Ушбу жамоат транспорти пойтахтимизда 51-йўналиш бўйлаб синовдан ўтказилмоқда
SamAuto компанияси “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга синов электробусини тақдим этди. Эксплуатация жараёнида SamAuto мутахассислари йўловчилар ва ҳайдовчи фикрларини, шунингдек, мазкур моделнинг сифати, функционал вазифаларини ўрганади, уларнинг назоратини олиб боради.
Ушбу электробус электротранспорт ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири, Хитойнинг BYD компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Бир марталик қувватлантириш ҳисобига 300 км. масофани босиб ўтади, бу шаҳар автобусининг ўртача бир кунлик масофа босишига мос келади. Тўлиқ қувватлантиришни электр тармоғига юклама камроқ бўлган пайтда 3-4 соат ичида бажариш мумкин. Электробуслар хизмат кўрсатиш жиҳатидан содда, шовқинсиз ҳамда газ ва дизель транспортига қараганда кам харажат талаб қилади. SamAuto корхонаси ҳам ана шундай электробусларни ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Электробуснинг узунлиги 12 метрни, йўловчиларни ташиш ҳажми 76 кишини ташкил қилади. Унинг поли паст, зинапоялар ва подиумнинг йўқлиги туфайли йўловчилар, жумладан пенсионерлар, аравачаларда ҳаракатланувчи йўловчилар, алоҳида эҳтиёжли кишилар салон бўйича эркин ҳаракатлана оладилар. Шунингдек, электробус видеокузатув камераси ва автоматик ҳаво намлигини сақлаш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.
2030 йилгача Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясига мувофиқ Ўзбекистон ижтимоий транспортининг камида 50 фоизи зарарли моддаларни ҳавога чиқаришни камайтириш учун муқобил ёқилғи турларига ўтиши режалаштирилган.
Шуҳрат ИСЛОМОВ