Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
11.02.2020

ЭНДИЛИКДА ИЛМИЙ УНВОНЛАРНИ МУСТАҚИЛ БЕРИШ ВАКОЛАТИ 30 ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА

ҳамда Фанлар академияси тавсияси асосида илмий-тадқиқот муассасаси кенгашларига берилмоқда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Олий аттестация комиссияси ОАК фаолиятидаги тизимли ишлар, натижалар ва устувор вазифалар, тизимга ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш, ривожлантириш, ҳужжатлар ижроси, мурожаатлар билан ишлаш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга доир масалалар хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, математика, кимё ва геология каби фанлар йўналишида эришилган асосий натижалар, келгусидаги муҳим вазифалар ҳақида соҳа мутахассисларининг маърузалари тингланди.

– Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар илм-фан, таълим соҳасида ҳам юқори даражаларда бўй кўрсатмоқда, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмадбек Юсупов. – Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тай­ёрлаш, аттестациядан ўтказиш масаласига юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2013-2019 йиллар давомида 3 минг 450 нафар талабгорнинг 1 минг 175 нафари фан доктори, 2 минг 275 нафари фалсафа доктори илмий даражаларига тасдиқланди. Шулардан фан доктори илмий даражасига тасдиқланган талабгорларнинг 787 нафари, фалсафа доктори даражасида тасдиқланганларнинг эса барчаси, яъни 2 минг 275 нафари 2017 йил 1 июлдан кейинги даврда илмий даражаларга эришдилар.

Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, 2017 йил 1 июлга қадар республикамизнинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида 40 илмий кенгаш фаолият юритган бўлса, эндиликда уларнинг сони 160 тани ташкил қилмоқда. Ўтган 2019 йилда Oлий аттестация комиссияси раёсатида жами 1612 аттестация иши кўриб чиқилди. Жумладан, 321 фан доктори илмий даражаси, 1139 фалсафа доктори илмий даражаси, 131 профессор, 82 нафар катта илмий ходим ва 417 нафар талабгор доцент илмий унвонларига тасдиқланди. 2 фан доктори, 28 фалсафа доктори дипломлари нострификация қилинди. Қолаверса, 41 аттестация ишига эса рад жавоби берилди. Яна бир эътиборга молик масала шундаки, фан доктори илмий даражасига тасдиқланганларнинг 33 фоизини, фалсафа доктори илмий даражасига тасдиқланганларнинг 37 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Шу билан бирга ҳимоя қилинган барча диссертацияларнинг илмий натижалари амалиётга жорий қилинди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва инновацион тараққиётини жадаллаштиришда илмий ва илмий-педагогик салоҳиятни такомиллаштириш, самарали илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясини ташкил этиш сифатини ошириш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Президентимизнинг 2019 йил 11 июлдаги «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан инновацион хусусиятга эга тадқиқотларни янада ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, илмий натижаларни амалиётга тезкор жорий этишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, ёшларнинг илмий фаолиятга қизиқишларини юксалтириш ва рағбатлантириш, илмий фаолият нуфузини кўтариш мақсадида Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида илмий ишланма яратган фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган илмий даражасига эга талабгорга фан доктори (DSc), илмий натижаларни амалиётга татбиқ этган талабгорга фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларни бериш тартиби жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, аттестация соҳасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мустақиллигига эришиш учун доцент, катта илмий ходим ва профессор илмий унвонларини мустақил бериш ваколати тажриба тариқасида олий таълим муассасалари рейтинги бўйича юқори турувчи 30 та олий таълим муассасасига ҳамда Фанлар академияси тавсияси асосида илмий-тадқиқот муассасаси кенгашларига берилмоқда.

Шунингдек, рақамли иқтисодиёт талабларидан келиб чиққан ҳолда, электрон ҳужжат айланиш тизимини аттестация жараёнига жорий этиш учун 5 дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Булар:

 илмий даражалар учун аттестация ишлари;

 илмий унвонлар учун аттестация ишлари; 

 илмий кенгашлар, олий ва илмий тадқиқот муассасалари кенгашлари билан ёзишмалар;

 илмий кенгашларнинг Олий аттестация комиссияси веб-сайтидаги ягона портали;

 амалдаги диссертация экспертизаси билан бир қаторда диссертация матнини Интернет тармоғига жойлаштириш орқали илмий жамоатчиликнинг электрон экспертизаси.

Бундан ташқари, илмий натижаларни чоп этиш тавсия этилган миллий илмий нашрлар рўйхати бекор қилинмоқда. Бундан мақсад эса барча нашрларга тенг шароит яратишдир.

Шунингдек, тадбирда, хорижий давлатда илмий даража ва илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш тартиби тубдан қайта кўриб чиқилиб, жараён Давлат хизматлари агентлиги ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида амалга оширилиши йўлга қўйилаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: