Музработлик фидойи шифокорларнинг 15 нафари партиямиз нашрларига йиллик обуна бўлмоқчи
Халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида Музработ туманида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда 142 мингга яқин аҳолига 260 ўринли марказий шифохона, 850 қатновга мўлжалланган амбулатория-поликлиника, 7 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳамда 8 та қишлоқ оилавий ва қишлоқ врачлик пунктлари хизмат кўрсатмоқда.
Ҳудуддаги айрим тиббиёт масканлари ўтган асрнинг 65-70 йилларида қурилган бўлиб, замон талабига жавоб беролмай қолганди. “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида жорий йилда “Деҳқонобод” ва “Орият” маҳаллаларидаги собиқ амбулаториялар 2 миллиард 258 миллион сўм эвазига қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Яратилган қулай шароит 8 минг нафардан ортиқ аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Туман марказидан 50 километр олисда жойлашган Райим Бўриев номли қишлоқ врачлик пунктига қўшимча “Дамас” санитар автоулови ажратилиб, тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил қилинганидан кўпчилик миннатдор.
Ташаббус бор жойда муваффақият бўлади. Туман ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларининг саъй-ҳаракати билан “Боғи эрам” маҳалласида тиббий таянч маскани иш бошлади. Замонавий ва кўркам мажмуанинг асосий қисми Россия, Хитой ва бошқа хорижий мамлакатлардан келтирилган асбоб-ускуналар билан таъминланган.
– Электоратимиз вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш устувор вазифамиз, – деди тиббиёт бирлашмасидаги ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти етакчиси Азамат Бекбобоев. – Ўтган ярим йилда эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган 150 нафардан ортиқ кишига ногиронлик аравачалари, тиббий жиҳозлар, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқлар олиб берилди. 41 нафар пенсионеримиз сиҳатгоҳларда ўз соғликларини тиклаган бўлса, ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз инсонларнинг қарийб 20 нафарига 5 миллион 600 минг сўмлик гигиеник восита ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бу каби хайрли ишларни мунтазам давом эттириш кўзда тутилган.
– Шиддат билан ривожланаётган даврда яшаяпмиз, – дейди Музработ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси, ЎзХДП аъзоси Рустам Одинаев. – Барча соҳаларда тарихий ислоҳот ва янгиланишларга гувоҳ бўляпмиз. Бу жараёнларни оммавий ахборот воситалари иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Оммавий ахборот воситалари, хусусан, газеталар нафақат ахборот тарқатади, таълим-тарбия беради, муаммоларни кўтаради, одамларни улуғ ишларга даъват этади.
Шу боис, биз ҳар йили қатор газеталарга, хусусан, «Ўзбекистон овози»га обуна бўламиз. Ҳамкасбларимизнинг 300 нафардан ортиғини партиядошларимиз ташкил қилади. Соҳадаги ўзгариш ва янгиланишларни “Ўзбекистон овози” орқали мунтазам ўқиб борамиз. Танқидий-таҳлилий чиқишлар ва турли мавзулардаги мақолалар бизга манзур бўлаяпти. Яқин кўмакчи ва ишончли маслакдошимиз бўлган ўз нашримизга келгуси йил учун 15 нафар партиядошимиз йиллик обуна бўлиш истагини билдирди. Бу ташаббусни қўллаб-қувватловчи сафдошларимиз сафи янада кенгайишига ишонаман.
– Ҳар бир партия аъзоси ёки партиямиздан сайланган депутатлар ўз газетамизга обуна бўлишга бурчли, деб ўйлайман, – дейди Ўзбекистон ХДП Музработ туман кенгаши раиси Панжи Норматов. – Ҳаётимизда телефон ва компьютернинг ўз ўрни бор, аммо газета-журналнинг аҳамияти ўзгача. Шундай экан, сиёсий партия ташкилоти ва сафдошларимиз биринчи навбатда партиямиз нашрларига обуна бўлишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бунга аввало ўзимиз ва депутатлар ўрнак бўлишимиз керак.
Абдумалик ҲАЙДАРОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.