб сўрайсиз? Агар топа олса, яна “У тирикми ёки ўликми?” деб сўрайсиз. Агар “Ўлик” деса, ховучингизни очиб, капалакни учириб юборасиз. Агар “Тирик” деса, ҳовучингизни секин қисиб, капалакни ўлдириб қўясиз. Шунда у шарманда бўлади.

Подшоҳ имтиҳонга рози бўлибди. Сарой аёнларини йиғиб, ўша саволни берибди. Донишманд ҳовучда капалак борлигини дарҳол айтибди. Ҳал қилувчи савол берилганда ҳам ўзини йўқотмабди.

– Ҳаммаси шоҳоншоҳнинг ўз қўлида! – деб жавоб берибди. Подшоҳ донишманднинг елкасига қоқиб, зар чопон кийдирибди. Ҳасадгўйни эса саройдан ҳайдаб юборибди.

Қиссадан ҳисса шуки, дарҳақиқат, жуда кўп нарса хом сут эмган банданинг ўз қўлида. Хом сут эмган банда эса, буюк рус шоири Пушкин афсусланиб айтганидек, эринчоқ ва кўп нарсага қизиқмайди.

Раҳматли қизиқчи Ҳожибой Тожибойнинг шундай бир ҳангомаси бор: .Яҳудий дарднинг олдини олиш учун касал бўлмай туриб дўхтирга учраркан, рус касал бўлгач, шифокорга бораркан, ўзбек эса касалликни ўтказвориб, гуп этиб йиқилгач, замбилга солиниб касалхонага келтириларкан. Қарангки,саломатлигига энг беэътибор халқ ҳам ўзимиз экан.

Москвада инсон саломатлигини тиклаш институтини ташкил этган машҳур ватандошимиз Мирзакарим Норбековнинг соғломлаштириш машғулотлари дунёнинг жуда кўп мамлакатларида, жумладан Тошкентда ҳам узоқ йиллардан буён мунтазам ўтказилмоқда. Унда жуда кўп дардлардан ҳеч қандай дори – дармонсиз халос бўлиш йўллари ўргатилади. Ҳозирги замонда дунё миқёсида сохта дорилар хатарли равишда кўпайиб бораётганини инобатга олсак, Норбеков дарсларининг аҳамиятини тасаввур қилиш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътироф этишича, Норбековнинг соғломлаштириш машғулотлари энг самарали усул дея тан олинган. Норбековнинг жуда кўп тилларга таржима қилинган ва бестселлерга айланган айрим китоблари, (улар рус тилида ёзилган) жумладан, “Миллион текин маслаҳат топиш йўли ёҳуд жўжалар қаерда қишлайди”, “Ўз устингда ишла”, “Саломатлик калити ёҳуд кўзойнаксиз ҳаёт сари” каби ноёб асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Агар ростдан ҳам ҳамма дардлардан дори – дармонсиз халос бўлиш мумкин бўлса, нега одамлар ўзини қийнаб, дўхтирларга қатнайди, заҳардан қиммат дориларни ютиб, вужудини азоблайди? Нега Норбековнинг машғулотлари халқ орасида оммалашиб кетмаган деган табиий саволлар туғилади. Бу саволларга Норбековнинг ўзи “Аргументи и факти” деган газетадаги чиқишида асосли жавоб берган. Машҳур аллома ўзининг соғломлаштириш машғулотлари аввало иродали, ҳафсалали инсонлар учун мўлжалланганини таъкидлаб ўтади..Афсуски,иродали, ҳафсалали одамлар кўп эмас экан. Ваҳоланки, ҳамма соғлом бўлгиси, узоқ яшагиси келади...

Мен ўзим икки марта Норбековнинг саломатлик машғулотларида қатнашдим.Фарзандларимни ҳам олиб бордим.Машғулотларда берилган ҳамма маслаҳатларга юз фоиз амал қилаяпман деёлмайман, аммо айрим муҳим қоида – ўгитларни баҳоли қудрат бажаряпман. Муҳими – соғлом бўлиш аввало юз фоиз одамнинг ўзига боғлиқ эканига тўла ишондим, соғлом турмуш тарзига амал қиладиган бўлдим.Натижа ёмон бўлмаяпти...

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш айниқса ҳозирги пандемия шароитида жуда ҳам муҳимдир. Давлатимиз раҳбарининг саломатлик ҳақида чиқараётган қарор ва фармонларида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.Содда қилиб айтганда, соғ-саломат бўлиб юриш одамнинг ўз қўлида. Афсуски, бу кўҳна ҳақиқатни ҳаммага англатиш осон эмас экан.

Айрим одамларга соғлом турмуш тарзи ҳақида гапирсангиз энсаси қотади, бунақа китобий гапларингни қўй, ўладиган дунёда барибир бир кун ўламиз дейишади. Бундай мулоҳаза, таъбир жоиз бўлса, жаҳолат аломатидир.Шунақа гумроҳ бандалар бадантарбия билан шуғулланиш у ёқда турсин, бир бекатлик йўлни ҳам пиёда босиб ўтмайди. Касалликларнинг асосий сабабларидан бири – камхаракатлилик экани хаёлига келмайди.Тиббиёт илмининг асосчиси, буюк Абу Али ибн Сино шундай деган: «Агар мунтазам равишда бадантарбия машқлари билан шуғулланилса, дори-дармонга эҳтиёж қолмайди”.

Ўша гумроҳ кимсалар тўй-тўлқинларда, зиёфатларда йиқилиб қолгунча ароқ ичишади, бўкиб қолгунча овқат ейишади, тўйиб овқат ейиш ниҳоятда зиён одат эканини билмайди, билса-да, нафсини тиёлмайди, ўзи тўйса ҳам кўзи тўймайди. Мошинасига бензинни танлаб, сифатлисини қуяди, ичаётган ароқнинг сифатига эса эътибор бермайди, ваҳоланки, мошинанинг эҳтиёт қисми бор, ишкал чиқса уни бошқасига алмаштириш мумкин, ишдан чиққан ошқозонни эса бошқасига алмаштириб бўлмайди...

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, баркамол авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаш, болалар спортини ривожлантириш юзасидан давлатимиз тинмай ғамхўрлик қилмоқда.Бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.Давлатимиз томонидан йилларнинг “Соғлом авлод йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Сиҳат – саломатлик йили”, “Ҳомийлар ва шифокорлар йили” дея номланиши бевосита юртимиз аҳолисининг жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлишлари, уларнинг соғлиги давлатимиз эътиборида эканлигидан далолат беради. Шунингдек, болалар спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, спорт мусобақалари, болалар, ёшлар учун кўплаб спорт майдончалари, сув ҳавзалари қурилаётгани эътиборга моликдир.Бундай хайрли ишларни амалга ошириш фақат тиббиёт ходимларининггина эмас, ҳар бир фуқаронинг бурчи, вазифасидир.Зеро, саломатлик – туман бойликдир.

Шодмон ОТАБЕК,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: