04.11.2020

ТУРМУШ ЎЗГАРСАГИНА, ТАФАККУР ЎЗГАРАДИ

ёки оиланинг қора қозони қандай қайнаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шундай меъёр бор: “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.

Бу меъёр давлат идоралари мавжудлигининг энг муҳим қоидаси ҳисобланади.

Кейинги йилларда давлат идоралари раҳбарларини халққа яқинлаштириш бўйича улкан ўзгаришлар қилинди. Ҳар бир ҳудудда, олис қишлоқларда ҳам сайёр қабуллар ташкил этилди. Амалдорлар одамларни тоқат билан эшитишни ўрганди ёки айримлари шунга кўнди.

Мурожаатларни эшитиш тизими йўлга қўйилди, имкониятга, ҳуқуқий асосга қараб масалалар ҳал этиляпти. Аммо мулоқотдан кўзланган асосий мақсад – аҳоли мурожаатларини ўрганиб, уларни тизимли таҳлил қилиш механизми яратилдими?..

Куз мавсуми, қиш яқинлашиши арафасида электр энергияси, табиий газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар кўпаяди. Уларга алоҳида-алоҳида жавоб ёзиш эмас, муаммоли масалани тизимли ҳал этиш ҳақида ўйлаш зарур.

Конституциядаги қатъий қоидага қайтсак, давлат фуқароларига, у хоҳ шаҳар ҳудудида, хоҳ пойтахтда, хоҳ олис бир қишлоқда яшашидан қатъи назар, шароит яратиб бериш ҳақида ўйлаши, стратегик вазифаларни зиммасига олиши шарт. Амалда шундай бўляптими?

Шаҳарларимиз, вилоят марказлари кўркамлашиб бормоқда. Бунинг учун минг марта шукрона айтиш мумкин. Лекин мамлакат аҳолисининг деярли ярмидан кўпи қишлоқларда яшайди-ку? Ҳар йили пойтахтимизни, вилоят марказларини обод қилиш учун катта маблағлар сарфланади. Шу ўринда савол туғилади: нега шунча йиллар мобайнида пойтахтимиз, вилоят марказлари обод бўлиб кетмади? Қачон шаҳарлар, маъмурий ҳудудлар марказларидан қишлоқларга етиб борамиз?

“Танаси бошқа дард билмас”, деган пурмаъно нақл халқнинг ҳақиқий турмушидан узоқ раҳбар ва мутасаддилар ҳақида айтилганга ўхшайди. Шундай пайтлар бўладики, бирор-бир соҳани ислоҳ қилиш ёки бирор масалада янги ғояларни илгари суриш таклифи билдирилса, ўша соҳа вакиллари “миллат тайёр эмас”, “халқни бунга ўргатиш керак”, дея ўзларининг уқувсизликлари, айёрликларини хаспўшламоқчи бўлишади.

Ўлганнинг кунидан сайёр қабулга чиқаётган айрим мутасаддилар икки-уч соатгина мурожаатларни қабул қилган бўлади, кейин туфлисининг чангини артиб, дарров меҳмонхонагами ёки бошқа бир қулайроқ жойга ошиқади. Икки соатлик тадбир учун камера чақириб, артистлик қилади гўё. Бундай раҳбарлар одамларнинг кўнглидан нималар ўтаётганини қаердан билсин?..

Раҳбарлар билмаса, одамлар қачон ўрганади, раҳбарлар тайёр бўлмаса, одамлар қачон тайёр бўлади?

Шуни айтишни истардимки, халқ, миллат бугун барча ислоҳотларга тайёр. Ҳар қандай янгиликни тез ўрганиб, мослашиб кета олади. Фақатгина шу ислоҳотлар тўғри амалга оширилса бас.

Куни кеча Фарғона вилоятида бўлиб қайтдим. Қишлоқ одамлари ҳаёти қизғин. Барчанинг кўнглида бир мақсад, у ҳам бўлса, қишни соғ-омонликда ўтказиб олиш. Кимдир ўтин ғамида, яна кимдир ижтимоий тармоқларни ларзага солаётган нарса – таппи тайёрлаш билан овора. Фарзанд тарбияси билан банд бўлиши керак бўлган, оила маликаси, дея эътироф этилувчи аёлларимиз куннинг илиғидан фойдаланиб қолиш, кўпроқ таппи тайёрлаб олиш илинжида. Мамлакатдаги ислоҳотлар эса одамлар онгида кейинги масалага айланиб қолган. Бундай манзара ҳар қандай кишининг дилини хуфтон қилади, қалбини ларзага солади.

Икки кун қишлоқда бўлдим, асосий муаммо газ йўқлиги, электрнинг тез-тез узиб қўйилиши, ичимлик суви танқислиги, таъмирталаб ички йўллар.

Газ йўқ (газнинг берилмай қўйганига 20 йил бўлибди, суюлтирилган газ эса баъзан 50 кунда, баъзан эса 65-70 кунда етказиб берилар экан), электр эса кунига беш ёки олти маротаба ўчиб туради, электрнинг узлуксизлиги таъминланмаган, уй эса исимайди.

Совуқ уйлар, бунинг устига, печкадан чиқаётган тутун, бу ҳолатда инсоннинг касалланиши аниқ. Шамоллаш, ўпканинг зарарланиши... Айни коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати кузатилаётган пайтда бу каби ҳолатлар ҳам касалликка тез чалинишга сабаб бўлиши мумкин.

Биз қишлоқ аҳолисига яхши яшаши учун қулай шароитларни яратиб бермас эканмиз, Тошкентда ёки вилоят марказларида қандай ислоҳот амалга оширилса, бу ислоҳот қишлоқларга, олис ҳудудларимизга ҳам етиб бормайдиган бўлса, кўзланган мақсадга ета олмаймиз.

Биз бу ҳолатларни яхши томонга ўзгаришини, мутасадди ташкилотлар қишлоқларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

Уларга яхши турмуш шароитини яратиб берайлик, газ, электр, ичимлик суви муаммосини, ички йўлларни таъмирлаш масалаларини ҳал қилиб берайлик. Турмуш ўзгарсагина, тафаккур ўзгаришини тушунайлик, тан олайлик!

Менда бир таклиф бор. Вазифаси ижтимоий муаммоларни ҳал этиш белгиланган мутасаддилар шароити қийинроқ қишлоқларга бир-икки кун меҳмон бўлишсин. Ёзда чанг, қишда лой кўчаларда пиёда юриб, қишнинг қаҳратон совуғида қишлоқ одамлари нималар билан банд экани, ҳеч ким расман ишламайдиган оиланинг қора қозони қандай қайнаётгани, чироқсиз уйда болалар қанақа дарс тайёрлаётгани, совуқ уйда нимани орзу қилиб уйқуга кетаётганини ўрганишсин. Куз-қиш дардларини таналарида ҳис этиб кўришсин.

 

Аброр Қурбонов


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: