Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
07.01.2020

ТАШАББУС ОДАМЛАРНИ ЭЗГУ МАҚСАД ЙЎЛИДА БИРЛАШТИРАДИ

Қўшработ туманида бир йил давомида 48 та қишлоқда  кенг кўламли   бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилди

Қўшработнинг асосий ҳудуди бепоён дашту далалардан иборат.  Одамларининг асосий машғулоти – чорвачилик. Эндиликда тадбиркорлик билан шуғулланадиганлар ҳам кўпаймоқда. Аммо ишсизлар анчагина.  Керагича иш ўринларини яратиш эса осон эмас. Қишлоқлар тарқоқ, туман марказидан узоқларда жойлашган. Тоғли ҳудудларида сўлим масканлар кўп. Биламизки,   фақат табиат гўзаллиги билан фаровон ҳаётга пойдевор қўйиб бўлмайди. Йиллар мобайнида бу ернинг зилол сувли булоқлари, тоғларининг соф ҳавосига  таърифу таснифлар келтирилди-ю, аммо аҳоли муаммолари эътибордан четда қолиб келди.

ОҚТОВ ВА ҚОРАТОВНИНГ БУГУНГИ ҚИШЛОҚЛАРИ

Қўшработнинг энг чекка ҳудудларидан бири – Жўш қишлоғида неча авлод вакиллари яшаб ўтди. Аммо уларнинг бирортаси  аҳолининг  фаровон яшаши, қишлоқнинг  ижтимоий-иқтисодий ривожланиши  учун арзигулик эътибор қилинганини ёки ғамхўрлик кўрсатилганини юртнинг оғалари ҳам эслай олмайди, одамлар шу пайтгача бор ҳолича яшашга мажбур бўлди. Аммо қанчалик қийналишмасин, маҳаллий аҳоли ота-боболаридан қолган маконни ташлаб, шарт-шароитлари дурустроқ жойларни орзу қилмаган. Улар “Ватан остонадан бошланади” нақлини ёдда тутган ҳолда она қишлоқларини йиллар мобайнида ўз кучлари билан обод этиш, яшаш шароитларини яхшилаш йўлида курашдилар.

 Қаровсиз йўллардан машина тугул, пиёда ҳам юролмасди. Озгина ёғингарчилик бўлдими,   ҳар қадамда  лойга ботган техникалар, от-араваларга кўз тушарди. Уларга кўмакка отланадиган одамлар эса тизза бўйи балчиқ кечишга мажбур эдилар. Айниқса, қишнинг қаҳратони жўшликлар учун азоб эди. Ёзда эса улар чанг-тўзонда ҳаёт кечиришарди.  Газ, электр ва бошқа  хизмат кўрсатиш соҳаларидаги муаммоларни қўя турайлик, аҳоли  оддий ичимлик сувига ташна эди. Қишлоқда касал бўлиб қолган киши туман ёки вилоят марказига  боришга мажбур бўларди.

Туман  маркази  — Қўшработ шаҳарчасидан Жўш  қишлоғи томон йўл олганимизда қор учқунлаб турарди. Аммо бу ҳолатнинг машина ҳаракатига деярли таъсири йўқ эди. Ҳайдовчи йигит гапга чечанроқ, воқеа-ҳодисаларга анчагина эътиборли экан. Бизни йўлда асло зериктирмади. “Обод қишлоқ”да нималар қилинаётгани-ю, қишлоққа қайси раҳбарлар келиб-кетганигача айтиб берди.

Мен эса ҳайдовчи сўзларини тинглаш асносида Оқтов ва Қоратов ўртасида ястаниб ётган текисликлару қишлоқларни кузатаман.  Йўл-йўлакай қўлимдаги туман ҳокимлиги томонидан берилган маълумотнома билан танишаман:

Жўш қишлоғи ва унга  туташ бўлган ҳудудлардаги мавжуд хонадонларда истиқомат қилувчи аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳудуддаги 9 та маҳалла фуқаролар йиғинида 3396 та хонадон, ижтимий соҳа ва бошқа объектлар, улардаги барча таъмирталаб турар ва нотурар жой иморатлари тўсиқ, девор ва панжаралар билан ўралди. “Обод қишлоқ” дастури бўйича ҳудуддаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида туман ташкилотлари раҳбар ва ходимларидан иборат масъул ишчи гуруҳлар тузилди.

Дастур доирасидаги юмушларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий қисми қурилиш батальонининг 150 нафар аскари жалб қилинди. Улар ижтимоий соҳа объектларини қуришда, кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар хонадонларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларида, кўчаларда ташкил этилган ободонлаштириш юмушларида фаол иштирок этишди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан жами 23950 нафар фуқаро рўйхатга олиниб, шундан 14012 нафари, яъни 58,51 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида жами 3960 нафар фуқарога турли касаллик ташхислари қўйилиб, даволанишга тавсия қилинди. Улардан 2881 нафари амбулатор шароитда даволанди, 1079 нафар хасталикка дучор бўлган кишига муолажа олиш учун туман, вилоят ва республика даволаш муассасаларига йўлланмалар берилди.

Жўш қишлоғини кесиб ўтган сой устига қурилган Нурота асосий йўли билан “Жўш ота” МФЙ марказини боғловчи  эни 6 метрли кўприк реконструкция қилиниб, яна 4 метрга кенгайтирилди. Ушбу сой устида “Жўш ота” билан “Оқмачит” МФЙларини боғловчи пиёдалар учун мўлжалланган кўприк барпо этилди.

Тепалик қишлоғида мактабга бориш йўлида боғловчи кўприк қурилди. Катта ҳажмда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, йўл четларига 2800 дона ғужум, 910 дона  қарағай, 1000 дона  арча, 700 дона шумтол, 450 дона алант, 105 дона япон сафораси каби жами 5965 туп манзарали дарахт кўчатлари  экилди.

Газ таъминоти корхонаси томонидан 3396 та хонадон ўрганиб чиқилди ва уларнинг 942 таси суюлтирилган газ балонга эҳтиёжи борлиги аниқланди.  Барча  хонадонлар газ билан таъминланди. Шунингдек,  аҳолига ўз вақтида газ балонларини етказиб бериш мақсадида бу ерда   газ қуйиш шохобчасини қуриш лозим, деб топилди.

Ҳудудда  электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, истеъмолчилар кўпайиши ҳисобига  қуввати пасайиб кетган  6 та трансформатор ўрнига қуввати баландроқ трансформатор ва яна 8 та қўшимча трансформатор ўрнатилди.

“Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ томонидан Жўш ота  массивида намунавий лойиҳалар асосида икки сотихли,  бир қават, уч хонали 10 та уй-жой қурилди. Бундан ташқари, ҳудудда яна 75 та имтиёзли кредит асосида арзон уй-жойлар қурилмоқда.

Жўш ҳудудида ижтимоий соҳа обеъктларига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, инвестиция дастури асосида туман тиббиёт бирлашмаси  Жўш филиалининг болалар ва ички касалликлар бўлимлари, тез ёрдам хизмати биноси янгидан қурилди, тоза ичимлик суви билан доимий таъминлаш мақсадида сув иншооти барпо этилди.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Чиммос қишлоғида маҳалла фуқаролар йиғини маркази,  “Жўш ота” МФЙ ҳудудида 14-сонли ички ишлар бўлинмаси биноларини қуриш, халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейини реконструкция қилиш ва Тоз қишлоғида маҳалла фуқаролар йиғини маркази биносини барпо этишга  4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Шунингдек, “Чиммос” МФЙда 50 қатновга мўлжалланган ҚВП барпо этилди. Тўра қишлоғида 75 ўринга мўлжалланган, Жўш ота маҳалласида 235 ўринли мактабгача таълим муассасалари қурилди.

Вилоят бозорлар уюшмаси томонидан “Жўш деҳқон бозори” замонавий кўринишга келтирилиб,  бу ерда сотувчи  ҳамда харидор учун қулай шарт-шароитлар  яратилди. Бозор қурилиши учун жами смета харажатлари 2 миллиард сўмни ташкил этиб, уларнинг 500 миллион сўми бозорлар уюшмаси томонидан, 250 миллион сўми ҳомийлик маблағлари, қолган 1 миллиард 750 миллион сўми бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилди.

“Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича “Жўш ота” МФЙ ҳудудидаги масжиднинг қайта қурилиши ҳамда Жўш истироҳат боғининг барпо этилишига ҳомийлар катта ҳисса қўшишди. 9 та маҳалла фуқаролар йиғинининг қишлоқ ва гузарларида сунъий қопламали стадион қуриш учун 5 нафар ташаббускор тадбиркор аниқланиб, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди ва яна 5 та шундай стадион барпо этиш режалаштирилган. Ташаббускор тадбиркорлар томонидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, савдо шохобчалари, давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасалари, нуронийлар чойхоналари, тикув цехлари, болалар майдончалари қуриш режалари тузилмоқда.

Жўшга етиб келганимизда қор  анча кучайган, унинг қалинлиги этик ботадиган  даражада бўлиб қолганди.  Ҳаял ўтмай ҳақиқий чўл бўрони бошланди. Бўри мисол увлаётган шамол  қор парчаларини чирпирак қилиб учирар, чор-атроф бутунлай оқликка чулғаниб, еру кўкни ажратиш ҳам мушкул бўлиб қолганди. Ҳатто,  виқорли тоғ чўққилари билан бепоён яйловлар ҳам қўшилиб кетгандек эди. 

Янги қурилган иншоотлардан бирининг ёнида бир гуруҳ одамлар билан суҳбатлашаётган туман ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев билан учрашиб қолдик.

 

ОДАМЛАР  РОЗИ БЎЛСА, ЯРАТГАН ҲАМ  БИЗДАН РОЗИ БЎЛАДИ

 

– Бу ҳудудлар табиати ўзгача, – дейди туман ҳокими,  – лекин қиш қори билан гўзал-да, қолаверса, дашт ҳудудида ёғингарчилик қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ота-боболаримиз айтганидек, қор қут-барака, эртаги мўл-кўлчилигимиз манбаи.  Қўшработ халқи ёмғир-қорни хуш кўради, ёғингарчилик бўлган пайтда келган меҳмонни ҳурмат қилади, қадами хосиятли келди,  дейди.

Ҳоким “Обод қишлоқ” дастури асосида бажарилган ишлар ҳақида сўзлаб берар экан:

– Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда “Обод марказ” дастурларининг қабул қилиниши, унинг жойлардаги ижроси мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидаги аҳоли турмуш тарзини ўзгартириб юборди. Туманимиздаги ҳақиқий аҳвол ­Президент Администрацияси вакиллари, Бош вазир ва вилоятимиз ҳокими иштирокида ўрганилди. Бунинг натижасида биргина  Жўш қишлоғи эмас, балки 9 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 48 та қишлоқда дастурлар асосида ижтимоий аҳволни ўзгартириш, кенг кўламдаги ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича режа-топшириқлар белгилаб олинди.

Мазкур чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимимиз Эркинжон Турдимов раҳбарлигида вилоят ҳамда туман штаблари тузилди. Амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан қатъий топшириқлар берилди ва шу асосда Жўшда кенг кўламли ободончилик ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Хусусан, 130 километр масофадаги юришга мутлақо яроқсиз йўлга тош-шағал тўкилиб, яхшиланди. 50 километрдан ортиқ йўлга асфальт ётқизилди, 2 та автобекат қурилди.

 Ҳудуддаги барча аҳоли республика ҳамда вилоятдан келган тажрибали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек,  аҳоли хонадонлари замонавий талабларга мос равишда ўзгартирилди, 100 га яқин хонадон таъмирланиб, бепул қурилиш материаллари билан таъминланди.

 Мамлакатимиз Президенти Шавкат ­Мирзиёев айтганидек: “Биз ўз фаолиятимиз билан энг аввало, халқимизни рози қилишимиз керак. Агар бизнинг фаолиятимиздан халқимиз рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.

Бугун Қўшработда раҳбарлар, фаоллар ободончилик, фаровонлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини айнан ана шу эзгу мақсад  сари йўналтиришган.

Жўш ва унинг атрофидаги қишлоқлардаги ободончилик ишлари билан танишиш жараёнида бу ишга муносиб ҳисса қўшаётган туман ташкилотлари раҳбарлари вакиллари,  фуқаролар билан суҳбатлашдик.

 

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК ЎЗГАРИШЛАР

 

Шавкат Жониқулов, “Нуроний”  жамғармаси туман бўлими раиси:

– Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, узоқ қишлоқларда фуқаролар учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда. Натижада одамларимиз Президентимиз олиб бораётган бугунги сиёсатдан қониқиш ҳосил қилаяпти. Улар ўзларига кўрсатилаётган хизмат турларининг сифатидан мамнун бўлишмоқда.

Туманимизнинг энг чекка ва энг кўп аҳоли яшайдиган ҳудудларидан бири – Жўшда кейинги бир йилда асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Бу ерда “Обод қишлоқ” дастури асосида бутун йил мобайнида бажарилган бунёдкорлик ишлари бошида туманимиз раҳбарлари билан бир қаторда нуронийларимиз ҳам туришди. Улар ажойиб дил сўзлари, эзгу мақсадлари билан ободонлаштириш юмушлари иштирокчиларини руҳлантиришди, савоб ишлар сари чорлашди.

Мен тумандаги нуронийлар билан доимо мулоқотда бўламан.  Улар кўп ҳолларда  инсон манфаатлари, Ватанимизда умргузаронлик қилаётган барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш, фаровон турмуш ҳақида сўзлашади. Бундай эзгуликлар  давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айлангани ҳақидаги фикрларни эътироф этишади.

Бугун қишлоқларимиз фуқаролари атроф-теваракдаги ўзгаришлардан қувонмоқда, жуда қисқа вақтда бунёд этилган турар-жойлар, ижтимоий объектлар биноларидан фойдаланмоқда. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимиздаги тинчлик-тотувлик, Президентимизнинг одилона сиёсати, ташаббускорлиги, халқимизнинг бунёдкорлиги билан боғлиқ эканини ҳис қилишмоқда.

Жўш ва унинг атрофидаги жами 38 та қишлоқда “Обод қишлоқ” дастури асосида   кейинги бир йил мобайнида амалга оширилган ишларни оқсоқолларимиз  мўъжизага қиёслашаяпти. Улар бу эзгу ишлар бошида турганларни, энг аввало, Президентимизни дуо қилишаяпти. “Жўш эли, уларнинг ота-боболари бундай ободончилик, фаровонликнинг ўтган 100 йилда ҳам гувоҳи бўлишмаган”,  дейишаяпти.

Мутахассислар туманимизда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасидаги амалий ишлар учун 110 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани ҳақида маълумот беришаяпти. Бу бюджет маблағлари, ҳомийлар саховати, халқ ҳашарлари ва бошқа тушумлар йиғиндисидир. Бундан англашиладики, юртимизда ажойиб ташаббуслар ҳамиша маъқулланади, қўллаб-қувватланади, одамларни бир мақсад сари бирлаштиради.

 

ЗАМОНГА МОС МАКТАБЛАР

 

Шавкат Қўшбоқов, туман халқ таълими бўлими мудири:

– Бугун мамлакатимизда халқ таълими тизими ривожида  янги босқичга ўтиш жараёни кечмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта  устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясида  халқ таълими тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бугун Қўшработда, Жўш қишлоғи ҳудудида ҳам амалга оширилаётган ишлар айнан шу ислоҳотларга монанд ва мосдир.

Масалан, 2019 йилда  “Обод қишлоқ” дастури бўйича  32-умумий ўрта таълим мактабида 1 миллиард 802 миллион сўм  маблағ ҳисобига 140-ўринли қўшимча бино қурилди. 41 ва 48-мактабларда ҳам 140-ўринли қўшимча бино барпо этилди. 26-мактабда ўқувчи ўринлари сони 240 тага кўпаядиган бўлди. 55-умумий ўрта таълим мактаби эса мукаммал таъмирланди. Бугун  уларнинг кўринишига қараб кўз қувнайди. Ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар яратилган шароитлардан хурсанд.

Бу “Обод қишлоқ” ҳудудидаги ишларимиз шу билан тугатилди, дегани эмас. Ҳозир яна  4 та мактабда қўшимча синфхоналар қуриш, мавжудларини таъмирлаш давом эттирилмоқда.

Ҳозирги кунда   мактабларимизда ўқувчи-ёшларимизнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олишлари, етук кадрлар бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди, ўқув дарсликлари, компьютер техникалари, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди.

 

БОЛАЛАР БАХТИНИ ЎЙЛАБ...

 

Баҳодир Абдувоҳидов, туман мактабгача таълим бўлими мудири:

– Туманимизда мактабгача таълим муассасаларига узоқ йиллардан буён деярли эътибор берилмасди. Очиғи, яқин йилларда қишлоқларимизда янги  боғча қурилиши учун бюджетдан маблағ ажратилганини ёки бу соҳага саховатли ҳомийларнинг назар ташлаганини кўпчилик эслай олмаса ҳам керак. Шу боис ҳам  3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси бугун бизни мутлақо қониқтирмайди.  Бу эса барча маҳаллаларда, қишлоқларнинг ҳар бирида болалар боғчалари фаолиятини йўлга қўйишни, нодавлат, оилавий, давлат–хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этишни тақозо этарди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги  қарорига асосан туманимизда  бир неча мактабгача таълим муассасалари қурилиши “Обод қишлоқ” дастурига киритилди. Жумладан, “Жўш ота” МФЙда 9-мактабгача таълим муассасаси қурилди. 100 ўринга мўлжалланган ушбу боғчада  3 миллиард 200 миллион сўмлик  қурилиш ишлари амалга оширилди. “Заркент”,“Оқмачит”, “Қўштамғали” МФЙларида ҳам шундай   ишлар амалга оширилди. Шунингдек, туманда  “Обод қишлоқ” дастури асосида яна 4 та давлат-хусусий шерикчилик асосида боғчалар иш бошлаганини, ҳудуддаги барча мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун етарли шарт-шароитлар яратилганини    айтиб ўтиш жоиз.

 Туманнинг маҳалла кенгаши бўлими раҳбари Нурмуҳаммад Болмонов,  тиббиёт бирлашмасининг Жўш филиали мудири Ражаббай Маматовлар ҳам суҳбат давомида  Жўшдаги туб ўзгаришлар ҳақида мароқ билан гапириб бердилар.

Янги йил арафасида  “Обод қишлоқ”  дастури  асосида барпо этилган масканлардан бири – Жўш истироҳат боғида  катта байрам томошалари уюштирилгани  одамлар кўнглига янада завқ бағишлаганини таърифлашга қалам ожиз. Элимиз ардоғида  бўлган санъаткорлар  ҳам    жўшликлар хизматида бўлди.

Ҳа, меҳнат қилган, умуман, ҳар бир киши дам олишга, мароқли ҳордиқ чиқаришга ҳақли. Жўш қишлоғи аҳолиси энди узоққа бормасдан, ўз ҳудудларида маданий ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлишди.     

Чорвадорлар юрти бўлган Қўшработнинг энг чекка қишлоқларида кейинги бир йил ичида юз берган ўзгаришлар таърифини биргина мақолада ифодалаш қийин. Бу янгиланишлар ҳали кўплаб бадиий асарлар,  ҳужжатли ҳикоялар, ижодий ишлар учун асосий  мавзу бўлиб қолади.  

 

Абдурасул САТТОРОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: