04.02.2020

ПЕК МИН ҲЁН, KOICA ВОЛОНТЁРИ: «ОИЛА ТАЪЛИМИ НИМА?»

2019 йилда Жанубий Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мазкур мамлакатнинг «KBS» телеканали томонидан Корея халқи маданияти ва тарихи бўйича. ўтказилган «Quiz on Korea — 2019» халқаро танловда Ўзбекистон, Германия, Англия, Португалия, Россия ва Туркия каби 20  давлатдан 30 ёшгача бўлган кўплаб йигит-қизлар иштирок этди. Унда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети филология факультети 3-курс талабаси Ҳамида Қаҳрамонова мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети филология факультетида корейс тили йўналишида таҳсил олаётган талабалар интерфаол усуллар воситасида тил ўрганадилар. Талаба мустақил таълим олишга рағбатлантирилади ҳамда ундан эркин фикрлаш талаб қилинади. Бунда ўқитувчи билим берувчи баҳоловчи сифатида эмас, балки бирор-бир жараённинг боришига яхши таъсир этувчи  унга мос шарт-шароитлар яратиб берувчи сифатида намоён бўлади.

Дарҳақиқат Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 1995 йилдан буён корейс тили иккинчи чет тили сифатида ўқитиб келинади. Шу боис, Жанубий Кореянинг бир қатор университетлари, хусусан, Сеул миллий педагогика университети, Чунг-Анг, Жонгбу, Сунчон, Чоннам, Пусан чет тиллари университетлари билан самарали ҳамкорлик қилинмоқда.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб филология факультетида корейс тили йўналиши алоҳида мутахассислик сифатида очилди ва бу ерда корейс тилини ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жанубий Кореянинг KOICA халқаро ташкилоти томонидан жалб қилинган волонтёр ўқитувчилар – Парк Ёнг Ин, Пек Минхён ҳамда мутахассислар – Пек Ким Нан,  Соль Вон Те, Жонгбу университети амалиётчиси Ким Дэа Ёнг сингари волонтёр профессор-ўқитувчилар, шунингдек, Дилрабо Пўлатова, Паризод Азимова, Ғуломжон Ёқубов, Кўпайсин Жўраева сингари иқтидорли ўқитувчилар талабаларга таълим бермоқда.

– Бизда талабалар корейс тилини мукаммал ўрганиши учун барча имкониятлар муҳайё, – дейди  факультет декани, филология фанлари номзоди, доцент Севара Зиёева. – Иккинчи чет тили фанини ўқитиш жараёнида таълимнинг замонавий услублари, педагогик ва ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланилади. Машғулотларда аудио-видео воситалари ҳамда компьютер технологиялари ёрдамида тақдимотлар ўтказилади. Ақлий ҳужум, гуруҳли фикрлаш, диалог, коммуникатив мулоқот сингари интерфаол усуллардан самарали фойдаланилади.

Университетда Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда KOICA халқаро ташкилоти томонидан ҳомийлик асосида корейс тилини ўрганишга мослаштирилган ўқув хоналари энг сўнгги ва замонавий  технологиялар билан жиҳозланган ва Корея Республикасида чоп этилган ўқув адабиётлари билан таъминланган. Ҳозир маҳаллий корейс тили профессор-ўқитувчилари томонидан KOICA халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда “Корейс тили дарслиги”нинг 1-ва 2-қисми жамланиб, нашрга тайёрланди. “Ўзбек халқ эртаклари” китоби корейс тилига таржима қилинди. Шунингдек, KOICA халқаро ташкилоти ҳомийлигида замонавий синхрон таржимага мослаштирилган хона ҳамда барча қулайликларга эга бўлган корейс тили маркази ташкил этилди.

Университетда фаолият кўрсатаётган корейс тили профессор-ўқитувчилари КOICA халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган малака ошириш дастурларида қатнашиб, Корея Республикасининг нуфузли олий таълим муассасаларида малака ошириб келмоқдалар. KOICA халқаро ташкилоти томонидан талабалар учун мўлжалланган дастурларда ЎзДЖТУ талабалари ҳам фаол иштирок этиб, Жанубий Корея Республикасининг нуфузли ОТМлари бир йиллик курсларнинг грантларини қўлга киритмоқда. Ҳозирги кунда Жаҳонгир Ёқубов, Элёр Қодиров, Ибратбек Ҳожиев, Нилуфар Абдуллаева, Абдулазиз Ҳасанов каби битирувчилар ҳам Жанубий Кореяда магистратура ва докторантура босқичларида ўқишни давом эттирмоқда.

– Корея билан ўзбек маданияти ўртасида катта оила тизими, ёши катталарни ҳурмат қилиш маданияти сингари ўхшаш томонлар анчагина, – дейди  KOICA волонтёри Пек Мин Ҳён. – Бироқ Жанубий Кореяда саноат ривожланиб бораётгани туфайли, маданият бироз оқсаган. Ўзбекистон эса ўз маданиятини сақлаб келмоқда.

Жанубий Кореяда фарзандларга оила таълимини бера олмайдиган ҳолатлар кўп учрайди. Ўзбекистонда оила таълими, мактаб таълими, шунингдек, жамият  таълими ўз-ўзидан бирикиб кетганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шунинг учун таълим тизими турли хил бўлгани боис, унга мос келадиган усулни қидириб топиш керак. Масалан, “Дастурхон атрофидаги таълим” дегани – бу ота-она билан бирга таом тановул қилиб, шу жойда ота-онадан оладиган оила таълимига айтилади. Бу ҳам биз учун жуда қувонарли ҳол, албатта.  Қолаверса, ўзбек талабалари жуда тарбияли. Устозларни ҳурмат қилиши ўзига хос, дўстларнинг бир-бирига меҳри баланд. Шу жиҳати ҳам менга ёқади.

– Мен Кореяда ўзбекистонлик талабаларнинг корейс тилини қизиқиш билан ўрганишларини кўриб, Ўзбекистонга келишни мақсад қилгандим, – дейди Жанубий Корея Жонгбу  университети  ўқитувчиси Ким Де Ёнг. – Мени қувонтиргани шуки, ўзбек талабалари корейс тилини астойдил қизиқиб ўрганади. Улар ижтимоий тармоқлар орқали менга ўзларини қизиқтирган саволларини беришади, мен бажонидил жавоб қайтараман. Мен ўзбек ёшлари корейс тилини янада  кўпроқ ўрганишларини истайман.   

Анвар ҚОБИЛОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: