21.01.2020

Мен Оролни севаман, бу менинг Ватаним

Орол денгизининг узунлиги 426 км, эни 284 км, энг чуқур жойи эса 68 метрни ташкил этган. Денгиз 68,9 минг кв. км майдонга ястанган бўлиб, 1083 куб. км сув сиғимига эга бўлган.  Ўтган асрнинг 60 йилларигача денгиздан йилига 60 минг тонна балиқ овланган. Албатта, буларнинг ҳаммаси эндиликда тарихда қолди. Бугунги кунги Орол денгизи ва унинг атрофидаги ҳаёт эса бутунлай бошқача қиёфага кирган.

Бир пайтлар денгиз тўлқинларида баравж сузган кемалар  аста-секин қум бағирлай бошлаган. Ҳозир уларнинг қолдиқларини кўриб, гўё бу ерлар  кемалар қабристоними, дейсиз. Атроф чанг-тузон, гоҳ-гоҳ денгиз тузи ва қуми осмон баробар кўтарилиб, эндиликда биз тарифлаётган қатор экологик муаммони келтириб чиқармоқда.

Аммо матонати кучли халқ ёруғ кунларга ишониб, умид билан  яшаб келмоқда. Ва ниҳоят улар орзу қилган кунлар ҳам етиб келди. Буни ўз кўзи билан кўришни истаган бир гуруҳ ёшларнинг қуйидаги таассуротларидан ҳам  билишимиз мумкин.

– Биз сафаримиз давомида саксавул ва бошқа ўсимликларнинг уруғларини йиғиш ва уларни экиш жараёнлари билан яқиндан танишдик, — дейди «Ниҳол» мукофоти совриндори Саламат Аяпов. – Орол ва Орол фожиаси оқибатларига барҳам бериш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг жасоратини ўз кўзимиз билан кўриб, Орол тақдирига бефарқ бўлмаган ҳақиқий фидойи инсонлар ёнида туриб меҳнат қилгимиз келди. Орол тақдирини биз, келажак ёшларининг ҳам тақдири, деб биламиз.

“Бирлашиб кўтарган юк енгил”, дейди доно халқимиз. Бугун денгиз тубида ватандошларимизнинг сидқидилдан қилаётган ишлари барчага намуна ­бўлади, десак муболаға эмас. Ҳавонинг совуқлигини писанд қилмасдан, саксовул экишга келган инсонларга таъзим қилса арзийди.

– Асли мўйноқлик бўлсам-да, денгизни кўрмаганман, уни кўриш орзуим эди. Барчамизга маълум, Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган ҳам асли Мўйноқ аҳолиси, — дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Сапура Қайпназарова. — Денгизнинг қуриган тубида  саксовулзорлар барпо этилаётгани эса юрагимизга илиқлик бағишлади. Ёшлар билан бу ердаги жўшқин меҳнатга қўшилиб, биргаликда трактор ҳайдаб, самолётда денгиз ўрамини  томоша қилдик. Имконияти бўлса, юртимизнинг барча ёшлари бир марта бўлса-да шу ерга келишини хоҳлардим.

Маълумотларга кўра, ўтган йили 500 минг гектар ерга саксовул уруғи сепилган бўлса, бу йил 700 минг гектар майдон саксовулзорга айлантирилиши режалаштирилмоқда. Бундай ишларнинг тез суръатларда амалга оирилаётганини кўриб, ташкилотчиларга таҳсин, айтасан киши. 

– Орол бўйи ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ишларига жуда кўп техникалар жалб қилинган. Шундан 4 та самолёт билан 120 минг гектар жойга саксовул уруғини сепиб чиқдик, — дейди учувчи Виктор Зуев. — Биз осмонда учиб юрганимизда унда-бунда кўзга ташланган яшил қопламаларни кўриб, меҳнатимиз самарасидан қувонамиз.  Жорий йилда яна 400 минг гектарга саксовул уруғини сепмоқчимиз. 

Оролни ўрмонга айлантираётган инсонларнинг нималарга қодир эканлигини ҳис этдик. Бу ерда изғирин совуқда, қийин шароитда меҳнат қилаётган ҳар бир ватандошимизни бугунги замон қаҳрамонлари, деб атагимиз келди. Улар бунга лойиқдирлар. Ҳақиқатан ҳам, улар бу ерда мўъжиза яратмоқдалар.

– Менимча, Мўйноқда мингта яйлов яратиш керак. Олдин бундай имконият йўқ эди, чунки уруғ етишмовчилиги бўлар эди. Жорий йилда уруғлар йиғиштириб олиниб, бу йуналишда  катта ишлар олиб борилмоқда, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Зиновий Новицкий. – Биз ҳозирги кунгача 80 гектар майдонда яйлов яратдик ва келажакда уларнинг ҳудудини 1000 гектарга кенгайтириш режалаштирилган. 

Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва эътибори натижасида Орол денгизи тубида янгича ҳаёт бошланди. Инсон қадами тегмаган жойларда саксовул экилиб, буни барчамиз қувонч билан эътироф қилмоқдамиз. Бу эса янги фаровон ҳаёт, ҳар бир фуқаро учун катта илҳом манбаи бўлиши, шубҳасиз.

 «Ниҳол» мукофоти совриндори Шираз ­Турсинбаев денгиз тубида тракторни бошқариб, илҳомланиб опера йўналишида куйлаган қўшиғи бутун Орол бўйлаб янгради.

 

– Президентим нәзер салған жас қалам,

Мине бүгин айланды бир бостанға.

Шәҳәр болды үлги етер басқаға,

Дәўран келди кеўилди нур жайнатқан,

Қуяш күлип, ңур шашып тур Мойнақта…

 

Орол денгизи қуриб, чекингани билан, инсонлар чекинмайди. Орол фожиаси оқибатларига барҳам бериш, денгизнинг шўрланган ерларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, экотизимни яхшилаш, Оролнинг қуриган қисмида ўрмон барпо қилиш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича амалий ишлар  ҳадемай ўз натижасини беради.

 

Айжамал ҚАЛИБАЕВА,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: