Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

БОЛАЛАР ВА ОИЛАЛАР ФАРОВОНЛИГИ

жамият тараққиётини белгилайди

Пойтахтимизда  «Ўзбекистонда болалар ва оилалар фаровонлигини таъминлашда ижтимоий ишни мустаҳкамлаш» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Форум Республика болалар ижтимоий  мослашув маркази,  «Sen yolg’iz emassan»  республика жамоатчилик  болалар жамғармаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида  БМТнинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси  (ЮНИСЕФ) ваколатхонаси кўмагида  ташкил этилиб, унда  тегишли  вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари,  АҚШ, Россия, Арманистон, Қозоғистон, Молдавия каби давлатлардан етакчи хорижий мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Икки кун давом этган форум очиқлик ва шаффофлик руҳида  ўтиб, оилалар ва болалар билан ишловчи мутахассисларнинг  ўзаро фикр, тажриба  алмашиш, мавжуд муаммолар ечими бўйича ташаббуслар, соҳадаги инновацион технология янгиликлари билан ўртоқлашиш майдонига айланди.

Айтиш керакки, мазкур форум  2004-2018 йилларда ўтказилган Халқаро форумларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда таклиф этилган тавсияларнинг амалга оширилиши ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш соҳасидаги янги истиқболдаги вазифалар кўриб чиқилди. 

Халқаро форум доирасида меъёрий-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш ҳамда халқаро меъёр ва стандартларни инобатга олган ҳолда  болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол ривожланишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга йўналтирилган амалдаги қонунчилик актларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; оила имкониятларини ва уларнинг психологик-педагогик кузатувини  фаоллаштириш учун болалар ва оилаларга манзилли хизмат кўрсатиш бўйича энг яхши амалиётни танлаш; оилавий нотинчлик, ижтимоий етимлик ва болалар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш; етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини топиш; ижтимоий ҳимоя, шунингдек, ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва васийлик тизимини ислоҳ қилишни таъминлашда бир-бирига яқин касблар мутахассислари ҳамда парапрофессионалларнинг роли ва вазифаларини белгилаш;  кадрлар потенциалини ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари “Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар ва оилалар фаровонлигини таъмилаш учун ижтимоий хизматлар ва кадрлар”,  “Саломатлигида имконияти чекланган болаларнинг ҳаётда фаоллигини ошириш учун ижтимоий хизматлар ва кадрлар” ва  “Ижтимоий ва ҳуқуқий хатар гуруҳидаги болалар орасида ҳуқуқбузарликларни самарали профилактика қилишни таъминлашда мажмуавий хизматлар” йўналишлари  бўйича шўъбаларга бўлинган ҳолда  тааллуқли масалаларни атрофлича муҳокама этишди. 

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, «Sen yolg’iz emassan»  республика жамоатчилик  болалар жамғармаси директори  Матлуба Охунова, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги  ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, “Оила” маркази раҳбари  Дилором Тошмуҳамедова, Республика болалар ижтимоий  мослашув маркази директори Васила Алимова ва бошқалар сўзга чиқиб,  Ўзбекистонда оила, оналик ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси масаласи  давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва  бу йўлда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар ҳақида гапиришди. 

        Шу билан бирга, муаммолар ҳали кўп.  Фаолиятимиз давомида ҳар куни бир муаммога тўқнаш келамиз, – деди  «Sen yolg’iz emassan»  республика жамоатчилик  болалар жамғармаси директори Матлуба Охунова. – Айниқса, ижтимоий соҳа вакилларининг ишга ёндашувини,  жамиятнинг жисмоний имконияти чекланган кишиларга бўлган муносабатини тамомила ўзгартиришимиз лозим. Токи улар ўзларини шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этишсин. Бунинг учун, жумладан, ногиронлиги бўлган кишиларга  жамоат жойларида ҳам барча шароитларни яратиш, зарур инвентарлар билан таъминлаш  долзарб масалалардан биридир.

Умида Маннонова, 21-Меҳрибонлик  уйи директори:

— Ҳокимликларимиз бирон муаммоли оиладаги вояга етмаган болаларни дарҳол Меҳрибонлик уйларига, Болалар уйларига тақсимлашни муаммонинг энг осон йўли деб билишади.  Гўёки, масала шу билан  ҳал этилади. Ваҳоланки, илдизи ечилмаган муаммо бир куни барибир газак олади. Қолаверса, давлатимиз ҳар бир тарбияланувчи бола учун ойига 2-2,5 миллион миқдорида маблағ ажратади, келгусида уй билан таъминлайди. Масалани  айни вақтда ҳал этиш бир томондан жамият соғломлиги, бола келажаги учун ижобий хизмат қилса, бошқа томондан молиявий томондан ҳам тежамлидир. Оилада юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, моддий, тиббий ёхуд маънавий ёрдам кўрсатилиши, болага  васий бириктирилиши  ёки биологик ота-онаси билан қолиш йўллари  изланиши керак.

        Ўзбекистонда болалар ҳимояси ва келажагига дахлдор кўплаб ижобий ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар қабул қилинмоқда, – деди  ЮНИСЕФнинг минтақавий  офиси  раиси  Фенни Какама (Швейцария).  Аммо белгиланган  қарорлар амалда ҳам ўз аксини топиши ғоят муҳим.  Айниқса, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳа вакилларининг ҳамкорлиги, тизимда маълумотлар тўплаш,  оилалар билан узвий ишлаш механизми  долзарбдир.

Жорий йилда Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг ташкил этилганига 15 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида марказ мутахассислари болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва болалар ва оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш соҳасида бебаҳо тажриба тўпладилар. Форумда бу кўрсаткичлар юзасидан презентация ҳам қилинди. Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган  "Меҳр" операцияси  тўғри йўлдан адашган кишиларнинг фарзандларини қуролли тўқнашувлар бўлиб турган жойлардан ватанга қайтариш ҳамда уларга керакли ёрдам кўрсатилишида  муҳим аҳамиятга эга бўлгани қайд этилди. 

Халқаро форумнинг БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида бўлиб ўтганини ҳам таъкидлаш ўринли. Айнан шу муносабат билан  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 17 июлида “Болаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича ҳар йилги Халқаро форумни ўтказиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинганди. Демак, мазкур халқаро форум анъанавий тус олади.

Халқаро форумда умумий ва шўъба йиғилишлари  якуни бўйича охирги ҳужжатни шакллантириш учун тавсиялар ишлаб чиқилиб,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

 

Дилдора ЙЎЛДОШЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: