14.01.2020

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

жамият ва шахс учун нима беради?

Жаҳон амалиётида аҳолини рўйхатга олиш муҳим чора-тадбилардан бири ҳисобланади. Уни ўтказиш мамлакатда истиқомат қилаётган фуқаролар, хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уларнинг уй-жойлари ҳақида тўлиқ маълумотлар жамлашни кўзда тутади. Бундай тадбирни амалга ошириш кенг кўламли иш бўлиб, қолаверса, ҳам маблағ, ҳам малакали инсон ресурсларини талаб этади. Шу боис унга тараддуд бир неча йил олдиндан бошланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 фералдаги фармонига биноан мамлакатимизда ҳам 2022 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш ишлари ўтказилади. Қайд этиш жоиз, мазкур тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2015 йил 10 июндаги махсус резолюциясига асосан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти директори ўринбосари, иқтисод фанлари доктори, профессор Низомиддин Ҳайдаров билан суҳбатда аҳолини рўйхатдан ўтказишнинг тарихи, мақсад-моҳияти, юртимизда бу борада ўтадиган тадбирнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз боради.

 – Низомиддин Ҳамроевич, аҳолини рўйхатга олишнинг объектив зарурати нимада?

 – Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этиладиган мазкур тадбир тизимли ва яхлит давлат статистика кузатуви остида бўлиб, ундан кўзланган бош – мақсад айни пайтда мамлакатда истиқомат қилаётган аҳолининг реал сони ва таркиби ҳақидаги маълумотлар мажмуасини шакллантиришдан иборат. Жамланган маълумотлар асосида бутун жамият ва унинг марказий ўзаги бўлган давлатнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли стратегик режаларини қабул қилишга замин яратилади. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий, демографик, ҳаттоки, ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман бюджетлари даромад манбаларининг прогноз кўрсаткичлари ҳам қамраб олинишига имконият яратилади. Рўйхатга олиш натижаларига таяниб, қаерда ва қанча янги мактаб, мактабгача таълим муассасалари, шифохоналар учун бинолар, кадрларни тайёрлаш, уй-жойлар қуриш, шунингдек, қаердан янги таранспорт йўналишларини белгилаш каби муҳим масалаларга ойдинлик киритиш мумкин бўлади.

 – Аҳолини рўйхатга олиш дунё мамлакатларида қачондан бошланган, бизнинг ўлкамизда-чи?

 – Тарихий манбаларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш жараёни қадимий даврларга бориб тақалади. Аниқроғи, давлатчилик шаклланиши билан аҳолини ўз даврига мос равишда рўйхатга олиш жараёни бошланган. Дастлаб қадимги Мисрда, Афинада, Римда ва Хитойда шаклланган, кейинчалик Европа мамлакатларида ҳам йўлга қўйилган.

 Ўлкамиз аҳолиси ана шундай чора-тадбирларда 9 маротаба иштирок этган. Бу – 1897, 1920, 1926, 1937, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларни қамраб олади. Тарихий маълумотларга қараганда, 1937 йилда ўтказилган рўйхатга олиш барча талабларга биноан ташкил этилгани боис, унинг натижалари социалистик тузум талабларига тўлиқ жавоб бермаган. Хусусан, мамлакатда ўтган даврдагига нисбатан аҳоли сони қисқарган ва динга эътиқот қилувчилар сони кескин кўп бўлган. Шунинг учун бу натижалар кенг оммага, айниқса, хорижий мамлакатларга ошкор қилинмаган ва 1939 йили яна бир бор ўтказилган. 1989 йили ўтказилган рўйхатга олиш маълумотлари бўйича Ўзбекистон аҳолиси 19810077 нафарни ташкил қилган. Шундан ўзбеклар 14142475 нафарни ёки умумий аҳолининг 71.39 фоизини ташкил этган.

 – Маълумки, аҳолини рўйхатга олиш бўйича навбатдаги тадбир Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги фармонида қайд этилганидек, 2022 йилда бўлиб ўтади. Мазкур тадбир илгаригиларидан қандай жиҳатлари билан фарқ қилади?

 – Мамлакатимиз мустақилликка эришилгандан буён аҳолини рўйхатга олиш чора-тадбирлари амалга оширилмагани боис, 2022 йилда бўлиб ўтадиган тадбирда қуйидаги тафовутлар намоён бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Биринчидан, муқаддам интернет ва АКТ дан кенг омма фойдаланмаган, рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотлари фақат қўлда ва қоғозда тўлдирилган. Иккинчидан, у даврда мулк шакллари ҳозиргидек хилма-хил ва ранг-баранг бўлмаган. Учинчидан, мамлакатлар ўртасида аҳоли миграцияси деярли бўлмаган, ҳозирда бу кўрсаткич ҳар тамонлама кенгайди ва ўзгарди.Яна бир жиҳати, аҳолининг даромад манбалари кўпи билан иккита бўлган. Ҳозирда бу кўрсаткич доираси кескин кенгайди, даромад олаётган аҳоли сони ва даромад манбалари ҳам анча кўпайган. Шунингдек, муқаддам “миллати” деган кўрсаткич бўлган, бироқ “фуқаролиги” деган кўрсаткич бўлмаган. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич ҳам асосий бандлардан бири ҳисобланади. Чунки эндиликда мамлакатимизда бир неча ўнлаб элчихона, консуллик хизматлари, шунингдек, хорижий инвестицияга асосланган минглаб қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Бу мамлакатимизда хорижлик фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кўплигидан далолат беради.

 – Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва амалга ошириш жараёнида қандай чора-тадбирларнинг бажарилиши кўзда тутилган?

 – Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида бу вақтга қадар синов асосида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва шу асосда методологик ҳужжатларни такомиллаштириш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Унга биноан Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинади.

 Тасдиқланган Концепцияга мувофиқ, 10 кундан 60 кунгача бўлган даврда бевосита аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади, яъни шу давр мобайнида аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текширувидан ўтказилади ва ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига умумлаштириш учун топширилади. АКТ ва интернет тармоғидан кенг фойдаланиш ҳисобига бу муддат янада қисқариши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

 Қолаверса, мамлакатимизда нафақат аҳолини рўйҳатга олиш бўйича мутахассисларнинг амалий кўникмалари етишмайди, балки рўйхатга олинувчиларнинг ҳам тажрибалари кам. Бу ҳолат ҳам мутахассисларни тайёрлашни, тарғибот ишларини мунтазам ва тизимли олиб боришни тақозо этади.

 – Аҳолини рўйхатга олувчилар қандай танланади ва бу жараён қандай молиялаштирилади?

 – Рўйхатга олувчиларни танлаш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар ҳар хил ёшда ва касбда бўлиши, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар бўлиши мумкин.

Ёши ва касбидан қатъи назар, аҳолини рўйхатга олучилар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

 Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар амалдаги ҳужжатларга, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилган.

 – Аҳолини рўйхатга олиш давомида олинган маълумотларнинг махфийлиги ким томонидан ва қандай таъминланади?

 – Жаҳон тажрибасига таяниб айтадиган бўлсак, аҳолини рўхатга олишнинг бир неча тамойиллари мавжуд. Шулардан бири – маълумотларнинг сирлилик ва дахлсизлик тамойили, деб аталади. Бир сўз билан айтганда, ҳар қандай шахс ҳақидаги маълумот, айни шу мақомдаги бошқа шахс учун қатъий сирлигича қолиши зарур. Шу боис бу жараёнда иштирок этувчи ходимлар рўйхатга олинувчилар ҳақидаги маълумотлар сирлилигини таъминлашни кафолатлаш бўйича ёзма тилхат беради. Олинган маълумотлар эса фақат рўйхатга олишнинг марказлашган хизмат бюроси, яъни Давлат статистика қўмитаси ҳузурида ташкил этиладиган йиғма марказга тааллуқли бўлади, холос. Бу ерда шахсий маълумотларнинг нафақат бошқа шахслар, балки ушбу тадбир билан бевосита боғлиқ бўлмаган давлат ходимларига ҳам дахлсизлиги сақланиб қолади. Мухтасар айтганда, 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш концепциясининг 22-бандида қайд этилганидек, “Рўйхатга олиш варақаларидаги аҳоли тўғрисидаги шахсий маълумотлар фойдаланилиши чекланган махфий ахборот ҳисобланади, тарқатишга йўл қўйилмайди ва фақат статистик мақсадларда қайта ишланади”.

 – Якуний натижалар билан қандай танишиш мумкин?

 – Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 27- бандида аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тай­ёрлаш муддати 2024 йил 1 декабрга қадар, деб кўрсатилган. Кўриб турганимиздек, маълумотлар билан танишишнинг охирги чегара муддати белгиланган. Бироқ, биз агарда тезкор фаолият юритсак, ушбу муддатдан олдин ҳам эълон қилиш имкониятига эга бўламиз.

 Умуман олганда, мамлакатимизда 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган аҳолини рўйхатга олиш натижалари нафақат давлатимиз манфаати учун, балки БМТ бу борада жаҳонда ўтказаётган тадбирининг таркибий қисми сифатида дунё ҳамжамияти учун ҳам ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлади.

 

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

 шарҳловчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: