14.10.2020

ОРОЛБЎЙИ – ЭКОЛОГИК ИННОВАЦИЯ ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР ҲУДУДИ

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган таклифи нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу чиқишида дунё ҳамжамияти эътиборини кўплаб долзарб масалалар қатори яна бир бор бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Оролбўйи минтақасидаги оғир экологик вазият, жумладан, Орол денгизи муаммоларига қаратди.

Президентимиз ўз нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳамда ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини билдирди.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда энг йирик глобал экологик фалокатлардан бири — бу Орол денгизи фожиаси бўлиб, унинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатлари туфайли минтақа, соғлиқни сақлаш, генофонд ва унда яшаётган аҳолининг барқарор ривожланишига бевосита таҳдид солмоқда, шунингдек, глобал экотизимга салбий таъсир кўрсатмоқда

Оролда ўтган асрнинг бошларидан сув сатҳи пасая бошланган. Масалан, 1911-1960 йиллар давомида Орол денгизига дарёлардан ёғин билан бирга бир йилда, ўртача 65 куб. км. сув келиб турган, сув юзасидан эса 66,10 куб. км. сув буғланган. Шундай қилиб, ҳар йили денгиз бир куб. км., 50 йил давомида эса 50 куб. км. сувни йўқотган. Сув сатҳи, айниқса, ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб суғориладиган экин майдонларининг кенгайтирилиши, Амударё ва Сирдарё сувларининг суғоришга ишлатилиши туфайли кескин камая бошлаган. Ўтган 40 йилдан кўпроқ вақт давомида Орол денгизининг майдони деярли 4 марта, сув сатҳи 1,8 марта, ундаги сув ҳажми 9 мартага яқин камайди.

Экологик танглик Оролбўйи табиати, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига ҳам катта зиён етказди. Сув захираларининг камайиши ва шўрланиши натижасида яйловларда чорва учун озиқ бўладиган ўсимликлар тури ва сифати камайиб, ўтлоқлар майдони деярли уч мартага қисқарди. Амударё ва Сирдарё сувининг камайиши, сув тошқинларининг бўлмаслиги, дарёларнинг сув босадиган қирғоқларида ястаниб ётадиган тўқайлардаги хилма-хил ўсимликларнинг қуриб йўқ бўлиб кетишига олиб келди. Уларнинг ўрнини қурғоқчиликка чидамли юлғун, шувоқ каби чўл ўсимликлари эгалламоқда. Тўқайларнинг йўқолиши кўплаб ўсимлик ва ҳайвон турларининг қирилиб кетишига сабаб бўлди. Ўтган 20-асрнинг иккинчи ярмида Амударёнинг қуйи қисмидаги тўқайларнинг бузилиши билан бу жойлардан йўлбарс, Бухоро буғуси йўқолиб кетди. Жанубий Орол бўйидаги 60 дан ортиқ қушлардан 10 га яқин тури йўқолиб бораётгани ва 42 туридан ортиғи «ноёб» турга айланаётгани ҳақиқатдир. Шўрланишнинг кескин ортиши туфайли Орол денгизи тобора ўлик денгизга айланиб бормоқда. Орол денгизи ва Оролбўйида сув ҳавзаларидаги 28 тур балиқдан 12 тури, жумладан Амударё куракбурун, Орол мўйловдори йўқолиб ноёб турларга киритилган.

Ушбу экологик фожиа Оролбўйи ҳавзасида яшовчи кўп миллионли аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу экологик таназзул бир-бирига узвий боғлиқ бўлган ва халқаро аҳамият касб этувчи ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг яхлит ва мураккаб мажмуини вужудга келтирди. Натижада бир авлод кўз ўнгида бир пайтлар ёпиқ сув ҳавзалари ичида катталиги жиҳатидан дун­ё­да тўртинчи ўринда турган Орол денгизи қарийб ўлик денгизга айланиб қолди. Унинг қуриб қолган тубида 5 миллион гектардан зиёд экологик фожиа ўчоғидан иборат янги Оролқум чўли пайдо бўлди ва у ўзига туташ ҳудудларга туз-қумли бўронлар тарқатувчи хавфли маконга айланди. Бу ердан ҳавога кўтарилаётган чангли бўронларнинг таъсир доираси 500 километрдан ҳам олисга етиб бораётгани Орол фожиасининг нақадар кенг қамровли эканидан далолат беради. Ҳар йили Оролдан атмосферага 100 миллион тоннагача чанг кўтарилаётир. Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб бу ердаги чанг бўронлари давомийлиги 90 кундан ҳам кўпроқ бўлаётгани мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда. Бунинг оқибатида ўн минглаб кишилар анъанавий касбларидан маҳрум бўлди. Жанубий Оролбўйидаги кўплаб кичик кўллар қуриб қолди ёки саёзликка айланди. Бу эса ўз навбатида, қарийб 90 фоиз тўқайзорларнинг йўқ бўлиб кетишига, 800 минг гектардаги қамишзорларнинг қуришига ва бу ерлардан қўним топган парранда-ю даррандаларнинг қирилиб кетишига олиб келди. Айни пайтда, трансчегаравий дарёларнинг ўрта ва юқори оқимларида юзлаб сунъий сув ҳавзалари пайдо бўлди. Натижада Орол фожиасининг оқибатлари ҳатто Помир ва Тянь-Шаннинг энг баланд чўққиларида ҳам кузатилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Оролнинг қуриши ер ресурсларининг камайиши ва тупроқ унумдорлигининг пасайиши билан бир пайтда кузатилмоқда. Яйловлар ва пичанзорларнинг табиий ҳолати тобора ёмонлашиб, шўр босган янги-янги майдонлар пайдо бўлаётир. Умуман олганда, Оролбўйидаги чўлланиш даражасининг кескин ошиши натижасида ҳудуднинг биологик маҳсулдорлиги 10 баробар камайди. Баъзи жойларда яйловлар ва пичанзорлар ўз аҳамиятини бутунлай йўқотди.

Минтақада чўлланиш жараёнининг тезлашиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёси хилма-хиллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оролбўйидаги санитар ва экологик вазият тобора мураккаблашиб бораётир. Юқумли ва бошқа касалликларга чалиниш кўпаймоқда. Ана шундай шароитда сувдан оқилона фойдаланиш Марказий Осиё давлатлари учун, айниқса, трансчегаравий дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатлар учун энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолди.

Юқорида келтириб ўтилган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида мамлакатимиз томонидан бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. БМТ махсус резолюциясини қабул қилиш ғояси 2019 йил 25 октябрда Нукус шаҳрида БМТ шафелигида бўлиб ўтган «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» деб номланган юқори даражадаги халқаро конференцияда қўллаб-қувватланди. Конференция якунлари бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи экологик инновациялар ва технологиялар зонасини эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси, шунингдек, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий Дастурни лойиҳаларга киритиш учун таклифлар тақдим этилди. БМТ резолюцияси инвестицияларни рағбатлантириш ва иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ёмонлашуви, барқарор урбанизация ва қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, қашшоқлик ва тенгсизлик каби кенг қамровли масалаларга эътибор бериш орқали асосий хавф омилларини бартараф этиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, сўнгги уч йил ичида Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этиш мақсадида икки миллион гектарга яқин ер майдонига сувсизликка чидамли дарахтлар экилди. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган ишлар атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, табиий ресурслар деградациясининг олдини олиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг кўпайиши ва тарқалиши учун қулай экотизим шаклланишини таъминлайди. Чўл ўрмонлари майдонларининг ва биохилмахилликнинг кенгайиши минтақада иқлим ўзгаришининг юмшашига имкон беради.

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ҳамда ушбу ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш бўйича таклифи Орол фожиасини бартараф қилишга, мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига, халқимиз саломатлиги тубдан яхшиланишига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг сақлаб қолинишига, энг асосийси, келажак авлодимиз учун она табиатимизни бутунлигича асраб қолинишига хизмат қилади, деган умиддамиз.

 

Рустам КЕНЖАЕВ,

Тошкент давлат юридик университети

Экология ҳуқуқи кафедраси доценти.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: