Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
01.01.2020

ДИЛДАГИ ГАПЛАР

Янги орзу ниятлар

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адабиётшунос, публицист.

— Одатда декабрь ойи адоғида  эски йилда қилинган ишлар, эришилган натижалар сарҳисоб этилади, янги йил  ният-режалари тузилади,  уддалай олинмаган вазифаларни уддалаш, узолмаган қарзларни узиш тадориги кўрилади. Ҳар бир инсоннинг, ҳар жамоанинг, катта-кичик раҳбарларнинг фикри-зикри,  ўй-хаёллари  шунда бўлади.

 Мана, уч йилдирки, Янги йилни ҳар қачонгидан шод-хуррам, эзгу ниятларга тўлиб кутиб олаётибмиз. Ҳар соҳада тарихий ўзгариш, янгиланиш, тозаришлар,  бунёдкорлик, обод-фаровонлик  юз бераётибди. Қай бирини айтайлик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қутлуғ минбаридан  муқаддас ислом дини,  маънавият, ёш авлод, Орол,  Оролбўйи муаммолари, Афғонистонда тинчлик масаласи  дадил қўйилиб, жаҳон жамоатчилиги  эътиборига ҳавола этилгани, дунёнинг кўп давлатлари билан ҳамкорлик  муносабатлари, борди-келдилар ўрнатилгани, айниқса, азалдан ён қўшни-жон қўшни бўлиб келган мамлакатлар билан қардошлик ришталарининг мустаҳкамлангани, алоқаларнинг кучайгани ... булар ҳазилакам масалалар эмас.

Келинг, энг муҳим  сиёсий воқеалардан баъзиларини хотирга олайлик. Озарбайжонда ўтган  туркий тилли мамлакатлар уюшмасига  Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши, Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалари раҳбарларининг   Тошкентдаги маслаҳат кенгаши қадимдан  туташ томирларимизни мустаҳкамлаш борасида улуғ иш бўлди. Президентимизнинг бир қатор мамлакатларга, хусусан, Японияга расмий  сафари, икки томонлама манфаатли шартномалар имзоланиши, Олий Мажлис, вилоят, шаҳар, туман Кенгашларига  яқинда ўтказилган сайловлар  Ватан  равнақи, миллат   тараққиёти йўлидаги қутлуғ ва нурли қадамлардир. Юртимизда кечган, кечаётган эзгу сўз, эзгу иш, эзгу амаллардан қай бирини эсга солай. Обод қишлоқ, обод маҳалла, обод манзилларними? Шаҳар ичра  қад кўтараётган шаҳар-ситиларними? Ҳузур қилиб эшитадиганимиз  шарқона куй-тароналарними, бахшиёна достон, термаларними? Кўп йиллик орзуси ушалган – янги уйли-жойли бўлган оилаларнинг чексиз  бахтиёрлигиними, шу юрт  фуқаролиги шаҳодатномаси – паспортини қўлга олган инсонларнинг беҳад миннатдорлигиними?  Жаҳоннинг не-не шахмат усталарини мағлуб  этиб гроссмейстер унвонига мушарраф бўлган  навқирон ёшларимизними? Бирваракай уч олий ўқув юртига  имтиҳон топшириб, барисига ўтиб, қайсисини танласам экан, дея  хуш-хурсанд ўйга толган азиз фарзандларимиз, невараларимизними? Келинг, камина, эллик-олтмиш йил давомида таълим-тарбия, илм-маърифатга  дахлдор киши, икки ижодий уюшма аъзоси сифатида  дилимда кечган, қувонтирган, ташвишга солган фикр-ўйларим, баъзи кузатувларимни  сиз билан баҳам кўрсам.

Мана, иккинчи йилдирки, кўп ўқиган, уққан, билим йиққан ўғил-қизлар  олий ва махсус ўқув юртларига ўз кучлари билан кириб кетишди, айрим пора, таъмага ўрганиб мазахўрак бўлганлар  бошини қашиб, айланма йўл, туйнук излаб қолишди.  Янги илм-таълим масканлари очилгани, шарт-шароитлар яхшилангани ёрқин истеъдодлар сони ортиши,  қитъа, жаҳон миқёсида фан олимпиадалари, йирик мусиқий танловлар ғолиблари сони янада кўпайишига имкон яратади. Узоқ ва яқин ўтмишда адолатсизликлар сабабли истеъдодини намоён этолмай, ғунча ҳолида қолиб кетганлар қанчадан қанча бўлди.

Тилимизга давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигини ҳар қачонгидан  зўр, тантанавор нишонладик... Аммо ўтган даврда хотиржамлик, сусткашликка йўл қўйганимиз маълум бўлди. Она тилимизга эътиборсизлик оқибатида хато-камчиликлар кўпайиб қолди, ўзга лисонларга ортиқча маҳлиё бўлиб, улар тилида пешхату лавҳалар кўпайиб бораётганига эътибор бермабмиз. Президентимизнинг янги  қарори, фармони, тил соҳасида  кўзда тутилган ўзгаришлар, Атамашунослик  комиссияси иш бшлагани айни муддао, зап кутилган иш бўлди.

Ёзувчилар уюшмамизга чорак аср давомидаги эътибор билан  кейинги уч йил ичидаги  ғамхўрликни таққослаб кўрайлик. Хорижлик  ҳамкасблар келиб ҳавас қилиб кетаётган муҳташам иморат, ҳафта сайин ўтиб турадиган  учрашув, тақдимот, кечалар,  ижодкор адибларга аталган турар-жойлар, Зоминдаги шифобахш сиҳатгоҳ-илҳомгоҳ, Турон кутубхонаси учун тикланган  муаззам кошона,  машҳур адиблар номидаги ижод мактаблари, таниқли сўз санъаткорларининг юбилейлари,  айниқса, Чингиз Айтматовнинг 90, Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги ҳавас қилгулик, ибрат олгулик даражада зўр нишонлангани, Президентимиз ўтган йилнинг ўзида  ёзувчилар билан икки-уч марта дилдан, самимий, ошкора суҳбат қурганлари — барининг қувончи, таассуротини сўз билан ифодалаш қийин. Юртбошимиз худди шундай дилкаш суҳбатни кўпсонли журналистлар фаоллари билан ҳам ўтказишларини жуда-жуда истардик. Бу – кўп йиллик орзуимиз-да.  Истиқлол шарофати, неъматларини улуғлаш, ислоҳотлар жараёни, Ҳаракатлар стратегияси, беш ташаббус, сайловолди ҳаракатларини, кундалик масалаларни тезкор ёритиб боришда матбуот, радио,  телевидение, фотография, кино, интернет журналистлари, агентликлар, блогерларнинг – давр солномачиларининг хизмати озмунча эмас. Айтадиган, маслаҳатлашадиган масала, муаммоларимиз анчагина.

Истиқлол йўллари, тикланиш, юксалиш жараёнларини қадамба қадам  ёритиб келаётган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган иллатларга, қарши кураш олиб бораётганлар  кўпсонли, кўпжанрли ахборот воситалари-ку, ахир.  Бунда  ҳамма вазифани  электрон воситалар, ижтимоий тармоқларгагина юклаб бўлмайди, кўп овозлар,  тасвирлар вақти-соати билан ўчиб, унутилиб кетиши мумкин, босилган  нарса, ёзув, нақш қолади, тадқиқотчиларга бой материал беради.

Яқиндагина, янгича ўтган, кўп кузатувчилар қатнашган сайловлар ҳақида икки оғиз. Юртимиз истиқболи, халқимиз фаровонлиги  йўлида сидқидил  хизмат қилишга бел боғлаган фидойи инсонлар депутат,  деган юксак мақомга сазовор бўлишди,  улар ичида бир қанча ижодкорлар ҳам  борлиги қувонарли. Ўз фикрига эга, дадил,  ватанпарвар депутатлар қанча кўп бўлса шунча яхшида.

Эски йил адоғида кўнглимдан шундай ўй-фикрлар кечди. Янги йилингиз  муборак бўлсин, азиз ватандошлар!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: