11.11.2020

ПАРТИЯ АЪЗОСИМИСИЗ, ДЕПУТАТМИСИЗ, МАРҲАМАТ

партия нашрига обуна бўлинг, дейишмоқда сурхондарёлик фаоллар

Бундан тўрт-беш йил аввал сурхондарёлик партиядошларимиз, ҳамда депутатларнинг 1800-2200 нафари “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарига йиллик обуна бўларди. Бу борада Музработ, Денов, Шўрчи, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Термиз туманлари ҳамда Термиз шаҳар партия ташкилотлари етакчи ўринларни эгалларди.

Аммо сўнгги икки йилда обуначилар сони камайиб кетди. Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада?

Ҳасан Мирзаев, Ўзбекистон ХДП Денов туман кенгаши раиси:

— Меҳнат фаолиятимга 35 йилдан ошди. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ҳаётни маънавият ва маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қайси соҳа вакили бўлмасин, ундан доимо ўқиш ва изланиш талаб этилади. Шундагина аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий билими ошади, маънавияти юксалади.

Бундан ўн йиллар аввал ташкилотимиз мушкул аҳволга тушиб қолганди. Бир неча марта раҳбар алмашганига қарамай, ҳолат яхшиланмади. 2013 йилда Кенгаш раислигига сайландим ва фаолиятни ички имкониятларни ишга солишдан бошладим. Жойларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил қилинди. Кўплаб амалий семинарлар ўтказдик. Муваффақиятларга эришишда партиямиз нашрлари бизга доимий ҳамроҳ бўлган. 2017 йилда «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарига 100, 2018 йилда 120 нафар партиядошимиз обуна бўлган эди.

Аммо ўтган йили обуначилар сони 20 кишидан ошмади. Бунинг қатор сабаблари бор. Биринчидан, кимдир обуна мажбурий эмас, дебди. Шу баҳона бўлиб, обунани тарғибот қилиш, ташкил этиш ишлари деярли олиб борилмади. Обуна ҳақида гапиришга қўрқадиган ҳам бўлиб қолгандек. Иккинчи сабаб, матбуот нашрлари ўз вақтида етиб келмаётгани одамлар ҳафсаласини пир қилаяпти. Учинчидан, айрим обуначиларга газета йил давомида ҳам келмаган ҳолатлар бўлди. Масалан, 2019 йилда 6 дона йиллик обуна расмийлаштирган бўлсак, жорий йилнинг 1 апрелидан буён “Ўзбекистон овози” бизга етиб келмади...

Муаммони ҳал қилиб беришларини сўраб Денов туман почта тармоғи ва “Матбуот тарқатувчи” шўъба корхонасининг туман бўлимига бир неча маротаба бордим. Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши масъулларига ҳам мурожаат қилинди. Афсуски, масала ҳамон ижобий ечим топгани йўқ. Муносабат шундай бўлгандан кейин, албатта, ўқувчи сони камаяди-да...

... Аммо, обуна ҳар доим устувор вазифаларимиздан бўлиб келган. Шундан келиб чиққан ҳолда партиядошларимиз «Ўзбекистон овози»га фаол обуна бўлишга ҳаракат қилишяпти. Ўртача 100 та обуна кутилмоқда.

Баҳодир Тоғаев, Олтинсой туманининг “Бўстон” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси, ЎзХДП фаоли:

— ...Раҳматли отам ўқимишли ва маърифатпарвар инсон эдилар. Ҳар йили қатор газета-журналларга обуна бўлардилар. Кунда-кунаро «почтачи тоға» уйимизга бир тутам газета-журнал ташлаб кетарди. Ака-укалар тортишиб-талашиб ўқирдик. Кимдир спорт янгиликларига қизиқса, бошқамиз дунё хабарларини, яна биримиз санъат ёки адабиёт мавзусига қизиқардик. Буни ўзгача гашти ва ажойиб сурури бор эди ўшанда. Матбуот ҳақиқий маънода мурғак қалбимизга эзгулик улашиб, яхшилик уруғини қадаган. Одамийлик ва меҳр-оқибатни ўргатган бизга.

Биласизми, “мажбурий обуна”, деган гаплар чиқди-ю, одамларда иккиланиш пайдо бўлди. Айрим раҳбарлар “Хоҳласак, газета ўқиймиз, хоҳламасак, йўқ”, қабилида иш юрита бошлади. Бунинг оқибати нима бўлди? Жамиятнинг кенг қатлами маънавий, таҳририятлар моддий зарар кўрди.

Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда долзарб масалага алоҳида эътибор қаратдилар. “Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар”.

Қирқ йилга яқин раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган бўлсам, ҳар йили “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана”га йиллик обуна бўламан. Бу газеталар ҳаётда менга ҳамфикр бўлиб келяпти.

Суюн Жўраев, Шеробод туман ветеринария бўлимидаги ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

— Партиямиз ғоялари, амалга ошираётган ишларимиз тарғиботида “Ўзбекистон овози” муҳим аҳамиятга эга. Бу газетамиз орқали сафдошларимизнинг иш тажрибаси, депутатларимиз ва партиямизнинг Олий Мажлисдаги фракцияси фаолияти, ЎзХДП Марказий Кенгаши тадбирлари, қарор ва тавсияларини мунтазам ўқиб борамиз.

Ҳозирги кунда жамоамизда 10 нафар сафдошимиз меҳнат қилмоқда. Маънавий-маърифий бурчак ташкил этилган. Зарур қўлланма ва адабиётлар етарли. “Халқ сўзи”, “Сурхон тонги”, “Шеробод” ва бошқа газеталарнинг тахламлари бор. Партиямиз нашрларига эса ҳар йили обуна бўламиз. Анъанани давом эттириб, келгуси йил учун ҳам обуна ташкил этилмоқда.

Обуначилар сонини кўпайтириш борасида айрим таклифларни айтмоқчиман.

...Бундан тўрт-беш йил илгари туман ва шаҳар марказларида газета-журнал сотиладиган махсус дўконлар (киоска) бўларди. Улардан кундалик нашрларни харид қилардик. Аммо, сўнгги йилларда газета дўконлари сони кескин камайиб кетди. Борларида эса турли хил хўжалик моллари, аёллар тақинчоқлари, турли ширинликлар сотилмоқда. Маънавият, илм ва зиё тарқатадиган маърифат масканларини замон талаблари асосида қайта ташкил этишни ўйлаб кўриш керак.

Иккинчидан, таҳририятлар томонидан жойларда учрашувлар ташкил қилишни ҳам қайта йўлга қўйиш керак. Меҳр кўзда, деганларидек жонли мулоқотлар ўзининг ширин меваларини беришига ишонаман.

Учинчидан, обунада намуна бўлган бошланғич партия ташкилотлари, туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари ҳамда депутатларни моддий-маънавий рағбатлантириб борилса, соғлом рақобат юзага келади.

Мамади Абдураимов, халқ депутатлари Денов туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

— Партияга аъзо бўла туриб, унинг газетасига аъзо бўлмаслик мумкинми? Ёки депутат бўла туриб, ўзи мансуб партия нашрини ўқимаслик мумкинми? Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, партия аъзосими, депутатми, ўзи фаол бўлса, газета ҳам, китоб ҳам ўқийди. Номига партияга аъзо ёки депутат бўлиб юрганлар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайди. Улар билан суҳбатлашсангиз, дунёдан бехабарлигини англайсиз.

Танқид – келажак меваси, деганларидек ишга янгича ёндашишни ўзимиздан бошлашимиз керак. Бунинг учун маънавиятли ва маърифатли бўлиш талаб қилинади. Ўқимасак, ўрганмасак, узоққа боролмаймиз.

Феруза Балтаева, Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш сектор мудири:

— Жорий йилнинг 16 октябрь куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Ижроия қўмита аъзолари, масъул ходимлар, депутатлар, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда обунанинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

2020 йил учун партиямиз нашрларига 2000 нусхада (шундан 400 донаси “Голос Узбекистана”) обуна расмийлаштирилиши кўзда тутилган эди. Аммо кўзланган мақсадга эришилмади. Биргина Сариосиё туман партия ташкилотларида обуна яхши ташкил этилди. Бойсун, Денов, Музработ, Узун, Жарқўрғон, Шеробод ва Қумқўрғон туманларида обунага деярли эътибор қаратилмади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 14, туман ва шаҳар Кенгашларидаги 77 депутатнинг қарийб 75-80 фоизи газеталаримизга обуна бўлмаганини қандай тушуниш мумкин? Мавжуд 665 та бошланғич партия ташкилотининг аксариятида обуна масаласи унутилган.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш ва ички имкониятлардан унумли фойдаланишга келишиб олинди. Туманлар кенгашлари раислари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари етакчиларига обуна масаласига жиддий ёндашиш, тавсияларни ўз вақтида бажариш вазифаси юклатилди.

 

Абдумалик Ҳайдаров,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: