Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
04.02.2020

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРОНАВИРУС БЎЙИЧА ЭПИДЕМИК ВАЗИЯТ НАЗОРАТ ОСТИДА

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби олиб бораётган тадбирлар бўйича сўнгги маълумотга кўра, 2020 йил 2 февраль соат 8:00 га қадар олинган расмий маълумотларга асосан, Хитой Халқ Республикасида жами 14411 нафардан ортиқ фуқаролар касалланиб, 2110 нафар фуқаро оғир ҳолатда даволанмоқда, 304 нафар (2.1 фоиз) фуқаро ушбу касалликдан вафот этган.

Сўнгги маълумотларга қараганда дунёнинг Хитой Халқ Республикасидан ташқари 23 давлатида (Австралия, Вьетнам, Германия, Канада, Корея, Камбожа, Малайзия, Непал, Таиланд, Сингапур, АҚШ, Франция, Шри-Ланка, Япония, Филиппин, Ҳиндистон, Италия, Финляндия, БАА, Испания, Россия, Швеция ва Буюк Британия) 144 ҳолатда коронавирус (2019-nCoV тури) инфекцияси лаборатория усулида тасдиқланган.

Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Вирусология илмий текшириш институтида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилган. Республикадаги аэропорт ва темир йўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликда гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга ётқизиш, лаборатория таҳлилини ўтказиш тартиби жорий этилган.

— Бу касаллик асосан Хитой Халқ Республикаси Ухань шаҳрида кузатилмоқда ва бошқа давлатларга тарқалмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. — Мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир чегара пунктлари, хусусан 11 та аэропорт тепловизорлар ускунаси билан жиҳозлаб чиқилди, ходимлар махсус тайёргарликдан ўтказилди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу касалликни грипп билан адаштирмаслик керак. Бу коронавирус ҳайвонлар орқали юқади ва бундан ҳимояловчи вакцина дунё бўйича ҳозирча мавжуд эмас. Энди бунинг устида иш олиб борилмоқда. Биз нафақат Хитой йўналиши бўйича, балки республикамизга кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатганмиз. Барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминланган.

Қолаверса, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳолига қўлни совунли сув билан ювгандан сўнг спирт билан ишлов беришни, йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни рўмолча билан ёпишни, шамоллаш белгилари бўлган беморлар билан яқин мулоқотда бўлмаслик, йўтал, иситма, нафас олиш қийинлашганда тезлик билан шифокорга мурожаат этиш лозимлиги тавсия этилмоқда.

Бемор уйда аниқланганда, бемор ётган хоналар, фойдаланган жиҳозлар, идиш-товоқлари хлор сақловчи воситалари ёрдамида ёки қайнатиш билан зарарсизлантирилади. Организмнинг инфекцияга қарши курашувчанлигини ошириш мақсадида витамин ва оқсилларга бой бўлган маҳсулотларни, пиёз, саримсоқ, цитрус мевалар, наъматак меваларидан тайёрланган дамламалар истеъмол қилиш лозим. Касаллик юқмаслиги учун, жамоат жойларида докадан тикилган ниқоб ёки бир марталик респираторларни тақиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ўртасида Хитой Халқ ­Республикасидан кириб келган ­фуқаролар тўғрисида кундалик ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Ушбу фуқаролар тўғрисидаги рўйхат асосида ҳар бир соғлиқни сақлаш бошқармалари ва бирламчи тиббий бўғинлар орқали хонадонма-хонадон юриб, Хитой Халқ Республикасидан келган юртдошларимиз 14 кун муддатга тиббий назоратга олинмоқда. Ушбу тартиб асосида жорий йилнинг 1 февраль куни Андижон вилоятида Хитой Халқ Республикасига бориб келган фуқароларда олиб борилган тиббий кузатувлар давомида 2 нафар фуқарода тана ҳарорати кўтарилганлиги аниқланган. Ушбу беморларга зарурий муолажалар ўтказилган, беморларнинг умумий аҳволи қониқарли, тана ҳарорати меъёрида.Беморларда зудлик билан лаборатория таҳлиллари ўтказилган ва коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

2020 йил 2 февраль кунига қадар Агентлик қошида ташкил этилган штаб ишонч телефони орқали 1500 га яқин фуқароларимиздан келиб тушган саволларга жавоб берилди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 1 февраль куни хорижий давлатлардан 32 та самолёт қабул қилинган, 4072 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган, шулардан 20 нафари Хитойда ўқийдиган талабалардир. Термометриядан ўтказилган фуқаролар орасида 2 нафар Ўзбекистонлик ва 1 нафар Россия фуқаросида тана ҳарорати юқорилиги аниқланган, фуқароларнинг барчаси Республика Вирусология ИТИ клиникасига ётқизилган.

Темир йўллари АЖ марказий санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктларидан жами 1006 нафар фуқаролар ўтишган, шулардан 132 нафарини хориж фуқаролари ташкил этади.Тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланмаган.

Давлат чегара пости орқали кўплаб йўловчи ўтувчи санитария-карантин пунктлар Тошкент вилоятининг «Ғишт-кўприк», «Ойбек», Сурхондарё­нинг «Гулбаҳор» ҳамда Андижон вилоятининг «Дўстлик» санитария-карантин пунктлари орқали 333 та автотранспортлар, 19137 нафар фуқаролар ўтказилган, шулардан 6881 нафари чет эл фуқаролари ҳисобланади. Тана ҳарорати кўтарилган фуқаролар аниқланмаган.

Хитой Халқ Республикасида коронавирус инфекцияси бўйича кузатилаётган мураккаб эпидемик вазият, бу касалликни республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: