Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
25.02.2020

АРХИТЕКТУРА ВА ҚУРИЛИШ:

соҳада давлат хизматлари кўрсатиш тизими соддалаштирилди

Мамлакатимизда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай имкониятлар яратиш, шунингдек, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Doing Business» (Бизнес юритиш) йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш ҳамда архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги «Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 370-сонли қарори қабул қилинган.

Ушбу қарорга мувофиқ, «Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланган.

Мазкур қарор қабул қилингунга қадар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш, халқ тили билан айтганда «ГОС ПРИЁМКА» номи билан машҳур бўлган амалий ҳаракат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан тасдиқланган тартиб асосида амалга оширилган.

Масалан, авваллари Тошкент шаҳар ҳокиминиг 2016 йил 18 апрелдаги 328-сонли қарорининг 4-иловасига мувофиқ, Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси қошидаги 14 та ваколатли идора вакилидан иборат комиссия таркиби тасдиқланган ва мазкур комиссия аъзолари томонидан қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича «бегунок» имзоланган.

Бироқ, шунда ҳам қурилиши тугалланган бино-иншоотни фойдаланишга қабул қилиш учун комиссиянинг 14 та ишчи органи мансабдор шахслари имзоси етарли бўлмаган ва туман ҳокимининг қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича қарори қабул қилиниши талаб этилган. Бу жараённинг нақадар қийин экангилигини бино қурган, қурилиш соҳасида фаолият юритган тадбиркорларимиз билишади.

Улар ўз маблағлари ҳисобидан ўзларига тегишли ер майдонида бино қуриб, эгалигини олиш учун ойма-ой ёки йиллар давомида давлат идоралари мансабдор шахслари кетидан сарсон бўлишар эди.

Айрим ҳолларда ишчи органларнинг имзоси (рухсати) бўлса-да, тадбиркорлар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича туман ҳокимининг қарорини олиш учун 6 ойгача кутишга мажбур эди. Энг ачинарлиси эса, барча ҳужжатларни тадбиркорлар ташкилотма-ташкилот овора бўлиб, мансабдор шахсларнинг олдиларига ўзлари олиб киришган.

Жараённинг қийинлиги натижасида, барча талаблар асосида қурилган аммо ноқонуний қурилма сифатида эътироф этилган бино ва иншоотларнинг сони кўпайиб кетган эди.

Ваҳоланки, бу эскича тартиб-тамойиллар тадбиркорлар учун энг катта бюрократик тўсиқ бўлган ва бунинг натижасида таниш-билиш, коррупция, таъмагирлик ҳолатлари юзага келиб, бизнес ривожланишида катта ғов бўлган.

Эдиликда бу тартибга тўла барҳам берилди. Бугунги кунда тадбиркорлар қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат хизматлари марказларига ёки онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари порталга мурожаат қилишлари мумкин.

Ҳозирда қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилишда бор-йўғи икки ваколатли орган иштирок этади ва 9 иш куни мобайнида иш ҳал қилиниб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида кўчирма тақдим этилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур соҳадаги давлат хизматлари кўрсатиш бизнес жараёнини бир неча мартага қисқартириш орқали хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига ва энг муҳими қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинишига эришилди.

Бундан ташқари, жараёнда 14 та ишчи орган иштироки тугатилиб, атиги 2 та ваколатли орган қолдирилди ва улар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинуви «ягона дарча» тамойили асосида фақат электрон тарзда амалга оширилиши белгиланди. Қолаверса, асоссиз рад қилинган ҳамда кўриб чиқиш муддатлари бузилган аризалар юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқамаси томонидан электрон тарзда доимий назорат ўрнатилиб, қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйган айбдор шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда давлат хизматлари кўрсатишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларини ҳамда масъул ходимларини маъмурий жавобгарликка тортиш механизмини электронлаштириш ва жараённи тўлиқ автоматлаштириш тўғрисида тегишли топшириқлар берилган бўлиб, бу хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишда ҳамда давлат идораларининг масъулиятини янада оширишда катта туртки бўлади.

Юқоридаги қарорнинг қабул қилиниши юртимизда бизнеснинг ривожланишига, энг муҳими, тадбиркорларни йиллар давомида қийнаб келган бюрократик тўсиқларнинг барҳам берилишида муҳим қадам бўлди.

 

Жамшид ЮСУПОВ,

Давлат хизматлари агентлиги

Тошкент шаҳар бошқармаси

бошлиғи ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: