ўқувчида ички рағбатни уйғотади
Бугунга келиб инсон миллатнинг, мамлакатнинг энг катта табиий бойлиги экани аён бўлди. Яъни, ривожланиш бевосита инсон капитали билан боғланмоқда, ҳар бир давлат олдида инсон капиталини кўпроқ кашф қилиш масаласи турибди. Бугун бир ҳақиқат ойдинлашди: иқтидорсиз инсон йўқ, балки муваффақиятсиз таълим тизими бор. Агар тўғри йўл танланган бўлса, ҳар бир инсоннинг иқтидори юзага чиқиши мумкин. Бу инсоннинг бахти учун ҳам, жамият тараққиёти учун ҳам айни муддаодир. Шуни ҳисобга олган ҳолда, биринчи навбатда, таълим мазмунини тўғри йўлга қўйиш лозим.
Нимани ўқитамиз, қайси мавзулар бугун долзарб, қандай эҳтиёж ва йўналишлар муҳим, деган саволлар атрофида бош қотириш, фақат шундан кейин қандай ўқитиш масаласини ҳал этиш мумкин. Айнан ушбу жиҳатлар дарсликлардан ўрин олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари фармон лойиҳасида яна бир масалани энг устувор вазифа сифатида белгилаб беряпти. Мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, мулоҳаза ва фикрлашга чорлайдиган услубларни яратиш борасида таклифлар илгари суриляпти. Таълим маркази ушбу жараёнларда қандай ишлар олиб бормоқда, деган саволга жавоб беришдан олдин бир жиҳатни айтмоқчиман. Ўтган йили Кембриж университети Ўзбекистонда тадқиқот ўтказди. Унинг натижалари Республика таълим марказига тақдим этилгач, биз таҳлил қилиб чиқдик. Ушбу таҳлиллар асосида биз юртимиздаги ҳамда жаҳондаги ҳолатни таққослаш имкониятига эга бўлдик. Мисол учун, мамлакатимизда 5-11-синф ўқувчилари йил давомида 1224 соатгача таҳсил олади. Бутун дунёда эса бу ўртача 900-950 соатни ташкил этади. Ёки бугун айнан ушбу босқичлардаги ўқувчилар 16 тагача фанни ўзлаштиряпти. Бутун дунёда мактабларида эса 5 та фан, узоғи билан 9 тадан 12 тагача фан ўқитилади. Тажриба кўрсатмоқдаки, ушбу кўрсаткичларнинг ошиб кетиши вақтни кўп олади, ўғил-қизлар бу фанларни ўзлаштиришда қийналишади. Шу нуқтаи назардан, олдимизда турган вазифа фанларни оптималлаштириш, мавзуларни интеграциялашдан иборат. Бу орқали ўқувчиларга имкон қадар ўқиш ва ўрганиш учун бўш вақт яратиб бериш лозим. Шунингдек, ўқув юкламаларининг оптималлаштирилиши боланинг фанларга бўлган ички рағбатини ҳам уйғотади ва қизиқишини оширади.
Олдимизда режа ва мақсадларимиз кўп. Уларни амалга ошириш учун эса энг аввало, хоҳиш ва ирода талаб этилади. Шунингдек, юксак билим ҳамда чуқур ўйлаб бажариладиган вазифалар фақат ва фақат мана шу юрт манфаати, яъни ҳамюртларимиз манфаатига хизмат қилади. Таълимдаги ислоҳотлар янги Ўзбекистоннинг остонасини мустаҳкам қилишнинг бош омилидир.
Шуҳрат САТТОРОВ,
Республика таълим маркази директори.