23.12.2019

ЧЎЛЛАНИШ – ГЛОБАЛ ЭКОЛОГИК МУАММО

  Дунёда экологик муаммоларнинг турли ҳолатдаги кўринишлари мавжуд. Унинг келиб чиқиши биринчи навбатда табиий муҳитнинг маълум бир даражада ўзгариши билан боғлиқ. Мисол сифатида чўлланиш муаммосини таҳлил қилиб кўрайлик. Табиатда чўллар жойлашувига кўра  текислик ва тоғли ҳудудларда, қуруқ ва совуқ ўлкаларда учрайди. Масалан, Австралия материгининг умумий майдонига нисбатан 83 фоизи арид (қуруқ) ўлка ҳисобланади. Африканинг 59, Осиё қитъасининг 38 фоиз  майдони шундай ҳудудни қамраб олган.  Эътибор бериб қаралса,  деярли барча чўллар атрофи тоғлар билан ўралган. 

Чўлланиш тинч-оҳиста, кўзга кўринмас даражадаги инқироз жараёни бўлиб, у табиий мувозанатнинг салбий томонга ўзгаришидир. Дунё экспертлари ва БМТ махсус баёнотига кўра, бугунги кунда ер шарининг ўртача 30 фоизи  қуруқ, арид иқлимли ўлкаларни ташкил қилиб, чўлланишга дучор бўлган, у ерда ҳозирда 100 дан ортиқ давлатларнинг 2 миллиарддан кўп аҳолиси истиқомат қилмоқда. БМТ чўлланишнинг бу қадар тез ривожланиши оқибатида 2025 йилга бориб, дунё аҳолисининг ҳар бешинчи кишиси чўллашган ҳудудда яшашига тўғри келиши ҳақида бонг урмоқда. Бундан ташқари, шу пайтгача 2 миллиард гектар ҳосилдор ер инқирозга учраган бўлса, яна ҳар йили унга 12 миллион гектар ер ана шундай ҳолатга келиб, қўшилиб бормоқда.

Табиийки, чўлланиш мамлакатларни иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммоларга дучор қилиш билан бирга, ўз навбатида, инсоният учун биринчи навбатда зарур бўлган  озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслиги, биологик хилма-хилликни йўқотиш,  саломатлик, сув танқислиги, ҳатто очарчилик, қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва ҳакозолар оқибатларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.

Бутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилотлари маълумотларига кўра, турли хил касалликларнинг келиб чиқиши негизида асосан чўлланиш асосий  сабаб қилиб кўрсатилмоқда. 

Чўлланиш сув ресурслари, унинг миқдор ва сифатига салбий таъсир кўрсатиб, йиллар борган сари қурғоқчил келмоқда. Ҳосилдор ерларни йўқотиш эса, кишилик жамиятининг ҳаётини хатарли қарорлар қабул қилишга ундайди. Маълумотларга кўра, 2050 йилларга келиб, чўлланиш натижасида қулай  шароит излайдиган мажбурий мигрантлар сони 135 миллион кишига етиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) ўзининг глобал миқёсдаги платформасини маълум қилган. 1994 йил 17 июнда қабул қилинган ушбу ҳуқуқий мажбурият ер ресурслари ва атроф-муҳит муҳофазаси масаласини тўлиғича қамраб олган. Унда қуруқ, ярим қуруқ, ўта қуруқ ҳудудлар, арид минтақаларнинг ўзаро боғлиқликдаги экотизимлар эканлиги қайд этилган. Ушбу платформа дастурига биноан, унинг асосий мақсади “Глобал миқёсда чўлланиш ва ­яроқсиз ҳолга келиб қолиш (дегредация)нинг олдини олиш орқали қурғоқчиликнинг таъсирини камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш  учун уни қўллаб-қувватлаш, шу каби йўллар билан қашшоқликнинг олдини олиш, иложи борича унга  йўл қўймаслик” эканлиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, ушбу ташкилот вазифаларига миллий ва минтақавий масалалар стратегияларини ишлаб чиқиш, соҳага оид илмий-техник билим савиясини кўтариш, кенг жамоатчиликни  бундай хавф-хатарлардан хабардор қилиш,  чўлланишга қарши кураш учун зарур маблағ ва ресурсларни жалб қилиш каби масалаларни қўллаб-қувватлаш юклатилган. БМТнинг ижро органи шу мақсадда ўз институтлари орқали турли анжуманлар, конференцияларда мазкур муаммоларнинг келиб чиқиши ва оқибатларига эътиборни қаратмоқдалар.  Чунончи,  БМТнинг дастурларни амалга ошириш қўмитаси, фан ва технологиялар қўмитаси, молия масалалари қўмитаси ва уларнинг котибиятлари барча экологик муаммоларни тўлиқ назорат остига оладилар. Ҳосилдор ерларнинг яроқсиз ҳолга тушиб қолиши, шунингдек, ижроия қўмитанинг фаолияти масалалари Ордос конференциясининг 13-сессиясида тўласича муҳокама қилинди.

Ўрта Осиё минтақаси чўлланиш борасида ўзига хос муаммолари билан ажралиб турадиган ўта қурғоқчил ва қуруқ ҳудудларнинг классик намунасидир. Шу сабабли Каспий денгизидан Помир тоғигача бўлган оралиқдаги текстликда тўрт миллион квадрат километрдан ортиқ майдонга эга Ўрта Осиёда чўлланиш хавфи кучлидир. Ҳозирги вақтда бу ҳудуднинг 2/3 қисмидан кўпроғини қуруқ ерлар эгаллайди. Мисол учун, жаҳон банкининг маълумотига кўра, Қозоғистоннинг 66 фоиз ҳудуди чўлланишга дучор бўлмоқда. 

 Ўрта Осиё – иқлим ўзгаришига таъсирчан энг заиф минтақалардан биридир. Иқлимшунослар таҳлилига кўра, ҳароратнинг сезиларли даражага кўтарилиши (2-4 градусгача), ёғингарчилик меъёрларининг бузилиши, абадий музликлар эришининг жадаллашуви (бугунги кунда минтақадаги 46 та музликда уларнинг эриши тезлашгани аниқланган) ва ҳ.к.лар – буларнинг барчаси узоқ муддатларга бориб чўлланиш жараёнини янада кучайишига олиб келади.

Собиқ иттифоқ даврида ердан оқилона фойдаланмаслик, шу жумладан, тинимсиз ўзлаштирилган майдонларни интенсив суғориш, тоғ ўрмонларининг чекиниши, пахта яккаҳокимлиги,  чўлларни  иҳоталовчи дов-дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, тоғ-кон саноатининг ривожланиши, минтақада Орол денгизининг  инқирози каби  минглаб экологик оқибатларни келтириб чиқарди,   унумдор ерларнинг таназзулига олиб келди. Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда Ўрта Осиёда экин майдонларининг 4-10, яйловларнинг 27-68, ва ўрмонларнинг 1-8 фоизи сезиларли даражада инқирозга учраган. 

Чўлланиш жараёни қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзига бевосита таъсир қилади, у ер ресурслари унумдорлигини пасайтиради ва геотизимларнинг барқарорлиги ва уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Олинган маълумотларга кўра, Ўрта Осиё давлатлари мустақилликка эришгандан буён, минтақада қишлоқ хўжалигининг ҳосилдорлиги 20-30 фоизга пасайган, бу эса ҳар йили қишлоқ хўжалигини 2 миллиард доллар йўқотишига олиб келади. Афсуски, инфратузилманинг кучсизлиги, давлатларнинг техник, маъмурий ва молиявий имкониятлари, ахборот алмашинуви ва гидрометеорологик мониторингнинг сустлиги — булар барчаси чўлланишга қарши курашиш ва табиий офатлар хавфини камайтиришга ёрдам бермайди. Энг ачинарлиси, қишлоқ хўжалигининг экстенсив ривожланиши тупроқ ва ўсимлик дегредациясини кучайтирди. Оқибатда, Ўрта Осиёда чанг бўронлари кузатиладиган кунлар сони кейинги йилларда кескин кўпаймоқда. 

 Ўрта Осиё ҳудудидаги давлатлар 2003 йилда БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича Ўрта Осиё минтақавий ҳаракатлар дастурини қабул қилдилар. Ушбу дастурнинг асосий вазифалари субрегионал манфаатларни мувофиқлаштириш, маълумотлар ва тажриба алмашиш, қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳамкорликда амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий ҳолатларни яхшилашга қаратилди. Кейинчалик у Ўрта Осиёда ер ресурсларидан фойдаланиш бўйича ташаббусни ишга тушуриш учун плотформа бўлиб хизмат қилади. 

Ушбу ҳамкорлик давлатлар орасида, донорлар ва шунингдек, давлатлар ва донор ташкилотлар ўртасида бўлиб ўтди. 

Бугунги кунда БМТнинг табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Ўрта Осиёда қурғоқчиликнинг олдини олиш учун минтақавий ташаббус устида бош қотирмоқда. Ушбу ташаббуснинг асосий вазифалари сифатида қурғоқчиликни бошқариш ва унга чидамлиликни ошириш бўйича умумий стратегик дастурни ишлаб чиқиш, қурғоқчиллика тайёргарлик ва унга бардошлилик бўйича сиёсий ташаббусни кучайтириш, зарурий эҳтиёжларни аниқлаш ва минтақада ишонарли тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишдир.

  Ўрта Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, Қозоғистон 1997 йилда БМТнинг табиатни муҳофаза қилиш масалаларини ратификация қилди. Ўша йилнинг ўзидаёқ, Қозоғистон Республикаси хукумат аъзолари чўлланишга қарши курашиш бўйича Миллий ҳаракат дастурини қабул қилди.   

Айни пайтда Қозоғистонда чўлланишга қарши курашиш бўйича БМТ халқ­аро конвенцияси доирасида “2025 йилгача Қозоғистон Республикасида чўлланишга қарши курашиш стратегик чора-тадбирлар” номли лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қўшни Қирғизистон ҳам худди Қозоғистон  Республикаси сингари 1997 йилдан буён БМТнинг табиатни муҳофаза қилиш дастури аъзоси.   Қирғизистон мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш  билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

  2017 йил июль ойида БМТнинг “Миллий бошқарув тизимини ва экологик ахборот мониторинги тизимини такомиллаштиришни таъминлаш учун ҳудудий имкониятларни кучайтириш” лойиҳаси ёрдамида Қирғизистонда БМТнинг чўлланишга қарши курашиш бўйича идоралар­аро эксперт гуруҳининг навбатдаги бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқаро экспертлар гуруҳи ер ресурслари бузилишининг олдини олишга доир қатор масалаларни муҳокама қилдилар.

  Тожикистон Республикаси ҳам БМТнинг табиатни муҳофаза қилиш ташкилотига 1997 йилда аъзо ­бўлган. 2001 йилда чўлланишга қарши курашиш бўйича миллий ҳаракат дастури қабул қилинди.  Тожикистон Ўрта Осиёдаги чўлланиш таъсиридан энг кўп иқтисодий зарар кўрадиган давлатлардан бири саналади. 

Бу борада  Туркманистон  Республикасида қатор ибратли ишлар амалга оширилган. Мамлакат 1996 йилда БМТ тараққиёт дастурини биринчи бўлиб ратификация қилган, орадан бир йил ўтгач, яйловлардан оқилона фойдаланиш, ўрмон хўжалигини ривожлантириш, кўчиб юрувчи қумларни тиклаш ва ўрмонзорлаштириш, суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш, амалий тадқиқотлар олиб борадиган миллий ҳаракат дастури режасини амалга оширишни бошлаган. Туркманистоннинг 80 фоиз ҳудудини чўллар эгаллаган бўлиб, табиий ҳолатдаги ерлар турли даражада шўрланишга учраган. Ҳозирда чўл ва тоғолди яйловлари ҳамда суғориладиган ерлар деградацияси муаммосига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туркманистонда атроф-муҳитни му­ҳофаза қилиш ва ер ресурслари бўйича давлат қўмитасининг миллий чўллар экологияси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси институти фаолият кўрсатмоқда. Миллий ўрмончилик дастури ва иқлим ўзгариши бўйича миллий стратегия амалга оширилмоқда. Чўл яйловларидан рационал фойдаланиш қонуни қабул қилинди. Сув ресурслари кодекси қайта кўриб чиқилди ва ер кодексига ўзгартиришлар киритилди. Чўлланишга қарши курашиш миллий харакат дастури қайтадан кўриб чиқилиб, 2030 йилгача бўлган давр учун устувор вазифалар белгилаб олинган.

 Ўрта Осиёда энг етакчи давлат — Ўзбекистон Республикаси ҳам БМТнинг табиатни муҳофаза қилиш масалаларини биринчилардан бўлиб, ратификация қилган. 1999 йилдаёқ чўлланишга қарши курашиш бўйича “Миллий дастур” қабул қилинган. Бугунги кунда “иккинчи миллий дастур” лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу лойиҳа дастури ва барқарор ривожланишнинг миллий стратегияси чўлланишга қарши курашиш стратегиясининг узвий давоми саналади. Сўнгги йилларда Орол муаммосига бағишланган иккита давлат дастури қабул қилинди. Чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларни бошқариш ва шунингдек, ўрмон ресурслари муҳофазаси билан шуғулланмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ердан фойдаланишда янги инновацион тежамкорлик тажрибаларини кенг миқёсда жорий қилиш амалга оширилмоқда.

Ўзгидромет БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича бир қатор илмий лойиҳаларини амалга оширмоқда. Булар қаторига “тоғ, тоғолди, чўл, чалачўл ландшафтларида антропоген юкни камайтириш” ва “иқлим ўзгаришини юмшатиш ва барқарор қишлоқ хўжалиги”га бағишланган 1,2 млн доллар қийматдаги чўлланишга қарши кураш масалаларини амалга оширмоқда.

Умуман олганда чўлланиш экологик муаммолар ичида бугунги кунда энг долзарб масала бўлиб саналади. 

 

Субхон АББАСОВ,

Самарқанд давлат университети

Малака ошириш минтақавий маркази директори,

география фанлари доктори, профессор.

 

Бахтиёр МЕЛИЕВ,

Малака ошириш минтақавий маркази бўлим бошлиғи, доцент.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: