17.09.2020

ЎЗИНИ ЎЗИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА ФРИЛАНСИНГ ХИЗМАТИ

Ҳозирги пайтда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиланиш жараёни тобора шиддатли тус олмоқда. Яъни, шу пайтгача кўникиб қолинган кўп-кўп нарсалардан воз кечилиб, улар ўрнига тамоман янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Бизнинг ҳам янгича яшашга ўтишдан бошқа имкониятимиз йўқ.

Бу ҳақда таниқли олим Султонмурод Олим шундай дейди: “Янгича яшашга ўтмасак, бўлмайди. Чунки юртимиз темурийлар салтанати мағлубиятга учраган даврлардан илғор дунёдан орқада қолишни бошлаган. Хусусан, Ҳиндистонга Европадан денгиз йўлининг очилиши билан, XVI аср бошларидан амалда Буюк ипак йўлининг аҳамияти йўқолди. Бу йўл бизни Ғарб ва Шарқ тараққиётининг “олтин ҳалқа”сига айлантирган эди. Биринчидан, у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа ўтаётган карвонларга хизмат қилар эдик. Иккинчидан, улардан нималарнидир сотиб олиб, эвазига ўзимизда ишлаб чиқарилган нимамизнидир сотар эдик. Учинчидан, шу тариқа маданиятлару тамаддунлар алмашинуви содир бўлар, бундан ҳамма ютар эди. Тўртинчидан, худди ана шу омиллар халқимизнинг дунёдан орқада қолмаслигини таъминлаб турар эди”.

Мамлакатимизда доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиган аҳоли қатлами кўпчиликни ташкил этади. Аммо уларнинг меҳнати йиллар давомида ҳеч қаерда қайд этилмасдан келинди. Бу эса шу тоифадаги аҳолининг пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарди. Бирор жойда ишлаб, даромад топган, аммо меҳнати расман қайд этилмаган бундай аҳоли қатлами ишсиз ҳисобланарди.

2019 йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. 2019 йил 9 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб жорий этилди.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан уларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар, фаолият кўрсатаётган жойида пулли асосда берилади. Демак, ўзини ўзи иш билан банд қилган аҳоли қатламига:

- расман ёлланиб, якка тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган;

- ўзи ишлаб, бировнинг меҳнатидан фойдаланмайдиган;

- жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этадиган;

- иш ва хизматларни кўрсатишда фаолиятини мустақил амалга оширадиган;

- шу йўл билан даромад топадиган;

- вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериладиган шахслар киради.

Юқоридаги принцип асосида вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб пенсияни ҳисоблаб чиққунга қадар амал қилади ва ушбу ҳужжат унинг меҳнат стажига асос бўлиб ҳисобланади. Ўзини ўзи банд қилган мақомига эга бўлган бундай фуқароларни ташкилотлар томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Фақат битта хусусияти, бундай фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди. Демак, буларга тўланган иш ҳақи умумий иш ҳақи фондига киритилмайди.

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзини ўзи иш билан таъминлаган аҳолига яна бир қатор қулайликлар туғдирди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромади жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланган. Ушбу ҳолатда ўзини ўзи иш билан таъминлаган аҳолининг даромадларидан солиқ ушланмайди. Бу ҳам аҳолига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қўшимча имконият ҳисобланади. Шу йўл билан ҳам аҳолини тадбиркорликка янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилади.

Ўзини ўзи иш билан банд қиладиган аҳолини рўйхатга олиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб хабар бериш тартибида амалга оширилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларга рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берилади. Бу ушбу шахсга махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Агар шундай бўлса, олдинги қарор билан белгиланган вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.

Амалдаги тартиб бўйича, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан ва топган даромадидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Бир пайтлар дунё тамаддуни пайдеворини қўйган халқ бугун тамаддун бобида ҳам орқада қолишга ҳаққи йўқ. Эндиликда тамаддун бўйича жаҳондаги илғор давлатларни қувиб орқасидан етиб, улардан ўтиб кетишимиз лозим. Бу албатта ўз-ўзидан содир бўлмйди. Бунга интилиш, интилиш ва яна интилиш билан яшашни ўрганишимиз лозим. Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фрилансинг, деб аталиши ва мос равишда уларга бир қанча ҳуқуқлар берилиши кўзда тутилган.

Фрилансинг атамасининг мазмуни нималардан иборат, деган саволга жавоб беришга киришишдан олдин унинг мазмун-моҳиятини тушуниб олиш зарур.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт жадаллик билан жорий қилинаётган бир паллада интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи), ўзини ўзи банд қилган шахслар пайдо бўлмоқда. Булар моҳияти жиҳатидан фрилансинг, деб номланган. Ушбу субъектлар томонидан кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш тартиби жорий қилинган. Ушбу ишларни “контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларини (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатишни (ишлар бажариш)” амалга ошириш мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Энди икки оғиз гап фрилансер (фрилансинг) ҳақида. Фрилансинг инглиз тилидан олинган бўлиб, эркин ходим (эркин ишчи) маъносини англатади. Бундай ходим ўз ишини (хизматини) масофадан туриб, ахборот коммуникация ресурслари, оммавий ахборот воситалари ва шахсий узатув воситаси ёрдамида иш берувчига тавсия қилади.

Бу хизмат бировларнинг иштирокисиз, икки томонлама манфаатдорлик асосида амалга оширилади. Иш берувчи махсус шататни ушлаб турмайди, фақат ўзига керак нарсани ўзи хоҳлаган паллада, келишган нархда амалга ошириши мумкин. Бу иш бажарувчига (фрилангсингга) ҳам манфаатли. Чунки у ўзи келишиб, ўзи бажариб, даромадини ҳам ўзи ўзлаштириш имкониятига эга бўлади. Ҳозирги пайтда бундай хизмат турлари Ғарбий Европа ва АҚШда кенг тарқалган. Бундай хизматга бизда ҳам эҳтиёжлар бор. Демак, бу соҳа бизда ҳам ривожланади.

Мамлакатимизда ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олиш масаласи қўйилган. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олиш учун тегишли мобиль иловани ишлаб чиқиб, жорий қилишга муваффақ бўлди. Бунда юқоридаги қарорда кўрсатилган қуйидаги ишлар амалга оширилади:

“буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш;

юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;

мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;

кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш”.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар, яъни фрилансинглар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлаши ҳам белгилаб қўйилган.

2021 йилдан бошлаб инновацион ва рақамли иқтисодиётни жорий қилиш натижасида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни осонлаштириш, шу жумладан, уларга тегишли имконият яратиш учун ахборот-коммуникация ресурсларидан реал вақт режимида фойдаланишга ёрдам берадиган «Бизнес навигатор» ахборот тизими жорий қилиниши кўзда тутилган. Бунда:

“тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш;

кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш;

тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш” масалалари ҳам кўзда тутилган.

Бунда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги «Бизнес навигатор» ахборот тизимини яратиш бўйича буюртмачи этиб белгиланган. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари «Бизнес навигатор» ахборот тизимини яратиш, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ишларни молиялаштириш манбаи сифатида эътироф этиш ҳам қайд этилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини тайёрлашда унга ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдорини ўрнатиш, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёлланма ишчиларига ёлланиб ишлаш асосида меҳнат фаолиятини олиб борувчи шахслар учун ўрнатилган солиққа тортиш тартибини татбиқ қилиш масалалари ҳам назарда тутилган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда 2020 йил 1 августга қадар “Камбағалликни қисқартириш дастури” лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. Камбағалликни қасқартириш фақат истак билан амалга ошиб қолмайди. Бунинг учун аҳоли янгиликларга кўникиши, янгиликлар билан бирга қадам ташлаши, янгиликларни ҳаётга татбиқ этишда ҳал қилувчи ҳалқа, яъни бевосита иштирокчи бўлиши шарт. Шундагина одамларнинг ўзи ҳам такомиллашади, замонавийлашади, камбағалликни ортда қолдириб, маълум маънода бойлик томон илгарилайди.

Хулоса қилиб айтганда, ўзини ўзи иш билан таъминлашнинг моҳияти ҳамон тўлиқ очиб берилмаган ва янги тушунча бўлган фрилансинг тушунчасининг мазмуни ҳақида деярли тадқиқот олиб борилмаган. Ўзини ўзи иш билан банд қилиш ва фрилансинг хизматлари юзасидан берилган тушунча ва тавсияларнинг амалиётга жорий қилиниши мамлакатимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг ҳал қилинишига хизмат қилади.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

иқтисод фанлари доктори,

СамИСИ профессори,

Озода ПАРДАЕВА,

ТДИУ Самарқанд филиали ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: