29.07.2020

ЧЕКЛОВЛАР ДАВОМ ЭТАДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, 2020 йил 28 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 21 506 (+297) нафарни ташкил этган. Янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент шаҳрида (улардан 72 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирус билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар, 53 нафари эса Қозоғистондан «Ғишткўприк» чегара пости орқали келган ва Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган ҳамда намуна олинган фуқаролар орсида), 68 нафари Тошкент вилоятида, 32 нафари Бухоро вилоятида, 21 нафари Сирдарё вилоятида, 18 нафари Наманган вилоятида, 11 нафари Навоий вилоятида, 10 нафари Фарғона вилоятида, 9 нафари Андижон вилоятида ҳамда 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Айни пайтда юртимизда 11674 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (54 фоиз) соғайган. Ҳозирда мамлакатимизда 9 710 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 215 нафари оғир, 81 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 34 ёшли Ш.М. (аёл) жорий йил 16-21 июль кунлари шаҳар 9-сон туғруқ комплексида «27 ҳафталик 6-ҳомиладорлик, 5-туғруқ, икки томонлама пневмония, камқонлик, нафас етишмовчилиги» ташхиси билан даволанган.

Беморда «COVID-19» тасдиқлангач, шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Унга «COVID-19» инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Республика махсус комиссияси ахборотида айтилишича, карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилди.

Карантин чекловлари амал қиладиган даврда қуйидагиларга қатъий этибор қаратиш белгиланди:

а) давлат органлари ва ташкилотларига:

ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур бўлган мутахассисларни бевосита жалб этишга рухсат берилганини инобатга олиб, қолган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқаришни ёхуд масофадан туриб (онлайн) ишлашини ташкил этишга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш;

ходимларини вақтинчалик хизмат сафарига юборишни тўхтатиш;

йиғилишларни фақатгина онлайн тарзида ташкил этиш;

ходимлар орасида коронавирус билан касалланганлар мавжуд бўлган тақдирда, улардан хабар олиш, даволаниш мақсадида зарур дори воситалари ва буюмларни харид қилиш учун ходимнинг шароитини инобатга олган ҳолда, моддий ёрдам ажратиш;

б) фуқароларга:

тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик;

жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;

ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир, онкологик касалликлар ва б.) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 августга қадар баъзи бир фаолият турларига ўрнатилган чекловлар ҳам узайтирилди.

Қуйидаги фаолият турларини тўхтатиш бўйича чеклов 15 августига қадар узайтирилди:

парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;

буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;

спорт заллари, фитнес клуб, тренажер, бассейнлар;

умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона);

мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;

санаторийлар (короновирус инфекциясидан даволанган ва реабилитация ўтаётган беморларга тиббий ёрдам ташкил этиладиган санаторийлардан ташқари), пансионатлар, болалар оромгоҳлари, хостеллар, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари;

сартарошхона ва гўзаллик салонлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг кириши ва чиқиши (вилоятлар­аро қатнов) (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно).

Дам олиш кунларида автотранспортлар ҳаракати яна чекланади. БЕМОРЛАРНИ ОЛИБ КЕТАЁТГАН ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ ТЎХТАТИЛМАЙДИ

Жорий йил 31 июль (Қурбон ҳайити куни), 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Беморларни олиб кетаётган транспорт воситаларидан махсус рухсатнома сўралмайди.

«Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланди ва шу муносабат билан мутасаддиларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилди», дейилади комиссия қарорида.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, республикамиздаги эпидемиологик вазият оғирлашгани муносабати билан, шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 31 июль (Қурбон ҳайити куни), 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилади:

аҳолига — «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;

давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, уларнинг уйда қолиши учун шароит яратиш.

ЭКСПЕРТЛАР БЕМОР УЧУН ЭНГ ЗАРУР ТАВСИЯЛАРНИ БЕРДИ

«Тез ёрдам» телевизион дастурида шифокорлар томонидан COVID-19`га чалинган беморларда касаллик енгил шаклдан оғир шаклга ўтишининг олдини олиш борасида тавсиялар берилди. Унга мувофиқ, қуйидаги тоифа кишилар ўзларида коронавирус аломатларини сезса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишлари ва ўз саломатликларига жиддий эътибор беришлари лозим:

қандли диабети бор кишилар;

аутоиммун касалликларга чалинган беморлар;

юрак-қон томир хасталиги бор кишилар;

ёши 55-60дан ошган инсонлар;

метаболик синдромга эга инсонлар.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, касалликнинг енгил ва ўрта оғир шаклларида нафас қисиши кузатилмайди, симптомлар фақат иситма, ҳолсизлик, томоқ ва мушаклар оғриғи, ҳид ва таъм сезгисининг йўқолиши билан чекланади. Бундай ҳолатда юқорида санаб ўтилган хавф гуруҳига кирмайдиган беморлар уйда даволанишлари мумкин.

Улар қуйидаги тавсияларга амал қилишлари мақсадга мувофиқ:

Хусусан, кўп суюқлик истеъмол қилиш (кунига 3 литр);

D ва C витаминлари, микроэлементлардан эса рух (цинк) қабул қилиш;

ҳарорат 38 дан юқори бўлганда, иситма туширувчи дори (парацетамол) ичиш;

симптоматик чоралар: томоқни чайиш, бурун битганда фойда берувчи воситалар.

Мутахассисларнинг айтишича, касалликни енгил ва ўрта оғир шаклда бошдан кечираётган ва хавф гуруҳидан ташқаридаги беморлар уй шароитида турли дори-дармонлардан осма укол олиш ва кучли таъсирга эга дорилар (антибиотиклар, иммуномодуляторлар ва ҳ.к.) қабул қилишдан ўзларини тийишлари лозим.

Бундан ташқари, юқоридаги тавсияларга амал қилинган ҳолда коронавирус беморларининг асосий қисми – хавф гуруҳига кирмайдиган ва нисбатан соғлом ҳолда COVID-19`ни юқтириб олган беморлар катта эҳтимол билан бир неча кунда касалликни енгиб ўтишади. Аммо мазкур тоифа беморлар кучли таъсирга эга ортиқча дориларни шифокор тавсиясисиз қабул қилса, бу аксинча уларнинг аҳволи оғирлашишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам шифокорларнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш лозим.

КОРОНАВИРУС ДАВРИДА ПНЕВМАНИЯ

Маълумотларга кўра, касалликнинг биринчи кунларидан кучли таъсирга эга дориларни қабул қилиш билан нормал ҳолатда кетаётган жараённи беморларнинг ўзи издан чиқаради. Тажриба эса вақтида сув ичиб, тўғри овқатланган, етарли миқдорда витаминлар истеъмол қилган беморларнинг 70-80 фоизида коронавирус пневмания шаклига ўтмасдан енгил шаклда ўтаётганини кўрсатмоқда.

Шу боисдан «Тез ёрдам» лойиҳасининг навбатдаги сонида Вирусология институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Раъно Қосимова коронавирусга чалиниб, касалликни енгил шаклда ўтказаётган беморлар ва шифокорларга айрим тавсияларни берди. Унинг айтишича, 70-80 фоиз беморда касаллик енгил ва ўрта оғир даражада ўтади. Енгил тарзда касалликни бошидан кечираётган беморларга дори бериш шарт эмас. Организм бу вазиятда мустақил тарзда курашиб, касалликнинг 4-5-кунида тана ҳарорати тушиб, беморнинг аҳволи яхшилана бошлайди. Аммо, бугунги кунда аҳоли ваҳимада қолмоқда. Иситма кўтарилиб кетганида, ўзини ёмон ҳис қилганида ёки бирор яқинини йўқотиб қўйганида инсоннинг хавотири кучайиб кетмоқда. Бу эса уларнинг ҳолати ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.

Яна шуни айтиш мумкинки, касалликнинг биринчи кунидан дори қабул қилган беморларда 7-8-куни ўпка шикастланиши ва қоннинг кислород билан таъминланиши пасайиб, жонлантириш бўлимига ётқизилиши ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳам етмаганидек, антибиотик қабул қилиниши натижасида диарея ва кўнгил айниши каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун шифокорлар беморларга дори ёки гормон беришдан олдин унинг ҳолатини яхшилаб ўрганиши ва агар зарур бўлса, керакли препаратларни тавсия қилиши мумкин, лекин касалликнинг биринчи кунидан эмас. Бир сўз билан айтганда, агар касаллиги енгил ўтадиган 70-80 фоиз беморга биринчи кунданоқ стационар шароитда ишлатиладиган дорилар қўлланилса, унинг самараси сезиларли бўлади.

МАВСУМИЙ ГРИПП НИМА БЎЛАДИ?

Маълумки, ҳар йили мавсумий гриппга қарши ҳам эмлаш ўтказилади. Кузда бу иш анча мураккаб кечиши тайин, чунки мавсумий гриппнинг симптомлари амалда COVID-19 симптомларидан фарқ қилмайди.

Сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида аҳвол янада қийинлашади. Оддий мавсумий респираторли касалликлар кўпаяди. Касалхоналарга турли вирусларни юқтирган беморлар кела бошлайди, улардаги касаллик аломатлари COVID-19 симптомларига ўхшаб кетади. Токи микробиология текшируви ўтказилмас экан, уларнинг фарқини ажратиш жуда мушкул. Табиийки, соғлиқни сақлаш тизимлари жуда катта босим остида қолади.

Шу боис айрим мутахассислар коронавирус шароитида мавсумий гриппга қарши эмлашни бу йил эртароқ, яъни сентябрь-октябрь ойларида бошлаш кераклигини таъкидламоқда.

КУНЛИК РЕКОРД КАМАЙМАЯПТИ

Коронавирусга чалиниш бўйича ўтган шанбада сайёрамизда 284 мингта ҳолат аниқланди, 9,7 минг киши пандемия қурбонига айланган, деб хабар бермоқда (ЖССТ) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

Бундан бир кун аввал ЖССТ 247 225 та вирус юқтириш ва 7 минг 97 ўлим ҳолати ҳақида хабар берган эди. Энди эса инфекцияга чалиниш бўйича яна рекорд кўрсаткич қайд этилгани маълум қилинмоқда. Ўтган куни дунё бўйича 284 минг 196 бемор аниқланган, 9 минг 753 та ўлим ҳолати қайд этилган.

ЖССТ берган маълумотга кўра, дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони жами 15 миллион 296 минг 926 кишига етган, камида 628 минг 903 бемор COVID-19 қурбони бўлди.

Касаллик тарқалиши бўйича энг ёмон вазият ҳамон Шимолий ва Жанубий Америка минтақаларида кузатилмоқда. Ушбу икки қитъада ҳозиргача 8 миллион 121 минг 700 киши вирус юқтиргани маълум бўлди. Ундан кейин Европа бормоқда. Мазкур минтақада коронавирусга чалинганлар сони жами 3 миллион 170 минг 382 кишига етди.

Мамлакатлар бўйича ҳамон АҚШ да вазият ачинарли бўлиб турибди. Кеча бу ерда 73 минг кишининг COVID-19 га чалингани маълум бўлди. Мамлакатда коронавирус қурбонлари сони тўртинчи кундирки, кунига минг кишидан ошмоқда.

Федерал ва маҳаллий ҳукумат берган ҳамда оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларни умумлаштириб бораётган Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, шанба куни мамлакатда 73 минг 715 та инфекция юқтириш ҳолати қайд этилган, 1 минг 130 киши вафот этган.

Жонс Хопкинс университетининг маълумотида айтилишича, АҚШда ҳозиргача жами касалланиш билан боғлиқ 4 миллион 112 минг 651та ҳолат рўйхатга олинган, 145 минг киши касаллик қурбони бўлди.

Пандемия билан боғлиқ вазият Бразилияда ҳам оғир бўлиб турибди. Сўнгги кунда Бразилияда 55 минг киши коронавирус юқтиргани аниқланди.

Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлигининг тарқатган маълумотида қайд этилишича, сўнгги 24 соатда мамлакатда 55 минг 891 та инфекция юқтириш ҳолати аниқланган. 1 минг 156 киши вафот этган. Ушбу давлатда пандемия бошлангандан буён вирус юқтириш ҳолати жами 2 миллион 343 минг 366 марта қайд этилган. 85 минг 238 бемор COVID-19 қурбони бўлди.

Ҳиндистонда ҳам коронавирус тарқалишини тўхтатиш қийин кечяпти.

Бу ерда бир суткада 49,3 минг киши коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Мамлакат бўйича жами касалланганлар сони 1 миллион 287 минг 945 кишига етди. Мамлакатда коронавирус пайдо бўлгандан буён ҳозиргача 30 мингдан зиёд киши инфекция қурбони бўлди.

ЖССТнинг маълум қилишича, кўп мамлакатларда ҳали ҳам аҳвол ўнгланай демаяпти. Шу боис ташкилот экспертлари мамлакатларни вирус тарқалишига қарши жорий қилинган чораларни асло бўшаштирмасликка чақирмоқда. «Санитария қоидаларига амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиб юриш ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ», демоқда улар.

 

ЕВРОПАДА КОРОНАВИРУС

Дунё аҳолисининг COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ҳолати 16 миллиондан ошди, дейилади "BBC" хабарида.

Сўнгги кунларда Германия, Испания ва Франция давлатларида ушбу инфекция билан касалланиш ҳолати сезиларли даражада ошган.

Июнь ойида Испанияда вирусни янги юқтириш ҳолати кунига 250 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсатгич 1,5 мингтага етган.

Англия ўз навбатида Испаниядан келган фуқароларни 2 ҳафталик карантинда сақлаш тартибини жорий этган бўлса, Бельгия ўз фуқароларини Испанияга боришини тақиқлади.

Францияда сўнгги икки кунда вирус билан касалланганлар сони мингтага кўпайган, дейилади хабарда.

Германияда эса сўнгги икки кунда коронавирус билан янги касалланишнинг кунлик ҳолати 700-800 тани ташкил этмоқда.

 

ВАКЦИНА ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ТАҚСИМЛАНАДИ?

Одамлар коронавирусга қарши вакцинани фақат 2021 йилнинг биринчи ярмидан бошлаб ола бошлайди, деди ЖССТнинг соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Раян. Унинг таъкидлашича, вакцина ишлаб чиқаришда муваффақиятлар қайд этилаётганига қарамай, препаратни олиш муддатига реал қараш лозим.

У шунингдек, ЖССТ вакцина билан барчани таъминлаш ҳақида бош қотираётганини айтиб, «вакцина фақат бойлар учун эмас, қашшоқлар учун ҳам эмас, улар ҳамма учун», – дея таъкидлади.

Кўриниб турибдики, ЖССТ раҳбарияти вакцинани қайси давлат биринчи яратмасин, қайси компания биринчи бўлиб ишлаб чиқармасин, у дунё аҳолисининг умумий мулки бўлиши ва ҳаммага адолат билан тақсимланиши кераклигини таъкидламоқда.

 

Интернет манбалари асосида

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: