Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
09.09.2020

ИЖОДИЙ ИМТИҲОНЛАР

Самарқанд давлат университетида жамоатчилик назорати остида холис, шаффоф, адолат мезонлари асосида бўлиб ўтмоқда

Ҳақиқатни тўлиқ қабул қилмасдан, уни яхши кўрмасдан ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Бизга маълумки, олий таълим тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида баъзи бир йўналишлар бўйича истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг қобилият ва маҳоратини намойиш этиши учун имконият яратиш мақсадида ижодий имтиҳонлар жорий этилган. Лекин бу жараёнда инсон омили аралашувини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Шу сабабдан ижодий имтиҳонлар атрофида турли баҳс- мунозаралар, эътирозлар, фикр- мулоҳазалар рўй бериб, келмоқда.

Президентимиз томонидан 2020-2021 ўқув йиллари учун қабул жараёнида ижодий имтиҳонларни холис ва шаффоф ўтказиш юзасидан вазифалар белгиланди. Мутасаддиларнинг масъулияти янада оширилди. Таҳририятимиз топшириғи билан ижодий имтиҳонлар жараёни билан яқиндан танишиш, бу борадаги турли қарашларни ўрганиш, ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида Самарқанд давлат университетида бўлдик. Келинг, шу ўринда сўзни имтиҳон олувчилар, имтиҳон топширувчилар, имтиҳонни холис кузатувчиларнинг ўзига берсак.

Усмон Ражабов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети жисмоний маданият кафедраси доценти:

Ижодий имтиҳонларни холис, ҳаққоний баҳолашнинг янги механизми Самарқанд давлат университетида яратилганлигига шахсан гувоҳ бўлдим. Aбитуриент жисмоний маданият йўналиши бўйича белгиланган вазифаларни қандай, қанча вақт ичида бажарса, шунга қараб натижага эришади ва жараённинг ўзида қўйилган баллини кўради, билади ва ўз имзоси билан тасдиқлайди. Бундан ташқари, ижодий имтиҳон жараёни бўлиб ўтаётган «Динамо» стадионида 20 та кузатув камераси узлуксиз ишлаб турибди. Имтиҳон жараёнида СамДУ профессор-ўқитувчилари қатнашаётгани йўқ. Имтиҳон жараёнини Ёшлар ишлари агентлиги вакили, касаба уюшмалари масъул ходими, прокуратура ходимлари, ота-оналар вакили тўлиқ кузатиб бормоқда. Ҳеч қандай савол, эътироз, шикоятга ўрин йўқ. Менинг назаримда, мазкур механизмни келгуси йилларда барча ижодий имтиҳон олинувчи йўналишларда қўллаш керак, деб ҳисоблайман. Ўшанда имтиҳонлар атрофидаги салбий қарашларга ўрин қолмайди.

Aзамат Маматқулов, Самарқанд шаҳар прокуратураси катта терговчиси:

Тўғрисини айтганда, ўтган йилларда ижодий имтиҳонлар жараёнидан норизо бўлган абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳам мурожаат қилишарди. Бу йил Самарқанд давлат университети маъмурияти ташаббуси билан ижодий имтиҳонларни шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳам вакиллар сўралди. Мана, имтиҳон жараёнларини кузата туриб, ишонч ҳосил қилдимки, жисмоний маданият йўналишида барча жараёнлар холис ўтказилмоқда. Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани йўқ. Энг муҳими, абитуриент қўлга киритган натижасини ўша вақтнинг ўзидаёқ билишга ҳақли. Бу натижага белгиланган балл қўйилади, абитуриент эса буни тасдиқлаган ҳолда имзо қўяди. Бирорта муаммоли вазият ёки шикоятга дуч келганимиз йўқ.

Aлишер Суюнбоев, Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими:

Жамоатчилик назорати ўз ўрнида ўрнатилса, натижа беради. Самаранд давлат университетида жисмоний маданият йўналиши бўйича ўтказилаётган ижодий имтиҳонни кузатиш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдим. Юз ва минг метрга югуриш талабини бажарган абитуриент ўша вақтнинг ўзида қўлга киритган натижаси билан таништирилади, қанча балл тўплаганини билади ва бунинг тасдиғи сифатида қайдномага ўз имзосини қўяди. Менинг назаримда, ижодий имтиҳон тўлиқ холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида бўлиб ўтмоқда. Таклифим, мана шу тажрибани ижодий имтиҳонларда қўллаш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Aмирхон Бақоев, Самарқанд шаҳри Боғи Феруза маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

– Aввало, ижодий имтиҳонларни адолатли ташкил қилишни талаб қилган, мутасаддилар олдига вазифа қилиб қўйган Президентимизга миннатдорлик билдирмоқчиман, Самарқанд давлат университетида ижодий имтиҳонлар тўлиқ ҳалоллик ва холислик тамойилларига бўйсундирилган ҳолатда ўтказилмоқда. Имтиҳон олувчиларнинг четдан келиши, жамоатчилик назорати ўрнатилганлиги мени жуда қувонтирди. Aбитуриентлар ҳам қўйилаётган баллардан рози бўлиб, имтиҳондан чиқишаяпти. Тўғриси, буни кутмагандим. Бугун ўзим гувоҳ бўлиб тўла ишонч билан айтаманки, Самарқанд давлат университети мусиқа таълими йўналишидаги ижодий имтиҳонлар бир байрамга ўхшаб, хурсандчилик билан тўлиқ адолатли ва ҳалол бўлиб ўтмоқда. Мутасаддиларга ота-оналар номидан, жамоатчилик вакиллари номидан раҳмат айтмоқчиман.

Шоҳрух Шомуродов, Пастдарғом туманидан, абитуриент:

Ижодий имтиҳон адолатли, тўғри, соф ўтмоқда. Буни имтиҳон топшириб чиқаётган абитуриентлардан ҳам эшитдим. Ўзимда ҳам ишонч ва умид пайдо бўлди. Қўшиқ айтаман, тор чолғу асбобини чаламан. Демак, ўқишга кириш имкониятим катта, деб ўйлайман. Менга маъқул бўлгани ижодий имтиҳонларда жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этаётгани бўлди. Бу холисликни тўлиқ таъминлаш имкониятини беради. Биз, ёшларни ўқиб, билим олишимиз учун барча шароитлар яратиб бераётганидан хурсандмиз. Имтиҳонда Ёшлар ишлари агентлиги вакили ҳам иштирок этаётгани бизда ишонч уйғотади.

Қурбонниёз Панжиев, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти, санъатшунослик фанлари номзоди:

Кутилмаганда университетимиз раҳбарияти бизни Самарқанд давлат университетига ижодий имтиҳон олишга юборди. Бундан мақсад холисликни таъминлашдир. Эътиборимни тортгани шу бўлдики, ҳар бир абитуриент билан ИД кодлари орқали мулоқот қилинмоқда, маҳоратига, билимига, иқтидорига қараб баҳоланмоқда. Ижодий имтиҳон жараёнида маҳалла фаоллари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, ота-оналар иштироки таъминланган. Барча жараёнлар кузатув камералари орқали тўлиқ ёзиб олинмоқда. Ҳеч қандай эътироз ёки тушунмовчилик содир бўлгани йўқ. Ижодий имтиҳонларда бундан кейин Самарқанд давлат университети тажрибасини қўллаш керак, деб ўйлайман. Ўшанда турли гап-сўзларга ўрин қолмайди. Ота-она ва абитуриент рози бўлади.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз таъкидлаганидек, бугун биз Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйишдек масъулиятли, тарихий бир даврда яшамоқдамиз. Бунда адолат ва холислик тамойиллари устувор ўрин тутади. Ёшлар мазкур жараёнларнинг ҳал қилувчи кучидир...

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: