Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

ТИРИКЛИК ЗИЙНАТИ ВА ИНСОНЛИК ШАРАФИ

Тўй-тантана, байрам, шукроналик, эзгу ниятлар ижобати. Аммо такрор айтамиз, тўй ном чиқариш, шуҳратпарастлик, бошқалардан ўзини устунроқ қилиб кўрсатиш учун қилинмаслиги керак 

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар тириклик зийнатидир, марҳумларга доири инсонлик шарафидир. Инсон туғилганидан бошлаб, то сўнгги нафасигача ана шундай тадбирларни бошидан кечиради. Буларсиз ҳаёт нурсиз, мазмунсиз, зерикарли бўларди, кун ўтмасди, интилиш, курашиш бўлмасди, инсоний ҳаёт ҳайвоний умр кечиришга айланарди. Курашиш, енгиш, енгилиш, ғалаба ва мағлубиятлар ҳам бўлмасди.

  Инсоният тараққий эта бориб, ўз ақл-идроки билан яратган бу маданий турмуш  – тўйлар, оилавий тантаналар, маърака, маросимлар халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарорига мувофиқ қабул қилинган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом”  ушбу маърака ва маросимларни  ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини  сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва  исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган.

Тарихни халқ яратади дейилади-ю, аслида тарихни халқнинг айрим вакиллари – тарихий шахслар яратади. Бу ҳолат Низомда инобатга олинган: мазкур Низом мамлакат миқёсида ўтказиладиган расмий маросимлар, давлат ва жамият олдидаги буюк хизматларига эга шахсларни хотирлаш ва юбилей муносабатлари билан бўлиб ўтадиган, шунингдек, давлат идоралари, корхона ва муассасаларнинг ташкил этилган куни билан боғлиқ тадбирларга татбиқ этилмайди. Бу деган сўз – тириклик зийнати ва инсонлик шарафи тамойилларига айни муносибдир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида давлатчилигимиз туб бурилиш палласига кирган бир пайтда ўзимизнинг замон ва макондаги ўрнимизни аниқ белгилаб олишимиз, насл-насабимиз, кимлигимизни билишимиз керакми-йўқми?! Албатта, зарур! Зеро, ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади.

Хўш, бизким, ўзбеклар аслида қандай халқмиз?  Бизнинг бошқа халқларга ўхшаш жиҳатларимиз нималардан иборат-у, фарқларимиз нималарда кўринади? Муштараклигимиз шуки, бошқа халқлар каби бизлар ҳам шу она сайёрамиз – Ернинг фарзандларимиз, тупроғимиз шу заминдан олинган, зуваламиз шу тупроқдан қорилган. Диндорларимиз эса ислом динига эътиқод қиладилар.  Ер юзида қанча халқу элат бўлса, ҳар бирининг ўзига хос жиҳатлари мавжуд, бундай фарқларсиз ҳеч бир халқ ва элат ўз қиёфасига эга бўлиши мумкин ҳам эмас. Бунинг устига бир халқ наздида фазилат ҳисобланган нарса, иккинчи бир халқ наздида қусур ҳисобланиши ҳам мумкин. Масалан, жаҳондаги баъзи бир халқларда ёши улуғ кишилар олдида ёши кичикларнинг шартакилик қилишлари дадиллик, журъатлилик ҳисобланса, бизларда бу нарса бетгачопарликка йўйилади. Бизда бетгачопарлик мақбул эмас. Баъзи бир халқларда ўғил-қиз, невара-авараларнинг ота-оналари, бобо ва бувилари, умуман, ёши улуғ танишу нотаниш кишиларни сенсираши одатий ҳол ҳисобланса, бизким, ўзбекларда сенсираш беодоблик ва ҳаттоки, ҳақорат ҳисобланади. Бизда сизсираш удумдир.

Халқимизнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – заминга қаттиқ боғлиқликдир, ҳуда-беҳудага у жойдан бу жойга кўчиб кетавермаймиз, қулай шарт-шароит илинжида тарки ватан қилавермаймиз, бир парча ерни ҳам қаровсиз қолдирмаймиз, обод қилиб, уй-жой қуриб, боғ-роғ яратиб, яъни туп қўйиб, палак ёзиб, муқим яшашга одатланганмиз. 

Масалан, дейлик, ўзбек аёлларининг ҳовли тутишлари ўзи бир санъат! Ҳаммаёқ саранжом-саришта, супирилиб-сидирилган, бетартиб, сочилиб ётган нарсалар йўқ, супиргига ўхшаш “нохушроқ” нарсалар кўзга ташланмайди. Ўзбек маҳаллаларида қоровул бўлгану, фаррош бўлмаган! Озодагарчилик учун ҳамма масъул бўлган.

  Маълумки, инсон хулқи табиатан тузалишдан кўра, бузилишга мойилроқ. Шунинг учун ҳам муттасил равишда одамларни ёмон нарсалардан, шу жумладан, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ўзини кўз-кўз қилиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби иллатлардан қайтариб, меҳр-оқибатли, камтарин, саховатли, ҳалол ва шу каби фазилатлар соҳиби бўлишга чорлаб туриш лозим. Чунки халқимиз мавжуд экан, юртимиз тинч-осуда экан, турмушимиз фаровонлашиб борар экан, тўйларимиз, оилавий тантаналаримиз, маърака ва маросимларимиз, марҳум ва марҳумаларимиз хотираларига бағишланган дунёвий ва диний тадбирларимиз мудом давом этаверади. Қолаверса, ижтимоий иллатлардан бир йўла ва дарҳол мусаффо бўлиб олиш мумкин эмас, бунинг устига ижтимоий иллатлар кўҳна ҳам, янги ҳам бўлиши, биридан қутилиб, иккинчисига тутилиш ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбек халқи азалдан жамоа туйғусига мойил. Бу ибора замирида чуқур маъно ётади. Жамоа туйғуси бўлмаган халқда сахийлик ҳам бўлмайди. Сахийлик бўлмаган ерда тўй у ёқда турсин, уйига тўртта одамни чақириш ҳам бўлмайди. Жамоа туйғусидан саховатлилик келиб чиқади. Жамоа туйғусига мойиллик халқимизнинг биринчи фазилати десак, балки янглишмаган бўлармиз. Шу боис халқимизни тўйсеварликда айбламоқчи эмасмиз. Агар айбласак, ўз-ўзимизни камситган бўламиз. Тўйсеварликни сахийлик, саховатпешалик фазилатларидан бири, деб қарамоқ керак. Тўй қилмаган ёки тўйга бормаган ўзбек топилмаса керак. Аммо кимошдига тўй беришларни маъқул кўрмаймиз. Тўю маъракаларда “мусобақа” эмас, хайр-саховат устувор бўлгани маъқул. Тўйларимиз ўзбекларнинг бағрикенглигини ҳам намоён этувчи ўзига хос бир кўрикдир. Дўсту ғанимларимиз тўйларимизга ташриф буюрсалар, ўзбекларнинг кимлигини, қандай турмуш кечираётганликларини яқиндан билиб оладилар. Ўзининг эртанги кунидан кўнгли тўқ,  омонликда яшаётган, ўзидан орттириб эл олдига дастурхон ёзиш қурбига қодир халқ тўйлашади.  

Тўй-тантана, байрам, шукроналик, эзгу ниятлар ижобати. Аммо такрор айтамиз, тўй ном чиқариш, шуҳратпарастлик, бошқалардан ўзини устунроқ қилиб кўрсатиш учун қилинмаслиги керак.  

Адашмаслик керакки, саховат бошқа нарса, тежамкорлик яна бошқа бир нарса. Тежамкорлик пировард оқибатда моддий бадавлатликка олиб бориши мумкин. Лекин моддий бадавлат киши ҳамма вақт ҳам саховатли бўлавермайди.

Халқимизнинг бир майизни қирқ киши тақсимлаб ебди, деган нақли ҳам бежиз айтилмаган, албатта. Саховат бошқа нарса, исрофгарчилик яна бошқа нарса. Исрофгарчиликни оддий халқ қоралайди, исрофга йўл қўйишни гуноҳ деб билади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, исрофгарчиликларга бош сабабчи таклиф этувчилар бўлса, унинг “ижрочи”лари, яъни ташриф буюрувчилар – исроф қилувчилар ҳам бундай гуноҳларга шерикдирлар. Исроф қилувчилар бўлмаса,  исрофгарчилик ҳам келиб чиқмайди. Шунинг учун ҳам айтилган жойга ташриф буюришдан олдин таклиф қилувчининг шахсияти, тўю маъракасини қандай йиғилган ва топилган маблағ ҳисобидан қилаётгани ҳақида бир чамалаб кўрилса, кейин шунга қараб бориш-бормаслигини ҳал қилгани маъқул. Бундай иш тутуми, айниқса, давлат хизматидаги кишилар, раҳбар шахслар учун зарур.

Энг қадимги миллий қадриятларимиздан ҳисобланган маърака маросимларини ўтказишда ҳам иллатлар тўпланиб қолганлигидан кўз юмолмаймиз. Шу ўринда айрим мисолларга эътибор қаратайлик. Навоий бобомиз 1501 йилнинг 3 январида вафот этадилар. Бутун Ҳирот аҳли мотам тутади. Хуросон мамлакатининг султони Ҳусайн Бойқаро барча аркони давлати ила сўз мулкининг султони Навоий уйи олдида мотам либосида қора кийиниб, бел боғлаб, муттасил уч кун келиб-кетувчиларнинг таъзиясини қабул қилиб туради. 1501 йилнинг 6 январь куни унинг фармони олийнишони билан давлат хазинаси ҳисобидан юртга наҳор оши тортилиб, мотам маъракаси ўтказилади. Қуръони карим сураларидан ўқилиб, Навоий бобомиз руҳига бағишланади. Алишер Навоий вафоти умумжаҳон маданияти, адабиёти, ўзбек миллий давлатчилиги учун буюк йўқотиш бўлган эди...

Орадан 490 йил ўтгач, 1991 йилнинг 28 сентябрида Ўзбекистон Миллий боғида Навоий бобомиз хотирасига наҳор оши тортилди. Қуръон сураларидан тиловат қилиниб, буюк аждодимиз руҳига бағишланди. Бу – улуғ шоир ва мутафаккиримиз таваллудининг 550 йиллигига бағишланган, истиқлолга эришганимиздан кейинги энг биринчи тантанали халқаро маданий тадбир эди. Бу – сўз мулки султонининг мустақилликка эришган ўз халқига – ўз китобхонларига янгидан қайтиши эди. Бунда наҳор оши бир восита эди, холос. Асосийси эса, буюк аждодимизни хотирламоқ ва қадрламоқ эди. Наҳор оши деганда ана шундай кўп улуғ ва беҳад қутлуғ тадбирларни   ёдда сақламоқ лозим.

Қиёс учун яна бир ҳаётий мисол келтирамиз,  саксонинчи йилларда ўша пайтдаги Фанлар академиясининг президенти, собиқ иттифоқ Фанлар академиясига бутун шўро тузуми даврида ҳақиқий аъзо қилиб сайланган ягона ўзбек олими Обид Содиқовнинг рафиқаси вафот этганида, дафн маросимидан қайтилгач, кимдир тўсатдан Қуръон тиловатини бошлаб юборди. Шу аснода бу ерга кириб келган республикамизнинг ўша пайтдаги идеология раҳбари тиловатга қулоқ солиш, рафиқасидан жудо бўлиб, кўнгли ғамга ботган машҳур, кекса олимга, отаси тенги нуроний инсонга таъзия билдириш ўрнига тумонат одам олдида дакки беришга тушиб кетди: “Это что такое? Вей, ўртак, сиз академия наукни президентимисиз, или диний назорат президентимисиз?.. Чёрт побери!” Бу дашномдан кейин кимё фани равнақига ўзининг 500 дан ортиқ илмий асарлари, кашфиётлари, ихтиролари билан улкан ҳисса қўшган, жаҳонга танилган Обид Содиқов ишдан ҳам олинди, хасталикка ҳам чалинди, кўп ўтмай вафот этиб кетди.

Муқаддас динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳиятини таъсирчан мисоллар асосида   мунтазам тарғиб қилиш кераклигини ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Тириклараро меҳр-оқибат, аждодларнинг авлодлар томонидан хотирлана борилиши халқимизни мустаҳкам жипслаштириб турувчи мисоли бир маънавий белбоғлар, миллатни ўзига хос қиёфага эга миллат қилиб тутиб турувчи бош омиллардан биридир. Инсоннинг туғилиши ва вафоти билан боғлиқ кўпгина маросимларимиз жуда қадим замонларда аждодларимиз томонидан ҳаётий зарурат тарзида жорий этилган ва булар минг йилликлар оша яшаб, йўлда учраган турли тўсиқларни енгиб келмоқда. Турмуш тақозо этган нарсаларни буйруқ билан ман этиб бўлмас экан. Масалан, туғилишга боғлиқ маросимлар кишига қувонч бахш этса, ўлимга боғлиқ маъракалар юпанч ҳосил қилади. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида ёзилишича, Ёфас ибн Нуҳ алайҳиссаломнинг тўққиз ўғли бўлган, тўнғичининг оти Турк эди. Ёфас вафот этгач, Туркнинг уйидан чиқарилади, келди-кетди маросимлари ҳам унинг хонадонида ўтказилади.

Айтаверсак халқимизнинг ўзига хос фазилатлари кўп. Камтарлик, сиполик халқимизнинг асосий фазилатларидан ҳисобланади, зуваламизга камтарлик қўшиб яратилганмиз. Бироқ камтарлигимизни юввошлик деб санаб, мутеъ қилишга уринувчилар ҳам бўларди. Энди у замонлар орқада қолиб кетди. Бугунги байрамда кечаги мусибатдан гапирмай қўя қоламиз.

 

Абдуқаҳҳор ИБРОҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

санъат арбоби, профессор.

 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: