01.07.2020

ҲАҚИҚАТНИ ТЎҒРИ АЙТА ОЛИШ ҲАМ МАҲОРАТ, ҲАМ ЖАСОРАТДИР

Шоира ҲАМРОЕВА,

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати раҳбари:

— Тезкорлик, холислик, ҳозиржавоблик ва албатта юксак жасорат — буларнинг барчаси замонавий журналистдан талаб қилинадиган энг муҳим жиҳатлардир. ОАВ ходимлари халқнинг дарди билан яшайди. Ўз навбатида одамлар уларга ишонади, суянади, муаммосини ҳал қилиб беришга қодир инсон, деб билади. Аслида ҳам чинакам касбини севган журналистлар ўзининг ташвишларини бир четга суриб, бошқаларнинг мушкулини осон қилиш пайида бўлади. Бир оғиз ширин сўз, раҳмат ёки шунчаки унинг ёнига келган инсоннинг масаласига ечим топилса ҳам, бахтдан кўзлари порлайди, ишидан мамнуният туяди.

Ҳар йили анъанавий тарзда нишонланадиган касб байрами арафасида журналистлар шаънига айтилган илиқ гаплардан руҳланиб бир йил давомида тиришиб-тирмашади. Давлат раҳбарининг табриги эса унга қўш қанот бўлади, албатта. Бу йилги табрикда матбуот хизмати ходимлари фаолияти алоҳида тилга олингани ва уни янада жонлантириш учун билдирилган таклифлар ишимизга четдан қараб баҳо беришга ундади.

Қувонарлиси шуки, сўнгги уч йил ичида соҳага оид ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.

Масалан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан ташкил этилди. Бугун ҳеч бир ташкилот ёки муассаса матбуот ходимисиз ишлай олмаслиги, фаолиятини халққа намойиш эта олмаслиги кундек равшан. Шунинг учун ҳокимликлар, катта-кичик идораларда мазкур соҳа тизимли йўлга қўйилди.

Ана шу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, уларнинг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилмоқда.

Бироқ ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиий. Жумладан, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, муҳим тенденцияларини очиб беришда сусткашликлар бор. Ҳали ҳам ўзимизни танқид қилишдан қўрқамиз. Айбимизни яширишга ҳаракат қиламиз. Аслида танқидий таҳлил асосида одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташласак, уларга ечим топиш осонлашади, камчиликлар секин-аста барҳам топади.

Президент табригида билдилиган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, фаолиятимиздан қониқмасликни, ўз устимизда ишлаш, ўрганиш, одамлар олдида ҳақиқатни айта олиш жасоратига эга бўлиш кўникмасини янада оширишимиз керак. Лекин айрим журналист ва блогерлар каби шов-шувга берилмаслик лозим. Оғзига келганни қайтармаслик ҳамманинг ҳам қўлидан келиши мумкин. Бироқ ҳақиқатни билим ҳамда профессионал малака билан айта олсаккина жамоатчиликда тўғри тушунча ва қарашларни шакллантиришга эришамиз. Бу йўлда барча ҳамкасбларимга куч-ғайрат, маҳорат ва жасорат тилайман.

«Нимани ёзиш эмас,

Їандай ёзиш муіим!»

 

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

“Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси Бош муҳаррир ўринбосари:

— Деҳқон экин экиб, бир йилда ҳосилини кўради. Чорвадор молини кўпайтириб, баракасини олади. Муҳими, улар меҳнатига яраша эътироф этилади. Ким яхши чорвадор ёки деҳқонлигини бир-икки йилда одамлар англаб олишади. Илм аҳлини-чи?

Илм аҳли меҳнатлари эътироф этилиши учун кўп йиллар тер тўкади. Оддий ўқитувчининг меҳнати у тарбиялаган болалар олийгоҳга киргани билан баҳоланса, олим ва кашфиётчининг иши, жойи келса, ундан ҳам кўп йиллик изланишлар оқибатида юзага чиқади.

Журналист деган машаққатли касб борки, уларнинг меҳнати осонликча кўзга ташланмайди. Фаолиятим давомида олдимга бир шиорни қўйганман: “Нимани ёзиш эмас, қандай ёзиш муҳим!” Бунга мисол, бир мавзуни танлаб, 4 нафар журналистга ёритишни топширсангиз, табиийки, 4 хил ёндашув бўлади. Амалиётга келган талабалар ёрдамида буни кўп бор синовдан ўтказганмиз. Сиз устоз ёки тажрибалироқ журналист сифатида уларнинг яхшисини саралаб оласиз. Бу соҳадаги оддий мисол.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ёки давлат аҳамиятига молик муҳим тадбирни ёритиш, жойига чиқиб масаланинг мазмун-моҳиятига етиш каби қатор йўналишлар борки, уларни ўзлаштириш, одамларнинг кўнглига ёқадиган тарзда ёритиш осонликча бўладиган иш эмаслигини биздан катталар ҳам кўп бора таъкидлашган. Буни соҳага илк қадам қўйган пайтларимиз устозларимиз назоратидан кичкина бир тадбирни ўтказолмай, қайта-қайта ёзишга уринганларимиз, уларнинг бугунги кунда ўз самарасини бераётган даккиларини эшитиб, тасаввуримизда минг бир азобда қолганимизда ҳам кўришимиз мумкин. Зеро, бу фойдали азобни бошидан кечирмаган журналист ҳақиқий журналист бўлолмаса керак.

Демоқчиманки, ана шундай синовларда тобланган, соҳанинг сир-синоатини ўрганишга, одамларга маъқул бўладиган материаллар тайёрлашга қодир бўлгандагина журналист эътироф этилади. Ва бу сен кутмаган пайтда, сен кутмаган жойдан келадиган хушхабарга айланади.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови мен учун ана шундай кутилмаган хушхабар бўлди. Нега дейсизми? Чунки ўзимча соҳани яхши ўзлаштириб олдим, деб юрган пайтларим саноқли мақолаларни йиғиб, танловларга топшираверганман. Ўша вақтлари, “албатта мен ютаман, сабаби менинг мақолам ҳамманикидан зўр”, деган тушунча бўлган. Насиб этмагандан кейин устозларимнинг маслаҳатларига таяниб, соврин ютишга эмас, соҳани чуқурроқ ўрганишга бел боғладим...

Тақдиримизда бор экан, камтарин меҳнатларимиз самараси мутахассислар томонидан маъқул кўрилиб, журналистика соҳасининг энг катта ютуқларидан бири насиб этди. Бобом раҳматли айтарди: “Болам, ёзиғингда бўлмаса, қувиб етолмайсан. Агар ёзиғингда бўлса, қочиб қутулолмайсан!” Шундай экан, барча ҳамкасбларимнинг ёзиғида меникидан-да хурсандчилик кунлар кўп бўлсин!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: