Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
18.11.2020

БЕМИННАТ ДАСТЁРЛАР

Қушларнинг иқтисодий фойдаси бисёр

Бир япалоққуш 1000 та сичқонни еб, бир тонна ғаллани асраб қолади.

Кўкқарға кўкйўталга даво...ми?

Каклик – тоғлар маликаси

Бойўғли хосиятсиз қуш эмас!

Бургут – мардлик, жасурлик тимсоли.

Қушлар ҳақида нималарни биламиз ёки билмаймиз? Қушларни сидқидилдан асрашга ҳар бир инсон ўзининг масъулиятини, бурчини қай даражада билади? Тўғри, биз қушларни табиат зийнати, деб биламиз. Тинч, беғубор осмонимизда чарх уриб учаётган турли-туман қушларга боқиб тўймаймиз. Айниқса, кўкка тўш уриб, ўзининг қудратли қанотларини кенг ёйиб, мағрур парвоз қилаётган бургутни кўрсак, ич-ичимиздан қувонамиз.

Биз табиат фарзандимиз. Қушлар-у ҳайвонлар, тоғу тошлар, дарахту гиёҳлар, ям-яшил қиру адирлар, сув, ҳаво – буларнинг барчаси табиатнинг бизга тортиқ қилган инъомларидир. Биз бу бойликларни асраб-авайлашимиз, кўпайтиришимиз керак. Табиийки, ҳозирги пайтда ноёб қушлар ва жониворларнинг баъзи бир турлари камайиб кетяпти ёки йўқолиш арафасида турибди. Бу – табиатга нисбатан лоқайд муносабатда бўлаётганлигимизнинг оқибати, албатта. Инсоннинг табиатга, табиий бойликларга бефарқ муносабати сабабли яқин юз йил ичида ер юзида қушларнинг 139 тури тамомила ном-нишонсиз йўқолгани олимлар томонидан аниқланди. Шунга кўра, "Қизил китоб"дан қушларнинг 33 тури ва кенжа тури жой олган. Айниқса, улар орасида тоғ ғози, болтаютар, оқдум бургут, дашт бургути, йўрға тувалоқ, қора лайлак, лочин, қирғовул, тустовуқ, илон бургут ва бошқалар бор. Қушларнинг бу турлари аксариятини бизнинг ҳудудимизда учратиш мумкин.

Бироқ ҳозирги кунда улар инсон муҳофазасига муҳтож. Масалан, оддий қуш – кўкқарғанинг камайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзи бировлар бу қушнинг гўштини кўкйўтал касаллигига чалинган беморларга едирса шифо бўлади, деб уларни овлашди. Аслида у бошоқли экинларнинг кушандаси саналган чигиртка ва бошқа турли хил қурт-қумурсқаларга қирон келтиради. Биологларнинг айтишича, уларнинг ҳар бири кунига 300-400 граммгача турли ҳашаротлар билан озиқланаркан.

Каклик, беданаларнинг ҳам сони йил сайин кўпайиш ўрнига камайиб кетаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Уларнинг камайишига овчиларнинг "ҳисса"си йўқ дейсизми? Саёқ овчилар аллақачонлар каклик, бедана тутиш бўйича устаси фаранг бўлиб кетишган. Какликларни тоғларнинг маликаси дейишади. Улар тоғда ўсадиган турли ўсимликларнинг ашаддий кушандаси бўлган ҳашаротлар ва шиллиқуртларни еб кун кечиради. Шундай экан, қушлар бебаҳо хазина эканлигини унутмаслигимиз керак...

Сувлоққа келаётган бир тўда какликлар галаси қўлбола тузоққа қандай илинганини билмай қолади. Ёки каклик тутишнинг яна бошқа бир тури – тўр ичига макиён какликни солиб қўйишади ва шу туфайли бир неча каклик саёқ овчилар ўлжасига айланади. Бундан ташқари, кўп усуллар билан қуш овлашни ўрганиб олган саёқ овчилар ҳамон учраб турибди. Беданаларни тутиш ҳам бундан мустасно эмас. Бу беозор қушларнинг жамиятга нима зарари бор? Улар тоғлардаги турли хил ноёб ўсимликларни зараркунандалардан тозалаб, жамиятимизга иқтисодий фойда келтиради. Тўғри, қиш қиличини яланғочлаб келган қаҳратон кунларда какликлар дон топиш илинжида қишлоқлар томон энадилар. Баъзи кишилар оч қолган какликларга дон бериш ўрнига уларни осонгина тутиб олиб...

Баҳор фаслига келиб, какликлар 15-20 тагача тухум қўяди. Баъзи бешафқат кишилар тухумларни уйларига олиб кетиб, курк бўлган товуқларнинг тагига бостириб қўядилар. Натижада "фермача" вужудга келади. Бундай ҳоллар республикамизнинг тоғли қишлоқлари аҳолиси орасида учраб туради. Тоғ ҳашаротларига қирон келтираётган беозор паррандаларга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш вақти аллақачон етган.

Бургут ҳақида сўз кетар экан, бу йиртқич қуш тўғрисида турли ривоятларни ўқиганмиз, эшитганмиз. Гўёки мардлик ва жасурлик тимсоли сифатида унга таъриф берилади. Қушларнинг шоҳи бўлган бургут санитарлик вазифасини ўташи билан ҳам жамиятга келтираётган фойдаси беқиёс. Ҳатто ундан айрим йиртқич ҳайвонлар ҳам ҳайиқади. Қудратли қанотлари билан юксакликка парвоз этаётган бу ноёб қушни кўрган бўри ва тулкилар ундан ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида жон талвасасида қочадилар, бургут уларга яқинлашиши билан тўрт оёқларини осмонга кўтариб, типирчилаб қоладилар. Йиртқич қуш ўлжасини дастлаб икки кўзига чанг солиб, ўйиб олади ва мағлуб этгач, бақувват панжалари билан маҳкам қисган ҳолда ўткир тумшуқлари билан чўқиб, ея бошлайди. Ўзидан ортганини полапонларига ташийди.

Биз энди тунги зараркунандалар билан озиқланиб кун кечираётган укки, бойўғли каби қушлар ҳақида ҳам гапириб ўтишимиз керак. Кўпинча одамлар укки, бойўғли ҳақида ёмон фикрда бўладилар. Гўёки улар ёмонлик даракчиси эмиш. Тунда ов қилиб ҳашаротларни еб, уларга қирғин келтирадиган тентакқуш ҳамда йиртқич қушлар туркумига кирувчи бойўғли оқшом тушиши билан учиб чиқадиган ҳар хил қўнғиз ва тунги капалакларга қирғин келтиради. Бундан ташқари, бойўғлиларнинг асосий овқати тунда чиқадиган уй ва дала сичқонлари ҳисобланади. Бир жуфт бойўғли йил мобайнида ўн мингга яқин сичқонни ўлжасига айлантиради. Шу боис, бойўғли далаларда етиштириладиган тонналаб бошоқли экинларни сичқонлардан сақлаб қолиб, қишлоқ хўжалигига катта наф келтираркан.

Зараркунандалар камайишига ҳисса қўшишда япалоққуш бойўғлидан қолишмас экан. Япалоққуш бойўғлидан йирикроқ бўлиб, тунда овга чиқади. Унинг учиб қўнганини инсон тугул, ҳатто ҳушёр жониворлар ҳам сезмай қолади. Бир япалоққуш ёз мобайнида ўртача мингта сичқонни еб, бир тонна ғаллани сақлаб қолади. Энди юзта ёки мингта япалоққушнинг давлат хазинасига қўшган ҳиссасини ҳисоблаб кўринг-чи? Маълумотларга кўра, йиртқич қуш – бойқушнинг овқат чиқиндисидан 22 та чўл сичқони, 6 та уй сичқони, 4 та узунбурун сичқон, 2 та қумсичқон ва 1 та кўрсичқон қолдиғи топилган. Бундан ташқари, йиртқич паррандалар зараркунанда ҳашаротлар билан бир қаторда юқумли касаллик тарқатувчи баъзи сут эмизувчи, кемирувчиларни йўқотиб, табиатда жуда муҳим санитарлик вазифасини ўтайди. Биринчи навбатда касал ва кучсиз жониворлар билан озиқланиб, шу тариқа инсонга жуда катта фойда келтиради. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, 2 та миққий (куйка) қуши бир кунда ўз болаларига 9 та юмронқозиқ, 5 та чўл сичқони, 2 та дала сичқони, 1 та сичқон боласини келтиргани аниқланган.

Маълумки, кемирувчилар (сичқон, каламуш, юмронқозиқ ва бошқалар) жуда тез кўпаядиган ҳайвонлар туркумига киради. Улар ер шарининг барча ҳудудларига кенг тарқалган. Кемирувчилар бир йилда 3-7 маротаба болалаб, ҳар болалаганда, камида саккизтадан туғади. Уларнинг ҳар хил юқумли касалликлар тарқатишини кўпчилик яхши билади. Кемирувчилар асосан юқумли ўткир ичак касалликлари, чума (ўлат), гелминтоз касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Айрим давлатларда аҳолининг кемирувчилардан жабр кўраётгани оммавий ахборот воситаларида кўп ёритилмоқда. Бундан кўринадики, биз юқорида санаб ўтилган қушлар санитар вазифасини ўташи билан бирга, қишлоқ хўжалиги экинларини нобудгарчилигидан сақлаб қолиб, аҳолига беминнат дастёр эканидан далолат беради.

Чигиртка ва бошқа ҳашаротларнинг ҳам деҳқончиликка катта зиён етказиши ҳеч кимга сир эмас. Ўтган йиллари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг баъзи ғалла етиштириладиган майдонларига чигирткалар хуруж қилганидан хабаримиз бор. Уларга кимёвий йўл билан барҳам берилиб, офатнинг олди олинганди. Албатта, бу ишларни амалга ошириш маблағсиз битмайди. Қуйидаги маълумотларга бир назар ташласангиз, бундай зараркунанда ҳашаротларнинг кушандаси бўлган қушларнинг иқтисодий фойдаси беқиёс эканлигига амин бўласиз.  

Какку қуш бир соатда юзта қурт еса, қизилиштон болаларига бир кечаю кундузда 300 марта овқат келтиради. Жумладан, бир жуфт қалдирғоч кунига ўртача 16 соат учаркан. Қалдирғоч полапонига оғзида бир соатда 20 марта овқат келтиради. Бу қушларнинг ота-оналари инларига ўртача 60 марта келиб-кетади. Иккита қалдирғоч кунига 640 та зарарли ҳашаротларни болаларига келтирса, 600 тасини ўзи тинчитаркан. Умуман, битта қалдирғоч ёз мобайнида бир миллионга яқин ҳашаротни қириб ташлар экан. Бошқа қушлар емайдиган тукли ҳашаротларнинг 100 тасини какку бир соатда еб битиради. Ёки фотмачумчуқ 18 соатда 370-380 марта, чуғурчуқ 17 соат мобайнида 198 марта, қалдирғоч 295 марта, қизилиштон 24 соат ичида 469 марта ўз уясига овқат ташигани аниқланган.

Қизилиштонларни мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларида учратиш мумкин. У қишнинг қаҳратон совуқларида ҳам дарахтларнинг пўстлоғини тешиб, ўрмон зараркунанда ҳашаротларини қира бошлайди. Бошқа қушларга ўхшаб иссиқ ўлкаларга учиб кетмайди. Кўпгина дарахтларнинг барвақт қуриб қолишидан сақлайди. Қизилиштоннинг яна бир хусусияти бор: орқасидан учиб юрган бир гала читтакларни ҳам "боқади". Қизилиштон дарахт пўстлоғини тешиб, ундан йирик ҳашарот ғумбагини топиб олади. Читтаклар эса унинг атрофида сакраб, қочаётган ҳашаротларни тутиб ейди. Ёки оддийгина яна бир мисол. Митти қушлар авлодига мансуб читтакни яхши биласиз. Бир жуфт читтак 30-40 туп дарахтни зараркунандалардан халос этиб, унинг ўсишига катта ҳисса қўшаркан. Чуғурчуқ бир кунда 200 граммгача чигирткани еб тўймас экан. Бир жуфт майна эса йил давомида 150 минг чигирткани кўрдим, демайди.

Бизнинг ҳудудимизда кўпчилик билмайдиган қушлар ҳам учрайди. Масалан, жаннат қуши (жаннат пашшахўри), ваҳмақуш ва бошқа паррандалар шулар жумласидандир. Улар ўзининг қизиқ хусусиятлари билан ажралиб туради. Пашша, чивин ва бошқа кичик ҳашаротлар уларнинг энг яхши кўрган хўраклари ҳисобланади.

Патлари жуда чиройли бўлгани учун оврупаликлар пашшахўрни "жаннат қуши" деб номлаган. Бу қушчанинг чиройли патлари бошига бало бўлган, негаки уни ана шунинг учун овлашган. Афсуски, ҳозир бундай қушларнинг тури анча камайиб кетди. Ваҳмақуш эса дарахт шохларига ажойиб сават шаклида уя қуриб, уянинг кириш жойига тўсин ҳам қўяди. Қуш учиб кетаётганида уяни "қулфлаб" кетади. Шарқий Оврупа аҳолиси ваҳмақушлар уясидан уйда кийиладиган юмшоқ шиппак ясайдилар. Чунки бу нозик қуш уяни ҳар хил жунлардан, ўргимчак иплари ва ўсимлик толаларидан мустаҳкам қилиб тўқийди. Ўз-ўзидан маълумки, ҳатто мана шу митти қушчаларимиз жамиятимизга жуда катта иқтисодий фойда келтиради.

Ўтган йили меҳнат таътилида тоғлик қариндошимизникига меҳмонга бораётганимизда тоғдан тушиб келаётган икки ўспиринга кўзим тушди. Ёзнинг иссиқ кунлари бўлишига қарамасдан, уларнинг қўлида қандайдир қўлқопга ўхшаш нарса кўрингандай бўлди. Ҳойнаҳой, ваҳмақушнинг уяси бўлса керак, галма-галдан бири қўйиб, бири қўлига олиб, худди ҳайратлангандай қўлқоп кийганга ўхшатиб кийиб кўрарди. Буни сезиб турган бўлсам-да, қизиқсиниб: "Нима бу?" – деб сўрадим улардан.

– Бу ваҳмақушнинг уяси, ўзиям жуда ноқулай, тиканли жойда экан, зўрға олдик, – дейишди улар бараварига.

– Полапонларини нима қилдиларинг?

Менинг бу саволимдан улар бироз ўнғайсизланишди, кейин ташлаб юборишганини яшириб ўтиришмади. Мен уларни бу қилмиши учун койидим. Бироқ кеч бўлган эди. Айтиш жоизки, бугунги кунда тоғларимиз, боғ-роғларимиз зийнати бўлган бундай ноёб қушлар сони шундоғам кескин камайиб кетмоқда.  

Мамлакатимиз ҳудудида донхўр қушлар бисёр. Улар қишлоқ хўжалиги экинларига зиён келтирадиган бегона ўт уруғларни еб, деҳқонларга дастёрлик вазифасини ўтайди. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, қанотли дўстларимиз жамиятимизда ўзларининг беминнат хизмати билан ажралиб туради. Бундан ташқари, уларнинг мамлакатимизда тарқалиши мумкин бўлган эпидемик ва эпизоотик фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда ҳам муайян ҳисса қўшишини ҳар ким ҳам билавермаса керак.  

Жонажон ўлкамизда юқорида санаб ўтганимиздан ташқари, қарқуноқ, олатўғаноқ, зарғалдоқ, булбул, сассиқпопишак ва майна ҳашаротхўр қушлар сирасига киради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, айрим қушлар боғ-роғларга ҳужум қилиб, меваларни чўқиб, деҳқонларни саросимага туширади. Аммо бундай қушларнинг жамиятимизга қўшган ҳиссасини иқтисодий жиҳатдан таққослаб кўрсак, фойдаси зараридан бир неча баробар зиёд эканини билиб олиш қийин эмас.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу масала янада ойдинлашади. Биолог олим Собир Матёқубовнинг ёзишича, йигирманчи асрнинг бошларида Хитой давлати донхўр ва мевахўр қушларни қишлоқ хўжалигига катта талафот етказганлиги учун йўқ қилишга киришган. Дастлабки натижа ёмон бўлмаган, ҳосилдорлик ортган. Аммо хитойликлар бу усул билан узоққа боришолмаган. Сабаби – улар "ёмғирдан қочиб, дўлга тутилишган". Мавжуд экинзорларни қўнғиз, сичқонсимон кемирувчилар ва турли хил ҳашаротлар қоплаб ола бошлаган. Натижада Хитой қишлоқ хўжалиги чуқур таназзулга юз тутади. Одамлар орасида юқумли касалликлар тарқалади. Хатосини ўз вақтида англаб етган Хитой ҳукумати қўшни мамлакатлардан валюта ҳисобига қушлар келтиришга мажбур бўлади ва уларга экологик муҳит яратиб беради.

Яна бир тарихий воқеа. 1759 йилда Маврикий оролини табиий офат – қизил чигиртка қоплаб, бутун ўсимлик дунёсига қирон келтирган. Оролдагилар Ҳиндистондан майна қушини келтириш йўли билангина бу табиий офатни бартараф этишга муваффақ бўлишади.

Фурсатдан фойдаланиб, кўршапалаклар хусусида ҳам айтиб ўтишни лозим топдик. Бу жонивор учиб юргани учун одамлар уни қуш деб биладилар, фанда эса у ҳайвон ҳисобланади. Кўршапалакни "тунги қалдирғоч" ёки "санитар қуш" дейишади. Уларнинг емиши қалдирғочники сингари пашша, чивин, қўнғиз ва кечаси учадиган зараркунанда ҳашаротлар ҳисобланади. У бир кечада ўрта ҳисобда 500 та зараркунандани қириб ташлайди. Шунинг учун ҳам кўршапалаклар қишлоқ хўжалик зараркунандаларига қарши курашда энг яхши биологик қурол вазифасини ўтайди.

Қуйида кўршапалакларга бўлган салбий муносабатлар хусусида ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Дунёда ягона уча оладиган сут эмизувчилар туркумига кирувчи ҳайвонлар ҳақида бизнинг тасаввуримиз қандай? Баъзи бир давлатларнинг хурофотчи фуқаролари кўршапалаклар хусусида нотўғри хаёлга борадилар. Айрим касалликларнинг кенг тарқалишига кўршапалакларни кўр-кўрона айбдор қилиб кўрсатиш адолатдан эмас. Ваҳоланки, турли зараркунанда ҳашаротларга қирон етказиб, давлатга ва жамиятга беҳисоб наф келтирувчи кўршапалаклар Она табиатнинг инсонга ато этган бебаҳо туҳфасидир. Экинларга беҳисоб зарар етказувчи тунги ҳашаротлар билан озиқланиб, уларни беаёв қираётган (АҚШ фермаларига йилига 3,7 млрд. доллар наф келтиради) учар ҳайвонларга салбий муносабат қачонгача давом этади?

Ҳолбуки, кўршапалакларнинг соғлом экотизим ва инсоният учун аҳамияти беқиёс. Маълумотларга қараганда, 500 тадан ортиқ ўсимлик тури кўршапалаклар ёрдамида чангланаркан. Улар экинларга зарар етказиб, уларни яксон қиладиган ҳашаротларга қирон келтирибгина қолмай, тропик ўлкаларда ўсимлик ва дарахтларнинг чангланишини таъминлайди. Фақат шуларгина эмас, тропик дарахтларнинг уруғини тарқатиб, иқлим исишига қарши курашда дастёр вазифасини ўташи мутахассислар томонидан аниқланган.

Афсуски, бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган COVID пандемияси туфайли кўршапалакларга қарши кураш авжига чиқяпти. Жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Перу, Австралия ва Индонезияда кўршапалаклар атайлаб ўлдирилаётгани тўғрисида хориж матбуоти бонг уряпти. Янги турдаги коронавирус – Covid-19 кўршапалаклардан чиққани ва ҳануз аниқлай олинмаган қандайдир бошқа бир ҳайвон орқали инсонга юққани тахмин қилинмоқда. Бундан олдин Sars, Mers ва Эбола каби бир қатор бошқа касалликлар ҳам одамларга шу йўл билан юққанди.

Бундай ғайритабиий ҳолат турли кўринишдаги кўнгилсиз вазиятларни юзага келтириши мумкин. Шу боис, олимлар хато тушунча оқибатида кўршапалак камайиб кетиб, айрим касалликлар тарқалиш хавфи янада ошиб кетишидан огоҳлантирмоқдалар. Бу борадаги нотўғри хатти-ҳаракатларимиз тузатиб бўлмас кўнгилсизликларга олиб келиши, инсоният учун муҳим экотизимларга фожиали зарар етказиши эҳтимолдан холи эмас. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мутахассисларининг таъкидлашича, кўршапалакларни айбдор қилиш керак эмас ва улар табиий ҳолатда инсон саломатлигига жуда кам хавф туғдиради.

Аслида кўршапалаклар асрлар давомида инсон билан ёнма-ён яшаб келган. Бу ҳар икки тарафга ҳам наф берган. Кўршапалаклар табиат мувозанатида ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Кўпчилиги мева уруғларини тарқатади, баъзи турлари эса бир кечада миллионлаб тонна ҳашаротларни ейди. Масалан, Португалиядаги Коимбра университет шаҳарчасида кўршапалаклар 18-асрда қурилган кутубхонада уч асрдан буён яшаб келади. Улар қўлёзмаларга зарар етказадиган ҳашаротлар билан озиқланади. Шундай экан, уча оладиган сут эмизувчилар ҳайвонлар экотизим мувозанатини бир маромда сақловчи мураккаб табиий тармоқнинг ажралмас бир қисмидир.

Республикамизда кимёвий моддаларнинг меъёридан ортиқча ишлатилиши натижасида кўпгина майда ҳайвонлар қаторида паррандалар ҳам камайиб кетгани сир эмас. Айниқса, қўриқ ва бўз ерларнинг беҳисоб ўзлаштирилиши оқибатида бир қанча ҳайвонларнинг яшаш шароити ўзгармоқда, кўл ва бошқа сув манбалари қуриб қолиши натижасида дашт ҳайвонларидан ташқари сув паррандалари миқдори кескин камайиб кетаётгани ташвишли ҳолат.

Диёримиз табиий захираларга ниҳоятда бой, бетакрор ўлкалардан биридир. Шубҳасиз, уларни янада бойитиш ўзимизнинг қўлимизда. Юқорида биз тилга олган қушларнинг баъзилари ҳозирги вақтда анча камайиб қолганлиги сабабли республикамиз "Қизил китоб"идан жой олган. Улар бугунги кунда инсон ҳимоясига муҳтождир. Шунинг учун ҳам биз келажак авлодларни табиатни муҳофаза қилишга даъват этиб, қалбида паррандаю даррандаларга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотиб боришимиз зарур.

Қуръони Каримда, Ҳадиси шарифларда ҳам қуш ва ҳайвонларни асраб-авайлаш, уларга зулм қилмаслик, шарт-шароит яратиб бериш ҳақида бир қатор оят ва мисоллар келтирилган. Қушлар ҳақида кўплаб ҳадису шарифлар ҳам мавжуд. Масалан, пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор-бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлиларга, маҳаллаларга дарахт ва гул кўчатларини эксак, ҳайвонот ва наботот оламига меҳрли бўлсак, бунинг савоби ҳаммамизга тегади. Қушлар ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз даркор.

 

Азамат СУЮНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: