Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
01.01.2020

ЯНГИ ЙИЛ ТОМОШАЛАРИ

2019 йил ёрқин хотираларга бой бўлди. Барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар очиқлик ва шаффофлик тамойилига асослангани, уйсиз, жойсиз юрган қанчадан-қанча кам таъминланган оилаларга, ногиронларга бошпана берилгани, илгаригиларидан тубдан фарқ қиладиган янгича парламент сайловлари халқимизнинг эртанги кунга умид ва ишончини оширди. Улар янги йилга улуғ ниятлар, олам-олам орзу-умидлар билан қадам қўйди.

Янги йил — ўз номи билан ўтган йил сарҳисоби, янги режа ва мақсадлар дебочасидир. Ҳар биримиз йил давомида амалга оширган ишларимизни, ютуқ ва камчиликларимизни тарозига солиб кўрамиз, хулоса чиқарамиз. Тўкин дастурхон атрофида меҳмон кутамиз, меҳмонга борамиз, яқинларимизни зиёрат қилиб, кўнглини оламиз. Айниқса, болажонларга катталар томонидан совға-саломлар улашилиши ҳаммани бирдай шодлантиради.

Жойларда янги йил байрами муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар кўлами кенг. Ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган «Президент арчаси» байрам тадбирларида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари улашилмоқда. Шу кунларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси асосида “Совғалар карвони” хайрия акцияси ташкил этилиб, юртимиздаги кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларига замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари ва Брайл алифбосида кўплаб чоп этилган босма ҳамда аудио китоблар тарқатилгани ҳам ана шу эзгу ишларга ўзгача файз бағишлади.

Янги йил муносабати билан ташкил этиладиган тадбирлар барча – катта-ю-кичик фуқароларимизга хуш кайфият бағишлайди. Айни дамларда мамлакатимизнинг вилоятлар, туман ва шаҳарлари байрам қиёфасида. Бозорларда мўл-кўлчилик, арзон нархларда озиқ-овқат савдо ярмаркалари ташкил этилган. Айниқса, болажонлар бобо-бувилари билан марказий майдонларда ташкил этилган театрлаштирилган арча байрамига бориб, Аёз бобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонларини томоша қилишади, улар билан яйраб кўнгил очишади.

Бу йил Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар маданият бошқармаси ва «Автогроф ювент» хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган янги йил арчасининг баландлиги 36 метр бўлиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вa «Hyatt Rеgеnсу» меҳмонхонасига туташ майдонга ўрнатилди. Унинг жозибадорлигини ошириш мақсадида 45 минг ўйинчоқ, камалакранг чироқлар билан безатилди. Бош арчанинг тўрт томонида кичик арчалар ҳам ясатилди. Майдон атрофидаги дарахтлар, деворлар, турли декорациялар кечқурунлари ранг-баранг чироқлар нурида порлаб туради. Асосий байрам тадбирларини ўтказиш учун 2 та саҳна, аттракционлар ўрнатилди, 34 та савдо шохобчаси ишлаб турибди. Улкан мониторларда мультфильмлар, ижтимоий роликлар намойиши бериб борилаяпти. Майдон атрофи эрталабдан кечгача пойтахт аҳолиси, болажонлар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан гавжум. Аёз бобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари болажонлар билан ўзбек ва рус тилларида қўшиқ айтишади, рақсга тушишади. Безатилган арча чироқлари куй-қўшиқларга ҳамоҳанг ёниб-ўчади.

Бундан ташқари, пойтахтимизнинг турли жойларида, яъни, «Анҳор-Локомотив» маданият ва истироҳат боғи, Алгоритм даҳасидаги «Roison Elektronics» корхонаси майдонида, Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази биноси олдида, Тошкент ҳайвонот боғига ёндош майдонда, Сергели тyманидаги «Grееn раrk» маданият ва истироҳат боғи ҳyдудида, ­«Ашхобод» сайилгоҳида, Мирзо Улуғбек маданият ва истироҳат боғида, Бектемир туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида, Яккасарой туманидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биноси олд майдонида, «Фарҳод» деҳқон бозорининг кичик ҳалқа йўлидаги автотураргоҳда ва бир қатор бошқа жойларда ҳам янги йил байрами тантаналари ташкил этилган.

Байрам тадбирлари 25 декабрдан 8 январгача ҳар куни соат 11.00 дан 22.00 гача бўлиб ўтмоқда.

Маданият вазирлигига қарашли Театрларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Саида Дадамирзаева байрам муносабати билан ўтказилаётган оммавий тадбирлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Янги йил шодиёналарига катта тайёргарлик кўрилди. Бадиий жамоалар, ижодий бирлашмалар иштирокида марказий майдонлар, истироҳат боғлари, спорт саройлари, Меҳрибонлик уйлари, болалар шифохоналари, SOS болалар маҳалласи ва бошқа жойларда турли томошалар ташкил этилмоқда.

Театрларимиз ҳам бу тадбирлардан четда тургани йўқ. Масалан, Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театрида 10 декабрдан янги йилнинг 11 январигача кичкинтойлар учун «Кирпи янги йилни қандай нишонлади?» деб номланган янги спектакль, «Халқлар дўстлиги» санъат саройида 4-8 январь кунлари болажонлар учун «Аёзбобо ва ўзга сайёралик» эртак шоуси намойиш этилади.

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида 18 декабрдан 10 январгача  замонавий компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда «Золушка» эртаги болажонлар эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбек давлат циркида эртаклар асосида саҳналаштирилган «Тролли Бумнинг саргузаштлари» томошасида  цирк артистлари иштирок этади. Болажонлар цирк аренасида ҳаво гимнастлари, акробатлар, ўргатилган ҳайвонлар маҳоратидан ҳайратланадилар, Аёз бобо билан Қорқизни олқишлайдилар.

25 декабрдан 10 январгача бўлган давр мобайнида Ўзбек миллий академик драма театрида «12 ой», «Момиқвойнинг саргузаштлари», Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида «Золушка», Ўзбекистон давлат академик рус драма театрида «Аленький цветочек»,   Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида «Компьютердан чиққан дев», Ўзбекистон давлат драма театрида «Куч бирликда», Ўзбекистон давлат сатира театрида «Этик кийган мушук», Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрида «Снежная королева» эртак спектакллари болажонлар эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбекистон давлат ёшлар театрида 22 декабрдан бошлаб 8 январгача кунига 3 марта «Питер Пен: Аёз бобога мактуб» спектакли намойиш этилмоқда, – дейди театр директори Ҳасан Солиҳов. – Томошада тажрибали актёрлар билан бир қаторда ёш актёрлар роль ўйнашаяпти. Масалан, Аёз бобо ролини тажрибали санъаткорларимиздан Шерзод Эгамназаров, болаларнинг онаси ролини Афсона Азимова ўйнайди. Питер Пен ролини эса 22 ёшли Дониёр Раҳматов ижро этади. Томоша бошланишидан олдин болажонлар ва уларнинг ота-оналари Аёз бобо ва Қорқиз томонидан саҳнага таклиф этилади. Улар арча атрофида биргаликда рақсга тушадилар, турли ўйинлар ўйналади.

4-5 январь кунлари Humo Arenа муз саройида Coca-cola корхонаси томонидан ташкил этилган Янги йил фестивалида Санта Клаус ва Сувқизлар кичкинтойларни кутиб олади. Болажонлар муз саройида маза қилиб яхмалак учишади, ўйинга тушишади.

Le Grande Plaza меҳмонхонаси залида болалар учун «Аловиддин, Аёз бобо ва Қорқиз» номли янги эртак-мюзикл намойиш этилади. 4 январь куни Layner тамаддихонасида таниқли артистлар Юлдуз Усмонова, Муниса Ризаева, Райҳон Ғаниева, «Bojalar» гуруҳи, Шоҳруххон ва бошқалар ўз куй-қўшиқлари билан меҳмонларни хушнуд этадилар. Алишер Навоий номидаги санъат саройида «Нинза тошбақачаларнинг саргузаштлари» номли янги йил томошалари уюштирилади. Хуллас, янги йил томошалари ранг-баранг, катта-ю кичик учун завқли, деб ўйлаймиз.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: