29.07.2020

УМИДБАХШ СЎЗ ҚУДРАТИ

Ёки ёлғоннинг касофати ҳақида

Инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсак, одамларни нобуд қиладиган юқумли, хавфли касалликлар билан боғлиқ ниҳоятда оғир ҳолатлар кўп бор юз берганига гувоҳ бўламиз. У замонларда тиббиёт ривожланмагани боис ўлим ҳолатлари анча юқори бўлган. Халқ эса буни Оллоҳнинг иродаси деб қабул қилган ва сабр, оғир-босиқлик билан иш тутган. Шу боисдан ҳам инсоният авлоди давом этиб, бугун ер юзида бир неча миллиардлаб аҳоли ҳаёт кечирмоқда.

Афсуски, шундай оғир кунлар бизнинг замонимизда ҳам бор экан. Бугун коронавирус билан боғлиқ вазият жиддийлигини кўриб, билиб турибмиз. Бироқ, юртимизда бу балои-офатнинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ундан имкон қадар талофатларсиз чиқиш мақсадида барча чоралар кўрилмоқда. Бу масала бевосита давлатимиз раҳбари назоратида. Мамлактимизда қўшни ва дунёдаги бошқа мамлакатларга қараганда касалликдан соғайиш фоизи катта эканлиги, ўлим ҳолатларининг бошқа мамлакатлардагига нисбатан камлиги шу саъй-ҳаракатларнинг натижасидир.

Лекин бундай оғир эпидемиологик ҳолатлардан, айниқса, бедаво бўлиб турган касаллик эпидемиясидан талофатларсиз, мутлақо қурбонларсиз ўтиш мумкин эмас. Тарихдаги ҳар қандай эпидемия оқибатлари буни кўрсатиб турибди.

Шунинг учун ҳам бу жараёндаги ҳолат ва вазиятларни бошқача талқин қилиш, бўрттириш, илм-фанда исботланмаган хулосаларни тарқатиш, кимнидир айблаш, бир сўз билан айтганда, нохолис ахборот одамларда ваҳима, умидсизлик, ҳаётдан норозилик кайфиятини ўйғотади, соғлом одамни касал қилади, касални оғирлаштиради. Бирор яқинини йўқотган одам учун эса ўлганнинг устига тепгандай бўлади.

Шундай экан, ҳозирги синовли кунларда айниқса биз — одамларга газета-журналлар, радио-телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатаётган соҳа вакилларидан ҳар қачонгидан-да масъу­ли­ятлироқ, мулоҳазалироқ, босиқроқ бўлиш талаб этилади. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳамкасбларимизнинг бугунги таҳлилий ва асосли танқидий чиқишлари натижасида қатор хато ва камчиликлар бартараф этилмоқда. Аммо баъзида ҳис-ҳаяжонга берилиб сўз айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Айрим ижтимоий тармоқларда ўлмаган одамларни ўлдига чиқариш ҳолатлари ҳам бўлди. Афсуски, ҳозир ҳис-ҳаяжонга берилишнинг мавриди эмас. Зеро, бугун оддий халқ оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, блогерларнинг оғзига қараб турибди. Биз тарқатаётган ҳар бир ахборотга улар ишонади, нафақат ишонади, балки шунга қараб ўз хатти-ҳаракатларини белгилайди. Бу орқали ижтимоий фикр шаклланади. Ижтимоий фикр эса жамият барқарорлигининг асосидир.

Халқимиз учун ҳозир нима муҳим? Касалликни, пандемияни енгиш, олдинги осойишта ҳаётга қайтиш. Инсонни нима ҳаётга қайтаради? Умидбахш сўз. Биз бугун ана шу умидбахш сўзни топиб, одамларга айта олишимиз керак.

Бизнинг халқимиз азалдан юксак ақл-идрокли, тафаккури кучли халқ. Кўринган душманни кучи, кўринмаганини илми-тафаккури билан енгган. Биз эса шу донишманд, сабр-матонатли халқимизга холис ва керакли сўзи айта олишимиз зарур.

Назира МАТЯҚУБОВ,

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: