01.07.2020

ОҒИР СИНОВЛАР ДАВРИ

Биринчи мақола: Синовли дунё ёхуд меҳр-оқибатимизга вирус тушмасин!

Дебоча

Йигирма биринчи асрнинг йигирманчи йили бутун одамзодни яна бир маротаба огоҳликка чақирмоқда. Коронавирус пандемияси балоси инсониятни ғафлат, жаҳолат уйқусидан уйғотди, сергак торттирди. Қалб кўзини теранроқ очишга, ўз маънавий ҳолатига теранроқ назар солишга, пировардида, қилинган ва қилинаётган ҳаракатлардан тўғри қарор чиқаришга ундамоқда.

Дарҳақиқат, тириклик дафтарининг ҳар саҳифаси икки бетдан иборат. Унда – эзгулик ва ёвузлик, ҳақиқат ва разолат, маърифат ва жаҳолат, жўшқинлик ва тушкунлик, фазилат ва ноқислик, дўстлик ва душманлик, ёруғлик ва қоронғулик, самимият ва мунофиқлик, холислик ва риёкорлик сингари кундалик турмушнинг ташвишу синовлари, бахту қувончлари битилган. Улар ўртасидаги фарқни тўғри белгилаш учун киши бедор қалб, қўрқмас юрак, мустаҳкам эътиқод, ботиний эзгу туйғуларга суянмоғи лозим бўлади. Зеро, муқаддас китобларда таъкидланганидек, ҳаётнинг ҳар бир ҳодисасида ақл эгалари учун неча бир ҳикмату ёрқин аломатлар бордир.

 

Дастлабки ва муҳим хулосалар

Бирлашмаган оила тўзғийди

Ўзбек халқ мақоли

Бутун инсоният каби Ўзбекистон халқи ҳам сўнгги тўрт ой ичида коронавирус пандемиясидан ўзига тегишли хулосалар чиқарди ва чиқаришда давом этмоқда.

Авваламбор, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, раҳбарият ўз вақтида халқимизни бу бало-қазодан огоҳ этиб, тегишли чораларни қабул қилди. Халқимиз эса ҳамжиҳатлик, аҳиллик, бағрикенглик, саховатпешалик, шукроналик ва сабр-қаноат каби юксак қадриятлари билан курашди. Бу офатга қарши фазилатлар карантин чекловлари бошланган дақиқадан бошлаб то шу бугунгача бўй-басти билан намоён бўлмоқда.

Иккинчидан, берилган ҳаётни ақл ва зеҳну фаросат билан яшаш зарурлиги қайта ёдимизга тушди. Айрим кимсаларнинг ношукурлиги, исрофгарчилиги, кайфу сафо ва маишатга муккасидан кетганлиги моддий бойлик орқасидан қувиб, ўзларини муаммолар гирдобига улоқтираётганида аён бўлди. Биргина тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдаба, керагидан ортиқ сарф-харажатлар, хўжакўрсинга қилинаётган чиқимларни кўз олдимизга келтирайлик. Қанчадан-қанча исрофгарчиликлар! Қанчадан-қанча бемаънигарчиликлар!

Учинчидан, ўзаро меҳр-оқибатнинг қадрига етиш зарурлигини англаб етдик. Ҳар ҳафта чойхоналарда “курсдошлар гапи”, “божалар гапи”, “қариндошлар гапи” каби турли улфатбозликлар, гурунглар билан машғул бўлиб, ўз ота-онамиз, яқин жигарларимиз, етим-есирлар ҳолидан хабар олмай қўйганлигимиз билиниб қолди. Ҳозирда ота-онани бориб кўриш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, айниқса, улар бошқа ҳудудда, шаҳар ёки туманда яшаётган бўлсалар, катта бир муаммога айланиб қолаётгани сир эмас.

Тўртинчидан, оила аъзолари ўртасида бевосита мулоқотнинг лозимлигига эътибор қаратдик. Кўпгина юртдошларимиз ўз ишига муккасидан кетиб, фарзандлари, оила аъзолари билан дастурхон атрофида суҳбатлашиш у ёқда турсин, ҳатто ҳафталаб улар билан кўриша олмас эдилар. Ваҳоланки, ҳар бир фарзанд қалбига яқин ҳаммаслак дўст, сирдошни, авваламбор ўз ота-онаси, опа-ака, ука-сингилларидан излайди. Бу меҳр, самимиятни хонадонида тополмаганидан сўнггина дилбанд “кўча”га чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Бешинчидан, тартиб-қоидаларга оғишмай амал қилиш кўзланган натижага эришишнинг асосий омили эканлигини исботлади. Чиндан ҳам, баъзиларимиз хатти-ҳаракатларимизга ҳаддан зиёд эътиборсиз, белгиланган тартиб-қоидаларга лоқайд бўлиб кетган эканмиз. Биргина, карантин чекловларининг дастлабки ҳафтаси, ойларида ўн минглаб, юз минглаб ҳайдовчи юртдошларимиз томонидан содир этилган йўл қоидасини бузишлар, шунингдек, бошқа тартиб-талабларга амал қилмаслик ҳолатлари бунга мисол бўла олади.

Олтинчидан, умр, вақтдан оқилона фойдаланиш шартлигини тушуниб етдик. Ҳақиқатан ҳам, кўпчилигимизда вақтдан унумли фойдаланмаслик, соатлаб ҳуда-беҳуда сўзлар билан бир-биримизни чалғитиш, бўлар-бўлмасга меҳмоннавозликлар уюштириб, вақтни беҳудага ўтказиш, кайфу сафо, маишатбозликларга берилиб кетишлар, умуман, умрни зое этиш ҳолатлари кундалик одатга айланиб бораётган эди.

Еттинчидан, биз атроф-муҳитни ифлослантириб, экологиямизни қанчалик оғир аҳволга солиб қўйганлигимиз ҳам билинди. Биргина карантин чекловлари даврида бутун дунёдаги ифлосланиш даражаси пасайиб, биз ўн йил, эллик йил, юз йиллар давомида қилинган чора-тадбирлар бермаган натижага, бор-йўғи, уч ойда эришилибди.

 

Саховат ва кўмак ёхуд халқимиз қандай тобланди?

Халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятлари, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби гўзал фазилатлари инобатга олиниб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.

Халқнинг ўзи, тадбиркору бизнес вакиллари, қолаверса, қалбида заррача бўлса-да меҳр учқуни порлаган юртдошларимиз борки, виждон амрига қулоқ солиб, ўз саховати ва мурувватини ёрдамга муҳтожлардан аямадилар. Биргина таниқли санъаткор Сардор Раҳимхон ва унинг эзгу ниятли сафдошлари томонидан қилинган олижанобликларни қаранг. Уларнинг кўплаб кам таъминланган хонадонларга бориб, қалби синиқ инсонлар кўнглини осмон қадар кўтаришлари ғоят таҳсинга лойиқ. Айниқса, хонадони харобага айланиб қолган, боқувчиси бўлмаган навбатдаги муштипар аёлга янги уйнинг калити санъаткоримиз томонидан холисона топширилганида, ўша ожизанинг кўз ёшларни кўриб, қалбларимиз ларза келди-ку, ахир!

Синовли кунларда Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборида юз берган фавқулодда ҳолатдан уйсиз қолган оилаларни етти ёт бегоналар ўз бағриларига олди... Бундай юксак одамийлик маънавий илдизларимиз нечоғли мустаҳкам ва барқарор эканининг исботидир. Энг муҳими, бундай савобли ишлар ҳозир ҳам минг-минглаб юртдошларимиз томонидан ҳар куни амалга оширилиб, ёш авлодга ибрат намунаси бўлиб келмоқда..

Дарҳақиқат, одамзоднинг яратилиши Буюк меҳрнинг ҳосиласи. Буюк муҳаббатнинг меваси. Демак, токи ҳаёт, тириклик мавжуд экан, инсоннинг фитратидаги мурувват-шафқат, меҳр-оқибат ҳам абадийдир!

Бинобарин, замондош шоиримиз Саъдулла Ҳаким таъкидлаганидек,

Зулмат қочганидай кун ёруғидан,

Элдан дард кетгуси бирлашса улус.

Асрасин ёмонлар ёмонлигидан,

Меҳру оқибатга тушмасин вирус!

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: