Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
14.01.2020

«ЭРГАШ ОТА»НИНГ МЎЪЖИЗАВИЙ МУОЛАЖАЛАРИ

тиббиёт туризмини ривожлантиришга, хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилмоқда

Яқинда англиялик олим ўт қопи, жигар, буйракдан операциясиз тош туширадиган, қон босимини меъёрга келтирадиган, организмни гижжалардан тозалайдиган, ортиқча вазндан халос қиладиган, озғинларга эт берадиган, онкологик хасталикларнинг олдини оладиган, вужудингизни яшартирадиган муолажа усулини ўйлаб топибди. Лекин Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги “Эргаш ота” хусусий тиббий марказида беморлар 27 йилдан буён ана шу усулда даволаниб келмоқда.

“Эргаш ота” хусусий тиббий марказида, ҳатто, унинг икки километр радиусдаги ҳудудида дорихона йўқ. “Тузукроқ тадбиркори йўқ эканда”, деган хаёлга борманг асло. Тадбиркорлар бу шифохона атрофида дўконлар, кафе-ресторанлар, меҳмонхонаю ҳаммомлар, газ ва бензин қуйиш шохобчалари қуриб олишган, унинг атрофида йўловчи ташиш хизматлари, ҳатто, саёҳат учун махсус автобусларни учратасиз. Одатда бирор жойда шифохона қурилса, унинг ҳудудида, албатта, камида уч-тўртта дорихона пайдо бўлади.  Тошкент тиббиёт академияси клиникаси атрофида  бир-бирига улаб қурилган юзлаб дорихоналарни айтмай қўя қолай...

– Бизнинг муолажамиз парҳез, табиий гиёҳлар асосида тайёрланган малҳамга асосланган, – дейди бош шифокор Бердиқул Эргашев. – Бу усул бутун танадаги касалликларнинг асл сабабларига таъсир қилади, одам танасидаги бир ҳужайра ва тўқималарни касаллик сабабларидан тозалайди ва алалоқибат, дарддан фориғ қилади. Бу хасталикларни даволабгина қолмай, касалликнинг, шу билан бирга, барвақт кексайишнинг олдини олади, кимёвий дори-дармонларсиз, жарроҳлик муолажаларисиз инсоннинг асосий бойлиги бўлмиш соғлигини сақлашда катта фойда беради.

Очлик билан даволайдиган сиҳатгоҳ

“Очлик билан даволаш” мавзуси бир қизиқчи томонидан “очлик билан даволаниб бўларканми?”, дея ҳажв ҳам қилинган. Масаланинг моҳиятига етмаган томошабин мириқиб кулгани ҳам бор гап. Лекин бошқа машҳур қизиқчининг жигар циррози хасталигига даво йўқ, дея ҳатто врачларга ҳам ишонмай бу фоний дунёни эрта тарк этгани ўйлаб топилган гап эмас. Шу мавзуда оддий мисол.

2001 йилда Каттақўрғон туманида туғилган Асадбек Азимов олти ойлик бўлганида прививкадан кейин иссиғи кўтарилиб, тушмади, сарғая бошлади. Қишлоқ фельдшери “Бу сариқ касали, даволатинглар”, деди. Онаси Моҳия Очилова фарзандини туман юқумли касалликлар шифохонасига олиб боради. “Ўт халтаси ишламаяпти”, дейди уни текширган врач. Бола бир ёшга тўлганда уни операция қилишди. “Ўт йўли қийшайиб қолибди, тўғриладик, энди яхши бўлади”, дейди врач. Укол-дорилар, парҳез таомлар буюради.

Лекин бола уч ярим ёшида шамоллаб, яна сарғаяди. Тошкентдаги болалар шифохонасида уни текшириб, ўт халтасини олиб ташлашади. Унга жигар циррози ташхиси қўйишади. Шу кўйи икки йил муттасил укол-дори олади. Ўзгариш бўлмайди. Шундан кейин Моҳия Очилова ўғлини 2009 йили “Эргаш ота”га даволанишга олиб келади. Бола сиҳатгоҳда 21 кун даволанади. Вақтида парҳез қилиб, тузалади. 2017 йилда касаллик яна қайталанади. Бир марта яшил рангда қусгач, бадани яна сарғая бошлайди. Уни Самарқандга, гўдаклигида операция қилган врачга олиб боришади. У текшириб, “бу жигар циррози, жигар қуриб кетяпти”, дейди. Дори-дармон ёзиб беради, ҳар ўн кунда олиб келиб туришларини тайинлайди. Етти ой шундай ўтади, лекин ўзгариш бўлмайди. Шунда врачлар “энди бизлар ҳеч нарса қилолмаймиз, харажат ҳам қилиб ўтирманглар, цирроздан бундай болаларнинг ўндан бири тирик қолади”, дейишади.

Жафокаш она яна нажот истаб боласини “Эргаш ота”га, Бердиқул  Эргашев ҳузурига олиб келади. УЗИ аппарати боладаги ўт йўли умуман ёпилиб қолганини кўрсатади. Б. Эргашев уни малҳам билан даволай бошлайди. Тўртинчи малҳамдан сўнг бола тузала бошлайди. Уч ойдан сўнг 10 кун даволаниб, соғайиб кетади...

– Асадбекка шифокорлар аутоиммун хасталиги ташхисини қўйишган, – дейди шифокор Бердиқул Эргашев. – Келганида унинг аҳволи жуда оғир эди. Уч ярим ёшида ўт халтаси олиб ташланган. Йиллар давомида ўт халтанинг йўқлиги жигарда кучли димланиш пайдо қилган. Биз уни ўт йўлида тош бор, деган ташхис билан даволай бошладик. Яратганнинг марҳамати билан бир тувак тош тушди. Гоҳида баъзи беморлар, ҳатто шифокорлар “ўт йўлида ҳам тош бўладими” дея савол беришади. Жавобимиз шуки, ўт қопи борлардан кўра, ўт қопини олдирганларда тош кўп бўлади. Беш жойда тош бўлади. Нафақат ўт қопида, балки ўт йўлларида, ошқозон ости бези тизимчаларида, жигаримизда саккизта сегмент бор, уларда ҳам тош пайдо бўлиши мумкин. Шу боис Асадбекнинг танаси сарғайиб кетганди. Билирубин қонда ҳаддан зиёд кўпайганлиги сабабли тананинг барча қисми қичишиб, таом еганда қорни шишиб, дамлаб, ҳазм бўлмай безовта ҳолда эди бемор. Ҳозирча учинчи бора даволанишга келди. Ўзгариш катта. Терилар юмшаган, сарғайиш 70 фоизга камайган. Энди мутахассисларнинг жигар циррози ташхисига келсак, агар биз амалга оширган муолажалар бўлмаганида, жигар қуриб, улар айтган якун бўларди. Жигар тозалангач аянчли ҳодисанинг олди олинди...

— 2005 йили Самарқанд вилояти марказий шифохонасида ўт халтам оғриб ётдим, – дейди 1954 йили туғилган Иброҳим Эсиргапов.  – У ерда жигарингиз 3,8 миллиметрга катталашибди, жигарингизда доғ, ўсимта бор, дея ташхис қўйишди. Бу вирусли гепатитнинг “С” формаси экан. 2006 йил 23 январда танишларимнинг маслаҳати билан «Эргаш ота» тиббий марказига келиб, бош шифокор Бердиқул Эргашевга учрашдим. У киши тирноғимни, тилимни кўриб, томиримни ушлаб, жигар хасталигини тасдиқлади. Ўт халтамда тош, буйракларимда қум, қоним таркибида холестерин борлигини, ана шу холестерин жигарда доғ бўлиб кўринаётганини айтди. «Жигар ўсимтасига эътибор берманг, тушириб юборамиз», деди. Унинг гапларига ишонмай, 2-ТошМИ 1-клиника гастроэнтерология бўлимига бордим. Мени обдан текширишиб, ҳар ойда бир маротаба онкология назоратидан ўтишим кераклигини тайинлашди.

 Сарсонгарчилигу сарф-харажатлар бир томон, бузилган асабу ҳаловатсизлик кишини адои-тамом қиларкан. 2006 йил 5 апрелда даволаниш учун «Эргаш ота» хусусий тиббий марказига жойлашдим. Бу ерда 21 кунда 18 та малҳам ичдим. Даволаниб чиққач, УЗИ аппаратига тушганимда олдин менга қўйилган ташхис, доғ ва ўсимтадан асар ҳам қолмаганини мутахассисларнинг ўзи айтди. Шундан сўнг 2006 йил ноябрь ойида, 2008 йил апрель-май ойларида яна «Эргаш ота»да даволандим. Ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қилиб, соғ-саломат ишимни давом эттириб келяпман.

“Оч қолиш” ваҳимаси

Бу ерда оч қолиш ваҳимасига асло ўрин йўқ. Аввало, шифокорнинг шахсан қўлидан олиб ичиладиган бир коса малҳам ўн коса шўрванинг ўрнини босади. Қолаверса, истаган пайтингизда уч литргача табиий олма шарбати истеъмол қилишингиз мумкин. Шарбат таркибида инсон организми учун энг керакли озуқалар мавжуд. Суткасида уч марта бериладиган фиточойлар эса бемалол сув ўрнини босади.

 – Илгари овқатим бир соат кечикса, чидай олмасдим, – дейди қашқадарёлик Очилтош Тўхтаева. – 15 кунки бундай бетоқатлик, очлик, чарчоқ ҳисси йўқ. Нон емай, сув ичмай яшаётганимга ўзим ҳам ҳайронман. Ўзим шифокор бўлганим боис, бу масканга ишониб-ишонмай, иккиланиб кириб келдиму, кўзларимга ишонмай туриб қолдим. Бу ердаги гўзалликка маҳлиё бўлиб, одамлар оқими, уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб таъсирландим. Уларни 10-15 кунлаб оч юрган одам деб ўйламайсиз. Айниқса, даволанувчиларнинг нафақат ўзбек, балки олмон, рус, қозоқ, туркман, инглиз тилларида гаплашаётганини кўриб ҳайратим минг чандон ошди.

2014 йилдан буён қон босимим тез кўтарилиб кетадиган, бутун танамда оғриқ  пайдо бўлган эди. Буйракларимнинг ишлаш меъёри бузилганди. Сурункали пиелонефрит, сурункали гепатохолестит, юз уч шохли нервининг шамоллаши касалликлари билан Қарши, Самарқанд, Тошкент шаҳарларидаги невропатологларнинг эшигида неча кунлаб сарсону саргардон бўлганман. Ҳамма жойда бир хил жавоб – “Юз нервининг тикланиши жуда қийин, энди яхши бўлмайди, то умрингизнинг охиригача “противоэпилептический” дориларни қабул қилиб юрасиз”. Тўғрисини айтсам, тузалишдан умидимни узгандим. Бу 3-4 малҳамдан кейин организмимдаги ўзгаришларни сеза бошладим. Келганимда танам оғир, қўл оёқларимни қийналиб, оғриқ билан букардим. Ана шу оғирлик енгиллашди. Кроватдан қийналиб турган одам, енгилгина ҳаракат билан туриб кетадиган бўлдим.

— Шифохонамизда ички касалликлар — оғиз бўшлиғидан тортиб тўғри ичаккача 7 метрдан 9, ҳатто 12 метргача бўлган аъзоларда учрайдиган хасталикларни даволаймиз, – дейди бош шифокор Бердиқул Эргашев. – Хусусан, юқорида таъкидлаганимиз жигар ва ўт касалликларидан сурункали гепатит, сурункали холецистит, холангит, тошли холецистит, тошсиз холецистит, ўт қопи операция йўли билан олиб ташлангач келиб чиқадиган хасталик (яъни, «пост-холецисто гектомический синдром»), ўт йўли торайиши, чандиқ қоплаши, ўт халтаси қийшайиши ва сурункали панкреатит; қандли диабед хасталиги (инсулин қабул қилмаган бўлса), ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касалликларидан: ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакнинг яллиғланиши ва яра хасталиклари, катта ва кичик демпинг синдром, сурункали энтераколит, сурункали қабзият, сурункали ич кетиши; шунингдек, анемия, верльгофа касаллиги, сурункали простатит, гиршпрунга ва рейно хасталиклари; буйрак ва сийдик йўли касалликларидан: сурункали пиелонефрит, иккала буйрак туз, тош, қум хасталиги, буйраклар кистаси, сийдик йўли ва қовуқларда тош, қум, туз тўда бўлиши; бўғин касалликларидан ревматоид, полиартрит (гормонал дорилар қабул қилмаган бўлса), семизлик билан боғлиқ хасталикларнинг олдини олиш ва даволаш; ўсмаларни профилактик йўл билан олдини олиш ва даволаш; гинекологик хасталиклардан: сур эндометрит, аднексит, бачадондаги миомалар, тухумдонлар кистаси; тери касалликлари; бўйин, кўкрак, бел қисмлари остеохондрози, диск чурраси, гижжа сингарилар ана шулар сирасига киради.

– 1990 йил февраль ойида Тошкентдаги 1-республика клиникасида сурункали гепатит, сурункали халецистит, сурункали панкреатит, 3-даражали қон босими ташхиси билан 22 кун даволандим, – дейди қашқадарёлик Абдураҳмон Норбобоев. – Бироз енгил тортгандек бўлдим. Бироқ уйга қайтгач, аҳволим яна оғирлаша бошлади. 1991 йили Россиянинг Железноводск шаҳридаги Эльбрус санаторийсида бир ой даволандим. Барибир таъсири бўлмади. 1993 йилда Москвадаги 1-тиббиёт марказига бордим, у ерда бироз енгил тортдим. Ўзбекистонга келгач. яна ўша эски ҳолга қайтдим. 2010 йилгача Тошкентнинг турли сиҳатгоҳларида беш марта даволандим. Бу орада менга ногиронлик гуруҳи ҳам беришди. Дори-дармон, жой, профессорлар консультацияси учун анча харажатга тушдим.

«Эргаш ота»нинг дарагини танишимдан эшитиб, 2010 йил 6 июнда бу ерга келдим. Докторнинг тавсияси билан 19 та малҳам ичдим. Бошланиши жуда қийин кечди. Жигардаги бутун ғуборлар, пардалар, қотиб қолган қонталаш нарсалар, ўтдаги тошлар туша бошлади. Ҳар куни шифокор назоратида ичимдан тушган нарсаларни текшириб бордим. 9 кунгача жойимдан тура олмадим. Ўнинчи куни юра бошладим. Аста-секин ўзимни яхши ҳис қилдимки, иш билан бўлиб, бир йил деганда шу сиҳатгоҳга яна келиб 18 та малҳам қабул қилдим. Шу даволанишдан сўнг касалимни унутгандай бўлдим. Ҳозир профилактика учун сиҳатгоҳга ҳар йили бир марта келиб кетаман. Бу ерда даволаниш жуда арзон!

Дарҳақиқат, бу изҳорга изоҳнинг ҳожати бўлмаса-да, мазкур даргоҳга оддий халқ кўп келишини таъкидлашни истардик. Сабабини Абдураҳмон Норбобоев аниқ-тиниқ тушунтириб берди. Унга қўшимча тарзда Б.Эргашевнинг ҳар куни 100-200 нафар беморни бепул қабул қилиб, маслаҳат беришини ҳам ҳисобласак, шароити оғирларга имтиёзли нархлар белгиланишини назарда тутсак, айни муддао бўлади.

Сиҳатгоҳнинг тиббий туризмдаги ўрни

 

Юртимиз дунёга очилаётгани сабаб, хориж сайёҳларининг келиб-кетишидаги расмиятчиликлар анча камайди. Шу боис Европа ва қўшни давлатлардан туризм баҳонасида бу ерга даволанишга келаётган фуқаролар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Ўтган йили рекорд даражага эришилди – 5 минг нафар хорижлик мижоз қабул қилинди. Бердиқул Эргашев бу хизмати учун Ўзбекистон ҳаво йўллари, темир йўллари, автопарклар ва бошқа муассасаларга ҳам  даромад келтирмоқда. Туристлар эса марказда нафақат шифо топишади, балки дардлари енгиллашгач, шанба-якшанба кунлари Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидаги қадамжоларга саёҳатга чиқишади.

Тадбиркор шифокор янги имкониятлардан руҳланиб беш қаватли замонавий меҳмонхона қуришни бошлади. Туман ҳокими яқиндан ёрдам кўрсатиб, бу иншоот учун жой ажратиб берди. Вилоят ҳокими қўллаб-қувватламоқда. Бу чет эллик мижозларга шароит ва халқимиз учун қўшимча  иш ўрни, деганидир.

Германиялик Виктор Беккернинг ҳаётга қайтиши

Буйраклари ишламай қолган германиялик бемор Виктор Беккер уч йилдан буён қаттиқ қийналиб юрарди. Учрашмаган врачи қолмаган, яшашга умид йўқ эди. Мутахассислар унинг буйрагига операция йўли билан катетер ўрнатиб, ҳар икки кунда бир марта функция қилиб, қонини тозалаб туришарди. Унда 3 та катетер бор эди – иккитаси буйрак ва биттаси сийдик қопида. Кейинчалик, мабодо буйраклар ишламай қолса, навбатнинг келишига қараб соғлом буйракларни кўчириб ўтказишни мўлжаллашади. Шундай кунларнинг бирида танишлари Ўзбекистонда шундай шифо маскани борлигини айтиб, бориб даволанишга даъват қилишади. Хуллас, Ўзбекистонга саёҳатга борамиз, дея врачлардан жавоб олишади. Хавфли жойи шунда эдики, катетерсиз унинг ҳарорати ошиб, қалтироқ тутиб қоларди. Қисқаси, Виктор “Эргаш ота”да даволаниши натижасида авҳоли яхшиланиб, табиий пешоб чиқариш жараёни тикланди. Катетердан воз кечилди. Беккер олмониялик докторлар тавсиясига кўра, ўзи билан олиб келган, бизнинг пулда анчагина миллион сўм турадиган бир жомадон дорини шифохона ахлатхонасига ташлаб кетаётганини мулоқотимиз давомида айтиб қолди.

Хулоса шуки, Ўзбекистонда ана шундай шифохона, унинг бош шифокори – Бердиқул Эргашев халқ хизматида. Дардмандларни даволаб оилалар бағрига, ишлаб чиқаришга қайтармоқда. Шу билан бирга, қўшни республикаларнинг, Европа давлатларининг ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган аҳолисини юртимизга жалб этиб, тиббий туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 5 мингдан ортиқ сайёҳ шифохонада даволанди. Тиббий марказга диагностика ва даволаш мақсадида МРТ аппарати, УЗИ каби хорижнинг энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлари келтирилган. Хоҳласангиз, даволанганлик даражасини аниқлашингиз, қўшимча даволанишингиз, тренажёрларда машқ қилиб соғлигингизни мустаҳкамлаб олишингиз мумкин.

 Ҳалим САЙИД,

“Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: