02.12.2020

ТОШКЕНТ ШАҲАР ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ:

энг холис баҳо – халқ баҳоси

Кейинги тўрт йил ичида мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг самарали механизми яратилди. Ўзбекистон Президенти администрацияси ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Унда кўрилаётган ва ҳал этилаётган ҳар бир масала фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ.

2020 йилнинг 28 декабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон қабул қилиниб, унда мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, ҳар бир туман ва шаҳарда Президентнинг Халқ қабулхонаси фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган эди.

Ҳозирги пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) эса Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатмоқда. Халқ дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини ҳал этиш мамлакатимизда давлат сиёсатига айланди. «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», – деган ғоя илгари сурилди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, яқин ўтмишда ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой, коммунал ва йўл-транспорт хизматлари масалаларини яхшилаш ишлари асосан қоғоздагина амалга ошириларди. Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг фаолияти юзасидан шикоятлар авж олди, давлат идораларида шикоят ва мурожаатларни кўриб чиқишда расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатлари одатий ҳолга айланди.

Халқ қабулхонасига қилинаётган мурожаатлардан шу нарса маълум бўладики, фуқаролар ҳали ҳанузгача қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорлар туфайли сарсон-саргардон бўлмоқда, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифати, маҳаллий давлат ҳокимияти, органлари, суд-ҳуқуқ идоралари фаолиятидан норозилик ҳолатлари учрамоқда. Шунинг учун пойтахтимиз туманларида тўртта секор раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳолининг узоқ йиллардан буён ечимини топмай келаётган муаммолари иложи борича ўша жойнинг ўзида бартараф этиляпти.

Халқ қабулхоналари томонидан фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти, барча давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратилди. Мурожаатларни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланаяпти. Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошираяпти.

Халқ қабулхонасига аксарият ҳолларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами томонидан мурожаатлар келиб тушаяпти. Аҳоли мурожаатлари билан ишлашни узлуксиз, бир меъёрда ташкил этиш, муаммоларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш мақсадида Халқ қабулхонаси қошида тезкор ишчи гуруҳи штаби тузилди. Кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли оилалар, боқувчиси бўлмаган инсонлар Халқ қабулхонасига “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилиш имконига эга бўлиб, уларга озиқ-овқат, тиббий ёрдам, дори-дармон, электр, сув, газ таъминоти борасида хайрия ёрдамлари кўрсатилмоқда. Халқ қабулхоналари фаолият кўрсата бошлаганидан кейин аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги ва самарали тизими пайдо бўлди. Хусусан, Президент Халқ қабулхоналари вакиллари ва мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари иштирокида ўтказилаётган сайёр қабуллар яхши натижа бериш билан бирга халқ ичига кириб бориш, унинг ташвиш ва муаммоларини чуқур ўрганган ҳолда тегишли идора ва ташкилотлар билан бамаслаҳат ҳал этишнинг амалдаги механизмига айланди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўрнатилган ўзаро ишончли алоқалар натижасида, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган ижтимоий оғир аҳволдаги оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали пластик карточкалар очилиб, моддий ёрдам кўрсатилди. Халқ қабулхоналари ҳамкорлиги ва тавсияси билан 35649 оилага пластик карточка очилди ва уларга маблағ ўтказилди, 690 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган, сурункали касаллиги сабабли ётиб қолган инсонларга ҳомийлар кўмагида 27 турдаги дори-дармон бепул тарқатилди.

Фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли давлат органларига тақдимнома, кўрсатма хатлари киритилаяпти. Мурожаатларда кўрсатилган асосий муаммолардан яна бир қисми – уй-жой, оилавий низолар, тайинланган жазоларнинг оғирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, маъмурий ишлар бўйича жарима миқдорларининг катталиги ва бошқа масалалар бўлиб, улар Халқ қабулхонаси ва туманлардаги тўртта сектор вакиллари томонидан жойига бориб ўрганилмоқда ҳамда тегишли хулосалар чиқарилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатларини шакллантириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва туман Халқ қабулхоналари ҳамкорлигида манзилли ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида мурожаатлар билан ишлаш натижалари оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб борилиши лозимлиги таъкидланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси Тошкент шаҳар Матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Тошкент” телерадиоканали, Тошкент шаҳар давлат хизматлари бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, “Sevimli TV” телеканали, “Uzreport TV” АЖ раҳбарияти ҳамкорлигида аҳоли билан мулоқотни ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлаш жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, фаолиятни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича 2019-2021 йиллар учун мўлжалланган дастур асосида иш олиб бормоқда. Ҳар бир мурожаатнинг ижобий ҳал этилишида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.

Хўш, одамларни яна қандай муаммолар ташвишга солмоқда? Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси масъул ходимлари пойтахт туманларини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳи, тўртта сектор раҳбарлари ҳамкорлигида жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишини назорат қилиб бормоқда. Аниқланган камчиликларнинг тезкор бартараф этилишини таъминлаш мақсадида соҳавий идора ва ташкилотларда масъуллар белгиланди. Ишчи гуруҳлар томонидан жами 13.969 хонадон ва 18.123 кўп қаватли уй, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар ўрганилиб, 10.616 муаммо аниқланди, уларнинг 6.874 таси, яъни, 65 фоизи жойида бартараф этилди. Шу билан бирга, аниқланган 310 муаммони бартараф этиш узоқ муддат талаб этиши ҳамда маблағ билан боғлиқ бўлганлиги сабабли тегишли “Йўл харита”ларига киритилди ва ижроси назоратга олинди.

Ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган муаммолар “Ўзбекистон-24” телеканали ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилди, 585 та объект бўйича 549 маротаба танқидий лавҳа эфирга узатилди. Ўрганишлар давомида аҳолини қийнаб келаётган қуйидаги муаммолар ҳал этилди:

915 та ободонлаштириш, 356 та электр энергия, 295 та тунги ёритиш, 189 та ичимлик суви, 259 та иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммолар жойида ҳал этилди. 748 та моддий ёрдам, 831 та тиббий ёрдам, 19 та паспорт, 50 та кадастр билан боғлиқ мурожаатлар ўз ечимини топди. 28 та уй-жойи таъмирга муҳтож, ўта оғир шароитда яшаётган фуқароларнинг турар жойлари таъмирлаб берилди. 81 та ҳолатда мурожаатчиларга банк кредитлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. 60 та оиладаги нотинч вазият жамоатчилик аралашуви билан бартараф этилди. 258 нафар фуқаро, жумладан 148 нафар ёш ва 110 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди, 317 нафар шахс жамоат ишларига жалб қилинди. 1.486 та бошқа турли ижтимоий-маиший муаммолар ҳал этилди.

Ўрганишлар давомида ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларга яшаш жойидаги туман тиббиёт бирлашмалари ва тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг аҳволи ўрганилиб, бу борада қатор тизимли камчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома юборилди.

Қаровчиси йўқ ёлғиз яшовчи қариялар, спиртли ичимликларга ружу қўйганлар, ногиронлар, руҳий касалликларга чалинган фуқаролар яшаётган 2.394 хонадон (995 нафар якка-ёлғиз қаровчиси йўқ қариялар, 1.328 нафар ногирон, 677 та руҳий касалликка чалинган, спиртли ичимликка ружу қўйган 50 та оила ўрганилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 3.217 оилага моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар ташкил этилди.

Аҳоли турар-жойлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа бино-иншоотларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини ўрганиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш давомида 348 та кўп қаватли уйнинг том қисми жорий таъмирланди, 206 тасининг фасад қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди. 1020 та кўп қаватли уйларнинг ертўласидаги коммуникация тизими таъмирланди. 748 км. ичимлик суви тармоқлари капитал таъмирланиб, 1550,4 км. янги оқава сув тармоқлари қурилди, 395 та янги қудуқ (люк-обойма) ўрнатилди, 345,7 км. оқава сув тармоқлари профилактик таъмирланди. Кўп қаватли уйларда 37 та янги лифт ўрнатилди, 166 та лифтлар жорий таъмирланди. 899 тасининг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникация тармоқлари таъмирланди. 410 та электр тақсимловчи шитларни таъмирлаш ишлари якунланди, 444 та видеокузатув мосламаси ўрнатилди. 117 та болалар майдончаси қурилди, 188 та майдонча таъмирланиб, жиҳозланди. 112 та мактабгача таълим ташкилоти, 109 та мактаб, 11 та шифохона, 22 та поликлиникада куз-қиш мавсуми билан боғлиқ камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. Куз-қиш мавсуми учун 277 та контейнер, 234 та махсус автомашина шай ҳолатга келтирилиб, 1.291 тонна қум ва 1.122 тонна туз заҳираси яратилди.

Шаҳарда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида республика даражасидаги вазирлик ва идоралар билан боғлик бўлган қуйидаги йирик муаммоли масалалар мавжуд:

– Республика Ишчи гуруҳи томонидан 2018 йилдаги ўрганишлар давомида Мирзо Улуғбек тумани ва Тошкент вилояти Қибрай туманлари кесишмасида аниқланган муаммо – “Ўзбекистон темир йўллари” ДАКга қарашли темир йўлининг Мунавварқори ва Бойжигит маҳаллалари аҳолиси қатновига хавф солмоқда. (Масъул ташкилот: “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК). Бундай муаммоли масалалар Бектемир туманида 24 та, Яшнободда 10 та, Учтепада 2 та, Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Яккасарой туманларида 9 тадан, Олмазор ва Юнусободда 5 тадан, Миробод, Сергели ва Шайхонтоҳурда 3 тани ташкил этади.

Аниқланган мавжуд муаммоли масалалар қуйидаги соҳалар бўйича таҳлил қилинди:

1. Халқ таълими муассасалари бўйича:

– Шайхонтоҳур тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган “Баркамол авлод” болалар мактаби 2005 йилда фойдаланишга топширилган бўлса-да, ўша йилнинг октябрь ойидаёқ яроқсиз аҳволга келган. Бинонинг том қисмидан сув оқади. Бино бутунлай таъмирталаб аҳволда (Масъул ташкилот: Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги).

Бу каби муаммоли масалалар Яккасарой туманида 8 та, Мирзо Улуғбекда 7 та, Яшнободда 5 та, Миробод ва Олмазор туманларида 3 тадан, Сергели ва Чилонзор туманларида 2 тадан, Учтепа, Бектемир, ва Шайхонтоҳур туманларида 1 таданни ташкил этади.

2. Мактабгача таълим ташкилотлари бўйича:

– Мирзо Улуғбек туманидаги 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотини мукаммал таъмирлаш. Мактабгача таълим ташкилоти 1972 йил қурилган бўлиб, 420 ўринга мўлжалланган. Шу кунга қадар мукаммал таъмирланмаган.

Бу каби муаммоли масалалар Мирзо Улуғбек туманида 14 та, Яккасарой ва Олмазор туманларида 6 тадан, Чилонзорда 3 та, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Яшнобод туманларида 2 тадан ҳамда Бектемир, Миробод, Сергели ва Учтепа туманларида биттадан экани ҳисобга олинса, қилинадиган ишлар оз эмас.

3. Маданият муассасалари бўйича:

– Мирзо Улуғбек тумани “Шукур Бурҳонов” маҳалласида жойлашган туман Маданият маркази жорий таъмирга ҳамда “Олтинтепа” маҳалласида жойлашган 2-сон Маданият марказининг биноси бузилганлиги сабабли янги бинога муҳтож (Масъул ташкилот: Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги). Бундай муаммоли масалалар Мирзо Улуғбек туманида 2 та, Олмазор, Миробод ва Шайхонтоҳур туманларида биттаданни ташкил этади.

4. Соғлиқни сақлаш тизими бўйича:

– Чилонзор тумани санитария-эпидемиологик осойишталик маркази биносини мукаммал таъмирлаш ва тўлиқ жиҳозлаш лозим. Марказ биноси 1964 йилда қурилган бўлиб, ҳозирга қадар мукаммал таъмирланмаган (Масъул ташкилот: Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги).

Бу соҳадаги муаммолар Яшнобод туманида 11 та, Чилонзорда 7 та, Олмазорда 5 та, Яккасаройда 4 та, Мирзо Улуғбекда ва Шайхонтоҳурда 3 тадан, Миробод ва Сергели туманларида биттаданни ташкил этади. Бундан ташқари, аҳолининг коммунал соҳада Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлари билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида мунтазам таҳлиллар олиб борилиши ва мурожаатларни уч кундан ошмаган ҳолда кўриб чиқилиши юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бунинг натижасида биргина коммунал соҳада Халқ қабулхоналарига келиб тушган 1.815 та мурожаатнинг 1.341 таси ёки 73,8 фоизи ижобий ҳал этилишига эришилди. Пойтахт туманларида қиш мавсумини беталофат ўтказилиши юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Оммавий қабул одамларнинг сиёсий ва ижтимоий қарашлари ўзгариб бораётганини, аҳоли жамият, кўпчилик манфаатини кўзлаган масалаларни, таклиф ва мулоҳазаларни кўтариб чиқаётганини кўрсатмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ёшлар мурожаатларини қабул қилиш маркази 1250 қисқа рақами орқали Президент виртуал қабулхонасига интеграция қилинган. Ёшлар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар асосан бандлик, ўқишга кириш, ўқишни кўчириш, қайта тиклаш, ер майдони ажратиш, кредит олиш каби кўплаб ҳаётий зарур масалаларни ўз ичига қамраб олади. 1250 қисқа рақами орқали қилинаётган мурожаатлар масъул ижрочилар томонидан қабул қилиниб, уларнинг ижроси назорат қилиб борилмоқда.

Халқ қабулхонаси бугунги кунда фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун тегишли шароитлар яратиб бермоқда. Шу билан бирга, тегишлилиги бўйича судлар ва бошқа масъул идоралар орқали ҳал этиладиган масалаларда ҳам фуқароларга йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдам бермоқда.

Бироқ халқ қабулхоналарининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш юзасидан ҳисоботи шуни кўрсатадики, мурожаатлар билан ишлаш жараёнларида очиқлик ва ошкоралик бўлмаса, уларнинг фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилмаса, бу ишда холислик йўқолади. Доимий назорат бўлмаган жойда қабулхоналарга халқ ишончи камаяди ва жамият ривожланмайди. Халқ қабулхоналари ҳали янги тизим ва мазкур йўналишни илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш жуда муҳим ҳисобланади. Бунда Халқ қабулхоналари томонидан доимий равишда аҳоли муаммолари амалда ҳал этилиб борилиши лозим. Рақамлаштирилган технологиялардан фойдаланиш, шу асосда сўровномалар ўтказиш ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни очиқлик, шаффофлик ва холислик асосида ҳар томонлама тўлиқ ўрганиш имконини беради. Бундай ҳолатлар Халқ қабулхоналарининг халқчиллигини янада оширади.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 200 дан зиёд Халқ қабулхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг халқчил демократик институтга айланди. Ҳар бир мурожаат тегишли ташкилотлар, давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Электр энергияси, газ, суюлтирилган газ, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа хизматлари юзасидан йўлланаётган мурожаатлар зудлик билан кўриб чиқилмоқда ва аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Мамлакатимизда янги давр бошланмоқда. Ҳаётга тийрак назар ташлаш, халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларнинг ечимини топиш орқали одамлар дардига малҳам бўлиш, инсон манфаатларини энг олий қадрият деб билиш бугун жамиятимизнинг, Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг асосий шиорига айланди. Халқимиз жамиятда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни ўз ҳаёти мисолида кўраяпти, уларга баҳо бераяпти. Халқ баҳоси эса энг холис баҳо ҳисобланади.

 

Тоҳир МУЛЛАЖОНОВ,

Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: