04.11.2020

АЙРИМ ДАВЛАТЛАР КАРАНТИН ЧЕКЛОВЛАРИНИ ҚАЙТА ЖОРИЙ ЭТИШ АРАФАСИДА БИЗДА ЭСА ТЎЙХОНАЛАР ОЧИЛМОҚДА

Пандемия Маршалл оролларига ҳам етиб борди

Маълумотларга қараганда, коронавирус пандемияси 216 мамлакат ва ҳудудни қамраб олишга улгурди. Сўнгги кунларда бундай ҳудудлар сони яна ошди, деб айтиш мумкин. Коронавирус илк марта Маршалл оролларида ҳам аниқланди. Олимлар Европада коронавируснинг янги тўлқини хавфи яқинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, дунёда вирусга чалинганлар сони 45 миллионга етган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада 1 миллион 181 минг киши коронавирус қурбонига айланган, 81,5 минг киши оғир аҳволда қолмоқда.

Англияда эпидемия шитоби,

Шотландияда янги чекловлар

Лондондаги Imperial College университети эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, Англияда ҳар куни 100 минг киши Covid-19 дан зарарланмоқда. Эпидемия тарқалиши тезлиги ўсиб бормоқда ва касалланганлар сони ҳар тўққиз кунда икки баробар кўпаймоқда. Ҳозирча ҳукумат айнан қандай чоралар қўллаши маълум эмас, аммо расмийлар Англия «ташвишли босқичга кираётгани» ва «ниманидир ўзгартириш кераклиги» ҳақида гапиришмоқда.

Шотландиянинг биринчи бош вазири Никола Стержен касалланиш ҳолатлари сони ва инфекция тарқалиш тезлигига қараб, ҳудудларда турлича чекловлар жорий этилиши ҳақида маълум қилган. У Европадаги вазият жуда мураккаблигича қолаётгани, эпидемия кенг тарқалаётгани, шу туфайли қатъий карантин эълон қилиниши эҳтимоли юқори эканини айтиб ўтган. Бундан ташқари, Польшада касаллар сони кескин ўсган ва уларнинг жами сони 300 мингдан ошган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир ойда янги ҳолатлар сони уч баробар ўсганини тасдиқлаган.

Дунёнинг нариги чеккасида

Шу вақтгача Covid-19 дан холи ҳудуд сифатида ҳисоблаб келинган Маршалл оролларида ҳам илк касалланиш ҳолатлари аниқланди. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Кваджалейн оролидаги базаси ходимлари бўлган 35 ёшли аёл ва 46 эркакда вирус чиқди, улар Гонолулудан ҳарбий самолётда учиб келишгач, топширган тест натижалари мусбат чиққан ва карантинга юборилган. Маршалл ороллариэкватор чизиғининг шимолий қисмида жойлашган минглаб маржон ороллари архипелаги бўлиб, унинг катта қисмида аҳоли яшамайди, жами аҳолиси сони – 55 минг киши.

Қиш келиши билан хавф янада ортади

Франция ва Германияда ушбу ҳафтанинг душанба кунидан «енгил локдаун» бошланади. Европанинг икки йирик давлатида  ноябрь ойи охиригача ресторанлар, барлар ва барча кўнгилочар масканлар ҳамда спорт иншоотлари ёпилади. Францияда сўнгги бир кунда 36 минг 437 янги ҳолат аниқланиб, 244 киши вафот этди, Германияда 16 минг 744 ҳолат (пандемия бошидан буён рекорд рақами) аниқланди ва 89 киши оламдан ўтди.

«Коронавируснинг иккинчи тўлқини, шубҳасиз, биринчисидан ёмонроқ, у бошимизга ёпирилиш билан таҳдид қилмоқда», – деди Франция президенти Макрон янги чеклов чораларига изоҳ бера туриб. У кунлик касалланиш ҳолатларини 5 минггача камайтириш зарурлигини таъкидлаган.

«Олдинда оғир ўтадиган қиш турибди, тўрт совуқ ой, аммо бу қачондир тугайди», – деди Меркель Бундестагдаги чиқишида. Бундан ташқари, у коронавирус хавфли эмаслиги ҳақида гапиришда давом этаётган популистларга кескин муносабат билдирди. 

Россия ниқобда, ресторан ва кафелар тунда ишламайди

«Роспотребнадзор» соат 23:00 дан 6:00 гача кўнгилочар тадбирлар ва умумий овқатланиш муассасалари фаолиятини тақиқлади. Россияда янги карантин чекловларни жорий этиш тўғрисидаги «Роспотребнадзор» қарори 28 октябрдан кучга киради. «Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга соат 23:00 дан 6:00 гача кўнгилочар тадбирларни ташкил қилиш, умумий овқатланиш муассасаларида хизмат кўрсатиш тақиқлансин», дейилади қарорда.

Россияда сўнгги кунларда кунлик ўсиш 16 мингдан паст бўлмаяпти.  Жума куни 17,3 минг, шанба куни 16,5 минг, якшанба куни 16,7 минг янги касалланиш ҳолати қайд этилди.

Германияда карантин

Дунё бўйлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кунига ўртача 450 мингтага ортяпти ва умумий рақамлар 45 миллионга яқинлашмоқда. 1 млн. 171 минг одам ҳаётдан кўз юмган, деярли 32,5 миллион бемор соғайиб кетган. Энг оғир вазият аввалгидек АҚШ ва Ҳиндистонда кузатилмоқда. Тинч океани минтақаси давлатларида, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Австралияда вазият қониқарли деб баҳоланмоқда.

Европанинг деярли ҳар бир давлатида турли хил даражадаги карантин чекловлари қайта тикланмоқда. Германия канцлери Ангела Меркель ва 16 федерал ҳудуд бош вазирлари ўртасидаги бугунги видеоконференцияда «енгил локдаун» деб номланган қарор қабул қилинди. «Бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимиз бугунги кунда бу муаммога дош бера олади. Аммо инфекция бундай тезликда тарқалса, бир неча ҳафта ичида уни назорат қилиш имкони бўлмай қолиши мумкин», – деди Меркель. Карантин 2 ноябрдан кучга киради ва декабргача амалда бўлади.

Европа авиакомпаниялари коронавирус сабабли парвозлар сонини камайтирмоқда

Deutsche Lufthansa SA 125та самолётининг парвозини тўхтатишини ва авиаташувлар ҳажмини ўтган йилги кўрсаткичнинг чорак қисмигача камайтиришини маълум қилди. Европанинг йирик авиакомпаниялари коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайганлиги ва янги чекловлар сабабли парвозлар сонини камайтирмоқда. Air France жорий чоракда 2019 йилдаги парвозлар кўрсаткичининг 35 фоизини амалга оширишини маълум қилди. Нидерландиянинг KLM авиакомпанияси эса одатий парвозларнинг 45 фоизини бажаришини билдирди. Ўтган ҳафтада International Consolidated Airlines Group SA парвозлар сонини 2019 йилдаги кўрсаткичларнинг 30 фоизигача қисқартиришини хабар қилганди.

Deutsche Lufthansa SA 125та самолётининг парвозини тўхтатишини ва авиаташувлар ҳажмини ўтган йилги кўрсаткичнинг чорак қисмигача камайтиришини маълум қилди. Европанинг энг йирик авиаташувчиси бўлган Air France-KLM 2020 йилнинг учинчи чорагини зарар билан якунлади.

Бельгия шифохоналарида жой қолмагани сабабли коронавирусга чалинганлар Германияга жўнатилмоқда. Бельгияда коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини ортидан карантин эълон қилинди. Шифохоналар тўлиб-тошгани сабабли коронавирусга чалинганлар қўшни Германияга даволанишга жўнатилмоқда. Шунингдек, тиббий маълумотга эга барча фуқаролар коронавирусга чалинганларни даволаш учун сафарбар қилинмоқда.

Карантин киритилиши сабабли мамлакатда мактаб таътиллари узайтирилади, ҳаётий муҳим товарларни сотмайдиган барча дўконлар ва хизматлар соҳасида фаолият юритувчи баъзи корхоналар ёпилади. Фуқароларга ёпиқ жойларда бир кишидан, очиқ жойларда эса 4 кишидан кўпроқ меҳмон қабул қилиш тақиқланади. Имкони бор жойларда масофадан ишлашга ўтилади. Янги чоралар декабрь ўрталаригача амал қилади. Ҳозирда Бельгияда комендантлик соати киритилган ҳамда кафе ва ресторанлар иши тўхтатилган.

Европа иттифоқида коронавирусга қарши вакцинация келаси йил апрелда бошланиши мумкин. Бу ҳақда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва унинг махсус маслаҳатчиси, микробиолог Питер Пиот маълум қилди.  "Оптимистик сценарийга кўра, Европа фуқаролари учун ойига 20-50 млн доза вакцина етказиб беришимиз мумкин, етказиб бериш апрелда бошланиши мумкин", – деди Еврокомиссия раҳбари. Унинг сўзларига кўра, "ЕИнинг барча мамлакатларида вазият жиддий". "Европада вирус тез тарқалмоқда. Биз иккинчи тўлқин ичидамиз. Бугунги кунда Европада 1,1 миллиондан ортиқ киши касалланган ва бу рақам келаётган 2-3 ҳафта ичида тез ўсиши мумкин", – деди фон дер Ляйен.

 Ўз навбатида унинг маслаҳатчиси Пиот "вазият жуда жиддийлиги ва зудлик билан янада жиддий чора кўрилмаса, бундан ҳам ёмонлашиши мумкин"лигини айтди. "Агарда бўшашсак, бизда учинчи тўлқин ҳам бўлиши мумкин", – деди Пиот. Унинг маълум қилишича, ҳозирда 11 та вакцина синовдан ўтказилмоқда. "Йил охиригача уларнинг қанчалик самарали эканлигини билиб олишимизга умид қиламан. Компаниялар билан келишувлар туфайли барча фуқаролар вакцинага эга бўлади", – деди Пиот.

АҚШда коронавирус билан касалланишлар сони бўйича рекордлар қайд этилиши давом этмоқда. Жумладан, 29 октябрда АҚШда 90 минг 456 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган ва бу янги антирекорд ҳисобланади. NBC News телеканалининг маълум қилишича, ушбу кўрсаткич 28 октябрдагидан деярли 10 мингтага кўпроқдир. АҚШда пандемия бошидан бери илк бор кунлик касалланишлар сони 90 мингдан ошди. Шунингдек, сўнгги суткада инфекциядан 982 киши вафот этган. Аввалроқ CNN телеканали Оқ уйнинг коронавирус бўйича ишчи гуруҳи мамлакатнинг ғарбий қисмида инфекция узлуксиз ва катта кўламда тарқалаётганидан огоҳлантирганини ва пандемияга қарши чораларни кучайтиришга чақирганини маълум қилган. Охирги маълумотларга кўра, АҚШда касалланишлар сони 9 миллиондан ошиб кетди, инфекциядан вафот этганлар сони 234 мингдан кўпроқни ташкил этмоқда.

Коронавируснинг бешта асосий

симптоми маълум қилинди

Коронавируснинг бешта асосий симптоми: ҳароратнинг кўтарилиши, йўтал, томоқда оғриқ, ҳид ва таъм сезишнинг йўқолиши, ўзини ёмон ҳис қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Россияда хизмат кўрсатган фан арбоби, вирусолог Анатолий Альтштейн маълум қилди. “Ўзингизда вируснинг 16 та аломатини қидиришга ҳеч ҳам ҳожат йўқ. Ўзингизда ҳарорат кўтарилиши, йўтал пайдо бўлиши, ҳид ва таъм сезиш йўқолиши, томоқдаги оғриқ ва ўзингизни ёмон ҳис қилишингизга эътибор қаратиш етарли. Қолган 20 дан кўпроқ аломатга келсак, агар касаллансангиз, буни топишни шифокорларга қўйиб беринг”, – деб айтган вирусолог.

Унинг таъкидлашича, коронавирус инсон организмидаги турли тўқималарни, жумладан, асаб ҳужайраларини зарарлаши мумкин. Ушбу касаллик симптомлари турфа хил бўлиши мумкин. Шу сабабли Альтштейн асосий симптомлар бўлмаганда, иккиламчи симптомларни излаш керак эмаслигини айтган. “Агар сизда ҳарорат, йўтал ва бошқа симптомлар бўлмаса, унда бармоқларингиз ранги ўзгарганига эътибор қилмасангиз ҳам бўлади”, – деб таъкидлаб ўтган Альтштейн.

Ўзбекистонда 1 октябрдан тўйлар

тўйхоналарда ўтказилаяпти

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди. «Коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалиб кетиши олдини олиш бўйича Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 30 сентябрдаги йиғилиш баёнига асосан карантин чораларини юмшатиш муносабати билан 1 октябрдан тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган», — деди Ботир Қурбонов.

Унинг таъкидлашича, бунда «барча имкониятларни ишга солган ҳолда 100-200 кишига эмас, чегараланган ҳолда 30 кишига уй шароитида қилинган тўйни тўйхоналарда ўтказишга рухсат берилган. Бунда узоқ туманлардан ёки бошқа ҳудудлардан меҳмон чақирмаган ҳолда яқин қариндошлар иштирокида тўйхоналарда ўтказиш мумкин бўлган, яъни туғилган кун, тўй-маърака ва бошқа маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Бунга ҳам узоқ ярим тунгача эмас, коронавирус инфекциясининг аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида чегараланган вақтда рухсат этилди», — деди у.

АҚШ ва Европадаги давлатлар коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини олдини олиш борасида қатор чоралар кўраётган бир вақтда тўйхоналарда 30 кишилик тўйларнинг ўтказилишига рухсат берилиши қай даражада тўғри? Тўғриси, тўйда келин-куёв билан қўшиб ҳисоблаганда 30 киши, яъни, жойлар сони 30 ўринли бўлиши назарда тутилган. Аммо барчамизга маълумки, тўйимиз санъаткорларсиз ўтмайди. Улар ҳам 5-6 кишини ташкил этади. Бундан ташқари, маросимда елиб-югириб хизмат қилувчилар, яъни офицантлар, таомларни ­тайёрлайдиган ошпазлар бўлади. Демак, “30 кишиликтўйимизда камида 50-60 киши тўпланиши бор гап. Яқинда тўй, туғилган кунни дабдабали нишонлаш маросимларида қанча одам касалликни юқтиргани, ҳатто ҳаётдан кўз юмгани тўғрисида мақола чоп этган эдик. Бугун яна тўйхоналар ишга тушяпти. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бироз шошмаяпмизми? Вазиятни тўғри баҳолаяпмизми?..

 

Интернет маълумотлари асосида

Ўзбекистон овозимухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: