08.07.2020

БЎСТОНЛИҚ ЯНАДА ГЎЗАЛ ВА ФАЙЗЛИ БЎЛАДИ

маҳаллий ва халқаро туризм масканига айланади

Пурвиқор Чимён тоғлари қўйнида ястанган, Угом-Чотқол миллий боғининг бетакрор табиати билан уйғунлашиб кетган  Бўстонлиқ тумани ўзининг шифобахш ҳавоси, ойдин булоқлари, кўзни қувонтирадиган гўзал манзаралари билан ҳамюртларимизни ва меҳмонларимизни мафтун этиб келади. Пойтахтимиз Тошкент аҳлини эса тоза тоғ ҳавоси ва ичимлик суви билан таъминлаб келади. Шунинг учун тошкентликларнинг Бўстонлиққа эътибори, ҳурмати баланд.

Тоғ табиати ҳукмронлиги боис, бу жойлар эрта куздан то баҳор адоғиача қиш ҳукмида, ҳамма ёқ қор билан қопланган бўлади, Хизмат тақозоси билан жорий йилнинг февраль ойида Бўстонлиқ туманининг Сойлиқ қишлоғига келганимда, дастлаб кўзга ташланган ҳолат кўчалар тор, қор босган йўллар сирпанчиқ, бунинг устига, енгил машинлар тинимсиз қатнаб турибди. Пиёдалар учун ҳатто тротуар тугул, ёлғиз оёқ йўл ҳам йўқ экан. Биз ўшанда фахрий журналист Пардабой Эргашев билан кўзланган манзилга сирпанчиқ бўлиб кетган машина қатнов йўлидан атак-чечак қилиб бориб келганмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида»ги қарори асосида Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.

Ишчи гуруҳлари томонидан дастлаб туманнинг Чимён, Хўжакент ва Навобод маҳалла ҳудудларидаги, Ғазалкент шаҳридаги турар ва нотурар объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди,

Тошкент вилояти прокуратураси ва мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тумандаги дала ҳовлилар, уй жойлар ҳужжатлари текширувдан ўтказилди. Ана шу жараёнда ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва тадбиркорларга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар хусусида ҳар хил хабарлар ҳам тарқала бошланди. Бош муҳаррир топшириғи билан бунёдкорлик ишлари билан танишиш, жараённи холис ёритиш мақсадида шанба куни Бўстонлиқ туманига йўл олдим.

Ишчи гуруҳи аъзоларидан биринчи бўлиб Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровга учрашдим.

Бу ердаги муаммолар кеча ёки ўтган куни пайдо бўлиб қолгани йўқ, деди Холмўмин Ёдгоров. – Улар узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган ва ҳал этилмаган. Шунинг учун жараён оғриқли кечаяпти. Жуда кўп ҳолатларда жойлар сохта ҳужжатлар асосида эгаллаб олинган, кейинчалик уй-жой, дам олувчилар учун ҳеч қанақа ҳужжатларсиз дала ҳовлилар қурилган. Бу жойларни кимдир сотган, кимдир сотиб олган. Ҳозир буларнинг ҳар биттаси ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги суд ва суд-хатшунослик экспертизаси орқали текширилаяпти. Фуқарога ёки тадбиркорга ер ажратиш қарори ҳақиқий эмас, деб топилган тақдирда, қурилма бузилади, ер майдони асл ҳолига келтирилиб, бу майдон давлат захирасига қайтарилади.

Албатта, бу иш билан шуғулланаётган суд-ҳуқуқ идораларига осон бўлмаяпти. Чунки бундай ҳолатда эгаллаб олган жойига дам олувчиларни қўйиб, мунтазам тарзда даромад олиб келаётган шахс учун даромад манбаидан ажралиб қолиши катта йўқотиш билан баравар. Шунинг учун уларнинг суд қароридан норози бўлиб юқори инстанцияларга, Президент қабулхонаси ва бошқа ваколатли ташкилотларга тинмай шикоят ёзаётганини ҳам тушуниш мумкин.

Биласизми, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёни бошланганидан буён фуқаролар шикоятлари асосида шу ернинг ўзида Олий суднинг сайёр суд мажлиси ўтказилиб келинмоқда. Чунки бунақа ишлар тезкорлик билан ҳал этилмаса, ҳар хил гаплар чиқиб кетади. Ҳозир жамиятимизда ошкоралик, шаффофлик, ахборот олиш эркинлиги ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу туфайли нодавлат ­оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар фаоллашди. Бу менинг фикримча, жуда ижобий ҳолат. Одамларнинг мамлакатимизда, дунёда рўй бераётган воқеалардан хабардорлиги уларни лоқайдликдан халос этди, таъбир жоиз бўлса, уйғотди. Ҳуқуқий саводхонлик даражаси ошди. Лекин афсус билан айтиш керакки, баъзи бир ижтимоий тармоқларнинг айрим масалаларга бир томонлама ёндашуви одамларни чалғитмоқда. Иккинчидан, нотўғри ахборот бериш ҳеч кимга обрў келтирмайди.

Марҳамат, танқид қилинг, камчиликларни кўрсатинг, бундан бутун жамият манфаат кўради. Аммо олдин масалани қунт билан ўрганиш, ҳужжатларни кўздан кечириш ва томонларни эшитиш керак бўлади.

Мана, ҳозир ҳам туманга тўртта сайёр суд хулосасини олиб бораяпман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бир нарсани унутмаслик керак: бу муқаддас замин, табиий бойликлар халқ мулки. Уни асраб-авайлаш, келажак авлодга безавол ҳолда етказиш ҳар биримизнинг бурчимиз...

Бўстонлиқ туман прокурори даъвогарлигида ўтказилган сайёр суд мажлиси хулосаларига эътибор қаратаман. Туманга қарашли "Чимган" ҚФЙ раиси Б.Режеповнинг 1998 йил 6 мартдаги 8-сонли қарори билан фуқаро Дилшод Ўринбоевга уй жой қуриш учун  8 сотих ер участкаси ажратилган. У ер участкасига бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказмасдан, ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширган. 2019 йилда Шоҳрухбек Мирхолиқов ушбу ер участкасида қурилиш ишларини олиб борган. Кейин Дилшод Ўринбоев бу жойни унга олди-сотди шартномаси асосида сотган. Лекин Тошкент вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика маркази экспертининг 2017 йил 20 декабрдаги хулосасида Дилшод Ўринбоевга ер участкаси ажратиш тўғрисида 1998 йил 6 мартдаги 8-сонли қарор қалбакилаштирилгани, унга Бўстонлиқ туман, "Чимган" ҚФЙ раиси Б.Режепов эмас, бошқа шахс имзо қўйгани кўрсатилган.

Чирчиқ шаҳар архиви томонидан 2015 йил 15 августда берилган маълумотномада 1998 йил 6 мартда фуқаро Н.Сибашвилига Бўстонлиқ тумани, "Чимган" ҚФЙ раиси Б.Режеповнинг 8-сонли қарори билан уй жой қуриш учун  8 сотих ер участкаси ажратилган. Бу жой 2018 йил 18 сентябрда Н.Сибашвили томонидан 80 миллион сўмга Н.Толибовага сотилган. Лекин афсуски, бунда ҳам қарор қалбакилаштирилган, унга Бўстонлиқ туман, "Чимган" ҚФЙ раиси Б.Режепов эмас, бошқа шахс имзо қўйгани аниқланган. Бунақа ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

  Бўстонлиқ туман прокурорининг катта ёрдамчиси Жўрабек Тошниёзов, Тошкент вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Арслон Тошпўлатов билан Чорвоқ гидростанцияси тўғонидан пастда қурилган кўприкдан Хумсон йўналишига қараб юрдик. Тошдан-тошга урилиб оқаётган Угом дарёси қирғоғи муҳофаза зонасида дам олувчилар учун шу ерда яшаётган хонадон соҳиблари томонидан қурилган муваққат каравотлар, истироҳат жойлари бузилаётган экан.

 Мен шу ерда яшайман, дейди Хўжакент МФЙга қарашли, Идрок кўчасида истиқомат қилаётган хонадон соҳибаси Инобат Ҳожиева. – Бугун эрталаб туман ер тузиш ва кадастр, экология идораси вакиллари келиб, бизга дам олувчилар учун дарё бўйига ўрнатилган каравотларни йиғиштириш кераклигини тушунтириб кетишди. Ҳозир ноқонуний қурилмаларни бузиб, муҳофаза зонаси чегараси бўлишини таъминлаяпмиз.

Мана шу дарё суви Чирчиқ дарёси билан қўшилиб, пойтахтга кириб боради, дейди Хумсон йўлидаги ноқонуний қурилишларни бартараф қилиш бўйича мутасадди, Тошкент вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Сатторов. Чирчиқда унга ишлов берилиб, тозаланади, ичимлик сувига айлантирилади. Бу ичимлик суви Чирчиқ шаҳри ва пойтахт аҳолисини таъминлайди. Лекин тўғрисини айтиш керак, мана шу Угом дарёси бўйига қурилган қанчалаб ҳожатхона, ошхона, ноқонуний дам олиш манзилларини буздиришга тўғри келди. Чунки бу ерга дам олишга келганлар дарёда чўмилади, унга ошхона ювиндиларни ташлайди, ҳожатхона ахлати тўғридан-тўғри ­дарё­­га оқизилади. Пойтахтда эса аҳоли бу сувни истеъмол қилади.

Хўжакент-Хумсон йўналиши бўйича тинимсиз ишлаётган кўплаб техника воситаларини кўрдик. Ишчилар йўл устига чиқиб кетган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиб, унинг икки четига сув оқиши учун лоток ўрнатишаяпти. Яна кейинчалик йўлнинг бир томонига велосипедда юрадиган ва сайр этадиган махсус йўлак қурилиши мўлжалланаяпти. Йўл бўйича жами 55 хонадон қайта қурилиб, замонавий ҳолатга келтирилган. Маблағи йўқлар ҳатто бўёқ, эмульсия сингари қурилиш ашёлари билан таъминланган. Йўлнинг икки томонига пиёдалар учун йўлак қурилаяпти. Хўжакент-Хумсон йўналиши умумий майдони дарё қирғоғидан 3 километр масофадан иборат ёввойи туризм муҳофаза зонасига қўшилиб кетади.  Умуман олганда, Бўстонлиқ туманида қўшни туманлардан келган турли соҳа мутахассислари ҳамда 5 та йўналишда 500 киши меҳнат қилаётган экан. Туманнинг ўзидан ҳам 300 нафардан зиёд қурувчи  ва мутахассис, 30 га яқин техника қурилиш ва ободонлаштириш ишларига сафарбар этилган экан.

Йўл четида пишиқ ғиштдан қурилган, йиллар ўтиши билан нураб қолган бино олдида уч-тўрт киши баҳслашиб турган экан.

Мен Чорвоқ қўрғони, Дўстлик маҳалласи, 7-уйда яшайман,  дейди мазкур қурилманинг ярмини 1997 йилда сотиб олган Собир Қанақов. – Уни 2017 йилда кадастр қилганман. Лекин ҳозир қурилиш қилишга маблағим йўқ...

Бу бинонинг ярми онам Йўлдошева Мавлуда номига берилган, дейди ўзини Рустам деб таништирган йигит. – Илгари пастда менга қарашли машина ювадиган мойка, кафе ва дўконим бор эди, давлатдан 150 миллион сўм кредит олган эдим. Бу нотурар жой давлат эҳтиёжи учун бузилгач, мана шу жойни онамнинг номига беришди. Йўл юзи бўлгани учун камида икки қаватли бино қуришим керак. Лойиҳам бор, лекин пулим йўқ...

Бузилган нотурар жой учун бундан икки йил аввал сизга 300 минг сўм товон пули тўланганку, деди Тошкент вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Сатторов Рустамга. – Бу пулни нима қилдингиз? Бундан ташқари, истасангиз, кредит олиб берамиз, ишчи кучи, техника билан таъминлаймиз, қум, шағал, қурилиш материаллари олиб берамиз, деяпмиз. Биз тадбиркорлар томонидан қўйилаётган ҳар қандай шартга розимиз. Бу жой туристик маршрутдаги йўл ёқасида турибди. Шунинг учун чиройли, замонавий иншоот қуриб қўйсангиз, бу ерга келган меҳмонлар, сайёҳлар ҳам хурсанд бўлишади.

Биз машинада Хумсон томонга кўтарилиб бораяпмиз. Угом дарёси бўйига тикка тушган тепаликларда ҳар хил кўринишда уйлар қуриб ташланган. Дарё ёқасидаги яшил ҳудудда қурилган чорпоялар, дам олишга келган аҳоли машиналари, чўмилаётган одамлар кўзга ташланади.

Шунча огоҳлантиришларга қарамасдан, дарё қирғоқларининг кўпгина жойларида ана шундай ҳолатларни учратиш мумкин, дейди Арслон Тошпўлатов. – Тикка қияликлар тепасидаги уй-жойлар эса тупроқ кўчкиси рўй бериши мумкин бўлган хавфли зоналарга қурилган. Жиддий сел келадиган бўлса, уларнинг ҳаммаси кўчки остида қолиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун бу уй-жойлар жойлашуви юзасидан экспертлар, экологлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари хулосалари олинган ва уларнинг эгалари бу ҳақда огоҳлантирилган. 

Чап томонда, йўл ёқасидан 20-30 метр баландликда, кескин тикка кетган қиялик тепасида таниқли бир хонанда томонидан қурилган салобатли бинода (сарой деб айтса ҳам бўлади!) ҳар йили янги йил шоуси ўтказилиб, унда иштирок этган қатнашчилар фалон сўмдан пул тўлашар экан. Арслон Тошпўлатовнинг айтишича, ана шу сарой ҳам ноқонуний қурилма деб топилибди. Мазкур ҳудудда фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳи томонидан шанба-якшанба кунлари дам олишга келувчиларнинг шахсини текширииш учун дарё устидан ўтадиган кўприкда блокпост ташкил этилган экан. Ҳар куни эрталаб 5 йўналишда фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳига кунлик иш юкламаси берилиб, кечқурун ҳисоб-китоб қилинар экан.

Йўлда кетаётиб, бетакрор манзара касб этган бир жойда йигит-қизлар тўпланиб, суратга тушаётганининг гувоҳи бўлдик. Улар ўтган замон феъли билан айтганда, суратга, ҳозирги давр тили билан айтганда, сельфига тушишаётган экан. Туманга кириб келаётганда ҳам бир неча жойда ана шу ҳолатга дуч келган эдик. Туристик маршрут лойиҳасида ана шулар ҳам ҳисобга олиниб, 12 жойда сельфи майдонларини ташкил этиш, бунда туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилаётган экан.

Мен дам олишга келган меҳмонлар томонидан олинадиган ижара уйлари нарх-навоси билан қизиқдим. Айтишларича, бир кунлик тўлов яратилган шароитга қараб, 1 миллиондан 5 миллион сўмгача борар экан. Лекин шунда ҳам одам гавжум, ижарага уй буюртма берилмаса, дам олувчининг келиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳозир эксперимент сифатида туман солиқ инспекцияси бўлими ходимлари дам олувчиларнинг чўнтагига, қилинадиган тўловига яраша ижарада туриш учун келишилган нархларда уй топиб берар экан. Ўз навбатида, қилинган меҳнат учун маблағнинг 12 фоизи солиқ инспекцияси бўлими ҳисоб рақамига  тушар экан. Бўлим ходимлари ижарачилар билан ўзаро ишонч асосида шартнома тузиб, ҳамкорлик қилишар экан. Агар мабодо ижарачи солиқ ходимларини алдагудай бўлса, уларга 40 миллион сўм жарима солинар экан. Шунинг учун ижрачилар солиқ ходимлари ишончини суиистеъмол қилишмас экан. 

Ўтган давр мобайнида туризмни ривожлантириш ва аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида Меҳмон уйларни очиш учун хонадонларни ижарага берувчи 429 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилишига амалий ёрдам кўрсатилган. 132 та туристик объектнинг тўлиқ санитария-гигиеник ҳолати ўрганиб чиқилди.

Туманда жуда кўп юришга, кўп муаммоларни бартараф этишга тўғри келаяпти, дейди Тошкент вилоят прокуратураси фуқаролик суд ишлари юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи, катта адлия маслаҳатчиси, полковник Муҳайё Ашурова. – Айниқса, хатловларда аниқланган қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан кескин чоралар кўрилмаса, бўлмаяпти. Ўрганишларда ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича 396 та ҳолатда фуқароларга огоҳлантириш берилди, туман ҳокимининг ер майдони ажратиш ва эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги 50 та ноқонуний қарорлари протест келтириш йўли билан бекор қилинди. Судларга 109 та даъво ариза киритилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 13 та жиноят иши қўзғатилди. 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шу кунларда кўпрлаб телеканалларга, ижтимоий тармоқларга интервью беравериб, телеюлдуз бўлиб кетди. Уни ҳамма танийдиган бўлди

Маҳалламизда уч минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, 868 хўжалик бор, дейди Чимган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Жолдибай­ Мадиев. – Шуларнинг ярмидан кўпини ёшлар, мактаб болалари ташкил этади. Лекин ҳозиргача Навобод-Чимён йўналиши бўйича пиёдалар йўлаги йўқ. Болалар қишин-ёзин торгина асфальт йўлдан мактабга қатнайди. Асфальт тор бўлгани учун транспорт қатнови пиёдаларга хавф солади. Шанба-якшанба кунларинику, қўяверинг, кўча пробка бўлиб кетади. Ноқонуний қурилишлар йўл устига чиқиб кетган, бу қурилишларни қилганларнинг мушугини биров пишт деёлмасди. Яхшиям туманни туристик зона қилиш бўйича комплекс ишлар бошланиб кетиб, бундай ноқонуний қурилишларга барҳам берилди, ҳужжатсиз қурилган уйлар бузиб ташланди.

Чимён силга қарши болалар санаторийси ҳудудидан бир пайтлар 24 та оила ҳеч қандай ҳужжатларсиз уй жой қурилишини бошлаган. Уларнинг баъзилари битган, баъзилари битмаган. Бу ҳолат бўйича ҳам суд жараёни давом этаяпти.

  Туманда 69 та маҳалла фуқаролар йиғини бор, дейди туман маҳалла, оилани қўллаб-қувватлаш бўлими хавфсизлик бўйича мутахассиси Бахтиёр Қорабоев.  Навобод-Чимён йўналиши бўйича кўча четидаги қурилишлар  қонуний ҳужжатлар асосида амалга оширилган бўлса, уларга албатта товон пули тўланаяпти. Агар бу қурилишлар ноқонуний бўлса, унда бузиб ташланаяпти.

 Менинг 18 нафар неварам, 12 нафар эварам бор, дейди шу ерда доривор гиёҳлар савдоси билан шуғулланадиган Ҳайитбуви ­Тошева. – Ўтган йили мошина қатнайдиган йўлдан кенжа неварамни мактабга якка-ёлғиз юборишдан қўрқиб, қиш бўйи ўзим олиб бориб, олиб келдим. Мана энди, йўлнинг икки четидан пиёдалар йўлаги қурилаяпти, йўл кенгайтирилаяпти. Мактабга қатнайдиган невараларимиздан кўнглимиз хотиржам бўлди.

Мана шу терак экилган ҳудудга эгалик ҳуқуқи бўлган бир тадбиркор йўл ёқасига ноқонуний равишда қурилиш қилди,  дейди туман солиқ инспекцияси бошлиғи Ортиқбой Ҳамдамов. – Уни бир неча маротаба огоҳлантирдик, илтимос қилдик, фойдаси бўлмади. Ниҳоят, Олий суд сайёр мажлиси қарори билан бу қурилма бузиб ташланди. Умуман олганда, Навобод-Чимён йўналиши бўйича йўл ёқасидаги 90 та қурилма, 2 та ҳеч ким яшамайдиган турар жой бинолари бузилди.

Ҳозир йўл қурилиш ишларига туман бўйича 320 нафар ишчи, 30 га яқин турли техника воситалари жалб этилган, дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Меҳриддинов. – Йўл тор бўлган жойларни кенгайтираяпмиз, чуқурликларни тош билан тўлдириб, грейдер билан сурдириб чиқаяпмиз. Йўлнинг кенглиги аввалги 3,5 метрдан 4,5 метрга узайтирилиб, унинг четида пиёдалар учун йўлаклар ва кечки сайр қилишга шароитлар яратилмоқда. 2020 йил давомида бу йўлларни таъмирлаш учун давлат бюджетидан 40 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозир йўлнинг 8,5 километрлик қисмида реконструкция ишлари давом этаяпти. 2020 йилда Бўстонлиқ туманида жами 625 километр йўл таъмирланиши кўзда тутилмоқда.

 Навобод-Чимён йўналишида туман прокурори, ҳоким ва унинг ўринбосарларини учратдик. Уларнинг ҳар бири ўзларига бириктирилган ҳудудда ободонлаштириш-таъмирлаш ишларини назорат этмоқда.

  Бу ерда бажарилаётган ишларнинг барчаси маҳаллий бюджет ҳисобидан қилинаяпти, деди туман ҳокими Ғайратжон Мадаминов. – Тан олиш керак, бу ерга илгари тайинланган ҳокимлар ҳам йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қўл уришдан ўзини тийган. Чунки ўзингиз биласиз, бирорта қилинган қурилиш эгасини сўраб: "Бу кимники?", дейилса, "Фалончи амалдорники!", дейилган. Тўғрида! Уларнинг ҳужжати борми, тўғрими-йўқми, шуни ҳам сўрашга ботинишолмаган. Энди, тўғриси, у даврлар ўтди,    

Айниқса, туманнинг Юсуфхона, Сойлиқ, ­Хондайлиқ ҳудудларида ниҳоятда ноқонуний қурилишлар кўп. Ана шу ишлар бўйича 6 та жиноят иши очилган. Битта мансбдор шахс, 10 нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Энди, Чимён силга қарши болалар санаторийси ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатларсиз эгалланган 24 та уй жой қурилишини қаранг. Аслида юқумли касалликлар санаторийси атрофидаги маълум масофадаги ҳудуд риск зонаси ҳисобланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ҳудудда санитария-гигиеник ҳолатга кўра, уй жой қуришга рухсат этилмайди. Яъни, қўпол қилиб айтганда, Худо кўрсатмасин, шу риск зонасида яшаётганларга касаллик юқиши мумкин. Ўзи, ҳеч бирининг ҳужжати йўқ, лекин бизга нисбатан ноҳақлик бўлди, уй жойимизни тортиб олишди, деб шикоят қилиб бормаган жойлари қолмади уларнинг. Биз буни ўзимиз учун ёки бировга бериш учун эмас, фуқароларимизнинг соғлигини, келажагини ўйлаб қилаяпмиз. Буни тушуниш керак.

Ҳозир юқори кучланишли электр токи ўтган линиялар остида ноқонуний қурилган 76 та объект борлиги аниқланди. Шунда ҳам Президентимиз бу қурилишларни қилган фуқароларни норози қилмай, юқори кучланишли ток линияларини бошқа томондан ўтказиш вазифасини қўйди. Қаранг, ҳар қандай ҳолатда одамлар манфаати ўйланаяпти.

Хўжакент-Хумсон, Навобод-Чимён йўналишидаги йўлларни тозалаш, кенгайтириш, ноқонуний қурилмаларни олиб ташлаш стратегик аҳамият касб этади. Чунки бундан икки-уч йил олдин бу йўллардан келиб кетадиган дам олувчилар ва маҳаллий аҳоли ҳисобидан бир дақиқада 20-30 та машина ўтган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, улар қатнови ўн бараварга кўпайган. Бу, албатта, биринчи навбатда ҳисобга олинди.

Туманимизда рўйхатда қайд этилган 63 та амалдаги қабристон бор. Яна 30 таси қадимий бўлгани учун ҳисобда турмайди. Лекин қаранг, баъзи ноинсоф тадбиркорлар иложини топиб, қабристон ва зиёратгоҳлар устига ҳам турли савдо-сотиқ шахобчаларини қуришмоқда. Масалан, Навобод-Чимён йўналишида, Чорвоқ сув омборининг тепа томонида қозоқ халқининг улуғларидан бўлган Кўкчабой ота қабристони бор. Бир пайтлар ана шу йўлнинг устига савдо шахобчаси қуриш учун бир тадбиркорга 4 сотих ер берилган. У бунга қаноат қилмасдан, ўзбошимчалик билан қабристон ҳисобидан ерини кенгайтириб, уни 15 сотих қилиб олган. Ҳозир бу ерда "555" емакхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шунинг учун емакхонани бузиб ташлаш мақсадида судга туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан даъво ариза киритилди. Энди айтинг, нима қилиш керак, индамайликми? Ана шундайлар ҳам ноҳақлик бўлаяпти, деб гап тарқатишади.

Ишчи гуруҳлар томонидан туманнинг Чимён, Хўжакент ва Навобод маҳалла ҳудудлари ҳамда Ғазалкент шаҳридан ўтувчи Чирчиқ дарёсининг 50 метр сув муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди, дейди туман прокурори Шуҳрат Раҳимов. – Угом дарёсининг 50 метр сув муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар объектлар хатлови давом этмоқда.

Ўтказилган хатловларда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича ўрганишларда 408 та турар ва нотурар бино эгаларига амалдаги уй-жой, ер қонунчилиги талаблари тушунтирилиб, уларга ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бартараф этиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.

Туманнинг Чимён, Чорбоғ, Ғазалкент, Навобод, Хўжакент, Сойлиқ, Хондайлиқ ҳудудларида жами 592 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва қурилган бинолар аниқланиб, кескин чоралар кўрилди.

Хусусан, 207 та ҳолатда 26,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва 385 та ҳолатда 1,13 гектар ер майдонида бино-иншоотлар ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланиб, ихтиёрий равишда бузилиши ва ўз ҳолига қайтарилиши таъминланди.

Назорат тадбирлари давомида Чимган МФЙ, Ёнғоқсой кўчасидаги Тошкент-Чимён 4Р6 автомобиль йўли муҳофаза минтақасидаги ноқонуний қурилишлар бузилиши таъминланди.  

Ғазалкент-Чимён автомобиль йўлининг Главасой қишлоғи ҳудудидаги мактабнинг фойдаланилмасдан турган яроқсиз ҳолатдаги ёрдамчи биноси ҳамда ушбу ҳудудга туташ жойдаги фуқаро Қ.Эргешов томонидан ҳужжатсиз фойдаланиб келинган 0,05 га. ер майдонида қурилган чорва фермаси биноси тўлиқ буздирилиб, ер майдони ободонлаштирилди.

Бундан ташқари, Угом дарёси қирғоқларида жойлашган 68 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан қурилган жами 121 та темир кроват (тапчан), 15 та ҳожатхона, 12 та ёзги ошхона, бассейн, қишки ошхона, гараж, яшаш учун мослаштирилган вагон уйлар, омборхоналар бузилди. Ўзбошимчалик билан ўраб олинган 1,44 га ер майдони, 120 кв.метрли ёзги айвон бузилиб, туман ҳокимлиги захирасига қайтарилди. 890 метр узунликдаги йўл атрофи, 0,45 га ер майдони чиқиндилардан тозаланиб, бетон бардюрлар оқланди, Чинор ва Дўстлик маҳаллаларида жойлашган 24 та хонадоннинг ташқи кўриниши ва деворлари замонавий қиёфада бўялди.

Айтаверсак, бунақа мисоллар жуда кўп. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудни ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва коммуникация тармоқларини янада яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда.

Бўстонлиқ тумани Навобод маҳалласидаги 2,25 гектар ер майдони ҳужжатлари қалбакилаштирилиб, Mega blok invesnment МЧЖга сотиб юборилганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми б банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаро А.Жумабоев 2017-2018  йилларда Чимён маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келган даврида Ёнғоқсой ҳудудидаги ер майдонларини 16 миллион сўм эвазига фуқароларга сотиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Туман ҳокимининг 1997 йил 17 ноябрдаги қарори билан Ҳайдар фермер хўжалиги раҳбари Х.Ҳайитбоевга Хумсон ҚФЙ ҳудудидаги ферма хусусийлаштириб берилган. Шу билан бирга 3 гектар ер майдони доимий муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган.

Бироқ, ўрганишда ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилаётгани, бугунги кунга қадар агротехник тадбирлар амалга оширилмагани ва ер майдонини ўт босиб ётгани аниқланиб, туман прокурорининг 2020 йил 27 июндаги протестига асосан ҳоким қарори бекор қилинган.

Хондайлиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган захира ерларидан 2,5 га ер майдони фуқаро М.Алимовга боғ барпо этиш ва ҳудудни ободонлаштириш учун шартнома асосида 10 йил муддатга ижарага берилган. Лекин ҳозир ер майдонида агротехник тадбирлар ўрнига қурилиш қилинган ҳамда ер майдони бетон девор билан ўраб олинган. Кўрилган чоралар натижасида, ноқонуний ўраб олинган ер майдони бузилиши таъминланди, туман прокурорининг протестига асосан фуқарога ер ажратиш ҳақидаги қарор ҳокимнинг 2020 йил 25 июндаги қарори билан бекор қилиниб, ер майдони давлат захирасига қайтарилди.

 Бўстонлиқ тумани, Сойлиқ МФЙ. ҳудудида жойлашган нотурар жой бино ва иншоотлар туман ҳокимининг 2019 йил 28 декабрдаги қарори билан ҳеч қандай асос кўрсатилмаган ҳолда Modern Arch Design МЧЖга доимий фойдаланиш учун берилган. Аниқланган ҳолат бўйича туман прокурори томонидан 2020 йил 23 июнда туман ҳокимининг.2019 йил 28 декабрдаги қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилди. Натижада бу қарор туман ҳокимининг.2020 йил 25 июндаги қарори билан бекор қилинди. 

Шу ўринда Бўстонлиқ туманига келиб, ер майдони ёки дала ҳовлиси сотиб олиш иштиёқида бўлган шахсларни, тадбиркорларни ҳушёр бўлишга, фирибгарлар тузоғига тушиб қолишдан огоҳлантирмоқчиман. Бу ердаги ҳар қандай жойни сотиб олишда албатта ҳужжатларнинг тўғрилигини қайта-қайта текшириб кўринг. Чунки энг ишончли ҳисобланган ҳужжат ҳам охир-оқибатда қалбаки чиқиб қолиши мумкин!

...Қуёш уфққа қараб оға бошлади. Кун бўйи юриб, туманни халқаро ва маҳаллий туризм масканига айлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълум бир тасаввурга эга бўлдик. Бўстонлиқдан қайтаётиб, "Хўжакент" сиҳатгоҳи ёнида Тошкент вилоят прокурори Салом Самадов билан учрашдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида»ги қарори билан "Олтин халқа" концепцияси тасдиқланган эди. Бу концепция истиқболли ҳудудларни янги туризм йўналишлари бўйича ўзаро боғлиқликда ривожлантириш, туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, таклиф этиладиган туризм маҳсулотлари турларини кенгайтириш, туризм соҳасида аҳоли бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришга қаратилган, деди Тошкент вилоят прокурори Салом Самадов. – Унинг доирасида дастлаб туризм салоҳияти юқори бўлган Бўстонлиқ, Паркент, Зангиота, Оҳангарон, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳри қамраб олинади ва кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ қилинади. Бўстонлиқ туманида йўллар ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, экологик қонунчилик ижросини таъминлаш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш бўйича ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти.

Бу эзгу ишларнинг бошида Президентимиз турибди, Тумандаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига жуда кўп ташкилот ва корхоналар жалб этилган. Ҳукумат раҳбарлари қилинган ишлардан доимо хабардор бўлиб турибди. Шу ўринда таъкидлаш керак, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 майдаги «Чорвоқ эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, ҳудудда сайёҳларга замонавий шароит яратишга қаратилган инвестиция лойиҳалари учун жой олиш, солиқ ва бошқалардан кўплаб имтиёзлар белгиланган. Афсуски, баъзи тадбиркорлар бу имкониятлардан тўғри фойдаланмаяпти. Республика ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳудудда ўтказилган мониторинг натижалари ана шундан далолат беради. Мақсад туризмни ривожлантириш, бу борада аҳолини тадбиркорликка йўналтириш. Халқимиз қанча бой бўлса, давлатимиз шунча мустаҳкам бўлади.

Йиллар давомида туманнинг қурилиш меъёрларига зид бўлган ҳудудлари, тоғ қияликлари, нишаблик ёки йўллар, сув муҳофаза ҳудудлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, турли иншоотлар қуриб ташланган. Бу билан нафақат табиатга зиён етказилган, балки шу ерда яшаётган аҳолига ҳам ноқулайлик туғдирилган. Бундан ташқари, ҳудудда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти йўқ ҳисоби.

Шунинг учун "Олтин халқа" концепцияси асосида Бўстонлиқ туманида энг замонавий туризм инфраструктураси трендини яратиш мақсадида сайёҳлар ва дам олувчиларга янада қулай шароит яратиш, йўлларни кенгайтириш орқали тирбандликларнинг олдини олиш, энг муҳими, табиатни асл ҳолича сақлаш мақсадида республика ишчи гуруҳи ва суд қарорига кўра, барча ноқонуний қурилишларга барҳам берилмоқда.

...Суҳбат асносида йўлнинг нариги четида тўхтаган автомашина эътиборимизни тортди. У бирров тўхтади, эшиги очилиб-ёпилди, кейин яна юриб кетди. Йўл четида эса... машинадан улоқтириб кетилган ичимлик суви идишлари ҳамда бошқа ичимлик қутилари ётарди.

Ҳар куни шу аҳвол, деди туман ҳокими Ғайратжон Мадаминов. – Ободонлаштириш, "Тоза ҳудуд" корхоналари ҳар ҳудудда сочиб кетилаётган маиший чиқиндиларни йиғиб улгурмайди. Менинг ўзим ҳам ҳар куни икки марта ҳудудни айланиб, маиший чиқиндиларни йиғиштириб чиқаман. Кўрган кўзга ёмон, бу ерга ҳар хил меҳмонлар келади, уларга "ҳозиргина фалончи мошинадан мана бу бўш идишларни йўлга улоқтириб кетишди", деёлмаймиз. Шунинг учун мен бу ерга дам олишга келаётган меҳмонлардан илтимос қилардим: озгина ўзимизга, қилаётган хатти-ҳаракатимизга эътиборли бўлайлик. Маиший чиқиндиларни йўлга ташлаб кетиш, биринчидан, табиатга нисбатан лоқайдлик ва фаросатсизлик бўлса, иккинчидан, ўзи қатори дам олишга келаётган инсонларга нисбатан ҳурматсизлик бўлади...

Мамлакатимизда туризм равнақи йўлида қилинаётган ҳар бир иш халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ. Тўғри, жаннатмакон гўшаларимиз, сўлим оромгоҳларимиз сон-саноқсиз. Бу борада энди-энди катта, энг пешқадам лойиҳалар асосида ишлар бошланаяпти. Замонавий туризмни ривожлантириш йўлида Бўстонлиқ туманида амалга оширилаётган ишлар, жаҳон талаби даражасида бинолар, меҳмонхоналар барпо этиш учун ишлаб чиқилган режалар ана шу оламшумул ишларнинг дебочаси. Бу фақат хорижлик сайёҳларни жалб қилишда эмас, балки ички туризм равнақида ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Бўстонлиқ туманида олиб борилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишлар кўламини кўз билан кўрмасдан, нигоҳдан ўтказмасдан тасаввур қилиш мушкул. Тозаланаётган, покланаётган Угом дарёсининг муздек сувидан бир пиёла ичиб, кўнгилни хушланг, навқирон арчазорлар қўйнида сайраётган булбул навосидан илҳомланиб қўлингизга қалам олинг. Ана шундагина бу ерда амалга оширилаётган улкан меҳнат залворини ҳис этасиз, идрок қиласиз. Ўзбекистоннинг Швейцарияси, деб ном олган жаннатмакон Бўстонлиқ бағрида янги ҳаёт бошланаётганини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Яқин орада Бўстонлиқ жамоли бошқача бўлади, янада обод, файзли ва гўзал бўлади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: