Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
25.02.2020

ҚУЛАЙ ВА САМАРАЛИ ХИЗМАТЛАР

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбарияти иштирокида «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш борасида ўтган давр давомида амалга оширилган ишлар» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, 2018 йилда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган. Жамғарманинг мақсади фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда «Томорқа хизмати» МЧЖларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.

Матбуот анжуманида 2018 – 2019 йилларда жамғарма фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ҳамда «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамиятларини молиявий қўллаб-қувватлашга 305.9 миллиард сўм йўналтирилганлиги таъкидланди. Бунинг натижасида гидропоника усулидаги иссиқхоналар, интенсив боғлар, мева-сабзавотларни сақлаш учун совитиш тизимига эга омборлар қурилди. Биргина томорқа ер эгаларига 200,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 7499 хонадонда 172 гектардан иборат иссиқхона барпо этилди. Бундан ташқари, 1860 хонадонда 909 мингдан ортиқ зотдор парранда, қарийб 300 хонадонда 23 мингдан ортиқ асалари қутилари, 177 хонадонда 10 мингдан ортиқ қуён, 1127 хонадонда 18 мингдан ортиқ наслли қўй парваришланмоқда. Ушбу жараёнда 21 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Ушбу жамғарма икки йилдан буён юзлаб томорқа эгаларига турли йўналишлар бўйича кредитлар берди, эндиликда эса лизинг хизматлари кўрсатишни йўлга қўймоқда. Бунда жамғарма томорқа ер эгаларига ёки бошқа мулкдорларга мини-техникалар, мотокультиваторлар етказиб беради. Шу мақсадда ҳар бир вилоятга бир миллиард сўмдан маблағ ажратилмоқда. Жорий йилга келиб, боғларни лизингга бериш тизими режалаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 январдаги «Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ишлари жамғарма томонидан амалга оширилиши ҳамда интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналар жамғарма томонидан кредит ёки лизинг шартлари асосида берилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, туманларда фойдаланилмай турган ерларда боғ яратилди. Аҳоли талаблари инобатга олиниб, ерлар лизинг асосида берилди. Бунда қилинган харажатнинг 30 фоизи олдиндан тўланади. Маблағнинг қолган қисми 3 йил давомида қоплаб берилади. Бундай амалиёт иссиқхоналарни лизингга беришда қўлланилиши режалаштириган.

Ўзбекисон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг раиси ўринбосари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармасининг ижрочи директори Тўлқин Сатторов тизимда олиб борилаётган бир қатор ишлар ҳақида гапирди:

– 2018-2019 йилларда жамғарма томонидан кредит ажратиш мақсадида тижорат банкларига жойлаштирилган ресурслар жами 282,3 млрд.сўм бўлиб, ҳамкор банклар, яъни Агробанк 141,4 млрд.сўм (50 фоиз), Микрокредитбанк 43,2 млрд.сўм (15,4 фоиз), Халқ банки 97,16 млрд. сўм (34,6 фоиз) ўз кредит маблағларини ажратди. Биргина Самарқанд вилояти «Томорқа хизмати» МЧЖ ҳамда фермер хўжаликларига ажратилган улуш ва кредит эвазига эришилган натижаларга келадиган бўлсак, жамият томонидан ажратилган 14,8 ер майдони ҳудудида узумзор ва интенсив боғлар ташкил этилди ҳамда 2486 томорқа ер эгасига 33,3 млрд. сўм ажратилди, 1070 та янги иш ўрни яратилди. Ёки Андижон вилоятидаги «Дардоқ томорқа хизмати» МЧЖга 470,0 млн. сўм улуш ажратилган.

Тадбир доирасида жамғарманинг жорий йил учун ҳам бир қатор вазифалари белгилаб олинди. Жумладан, 2020 йилда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг йигирмадан ортиқ туманида 31 қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилади. Ташкил этиладиган кооперативларга кам таъминланган ва ишсиз фуқароларни танлаб олиш ва бириктириш бўйича аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан рўйхат шакллантирилади. Мазкур рўйхатга кирган фуқаролар кооператив аъзолари сифатида иш билан таъминланади. Бу эса фуқароларнинг моддий фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

— Яқинда айнан фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, энди боғдорчиликка кириб келаётган мустақил деҳқонлар, жамоатчилик тузилмалари, соҳа мутахассислари ва кенг омма фойдаланиши учун. «Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш» номли китоб чоп этилди. Қўлланмада ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиш ишларини тизимли ташкил этиш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларида экин ўстириш, чорва ва парранда парваришлаш маданияти, уларни касалликлардан сақлаш каби муҳим чора-тадбирлар ўз аксини топган. Бутун республика бўйлаб, бепул тарқатилган услубий қўлланма албатта халқимизни янада моҳир, тадбиркор ва ўз ишининг устаси бўлишида ҳисса қўшади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси иш юритувчиси Жаҳонгир Раҳмонов.

Тадбир давомида, Жамғарма бундан кейинги фаолиятида рақамли иқтисодиётдан янада кенг ва самарали фойдаланиш, маълум даражадаги қоғозбозликларга барҳам бериш, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида масофавий, электронли ва архивлаш тизимлари йўлга қўйилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари соҳага оид саволларга жавоб олди.

 

Чўлпоной АҲМЕДОВА,

Журналистика ва оммавий коммуникациялар

университети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: