Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
05.08.2020

ЎЗ ВАҚТИДА ОГОҲЛАНТИРАМИЗ,ҚУТҚАРАМИЗ ВА ЁРДАМ БЕРАМИЗ

Мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудларини турли кўринишдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш республикамиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бугунги фан ва технологиялар асри, дунё табиати ва ҳаётида кечаётган табиий ва техноген ҳамда экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлардан аҳоли ҳамда ҳудудларни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида, шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган. Айни кунларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам янгиланиш ва ислоҳотлар жараёни изчил давом эттирилмоқда.

Кейинги йилларда бу соҳага эътибор кучайганини қуйидаги мисоллардан ҳам билса бўлади. 2017 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2 июнда эса “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий тадбирлар тўғрисида”ги муҳим қарорлар соҳа фаолиятида янги тарихий даврни бошлаб берди.

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси, шунингдек, Фанлар академияси Сейсмология институтининг Тезкор хабарлар хизмати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармони фавқулодда вазиятлар хавфи юқори бўлган туманларда (шаҳарларда) ҳам фавқулодда вазиятлар бўйича қўшимча бўлимлар ва қутқарув отрядлари ташкил этилгани Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва қуйи бўғинларини кенгайтиришга қаратилгани айни муддао бўлди.

Мазкур ҳужжатда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, илм-фан ва техника ютуқларини кенг жорий этиш, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурининг тасдиқланганлиги мамлакатимизда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кенг кўламли профилактик тадбирларни ташкил қилиш ва амалга ошириш учун янги имкониятлар юзага келганлигидан далолат беради.

Қабул қилинган қонуний ҳужжатлар талабларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибий штат тузилмаларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Вазирлик марказий аппарати айрим бошқарма ва хизматлари, ҳудудий ва таркибий тузилмаларнинг баъзи хизмат ва бўлинмалари янгидан ташкил этилди. Хусусан, вазирлик Инспекцияси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизимини назорат қилиш хизматига айлантирилди ва унинг зиммасига аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш давлат тизими учун Андижон транспорт ва қурилиш, Самарқанд ахборот технологиялари, Олмазор политехника ҳамда Чингелди маиший хизмат коллежларида қутқарувчилик касби бўйича “қутқарувчи-ҳайдовчи”, “қутқарувчи-ғаввос”, “йўриқчи-дезинфектор”, “дозиметрчи”, “газда қутқарувчи” каби ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрланадиган бўлди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент кимё-технология институти, Наманган давлат университети, Андижон машинасозлик ва қурилиш институти каби олий таълим муассасаларида “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича бакалавр даражасига эга олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишларни тамомлаган ёш мутахассислар ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш давлат тизими ходимлари келажакда соҳа йўналишида ўз билимларини чуқурлаштириш, илмий изланишлар олиб бориш имкониятига эга бўладилар. Яъни, улар вазирлик Фуқаро муҳофазаси институтида “Фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича икки йил давомида магистратура босқичида таҳсил олишлари мумкин.

Янгиланишлар фақатгина шулар билангина тўхтаб қолгани йўқ, албатта. Ўтган уч йил мобайнидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатибгина қолмасдан, тизимни такомиллаштиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

2019 йил 10 апрелда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ва “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатлар ўз мазмун-моҳиятига кўра, мамлакатимиз фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида навбатдаги тарихий саҳифалардан бирини очди, десак, хато қилмаган бўламиз.

Соҳа бўйича чуқур ўрганиш ва таҳлиллар, кузатиш ва тажриба­ алмашишлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибидаги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди.

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатида ҳам назарда тутилган бўлиб, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири бўлиши лозимлиги қайд этиб ўтилган эди.

Юқорида зикр этилган ташкилотнинг вазирлик тизимига ўтказилиши муносабати билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, уларнинг юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, вужудга келишини барвақт профилактика қилиш, шунингдек, Республикада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш каби устувор вазифалар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг янги асосий вазифалари этиб белгиланди.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармони билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими ҳар томонлама такомиллаштирилди. Яъни, бугунги кунгача ёнғин ва ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тадбирлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматлари орасида такрорланиб келарди. Бундан ташқари, ФВ йўналишларида корхона ва ташкилотларда ўрганиш, назорат-текширув ишларида ҳам бир-бирини такрорлаш ҳолатлари кузатиларди.

Фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, кўп ҳолларда уларнинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан чақирувлар икки тизимга бир вақтда амалга оширилмас эди. Шу сабабли ҳамкорликдаги ҳаракат зарур бўлганида, икки тизим куч ва воситалари бир-бирини кутиб қолар, шунингдек, вазият оқибатларини бартараф этишда гуруҳлар алоҳида-алоҳида бошқарилар эди. Бундан кўринадики, икки томонлама бошқарув ҳолати фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда кўп ҳолларда қийинчилик ва ноқулайликларни келтириб чиқарган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий тузилмалари асосий кучлари марказларда жойлаштирилган бўлиб, шаҳар ва туманларда содир бўлган фавқулодда вазиятларда зудлик билан қутқарув ишларига етиб бориш ва оқибатларини бартараф этиш баъзида имконсиз бўлар эди.

Таъкидлаш жоизки, юзага келган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, бу борада самарали ягона механизмни йўлга қўйиш асосий масала бўлиб қолди.

Шунга кўра, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилиши билан мамлакатимизнинг барча туманлари фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга ихтисослашган, содир бўлганда эса ўз вақтида оқибатларини бартараф этувчи кучлар билан таъминланди.

Навбатдаги асосий масалалардан бири – олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлашдир. Бугунги кунгача турли таълим муассасаларини битирган мутахассислар вазирлик тизимига хизматга қабул қилинар, лекин уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш учун баъзан бир неча йил керак бўлган.

Яна бир жиҳат – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бугунги кунгача ўз ходимларига академик маълумот бериш бўйича қатор қийинчиликларга дуч келган. Олий таълимдан кейинги тайёрлаш босқичлари асосан хорижий мамлакатларда икки йиллик академик маълумот бериш билан амалга оширилган. Ходимларни хорижий мамлакатлар Академиясида тайёрлаш учун республиканинг катта миқдордаги маблағлари сарфланган.

Президентимиз фармони билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш Давлат тизими учун Ёнғин хавфсизлиги институти базасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, унинг таркибида Фуқаро муҳофазаси институти ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўт ўчирувчи-қутқарувчиларни бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази қайта ташкил этилди.

Соҳа йўналишида нафақат олий ва ундан кейинги таълим, балки олий таълимга қадар бўлган таълим-тарбия йўналиши ҳам назарда тутилди. Шунга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси қошида Ихтисослаштирилган лицей ташкил этилди. Ушбу таълим муассасасида таҳсил олувчилар, ўз навбатида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва Қуролли Кучлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тайёрланадилар.

Фармонга кўра, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, илм-фан ва техника ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан Йўл харитаси тасдиқланди. Бу эса мамлакатимизда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кенг кўламли профилактик тадбирларни ташкил қилиш ва амалга ошириш учун янги имкониятлар юзага келганлигидан далолат беради.

ФВВ тизимига ўтказилган тузилмаларнинг ходим ва хизматчи лавозимлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли ҳарбий хизматчиси ва хизматчи лавозимларига ўтказилади, уларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиси ва хизматчиларига белгиланган маош ва кийим-кечак таъминоти, ижтимоий ва пенсия кафолатлари тартиби қўлланилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг бошқарув, профессор-ўқитувчилар таркиби ва ўқув-ёрдамчи таркиб мақоми, ойлик маоши ва рағбатлантириш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясининг тегишли лавозимларига тенглаштирилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ислоҳотлар жараёнида амалга оширилаётган тадбирлар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими самарадорлигини тубдан ошириш билан боғлиқ қатор долзарб вазифаларни тўлақонли даражада бажариш имконини беради. Бу эса “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш!” деган эзгу шиор остида юртимиз аҳолиси ва ҳудудларини ёнғин, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Азамат СУЮНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Муҳофаза+” журнали ва “Вазият” газетаси бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: