Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
21.10.2020

КОРОНАВИРУС: ФУҚАРОЛАРНИ ЁППАСИГА ТЕСТДАН ЎТКАЗИШ

Бугунга келиб, коронавирус пандемияси республикамизда жиддий тус олаётганини кўриб-билиб турибмиз.

Жорий йилнинг 21 октябрь кунги маълумотларга кўра, ушбу вирусни юқтирганлар сони 64010, соғайганлар 61068, вафот этганлар эса 534 нафарни ташкил этмоқда. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, вирусни юқтирганлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

Қолаверса, яқинда ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоевнинг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини қаттиқ танқид қилган аудиоёзуви тарқалди. Унда шундай гаплар ҳам айтилган: “Коронавирусдан ҳар куни бир нечта одам ўляпти”. Бундан билиш мумкинки, бу кўринмас ёв билан жиддий курашишимиз талаб этилади. Чунки, бекорга кўринмас душман, маккор душман, дейилмаяпти. Агар кўринадиган ёв бўлганида, уни аллақачон бартараф этган бўлардик.

Бу чегара билмас душман бутун дунёни хавф-хатарга солмоқда. Хусусан, сўнгги ҳафтада дунёнинг бир қатор давлатларида, жумладан, Европа мамлакатларида коронавирус билан касалланганлар сони янада ортди. Бу давлатларда карантин чекловлари қайтадан жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар эълон қилинмоқда.

Мамлакатимизда бу бало-қазога қарши кескин чоралар кўрилаётганига қарамай, аҳвол ташвишли тус олмоқда. 19 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан бирга тиббий қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилди. Ҳар бир йўловчи бир кунда ўртача 20-30 дақиқани транспортда ўтказади. Шу даврда йўловчиларимизга чиптачилар, ҳайдовчилар ҳамда метродаги касса ва метро операторлари томонидан бир марталик бепул қўлқоплар тарқатилмоқда. Мақсад — йўловчиларни асраш, коронавирус аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш.

Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотларида меҳнат қилаётган ходимлар коронавирус инфекциясига қарши тест таҳлилидан ўтказилмоқда. Республикамизнинг барча туман, шаҳарларидаги санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида фуқароларимиз учун коронавирус инфекциясига қарши тест топшириш хизматлари бепул йўлга қўйилган. Қолаверса, аҳолини янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида хусусий клиника ва лабораторияларда ҳам тест топшириш йўлга қўйилган. Уларда хизмат кўрсатиш пуллик. Томоқ ва бурундан намуна олиш 220 минг сўмдан 330 минг сўмгача. Қондан намуна олиш эса 290 минг — 315 минг сўмгача. Бу фақат хоҳловчилар ва имконияти борлар учун.

Энди, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ва аҳоли ўртасида туман, шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида коронавирусга қарши тест топширишда узундан-узоқ навбат кутишлар бўлмоқда, бу ҳам етмагандек тонг саҳар соат 04 дан навбатга ёзилиш керак, деган гап-сўзлар бўлаётганлиги боис, биз бу миш-мишлар қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини аниқлаш мақсадида пойтахтимиздаги бир нечта туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига бориб, асл ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Шундай қилиб, тонг саҳар соат 04 да Чилонзор туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказига бордик. Борсак, ҳеч ким йўқ. Демак, тонг саҳар соат 04 дан навбатга ёзилиш кераклиги тўғрисидаги гап-сўзлар ўз исботини топмади. Шундан сўнг Учтепа туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказига бордик. У ерда ҳам ҳеч ким йўқ. Тонг отишини кутиб, Чилонзор туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказига қайтиб бордик. Соат 8:00 дан бошлаб ходимлар ишга кела бошлади. Коронавирусга қарши тест топшириш учун фуқаролар ҳам ўша вақтдан бошлаб кела бошлади. Шу тариқа фуқаролар бирин-кетин коронавирус инфекциясига қарши тест топширдилар. Бирпасда бизнинг навбатимиз ҳам келиб қолди. Ҳа, айтганча, биз журналист сифатида эмас, балки оддий фуқаро бўлиб тест топшираётган вақтимизда шифокорни гапга солдик.

Суҳбат давомида шу нарса маълум бўлдики, коронавирус инфекциясига қарши тест топширувчи фуқаролар сони кунига 120-150 нафарни ташкил қиларкан. Жавоби эса эртаси куни чиқар экан. Бундан ташқари, иситмаси кўтарилган фуқароларнинг уйларига борилар экан. Бу каби чақирувлар кунига 40-50 тани ташкил қиларкан. Фуқаролар учун тест топшириш ва унинг жавобини олишгача бўлган жараёнларнинг барчаси бепул.

Бироқ коронавирус инфекциясига қарши тестнинг жавобини олишда муаммога дуч келдик. Тест жавобини олиш учун Чилонзор туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказига борганимизда 20 нафарга яқин одам тўпланиб, тест жавобини тарқатишга масъул бўлган марказ ходимаси билан баланд овозда тортишаётган экан. Фуқароларнинг гап-сўзларидан маълум бўлдики, улар эрталаб соат 8:30 да келишган. Жавобни тарқатишга масъул ёши 50 лардан ошган аёл соат 9:10 ларда иш фаолиятини бошлабди. Бунинг устига, орадан 20 дақиқа ўтса-да, тиббиёт ходимаси 20 нафарга яқин фуқарога тест жавобини топиб беролмаётган экан.

Шовқин-сурондан кейин тиббиёт ходимасига икки нафар ёш ҳамшира ёрдамга келди. Улар узоғи билан 8-10 дақиқа ичида барчанинг тест жавобини топиб берди ва навбат ҳам тугади. Демоқчимизки, мана шундай жойларга оёқ-қўли чаққон, масъулиятли ходимлар қўйилса, норозиликлар келиб чиқмайди. Бошқа айрим туманларда ҳам бундай ҳолатлар бўлаётгани тўғрисидаги гап-сўзларни эшитганмиз.

Яна бир муаммо ҳақида ҳам айтиб ўтиш керак. Туманлар санитария-эпидемиологик осойишталик марказларидаги телефон қўнғироқларига жавоб берадиган ходимлар масъулиятини ҳам ошириш керак. Ахир, уларга соғлиғидан шикояти бор инсон қўнғироқ қилади. Афсуски, бу қўнғироқларга кўпинча туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказларидан жавоб бўлмас экан.

Бу борада ҳам биз кичикроқ текширув ўтказдик. Яъни, Чилонзор (71) 278-50-78, (71)278-29-41, Учтепа (71) 217-22-79, (71) 212-22-81 ҳамда Миробод (71) 283-36-21, (71) 283-45-20 туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказларидаги ушбу телефонларга қўнғироқ қилдик, аммо ҳеч ким жавоб бермади. Қайси кун ва вақтда қўнғироқ қилганимиз тўғрисидаги маълумотларни ўзимизда сақлаб қўйганмиз.

Бундай катта-кичик масалалар яхшиликка хизмат қилмайди. Шундоқ ҳам ташвишли бўлиб турган вазиятни янада кескинлаштиришга хизмат қилади. Иккинчидан, назаримизда, муҳим масала — фуқароларни тест таҳлилидан ўтказиш билан боғлиқ. Бир томондан тестдан ўтказиляпти, вирус юқтирганлар даволаняпти. Иккинчи томондан эса касаллик тарқалиб бормоқда. Чунки, ўзи хоҳлаб келганлар тестдан ўтказилмоқда, келмаганлари-чи? Бугун фуқароларимиздан неча фоизи бир марта ҳам тестдан ўтмаган? Қишлоқ туманлардаги ҳақиқий аҳвол қандай? Аҳоли белгиланган маълум муддатда ёппасига тиббий текширувдан ўтказилмаса, инфекция тарқалиши хавфи юқори бўлаверади.

Бир сўз билан айтганда, аҳолини ёппасига коронавирус инфекциясига қарши тестдан ўтказиш керак. Бунга давлатимизнинг имконияти етади, деб ўйлаймиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада ўзининг қатъий позициясини билдиради, деган умиддамиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: