16.12.2020

2021 ЙИЛДАН

Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг янги даври бошланади

Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига транспортда сифатли хизматлар кўрсатиш, йўловчиларни ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва Тошкент шаҳри йўловчи транспорти тизимини ўзаро интеграциялашга катта эътибор қаратилмоқда.

Хўш, бу борада қандай амалий ишлар қилинмоқда? “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамияти томонидан соҳани ривожлантириш, янги техника-технологияларни жорий этилишига бағишланган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

— Пойтахтимизда алоҳида йўлакларга эга бўлган, етти йўналишда тез юрар автобуслар ҳаракатини ташкил қилиш режалаштирилган. 18 ва 24 метрли 200 йўловчи сиғимга эга бўлган автобуслар биринчи босқичда Чилонзор буюм бозори билан Чорсу бозорини боғловчи йўналишда ҳаракатланади, — дейди “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамияти Бошқарув раиси Анвар Жўраев. Бу йўналиш Бунёдкор, Усмон Носир, Шаҳрисабз ва Навоий кўчалардан ўтади, умумий узунлиги 17,7 километр, 26 бекатдан иборат бўлади. Ушбу йўлакда 18 та автобус ҳаракатланиб, оралиқ вақти 5 минут бўлиши кутилмоқда. Тошкент шаҳрига кириб келувчи, ҳаракатланувчи йўловчилар оқимларидан келиб чиқиб, кейинги босқичларда қолган йўналишларни ишга тушириш режалаштирилган. Барча бекатлар, шоҳ кўчалар, автосаройларнинг йўналишлари ўрганиб чиқилгач, маълумот берувчи йўл белгилари етишмаслиги аниқланди. Биз ўрганган 10 километр масофада 86 йўл белгиси бор экан. Жаҳон талаблари асосида эса 355 йўл белгиси бўлиши керак. Бундан кўриниб турибдики, бизда, йўл белгилари 3 баробар кам.

Жорий йилнинг 31 ноябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида 128 йўналиш бўйича жами 95 миллион 368 минг йўловчи жамоат транспорти – автобуслардан фойдаланган. 2021 йил 1 январдан "Тошшаҳартрансхизмат" томонидан йўловчилар жамоат транспортидан фойдаланиладиганда амалдаги тариф асосида йўл ҳақини тўлиқ тўлаш учун мўлжалланган шахсийлаштирилмаган кўп марталик ўқувчилар, талабалар, пенсионерлар ҳамда аҳоли учун мўлжалланган электрон тўлов карталари жорий қилинмоқда.

Ушбу транспорт карталарини “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ойлик йўл чипталарини сотиш шаҳобчаларида ҳамда метрополитен кассаларида харид қилиш мумкин. Ягона транспорт карталарини электрон тўлов тизимларининг мобиль иловалари орқали, шунингдек, АТТО сайтидаги шахсий кабинет орқали  ҳисобини тўлдириш мумкин.

АТТО транспорт карталари Банк карталари каби ҳимояланган, унинг хавфсизлик даражаси ўта юқори даражада бўлиб, йўқотиб қўйилган карта телефон рақамига боғланган бўлса, фойдаланувчи ўз картасини блоклаш имкониятига эга.

Бундан ташқари жамоат транспортида йўналишни режалаштирувчи «Менинг йўналишим» мобиль иловаси жорий этилди. Мазкур мобиль иловага Тошкент шаҳридаги барча автобус йўналишлари киритилган бўлиб, йўловчилар ўз автобусларини олдиндан кўриш ва бекатга етиб келиш вақтини онлайн тарзда кузатиш имконига эга бўладилар. Шунингдек, йўловчилар иловада кузатиладиган хато ва камчиликлар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини мобиль илованинг ўзида "fikr bildirish" бўлими орқали йўллаб, жамоат транспорти фаолиятини такомиллаштириш учун ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин. Фойдаланувчилар "Mening yo'nalishim" мобиль иловасини "PlayMarket" ҳамда "Appstore" порталларидан юклаб олиш имкониятига эгалар.

Тошкент шаҳрида янги инновацион автобус оралиқ бекатларини татбиқ қилишда чет эл тажрибаси ўрганиб чиқилди ва автобус бекатларининг ягона дизайни яратилди. Ушбу бекат Давлат стандартига мос бўлиб, унда аҳоли учун бепул wi-fi, автобуслар қатнов жадвали ва келиш вақтини кўрсатувчи электрон табло, кузатув камераси, чиқинди қутилари, мобиль қурилмалар қувватлаш манбаи, автомат савдо қурилмаларини жойлаштириши, имконияти чекланган шахслар учун махсус пандус, йўл белгиси, ўриндиқлар эга бўлиши назарда тутилган бўлиб, унга фақат бекат деворига реклама жойлаштиришга рухсат берилган.

2019 йилнинг 1 июль санаси ҳолатига хатлов натижалари бўйича Тошкент шаҳрида жами 2176 оралиқ бекат мавжуд эканлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида намунавий дизайн асосида автобус оралиқ бекатларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилди.

Автобусларни онлайн кузатиб бориш тизими жорий қилинган бўлиб, Тошкент шаҳридаги барча тасарруф этилаётган автобусларга “GPS” треккерлари ўрнатилиб масофадан назорат этиш мақсадида алоҳида хизмати ташкил этилди. Ҳозирда янги инновацион янгиланишлар билан биргаликда иш ташкил этилмоқда.

Бунга кўра “Тошшахартрансхизмат” томонидан йўналишларда ҳаракатланаётган автобусларни масофадан назорат қилиш учун “АСДУМ” дастури йўлга қўйилди. Ушбу дастур ёрдамида янги инновацион модуллар билан онлайн мониторинг қилиб бориш имкони мавжуд.

Мазкур хизмат, “Тошшахартрансхизмат”АЖ таркибидаги автобус саройлари тасарруфидаги барча автобус йўналишларида ҳаракатланаётган автобусларни масофадан назорат этиш орқали йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиши белгиланган.

Бугунги кунда ўртача 1200 ҳаракат воситалари автобусларда GPS треккерлари ўрнатилган бўлиб 128 йўналиш масофадан назорат қилиб борилмоқда.

2020 йилда Тошкент шаҳрида 152 йўловчи ташиш транспорт йўналишлари қайта кўриб чиқилди. Натижасида уларнинг 43 таси оптималлаштирилди, жумладан, 32 автобус йўналишлар масофаси қисқартирилди, метронинг янги йўналиши очилиши муносабати билан бир бирини такрорлайдиган 11 йўналиш ёпилди, ҳамда 2 янги йўналишлар очилди. Оптималлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларга кўра, қуйидаги самарадорлик кўрсаткичларига эришиш кутилмоқда. Йўналишларнинг ўртача масофасини 19,8 км дан 15 км гача қисқартириш, автобусларнинг ўртача ҳаракатланиш оралиқ вақтини 20-30 дақиқадан 10-12 дақиқагача тушириш, ер усти жамоат транспортининг бир кунлик босиб ўтадиган масофасини 37,6 минг километрга камайтириш, кунлик ёқилғи харажатини 13 минг литрга қисқартириш,  атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни кунига 2,5 тоннага камайтириш, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари сарф-харажатларини йилига 27,7 миллиард сўм миқдорида тежаш, метрополитендаги кунлик йўловчилар оқимини 240 минг йўловчидан 500 минг йўловчигача кўпайтириш. 75 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган 6 янги тураржой мавзесини мунтазам автобус йўналишлари қатнови билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бу ишларнинг ҳаммаси пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш, уларнинг вақтини тежаш, ортиқча сарф-ҳаражатларни олдини олиш, Тошкентни дунёнинг энг замонавий шаҳарларидан бирига айлантириш учун қилинмоқда.

 

Шуҳрат ИСЛОМ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: