11.11.2020

«АҲОЛИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ»

қайси раҳбарга саволингиз бор?

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” – қонун устуворлиги ва жамоатчилик манфаатини таъминлашда демократик институтларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш мавзусидаги Давлат фондлари ажратиш учун эълон қилинган танловнинг “Аҳоли билан очиқ мулоқоти” йўналишида таҳририятимиз лойиҳаси ғолиб, деб топилди. Лойиҳамизга  асосан газетамизда “Сиртқи қабул соатлари” рукнини ташкил этаяпмиз.

Одамлар қачон давлат идоралари ёки жамоат ташкилотларига мурожаат қилади? Муоммоларга дуч келганда, чорасиз қолиб, ёрдамга муҳтож бўлганда ёки адолатсизликка учраганида, янада оддийроқ ва оғирроқ қилиб айтганда, пичоқ суякка қадалганда...

Муаммоларнинг ошиши ёки камайиши, одамларнинг дарди оғирлашиши ёки енгиллашиши, ҳаётдан, давлатдан розилиги ёки норозилиги уларнинг мурожаатларига идора ва ташкилотлар қандай муносабат  билдираётганига боғлиқ. Фуқароларнинг ариза-шикоятига масъулият билан қаралса, масала холис ўрганилиб, вақтида тегишли чора кўрилса, табиийки, одамлар кўнглидаги норозилик кайфияти чекинади, уларда ҳақиқатга, давлатга ишонч туйғуси  ортади.

Агар аҳоли мурожаатига эътиборсиз қаралса, биринчидан жамиятда норози кайфиятдаги одамлар кўпаяди, иккинчидан, муаммолар катталашиб, оғирлашиб бораверади.Булар ҳаммаси қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Мамлакатимизда кейинги уч-тўрт йил орасида фуқаролар мурожаатига муносабат тамоман ўзгарди. Президент вертуаль қабулхонаси, жойларда Президент қабулхоналари, Бош вазир вертуал қабулхонаси, вазирликлар ва бошқа давлат идораларида “Ишонч телефонлари” ташкил этилгани бунинг ёрқин мисолидир.Бундан ташқари аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг қонуний асослари замон талаблари даражасида такомиллаштирилиб борилмоқда.

Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идораларидан бири –Олий суд раҳбарлари томонидан узоқ, чекка туманларда кўчма қабуллар ўтказиш бўйича яхши тажриба тўпланганини ҳам эътироф этмоқ лозим. ЎзХДП тизимидаги «Жамоатчилик қабулхоналари», аҳоли мурожаатини ўрганиб, тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида муаммоларни ҳал этиб келмоқда. Жойларда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг қабулхоналари ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари ўз окрукларида тез-тез бўлиб, муаммоларни ўрганиши ва улар ечими бўйича таклифлар тайёрлаши анъанавий тус олди. Депутатлар жойлардаги муаммоларни ўрганишга кўпроқ сафарбар этилмоқда. Бундан ташқари депутатлар интернет тармоқларидаги ўз телеграм каналлари  орқали сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиб келмоқда. Коронавирус пандемияси карантини  кучайган кунларда сайлов округларидан узилиб қолмаслик учун депутатларнинг сайловчиларга видео мурожаатлари ташкил этилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан давлат грантлари ажратиш учун эълон қилиб борилаётган  танловларга мавзу танлашда ҳам аҳоли муаммоларини ўрганишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, қонун устуворлиги таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш такомиллашиб бораётгани тўғрисида яна кўплаб мисоллар  келтириш мумкин. Аммо, афсуски, ҳали-ҳамон фуқаролар аризаларига лоқайд қараш, уларнинг аччиқ саволларига жавоб беришдан қочиш ҳоллари учраб турибди.

Шунингдек, баъзи биринчи раҳбарларда одамларни қабул қилишга ёки аризаларни ўқишга вақти етмай ҳамма саволларга ўринбосарларини кўндаланг қилиш одат тусига кирган. Ҳатто таҳририятдан борган хатларга жавоблар ҳам ўринбосарлардан олинади. Ваҳоланки, бу хатлар фуқаролар шикояти асосида юборилган бўлади.

Биринчи раҳбарнинг иши, ташвиши кўп, мажлиси кўп. Майли, буни тушунишга ҳаракат қиламиз. Лекин, иккинчи томондан қайсар бир савол пайдо бўлади: Биринчи раҳбарнинг одамлар муаммосидан ҳам муҳим иши борми?!

Аммо тан олиш керак, ўша мажлислар, видео селекторлар, хизмат сафарларининг ҳаммасида ҳам одамлар ҳаёти, тақдири билан боғлиқ масалалар ўрганилади, таҳлил этилади, чора-тадбирлар белгиланади.Шунинг учун ҳам биринчи раҳбарлар қабулига киролмаганлар кўп ҳам ранжимасликлари керак, деб ўйлаймиз.

Биз биринчи раҳбарлар вақти тиғизлигини ҳисобга олиб, фуқароларнинг узоқ ҳудудлардан овора бўлиб пойтахтга келиб-кетишлари ва ортиқча харажатларининг олдини олиш мақсадида биринчи раҳбарларнинг “Сиртқи қабул соатлари”ни ташкил этишга қарор қилдик.

Ҳурматли юртдош, ўзингизни қизиқтирган, қийнаган савол ва муаммолар билан пойтахтга – қайсидир  биринчи раҳбар қабулига вақт, маблағ сарфлаб, овора бўлиб келиб-кетишингиз шарт эмас.

Ўз аризангиз ёки саволингизни асослантирилган ҳолда таҳририятимизга ёзиб юборсангиз бўлди, мурожаатингизни биринчи раҳбарга биз етказамиз ва олинган жавобларни газетамизда  эълон қилиб борамиз.

Мурожаатлар ўз шахсий масалангиз ёки жойлардаги муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, соҳа тараққиётига хизмат қиладиган таклифлар билдиришингиз, жойлардаги қайсидир камчилик ёки муаммо тўғрисида маълумот беришингиз ҳам мумкин.

Сиз қайси вазир ёки идора, ташкилот раҳбарининг “Сиртқи қабули” да бўлишни истайсиз? Ёзиб юборинг, режаларни тузаётганимизда таклифларингиз инобатга олинади. Биз “Сиртқи қабул соатлари”ни ўтказадиган биринчи раҳбар ким бўлиши тўғрисида  бир ой олдин газетамиз ва ЎзХДП сайти орқали хабар берамиз. Бир ҳафта давомида мурожаатлар қабул қилиниб, умумлаштирилади ва тегишли вазирлик, идора ёки ташкилот раҳбарига топширилади. Улар бир ҳафта орасида барча мурожаатлар ва саволларга жавоб тайёрлаб, таҳририятимизга тақдим этишади. Савол ва  жавоблар газетамизда ёритиб борилади.

Шундай қилиб сизларни “Сиртқи қабул соати”га таклиф этамиз. Сизларни  биринчи бўлиб Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси раиси, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов қабул қиладиган бўлди.

Марҳамат, ЎзХДП ва унинг қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолияти, ижтимоий ҳимоя, хусусан,  бандлик масаласи, коммунал хизмат, таълим тиббиёт каби соҳалар бўйича савол ва таклифларингизни, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича фикрларингизни ёзиб юборинг. Саволлар қисқароқ бўлса, телефон орқали ҳам бериш мумкин. Саволлар ва аризалар 17 ноябргача (бир ҳафта давомида) қабул қилинади.

Мурожаат учун:

Тел: 71-233-65-45,

Факс: 71- 233-65-45

Электрон адрес: e-mail: info@uzbekistonovozi.uz

Телеграм: @UzbOvoziMurojaat


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: