Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
05.08.2020

КОРОНАВИРУС: ОСМА УКОЛ ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ...МИ?

Айни кунларда кўринмас душман билан кураш кескин тус олаётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Эрта тонгданоқ телевизорни ёқиб ёки ижтимоий тармоқларга кириб, энг сўнгги рақамлар, жаҳондаги ва юртимиздаги вазият билан қизиқамиз. Бирор яхши хабар, янгиликка умид боғлаймиз. Касалланганлар сони камайишини кутамиз, ўлим қайд этилмаган бўлсин-да, дея ният қиламиз. Афсуски, ҳали вазият биз кутгандек юмшамаяпти. Ер юзини ларзага солган, фақатгина махсус ускуна ёрдамида кўриш мумкин бўлган зарра — душманга қарши кураш чоралари давом этмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу борада тинимсиз изланишлар, янгича даволаш усуллари, инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга уринишлар туну кун олиб борилмоқда. Аҳоли карантин қоидаларига амал қилишга чақирилмоқда, огоҳликка даъват этилмоқда. Шунга қарамасдан, айрим кўнгилсиз ҳолатлар учраб турибди. Кўзга кўринмас ёв орамизда эканини ҳамюртларимизга яна бир англатиш мақсадида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара УБАЙДУЛЛАЕВАга саволлар билан мурожаат қилдик.

— Европанинг айрим мамлакатларида, шимолий ярим шарда коронавирус тарқалиш жараёни кучайиши кузатилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вазиятга изоҳ берар экан, бунга асосан, ёшларнинг эътиборсизлиги, ҳушёрликни сусайтиргани сабаб бўлаётганини билдирган. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

— Айни дамда ер юзидаги барча инсонлар бир ёвга қарши кураш олиб бормоқда. Аксарият давлатлар бу борада анча олдинга одимлаётган бўлса, бошқалари иккинчи, учинчи тўлқинга тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлашмоқда. Биласизми, душман аниқ, унга қарши кураш стратегияси ҳам ишлаб чиқилган. Бироқ унга барчамиз ҳам бирдек амал қилмаётганимиз ачинарли. Кундан-кунга касалланганлар сони ошиб бораётгани ҳам фикримиз далилидир. Албатта, бунга турли омиллар сабаб бўлган.

Аввал бошида коронавирус инсонлар томонидан ўйлаб топилган, дея кўпчилик СOVID—2019 нинг мавжудлигига ҳам ишонишмади. Вақт ўтиб, қариндошлари, узоқ-яқин танишлари коронавирусга чалингани ва бошқа муаммолар мавжудлигига амин бўлишди. Шунингдек, кўпчилик ёшлар вазиятни жиддий қабул қилмади. Болаларда касаллик енгил ўтиши борасида хабарлар, мутахассисларнинг фикрлари хотиржамликка берилишларига асос бўлди, деб ўйлайман. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директорининг дунё аҳлига мурожаати ўринли, деб биламан. Ҳар бир инсон ўзининг болалигини, ўсмирлик даврини ёдга олса, вазият янада ойдинлашади. Мазкур даврда унча-бунча хавф писанд қилинмайди. Турли хасталикларга беэътибор қаралади. Бизга юқмайди, ёш организм вирусга қарши кураша олади, қабилида иш тутади. Ҳозир ҳам кўча-куйда асосан йигит-қизларнинг бемақсад кезишаётганига гувоҳ бўлаётганимиз рост. Кўп ҳолларда тиббий ниқобларини даҳанига таққанини кўрамиз. Бу хатти-ҳаракатларимизнинг барчаси ўзимиз ва яқинларимизнинг ҳаёти учун катта хавф туғдиради. Энг асосийси, шуни унутмасликни сўраган бўлардим.

— Коронавирус борлиги тасдиқланган инсон нималарга амал қилиши лозим? Уй шароитида даволанаётганларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

— Аввало, БЦР тести орқали сизда вирус борлиги тасдиқланган бўлса, шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш шарт. Шу орқали ён-атрофдагиларга коронавирус юқишининг олди олинади. Яна кўп миқдорда суюқлик ичиш яхши самара беради. Шунингдек, соғлом овқатланиш режимига эътиборли бўлиш тавсия этилади. Зўриқмаган ҳолда, жисмоний фаол бўлиш, кайфиятни кўтариш зарур. Ҳаммаси ўз қўлимизда.

Учрашувлар, брифинглар давомида юртдошларимиз қандай дори воситаларини истеъмол қилса, яхши самара беришини сўрашади. Уларга жавобим битта. Ҳар бир инсоннинг организми ўзига хос. Унга даво чоралари кўрилаётганда ёши, жисмоний ҳолати, ёндош касалликлари, хасталикнинг қайси босқичида экани тўғрисидаги маълумотлар жуда муҳим саналади. Буларни эса оилавий шифокор яхши билади. Беморга қайси препарат самара беришини ҳам у яхши англайди. Демак, организмда коронавирус борлиги маълум бўлса, энг аввало, шифокорга мурожаат этишлари шарт. Йўл-йўриқни мутахасис кўрсатиши лозим. Амбулатор ҳамда стационар шароитда ҳам коронавирусни даволаш бўйича қўлланма ишлаб чиқилган бўлиб, республикамиздаги барча оилавий поликлиникаларга, тиббиёт муассасаларига етказилган.

— Одамлар орасида осма укол организмдан вирусни ювиб чиқаради, деган қараш бор. Мутахасис сифатида фикрингизни билдирсангиз.

— Тан олиш керак. Кўпчилик касалликка чалинганда врачга боради ёки ўзига-ўзи даво чораларини кўради. Мутахассисга мурожаат қилганда ҳам ёзилган рецептини кўздан кечирар экан, осма уколлар бор-йўқлигига эътибор қаратади. Агар осма уколлар рецептдан жой олмаган бўлса, шифокор малакасига у даражада ишончи бўлмайди. Тўғри, қайсидир ҳасталикларда бу иш бериши мумкин. Аммо коронавирусда бунинг мутлақо акси. Айниқса, уй шароитида. Аксарият аҳволи оғирлашган беморлар ҳам ўзбошимчалик билан турли дори воситаларидан фойдаланганини кўрдик. Натижада ўпкада сув йиғилиб, шишади. Бу беморнинг ўлим ҳолатигача олиб бориши мумкин. Ҳар қандай дори воситасини қўллашдан олдин, мутахассисга мурожаат қилишингизни сўраган бўлардим.

Шунингдек, Плаквинил дори воситасини қўллаш бўйича ҳам турли баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Бу борада ҳам ўз фикримни билдирсам. Ҳар бир тиббиёт ҳамда дори воситасидан мақсадли, касалликни маълум бир даражасида фойдаланилади. Плаквинил дастлаб коронавирусдан амбулатор шароитда даволанишда қўлланилган ва кутилган самарани бермаган. Бироқ стационар даволанишда фойда беряпти. Буни кўпчилик дунё олимлари ҳам айтишмоқда.

Лекин бу билан қайсидир препарат яхши, қай бири самарасиз, демоқчи эмасман. Ҳар бир инсон алоҳида индивидуал шахс эканини ва ҳар бир организм ўзига хослигини унутмаслигимиз шарт. Кимгадир ижобий таъсир қилган дори воситаси ҳаммага бирдек тавсия этилмайди. Яна бир бор таъкидлайман, бирор танишингизнинг соғайишига сабаб бўлган дорини эшитиб олиб, уни мутахассис маслаҳатисиз қўллаш ҳақида асло ўйламанг. Бу жуда ҳам ҳунук оқибатларга, қайтариб бўлмас кўнгилсизликларга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Шифокор билан маслаҳатлашмасдан ўзбилармонликка йўл қўйилиши оқибатида, беморларни сақлаб қолишга қийналяпмиз. Тиббиёт ходими йиллар давомида ўқиб, ўрганганлари асосида жавобгарликни ўз зиммасига олиб, сизга даволаш қўлланмасини ёзади. Уларга ишонч билдирсангиз, фойдадан холи бўлмайди. Мабодо бирор акс таъсир сезилганда ҳам, сизга дори ёзиб берган одам уни қандай бартараф қилишни билади. Зеро, инсон ҳаётидан устун ҳеч нима йўқ.

Сарваржон РАҲИМОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: