25.11.2020

СТАТИСТИКА НИМА ДЕГАНИ

ва у нималарга хизмат қилади?

Статистика ижтимоий, иқтисодий ҳаётнинг бир бўлагидир. Жамият ва давлатлардаги барча ўзгаришларни статистика орқали англаш мумкин. Статистика – бу лотинча сўздан олинган бўлиб, “status” “вазият” маъносини англатиб, маълумот йиғиш, тартиблаш, таҳлиллаш, шарҳлаш ва кўрсатишга бағишланган математика соҳасидир. Бинобарин, қадимги давлатлар — Миср, Хитой, Қадимги Юнонистонда аҳоли ва унинг таркиби, фуқароларнинг мулкий ҳолати, чорва моллари, ерлар сони ва бошқалар тўғрисидаги маълумотлар зарур бўлиб, бу статистик амалиётга асос яратди.

Статистика фан сифатида XVII асрнинг иккинчи ярмидан ривожлана бошлади, яъни Европада иккита асосий мактаб пайдо бўлди: Англияда – статистика математик мактаби, Германияда – тавсифловчи статистика мактаби. Фан сифатида эса 17-аср охирида инглиз иқтисодчи олими ­У. Петти томонидан асос солинди.

Ҳозирги вақтда “статистика” атамаси асосан учта маънода ишлатилмоқда. Биринчидан, статистика амалий фаолиятнинг бир бўлаги сифатида тушунилади, унинг мақсади ижтимоий ҳаётнинг турли хил ҳодисалари тўғрисида оммавий маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва нашр этишдир. Ҳар бир минтақада ва давлатларда аҳолининг сони ҳамда таркиби тўғрисида маълумотлар тўпланади, корхоналар ва ташкилотлар ҳисобга олинади, ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми тўғрисида маълумотлар йиғиб борилади. Ушбу соҳани тартибга солишда ваколатли давлат органи белгиланади.

Иккинчидан, статистика – бу ижтимоий ҳодисаларнинг маълум бир соҳасини тавсифлаш ёки индикаторнинг ҳудудий тақсимланишига хизмат қиладиган, даврий нашрларда, маълумотномаларда ва тўпламларда нашр этилган рақамли материаллар. Масалан, Тошкент шаҳрида бензин нархининг динамикаси 2019 йилнинг иккинчи ярми ҳолати бўйича.

Учинчидан, статистика билимларнинг бир бўлаги, кенг маънода, тасодифий катта ҳодисалар ва жараёнларнинг кузатиш натижаларини тўплаш, тизимлаштириш, таҳлил қилиш, изоҳлаш ва намойиш қилиш усулларини ишлаб чиқадиган махсус илмий фан деб аталади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси вилоятларида меҳнат ресурслари сифати ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги боғлиқликни ўрганади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда, жумладан, статистика соҳасида ҳам. Ушбу соҳанинг фаолияти натижасида мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва демографик кўрсаткичларини ўз вақтида эълон қилиб бориш ҳамда статистик натижаларнинг шаффофлиги ва холислиги таъминланмоқда.

Ушбу соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асослари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунлари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5655-сон Фармони.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 апрелдаги “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4273-сон, 2020 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4697-сон қарорлари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 августдаги ПҚ-4796-сонли қарори билан миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, статистика органларини талаб юқори бўлган, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш; илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, нашр этиш ва сақлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш; расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш; давлат статистика органлари ходимларининг касбий даражасини ошириш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда келгусида амалиётда қўллаш учун илғор статистика усуллари ва технологиялари, жумладан, очиқ маълумотлар соҳасида инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш.

Шу билан бирга, бугунги кунда статистика идораларининг олдида аҳолини рўйхатга олишдек масъулиятли вазифа турибди. Ушбу жараёнларни юксак даражада ўтказиш ва асосий мақсад Ўзбекистонда аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принципларига даврийлик, умумийлик ва бир пайтдалик, рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги, шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги, аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлигини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда энг камида бир марта амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг ягона белгиланган санасида шахсга доир маълумотларни барча респондентлардан йиғиш Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида бир пайтнинг ўзида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, қуйидагиларни амалга оширади. Уларга рўйхатга олиш ҳужжатлари шаклларини, рўйхатга олувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, аҳолини рўйхатга олиш дастури ва рўйхатга олиш варағининг шаклларини ишлаб чиқиш, рўйхатга олиш варақлари тайёрланишини ва ҳудудларга етказилишини таъминлаш, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида аҳолини хабардор қилишга доир ишларни мувофиқлаштириш, рўйхатга олувчи ходимларни танлаб олиш ва ўқитиш тартибини, шунингдек, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тартибини белгилаш ва уларга ишлов беришни амалга ошириш, рўйхатга олиш варақлари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларининг сақланиши (жумладан, вақтинча сақланиши), йўқ қилиниши тартибини белгилаш, рўйхатга олиш варақлари ҳамда бошқа аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини сақлаш ва йўқ қилишни таъминлайди.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида чақирув асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлган, шунингдек, контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзоси бўлган респондентлар ҳақидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳарбий қисм командири ёки у ваколат берган шахс томонидан амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш санасида: болалар интернатларида, тарбия муассасаларида, «Болалар шаҳарчалари»да, ижтимоий муассасаларда, диний муассасаларда, шифохоналарда ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида, зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларида, қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшаётган (бўлган) респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш ушбу қисмда назарда тутилган муассасалар ҳамда ташкилотлар маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан рўйхатга олиниши лозим.

Шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш натижасида шакллантирилган йиғма статистик ахборот аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидир.

Аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг асосий кўрсаткичларини тавсифловчи якуний маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқдир ҳамда улар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ва махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, статистика соҳаси жамият ва давлатнинг иқтисодий устунларидан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда ҳамда халқаро рейтингларда ўз ўрнига эга бўлишига хизмат қилади.

 

Қодирбек МУСАЕВ,

Давлат статистика қўмитаси

юридик бўлими бошлиғи, ҳуқуқшунос,

Шерзод АХУНОВ,

бош юристконсул.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: