11.02.2020

ИХТИРОЧИ АЁЛЛАР

100 энг яхши инновацион лойиҳа

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловининг якуний босқичи ўтказилди. Танлов доирасида “Ихтирочи аёллар — 2020” форуми ва иқтидорли хотин-қизларнинг ишланмалари, макет ва инновацион маҳсулотлари бўйича кўргазма ҳам ташкил қилинди.

Танлов доирасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова, Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази экспертлари ва Эксперт кенгаши аъзолари, турли соҳаларда фаолият юритаётган иқтидорли хотин – қизлар иштирок этди.

Танловнинг биринчи босқичида 4000 дан ортиқ олима аёллар, тадқиқотчилар, иқтидорли талаба ва ўқувчи қизлар, тадбиркор ҳамда мутахассислар қатнашган бўлиб, республика якуний босқичига уларнинг 300  таси саралаб олинди.

Улар “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши рационализаторлик таклифи”, “Энг самарали инновацион лойиҳа (фан ва техниканинг устувор йўналишлари бўйича)”, “Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” каби йўналишларни қамраб олган.

Президентимиз томонидан 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йи­ли” деб эълон қилинганлиги муносабати билан айнан танловнинг республика якуний босқичида “Ихтирочи аёллар — 2020” форуми ташкил этилди. Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкор ташкилотлар, яъни Ўзбекистон ихтирочи аёллари маркази экспертлари билан биргаликда илм-маърифат ва технологияларни ривожлантиришга ҳамда янги авлод олима ва дастурчи қизларни тайёрлашга ҳизмат қиладиган лойиҳалар танлаб олиниб, уларнинг ҳар бири адолатли ва оқилона баҳолаб борилди.

Гулноза Жиянова,

Самарқанд шаҳар “Ипак йўли” туризм халқаро  университети талабаси:

— Лойиҳам “SHOCK GALLERY”  деб номланади. У уч қисмдан иборат бўлиб, EBRU яъни сув устида ажойиб нақшларни акс эттириш ва уларни кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган буюмларга тушириш ҳамда қум санъатининг ноанъанавий кўринишидан тайёрланган расмлар кўргазмасини  ташкил қилишдан иборат.  Ушбу лойиҳа нафақат сайёҳлар, маҳаллий ҳаваскорлар учун, балки имконияти чекланган аҳоли, ёш болалар ёки давлат қарамоғида бўлган нуронийларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш учун ҳам қизиқарли.

Ўғилой Қурбонова,

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети электроника ва автоматика факулътети «рақамли электироника ва микроэлектроника» кафедра ўқитувчиси, физика-математика фанлари номзоди.

— Яратган лойиҳам фотоэлемент ёрдамида қаттиқ жисмларнинг ёруғлик ютилиши ҳодисасини намойиш этувчи лаборатория қурилмаси ҳисобланади. Бу лойиҳани умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар  коллежларида қўллаш мумкин. Лаборатория ускунаси енгиллиги, ихчамлиги, дизайни чиройли кўринишга эгалиги билан бирга, ускунанинг генераторига етказиб берадиган токни фойдали электр энергиясига айлантириб бериш билан ҳам аҳамиятлидир.

Гулмера Келдиёрова,

Самарқанд давлат университети докторанти:

— Лойиҳам тўлдирувчи материаллар ёрдамида чанг, газларни тозалаш ускунаси билан боғлиқ. Унинг экологик тозаликни сақлашда ўрни катта.  Бу ускуна ишлаб чиқариш корхоналарига ёрдамчи қурилма сифатида ўрнатилади. Ҳозирги пайтда корхоналарда фақат газни тозалаб берадиган ускуналар мавжуд. Ускуна  сувли форцункалардан иборат бўлиб, чанг ва газга тўйинган керамзитни мунтазам равишда тозалаб туради. Лойиҳам устида  икки йил тинимсиз ишладим. Ҳозирги кунда лойиҳа Самарқанд вилояти асфальт-бетон ишлаб чиқариш корхонасига ўрнатилди ва синовдан ўтказилди. Корхонанинг олдинги газ ва чангни тозалаш фоиз кўрсаткичи 85 фоиз  бўлса, ускуна ўрнатилгач, 98 фоизга кўтарилди.

  Қизим Мунирабону бу танловда “Иқтидорли қизнинг истиқболли инновацион ғояси” номинацияси бўйича қатнашмоқда, — дейди танловда энг ёш иштирокчи сифатида қатнашаётган Тошкент шаҳридаги 90-мактаб, 5-синф ўқувчиси Ғафурова Мунирабонунинг онаси Сайёра ­Жўраева. — Оддий кераксиз буюмлардан ноанъанавий нарсалар ясаш, пўкакларга шакл бериш, биссер ва мунчоқлардан чиройли гуллар, идишлар, рамзлар, ажойиб мозаикали  буюмлар ясайди. Яқинда Индонезияда бўлиб ўтган миллий қўл меҳнати билан ясалган буюмлар кўргазмасида иккинчи ўринни олди. Уч йилдан буён шу фаолият билан шуғулланади. Ўтказилаётган ушбу тадбирлар қизим, қолаверса юртимиздаги хотин-қизларнинг иқтидор ва имкониятларини намоён қилишда яхши тажриба майдони бўлади, деб ўйлайман.

    Шарқ донишмандлари айтганидек, “энг катта бойлик – бу ақл-заковат, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик бу билимсизликдир.   Ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

 

Чўлпоной АХМЕДОВА,

Журналистика ва оммавий коммуникациялар универститети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: