15.10.2019

ЮРАГИНГДА ЮРТГА МЕҲР ГУЛИ УНСИН

Президентимизнинг топшириғига кўра, халқ­аро ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда Ироқ давлатида сарсон-саргардонликда юрган Ватанимизнинг 64 нафар фарзанди юртимизга қайтарилди. Уларнинг орасида уч ёшгача бўлган норасидалар ҳам бор...

Ўқиб, эшитиб она қалбим қалқиб кетди. Ўзбек миллати мана шундай миллат экани бутун дунёга аён бўлди. Хато ҳам, гуноҳ ҳам, жазо ҳам уларни дунёга келтириб, мурғак қалбларини қонатган ота-оналарининг бўйнида. Юрт юзига оёқ қўйиб, ўзга юрт тупроғини кўзга суртгани кетгани рост. Хато қилгани рост, гуноҳга ботгани рост, аммо бу норасидалар бизнинг миллатнинг болалари-ку! Ўзбек, ўзбек бўлиб туғилиб ва шу мақомда тупроққа бош қўйиши керак.

Ўзга юрт тупроғида бир тишлам нонга зор бўлиб сарғайиб юрган болалар, дард тортса, дармон тополмайдиган зулматларда юрганлар, мактаб кўрмаган, китоб ушламаган, нобакор отасининг юзини бир марта кўрмаган болалар булар... Яхши бўлди. Улар ўз тупроғига қайтишди.

Одамзотнинг бу омонат дунёга келиб-кетиши ҳар кунлик ҳодиса. Шундай экан, дунёга келиш саноғида 64 нафар бола унчалик катта аҳамият касб этмаслиги мумкин. Шундай экан нега бизнинг Президентимиз қанча машаққатлар билан ўша болаларни Ўзбекистонга олиб келди? Нега уларнинг ташвишини гарданимизга оляпмиз? Ота бўлиб бағримизга босиб, она бўлиб бошини силаяпмиз.

Гап шундаки, муҳтарам Юртбошимиз бутун дунёга ўзбекона МЕҲР қудратини намоён қилмоқда. Жаҳолат, беақллик, адашиш, андишасизлик ўша бегуноҳ гўдакларни юпун, қўрқоқ, ҳар шарпадан ҳадиксирайдиган қилиб қўйганидек, меҳр уларни одамийлик мартабаларига кўтаради. Эртага уларнинг мурғак қалбларига меҳр-муҳаббат, ишонч киради. Улар одамзотни, ҳаётни севади. Ҳар бирининг қалбига экилган меҳр уруғидан, эҳтимол, 64 минг муҳаббат дарахтлари кўкариб, юртни обод этса, ажаб эмас...

Уларнинг ота-оналари ўзларининг хатолари туфайли бегона, мусофир юртда жазо тортмоқда. Болаларини олиб келиб, паноҳимизга олишимиз “Ўлигинг, тиригингга фақат Она юртинг эгалик қилади”, деган азалий қадрият тасдиғи эмасми? Тўрт девор ичида жазо ўтаётган маҳкумалар-ку энди ҳеч нарса қила олмайди. “Худога шукур, зурриёдим ишончли қўлларда”, деб йиғлаши мумкин, холос. Фақат кўзи очиқлар, очиқда юриб адашишга мойил бўлганлар охиру аввал ҳимоя юртингдан эканини билишлари керак.

Болалик пайтимда дунёда онамдек паҳлавон бўлмаса керак, деб ўйлардим. Онамнинг ювилавериб юпқалашиб кетган обравон кўйлагининг пеши менинг ҳимоячим эди. Шамолдан беркинардим, юз-кўзим кирланса артардим, қоронғуликдан қўрқсам кўзимни тўсардим, энг асосийси, ундан райҳоннинг ифори келарди. Бу бегуноҳ болалар ҳам онасининг пешидан тутган. Онасининг паноҳида жаҳолат ботқоғи томон кетиб борган. Аммо кўйлак этакларидан нону райҳон иси эмас, қон иси келарди... Оталар гўдакларини эркалаб осмонга отса ҳам қўрқиб йиғлаш ўрнига қиқирлаб куладилар. Ишончи, суянган тоғи борлиги, қайтиб ерга эмас, отасининг қўлига тушишини ўша гўдак ҳам билади. Шу боис кулади, эркаланади. Юртга қайтган болаларнинг оталари эса ўз қўллари билан гўдагини дўзах азобига отган.

Умид излаган кўзларга эрта-индин нафрат инмасдан туриб, меҳр излаган юракларга исёнлар ин қурмасдан туриб, паноҳ излаб чўзилган қўлларга қурол тушмасдан туриб яхшиям бағримизга қайтди. Энди ўша қора ридога ўралган онанинг қалби қонаса ҳам, энди юрт юзига оёқ босган оталар изидан боргувчилар олислаб кетган бўлса ҳам, бизнинг қилган ишимиз хайрлидир. Ортга йўл йўқ. Улар Юртбошимиз меҳридан баҳра олиб, эзгулик нуридан тафт олиб улғаяди, энди. Улуғбеклар, Темурлар, Зулфия, Саидалар бор буларнинг орасида. Болаларни “жаннат райҳонлари”, дея суюб-эъзозлаган пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳар бир бола дунёга тоза фитрат билан келишини марҳамат қилганлар. Унинг қандай инсон бўлиб етишиши тарбияга, атрофдагиларнинг унга бўлган муносабатига боғлиқ. Боланинг топ-тоза, беғубор қалбида эзгулик уруғини ундириш, ҳар қандай зулм, ҳақсизлик ва ёвузликлардан асраш бизнинг инсонийлик бурчимиздир.

 

Банди бўлди, бандимиздан узилганлар,

Ниҳолини нобуд қилмай олиб қайтдик.

Жаҳолатнинг тупроғида чўзилганлар,

Бошин силаб, келар пайтда алла айтдик.

Меҳр бердик, нурлар билан ўйна болам,

Юрагингда юртга меҳр гули унсин.

Сен отангдек хато қилиб қўйма болам,

Юртин ёвга алишганнинг куни қурсин.

 

Мунаввара УСМОНОВА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: