14.10.2020

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ

қўлланаётган дори воситаларининг ножўя таъсирларидан огоҳлантирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситалари фақат коронавируснинг оғир шаклларида қўлланиши мумкинлиги, енгил ҳолатларда ножўя таъсирларга эгалиги ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда бу дориларни ўзбошимчалик билан қабул қилиниши ҳолатлари кўпайгани боис, шифохонага мурожаат қилувчилар сони ортган.

Эъзозбек Ризаевнинг таъкидлашича, айни кунларда коронавирусни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш жаҳондаги барча соғлиқни сақлаш ташкилотларининг асосий вазифасига айланган. Ҳозирда дунё фармацевтика бозорида COVID-19 касаллиги олдини олиш ёки уни даволашга қаратилган юздан ортиқ дори воситалари, вакциналар таклиф этилмоқда. Аммо, афсуски, ҳозирги вақтгача COVID-19 касаллигини самарали даволаши кафолатланган препарат топилгани йўқ. Шунга қарамасдан, COVID-19 касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситалари бор бўлиб, бундай дорилар орасида энг машҳурлари «Ремдесивир» ва «Фавипиравир»ларни айтиш мумкин.

Жумладан, вирусга қарши «Ремдесивир» препарати 2015 йил АҚШда яратилган бўлиб, Африкада тарқалган «Эбола» вирусига қарши қўлланилган. 2020 йил 1 майдан бошлаб Америка озиқ-овқат ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан коронавирусни даволашда тезкор дори сифатида қўллашга рухсат берилган. Ўтган вақт ичида «Ремдесивир» ўзининг ижобий натижаларини ҳам берди. Шу сабабли, коронавирусни даволашда бутун дунёда қўлланмоқда. Ҳозирда «Ремдесивир» препарати Ўзбекистонда ҳам «Ремдесса» номи билан ишлаб чиқарилмоқда.

Коронавирусни даволашда яна бир кенг қўлланаётган дори воситаси бу – «Фавипиравир». У Японияда «Авиган» номи билан 2014 йилдан «Fujifilm Toyama Chemical» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган грипп касаллигига қарши дори воситаси бўлиб, гриппга чалинганларни даволашда бошқа препаратлар таъсир кўрсата олмаганида захира препарати сифатида татбиқ этилган. Шунингдек, «Фавипиравир»нинг биологик актив моддаси бир қатор вирусларнинг кўпайишини блоклайди. Бу препарат ҳам Африкада «Эбола» вирусини даволашда кенг қўлланган. 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Япония клиникаларида коронавирус беморларини даволашда кенг қўллаб келинмоқда. Қолаверса, «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» вирусга қарши дори воситалари синов вақти ва даволаш муолажалари даврида ўзини ижобий намоён этмоқда. Даволаш кунлари қисқармоқда, беморлар аҳволи сезиларли даражада яхшиланмоқда.

Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, Японияда «Авиган» («Фавипиравир») дори воситаси фақат буюртма асосида клиникаларга етказиб берилади. «Ремдесивир» эса фақатгина стационар шароитида қўллашга мўлжалланган. Чунки «Ремдесивир» дори воситаси COVID-19 касаллигининг ўрта оғир ва оғир шаклида беморларга тавсия этилади. Сабаби, барча дори воситалари сингари ушбу дори воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари мавжуд. Жумладан, тиббий кўрсатмасиз пала-партиш ва юқори дозада ишлатиш буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради, жигар ферменти «АлТ»нинг ошишига олиб келади, ўткир нафас етишмовчилиги, кўнгил айниши ва қабзиятни чақиради.

«Фавипиравир» дори воситаси эса касаллик енгил ва ўрта оғир кечиш даражасида фақат шифокор назорати остида тавсия этилади. Сабаби, «Фавипиравир»ни вирус юкламаси кўп бўлганда ва фойдаси зараридан устун деб топилгандагина тавсия этилади. Уни ҳомиладор аёллар қабул қилганда боланинг кўп нуқсонли туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Буйрак етишмовчилигини чақиради. Ҳаракат функцияларини бузади. Ачинарлиси, санаб ўтилган ножўя таъсирига қарамай, аҳоли орасида «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситаларини ишлатишга хоҳиш ортиб бормоқда. COVID-19 касаллиги билан «асоратланган» ҳолатда тиббиёт муассасаларига мурожаатлар кўпайиб кетди. Бунга эса билиб-билмасдан кўп миқдорда ва керак бўлмаган ҳолатда юқорида санаб ўтилган дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш сабаб бўлмоқда.

Дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 38 миллиондан ошди

Дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 38 миллиондан ошди. Worldometer портали маълумотларига кўра, вирус қурбонлари сони 1,085 миллиондан кўпроқни ташкил қилмоқда. Жумладан, касалланиш ҳолатлари сони бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. Маълумотларга кўра, АҚШда касалланганлар сони пандемия бошидан бери 8,037 миллиондан, ўлим ҳолатлари эса 220 мингдан кўпроқни ташкил қилаяпти. Касалланиш ҳолатлари бўйича 2-ўринни Ҳиндистон эгаллаган бўлиб, мамлакатда 7 миллиондан кўпроқ киши вирусга чалинган, улардан 109 минг нафари вафот этган. 3-ўринни эса 5 миллион касалланиш ҳолати ва 150 минг ўлим ҳолати билан Бразилия эгалламоқда. Яна шуни маълумот ўрнида айтиш мумкинки, коронавирусдан ўлим даражаси сай­ёрамизнинг бир миллион аҳолисига 139,2 тани ташкил қилмоқда.

 

Дунёда коронавирус билан такроран касалланганлар орасида илк ўлим қайд этилди

Нидерландияда коронавирусга такроран чалиниш ҳолатидан кейин дунёдаги илк ўлим қайд этилди. Гап 89 ёшли аёл ҳақида бормоқда.

BNO News ахборот агентлигининг хабар беришича, саратондан азият чеккан аёл июлда шифохонага ётқизилган ва унда коронавирус аниқланган. 5 кундан кейин кекса аёл шифохонадан соғайиб чиққан.

Бироқ аёл икки ойдан кейин юқори тана ҳарорати ва йўтал билан яна шифохонага тушиб қолган. Аёлнинг бу сафар коронавирусга топширган тести ҳам мусбат чиққан. Даволанишнинг 8-куни аёлнинг аҳволи оғирлашган, икки ҳафтадан кейин эса у вафот этган.

Олимлар аёлнинг коронавирусга топширган иккала тести натижаларини таққослаб, аниқланган вирусларнинг генетик таркиби бир-биридан фарқланишини аниқлашган. Бу эса аёлнинг такроран касалланганини англатади. BNO News маълумотларига кўра, айни вақтда дунёда коронавирусга қайта чалиниш бўйича 23 та ҳолат қайд этилган. Бундай илк ҳолат 24 августда Ҳонгконгда аниқланган. Айни вақтда қайта касалланган беморлардан 20 нафари соғайиб кетган, яна 2 киши даволанишни давом эттирмоқда.

 

АҚШда коронавирусга қарши вакцина синови номаълум касаллик сабабли тўхтатилди

АҚШнинг Johnson&Johnson компанияси коронавирусга қарши ўз вакцинаси синовларини тўхтатишга мажбур бўлганини маълум қилган. Бунга эса вакцина синовларида иштирок этаётган кўнгиллилардан бирида номаълум касаллик аниқлангани сабаб бўлган.

“Биз синовлар иштирокчисида номаълум касаллик аниқлангандан кейин барча тадқиқотларимиз, жумладан, 3-босқич синовлари доирасида вакцинанинг тарқатилишини вақтинча тўхтатдик”, дейилган компания баёнотида. Компанияда таъкидланишича, иштирокчининг ҳолати Тадқиқотлар субъектлари хавфсизлиги ва маълумотлар мониторинги бўйича мустақил комиссия ҳамда бир қатор тиббий мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

 

ЖССТ коронавирусга қарши вакциналар бўйича ўз хулосасини қачон бериши маълум қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар бўйича ўз хулосасини 2021 йил ярмидан кейин бера бошлайди. Бу ҳақда ЖССТнинг бош илмий ходими Сумья Сваминатан маълум қилди.

“Биз вакциналарнинг ишлаб чиқилиши ортидан кузатмоқдамиз ва кўплаб давлатларда клиник синовлардаги муайян илгарилашни кўрмоқдамиз. Айни вақтда дунёда 40 та вакцина клиник синовларнинг турли босқичларидан ўтказилмоқда. Жумладан, вакциналардан 10 таси уларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги борасида якуний жавобларни берувчи учинчи, якуний босқичдан ўтмоқда”, деб маълум қилган ЖССТ мутахассиси.

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, ушбу маълумотларни ўрганиш учун ярим йил талаб этилиши мумкин. Шундан кейингина ЖССТ “у ёки бу вакцинанинг фавқулодда вазиятларда ёки доимий равишда қўлланиши бўйича ўз хулосаларини бериши мумкин бўлади”.

 

Олимлар коронавирус инсон терисида қанча вақт қолишини аниқлашди

Япониянинг Киото тиббиёт университети олимлари коронавирус инсон терисида қанча вақт яшовчан бўлиб қолишини аниқлашди. Олимларнинг таъкидлашича, инсон терисига тушган коронавирус тахминан 9 соатгача хавф солиши мумкин. Бу эса грипп вирусининг инсон терисидаги яшовчанлик вақтидан 5 марта кўпроқни ташкил қилади.

Ушбу натижалар тажрибалар давомида олинган.. Тажрибалар давомида инсон терисига коронавирус ва грипп вирусларидан 100 мингтадан жойлаштирилган. Сўнгра вируслар теридан йўқ бўлиб кетишигача қанча вақт ўтиши қайд қилинган. Грипп вируслари 1-2 соатдан кейин йўқ бўлган. Бироқ коронавирус инсон терисида баъзи ҳолатларда 11 соатгача, ўртача эса 9 соат давомида қолган.

Тадқиқотларда аниқланишича, 80 фоизлик этил спирти қўлланиши теридаги вирусларни 15 сонияда ўлдиради. Агар қўллар совун билан 15 сония давомида ювилса, сўнгра оқиб турган сувда 10 сония чайилса, бунда вируснинг дастлабки миқдоридан 10 мингдан бир қисмигина қолар экан. Қўлларнинг крандан оқиб турган сувнинг ўзи билан ювилиши ҳам вируслар миқдорининг юздан бири қолишига олиб келар экан.

 

Коронавируснинг банкноталар ва смартфонларда «яшаши» муддати маълум қилинди

Австралиялик олимлар коронавирус банкноталар, смартфонлар экранларида, металл даста ва тутқичларда 4 ҳафтагача қолиши мумкинлигини исботлашди.

Тадқиқотга кўра, вирус зангламайдиган пўлатдан ишланган буюмлар, полимер банкноталар, винил ва ойнада 20 даража ҳароратда 28 кунгача фаол бўлиб қолади. Ҳарорат 30 даражагача кўтарилганда бу муддат бир ҳафтага камаяди, 40 даражагача ошганда эса 2 кунни ташкил қилади. Вируснинг қоғоз банкноталарда қолиши ҳам юқоридаги каби. Вирус пахтада хона ҳароратида бир ҳафта, 30 даража иссиқда 3 кун ва 40 даражада бир кунгина “яшар” экан.

Смартфонлар, банкоматлар ва бошқа шундай қурилмаларнинг сенсор экранлари етарлича тозаланмай, коронавирус тарқалиши манбаига айланиши мумкин. Шунингдек, коронавируснинг банкноталарда узоқ вақт “яшаши” одамлар ва ҳаттоки географик ҳудудлар ўртасида фаол вируснинг тарқалишига имконият яратади.

Бундан ташқари, коронавируснинг паст ҳароратларда зангламас пўлатда узоқ вақт қолиши вируснинг гўштни қайта ишлаш корхоналари ва музхоналарда кенг тарқалиши сабабини тушунтириши мумкин ва янги ҳамда музлатилган маҳсулотларда сақланиб қолишини исботлайди.

 

Интернет маълумотлари асосида

«Ўзбекистон овози» мухбири Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: