Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
14.01.2020

Фарзандимнинг дўстлари қалбим малҳами

Абу Абдуллаҳ Жафар ибн Муҳаммад Рудакий «Дунёнинг шодлиги йиғилса бугун, дўстлар дийдоридан бўлолмас устун»

Арасту:«Дўстлик— ҳаёт зарурати, чунки умри гарчанд роҳат-фароғатда ўтса ҳам ҳеч кимса ҳаётини дўстсиз ўтказишни истамайди»

Гёте:«Кимки дунёда дўстлари борлигини билмас экан, дунё ҳам уни билишни истамайди»

Буюкларнинг бу нодир сўзларини қайта-қайта ўқиб, болагинам Ферузахоннинг қанчалик дўсти кўплигини, уни дўстларига бўлган меҳрини, ўз ўрнида дўстларини Ферузахонга бўлган самимий меҳрини эслаб, бир томондан қалбим ларзага келади, иккинчи томондан кўнглим бироз таскин топади. Дарҳақиқат, Ферузахон дўстликни ва дўстларини ниҳоятда қадрлар эди, уларнинг хурсандчилигига ҳам, хафалигига ҳам шерик эди. Хизмат сафарида чет элларда бўлганимизда Ферузахон Германияда ва Ҳиндистонда ҳам кўплаб турли миллатга мансуб бўлган турли давлат вакиллари орасида дўстлар орттирди. Улар ичида чехиялик дўсти Ратхани жуда соғиниб, кўп эсларди. Сафардан сўнг Тошкентга қайтганимизда ҳам Ферузахон дўстларини соғиниб, хатлар ёзиб турарди. Дўстлар бир-бирларини янги йил, муборак ҳайит кунлари ва ўз мамлакатларининг турли байрамлари билан табриклаб туришар эди. Хатлар ва табрик­номалар шеър кўринишида, ўзлари чизган расмлар, қўлда ясалган ранг-баранг қутичалар кўринишида бўларди. Ўша хатларнинг ҳозир дадаси билан ўқиганимизда, уларда болагинамнинг дўстларига бўлган муҳаббати, меҳри ва садоқати яққол намоён бўлади. хатлар ва шеърлар мазмунида болаларга хос жўшқинлик, софлик, нафислик ва самимийлдик нафаси сезилиб туради.

1999 йил сентябрда Ҳиндистон сафаридан қайтганимиздан сўнг Ферузахон Тошкентдаги 60-мактабнинг 8-синфига борди. Синфда 22 ўқувчидан 16 нафари қизлар эди. Ферузахон тез кунларда барча синф ўқувчилари билан дўстлашиб кетди. Ўқишни бошида синфдошларидан Света Чкалова, Ольга Глазырина, Олеся Ким, Жанна Григорьева, кейинчалик Нодира Мухамедова, Александра Привалова, Ирина Мирзаметова, Валерия Никитина, Александра Югай, Юрий Югай, Артем Крынциловлар Ферузахонни яқин дўстларига айланишди. Синф раҳбари Гаяна Альбертовна Мартиросова болалар билан шу даражада яқинлашиб кетган эдики, худди опа-сингилдек эди. Гаяна Альбертовна доимо, ҳатто дарслардан кейин ҳам ўқувчилари билан бирга бўларди. Мактаб немис тилини чуқур ўрганишга ихтисослашганлиги учун, немис тили дарслари германиядан келган ўқитувчилар Фрау Ингеборг Кноп ва Вольфганг Хорог томонидан ўқитилар эди. Ферузахон Германияда хизмат сафарида бўлганимизда Бонн шаҳрининг немис мактабида ўқиганлиги учун бу тилни жуда яхши биларди. Ферузахон немис тилида талайгина китобларни ўқиб чиққанди. Шу сабабли ўртоқлари кўпинча бизникига ­немис тилидан дарс тайёрлашаётгани устидан чиқиб қолса, ич-ичидан қувониб, «баракалла қизим, дўстларга ёрдам бериш керак, ҳали  булар ҳам сенга ўхшаб Германия ва бошқа немис тилли давлатларига боришади», деб Ферузахонни эркалатиб қўярди.

Кечқурунлари гаплашиб ўтирганимизда Ферузахон кўпинча кун давомида қайси синфдошига қандай ёрдам бергани ҳақида ҳаяжонланиб гапирарди: «Бугун Света бетоблиги учун дарсга келолмади, ундан хабар олиб келдим, Жаннага дорихонадан дори олиб бориб бердим, синфдошларимга немис тилидан диктант ёзишга ёрдам бердим». Кейинчалик 2002 йилнинг январида Оллоҳнинг иродаси билан бошимизга мусибат тушганида Ферузахон дўстлари ёнимизда туришди. Улар ҳар куни дарсдан кейин синф раҳбари ­Гаяна ­Албертовна билан бизникига келиб, тунгача бизга ҳамдард бўлишди.

Ўтган 18 йил давомида ­Ферузахон дўстлари улғайиб, оила қуриб, болали-чақали бўлиб кетишди. Улардан айримлари ҳозир Германияда, Австрияда ва ­Россияда яшашларига қарамасдан ­Ферузахонни асло унитишмади. Ферузахоннинг барча дўстлари доимо биздан хабар олиб, дардимизга малҳам бўлишди

Ферузахон дўстлари ҳақида ўйлар эканман, дўстликнинг кучига, унинг сеҳрига қойил қоламан. Ферузахоннинг дўстлари хотиралари туфайли болагинам доимо ёнимда, биз билан бирга. Римлик буюк аллома Сенека айтганидек: «Инсон ҳақида хотира қанча яшаса, у шунча яшайди».

 

Гуласал НЕЪМАТОВА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: